Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:17

Росгвардия бошлиғи генерал Золотов Алексей Навальнийнинг "абжағини чиқармоқчи" (ВИДЕО)


Виктор Золотов ФБК суриштирувидан дарғазаб.
Виктор Золотов ФБК суриштирувидан дарғазаб.

Узоқ йиллар давомида Владимир Путиннинг тан соқчилари бўлинмаси бошлиғи, ҳозирда миллий гвардия қўшинлари бош қўмондони Виктор Золотов мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни “яккама-якка олишувга” чақириб, унга "абжағини чиқариш" билан таҳдид қилди.

Золотовнинг Навальний бошқараётган Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) чоп этган суриштирувга жавоби шундай бўлди.

Бундан олдинроқ ФБК ходимлари миллий гвардия раҳбарияти ва шахсан Золотовни ўз ходимларига озиқ-овқат маҳсулотларини қиммат нархда сотиб олаётганлик ва буни ноқонуний даромад манбаига айлантирганликда айблаган эди.

Махсус ҳозирланган видеомурожаатномасида Золотов Алексей Навальнийни “Америка пробиркаси маҳсулоти”, унинг баёнотларини эса “таҳқирловчи, бадном қилувчи мулоҳазалар” экани ва офицер сифатида “бундай ҳақоратни жавобсиз қолдирмаслиги”дан огоҳлантирди.

Бу чиқишида Виктор Золотов ўзи бошқараётган идора ҳақиқатан фош этилган коррупция ҳолатларига қарши бошқа идора ходимлари ҳамкорлигида курашаётганини билдирди.

- Мен сизни олишувга чақираман – ринг, татами, истаган жойингизга ва абжағингизни чиқараман. Оиламга нисбатан яна бир бор ортиқча гап-сўз қилсангиз - мен сизга оёғимни артаман ва бутун шахсий қисмим олдида томоша кўрсатаман, дея таҳдид қилди армия генерали.

Кремль матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков Золотовнинг чиқишига изоҳ бериб, унинг таҳдид эмаслиги ва “айрим ҳолларда уятсиз туҳматларга қарши ҳар қандай йўл билан курашиш мумкин”лигини айтди. Россия Бокс Федерацияси эса¸ бу олишувга ринг ҳозирлаб беришини билдирди.

Росгвардия бошлиғи Виктор Золотовнининг яқин дўсти Рамзан Қодиров ҳам уни дарров қўллаб чиққанлардан бири бўлди. Ўз Телеграм каналида Чеченистон президенти Золотов ўзи ва мамлакати шаънини ҳимоя қилаётгани, Навальний ва “унинг тўдасида” виждон йўқлигини уқтирди.

Коррупцияга қарши жамғармаси ўз суриштируви хулосаларини судга тақдим этишга тайёрлигини билдирди. ФБК Росгвардия раҳбари Алексей Навальний ҳозирда 30 суткалик қамоқ жазосини ўтаётгани ва унга муносиб жавоб бера олмаслигини яхши билишини таъкидлади.

Росгвардия ФБК олиб борган суриштирувни “сохталаштириш ва провокация” деб атади.

Махсус суриштирув давомида Росгвардия жангчиларига сотиб олинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари 2017 йилга нисбатан жорий йилда бир неча баробар қимматроққа сотиб олинаётганини аниқлаган. Журналистлар миллиардлаб рублга маҳсулот сотиб олиниши “Бош вазир Дмитрий Медведев ва унга яқин бўлган одамлар” томонидан бошқарилаётганини иддао қилди.

Бундан аввал Алексей Навальний ва унинг гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирув таниқли олигарх Алишер Усмоновни ҳам махсус чиқиш қилишга ундаган эди.

Асли наманганлик олигархнинг “Туф сенга, Алексей Навальний!” деган ибораси тармоқларда қизғин муҳокамага олиб келган эди.

XS
SM
MD
LG