Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:41

Тошкентлик ака-ука тадбиркор ўн беш кундан буён адвокат иштирокисиз тергов қилинмоқда(ВИДЕО)


Убайдулла ва Исматулла Баҳромовлар.
Убайдулла ва Исматулла Баҳромовлар.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшайдиган ака-ука тадбиркор Убайдулла ва Исматулла Баҳромов ва уларнинг дўсти Ҳамидулла Ҳакимов 20 апрель куни маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланиб 15 суткага қамалганидан сўнг, ўн беш кун давомида на яқинларига, на адвокатига кўрсатилди.

Тадбиркорлар яқинларининг айтишларича, улар икки ҳафта давомида ака-укаларнинг қаерда сақланаётгани ҳақида ҳеч қаердан жавоб ололмаган, адвокатга ҳам рад жавоби берилган.

Озодлик олган маълумотга кўра, ака-ука ва уларнинг дўстига диний айблов қўйилган.

​Тошкент шаҳрида тадбиркорлик қиладиган 34 яшар Убайдулла Баҳромов, унинг укаси 32 яшар Исматулла ва 32 яшар Ҳамидулла Ҳакимовларни 20 апрель куни Учтепа тумани маъмурий суди майда безориликда айблаб, 15 суткага қамаш ҳақида ҳукм чиқарган эди.

Ака-укалар синглиси Ноиба Баҳромованинг Озодликка айтишича, булар ёлғон айблов билан ўғирлаб кетилган:

- Акаларим эшигимизнинг олдида гўёки кимнидир ҳақорат қилгани учун шундай жазо беришибди. Суд қарорида шундай ёзилган. Лекин, уйимизнинг олдида бундай воқеа бўлгани йўқ. Ҳеч ким кўрмаган. Гувоҳлар ҳам йўқ. Акаларимни қамоққа олиш учун шу айбловни тўқиб чиқаришган. Акаларим ва унинг дўстини қаердан олиб кетишганини ҳам билмаймиз.

Бу воқеадан сўнг, ака-укаларнинг яқинлари ўн беш кун давомида уларнинг қайси қамоқхонада эканлигини ҳам топишолмаган:

- Акамларни олиб кетишганидан кейин, “панельний”га бордик. Бу ерда йўқ, дейишди. Тошкентда барча идораларга мурожаат қилдик, 16 жойга шикоят ёздик. Ҳеч қайси бир идора жавоб бермади. Кейин президент қабулхонасига бордик. У ерда, “бўлди панельнийга борсангиз ҳозир болангизни кўрсатишади”, дейишди онамга. Бордик, яна йўқ, дейишди. Кейин онам билан адвокатимиз қаттиқ талаб қилганидан сўнг, шаҳар ГУВДсига боринглар, ўша ерда тушунтиришади, деб айтишди.

Ноиба Баҳромованинг айтишича, Тошкент шаҳар ИИББда ҳам уларни беш кун сарсон қилишган:

- Ўн кун сарсон бўлганимиздан кейин, яна беш кун ГУВД олдида ўтирдик. Каттаси, беш минутдан кейин тушаман, тушдан кейин келинглар, эртага келинглар, деб тушмади. Адвокат ҳам ҳар кун шу ерда ўтирди, уни ҳам киргизишмади. Ўн беш кундан буён акаларимнинг аҳволи қандай эканлиги ҳақида маълумот беришмади, ичкарида уларни нима қилишяпти, Худо билади.

Ноиба Баҳромова акаларининг оддий намозхон йигитлар бўлганини айтади:

- Акамлар беш маҳал намоз ўқишади. Масжидда намозини ўқиб, дарҳол уйга қайтиб келишади. Уларнинг қандайдир ғайриқонуний диний ташкилотлар билан алоқада бўлиши мумкин эмас. Ўн беш кун ичида уларни нима аҳволга солиб, қандай “иқрор”лик олишганини ҳам билмайман. Акамлар Туркияга бориб келишмоқчи эди. Энди уларни Сурияга кетмоқчи бўлгансизлар деган айб қўйишмоқчи бўлганини эшитдик. Катта акамнинг буйраги касал, у диалез олиб туради. Унга совуқ жойда ётиш, босим ўтказиш мумкин эмас. Билмадим, бу ўн беш кунда акамнинг аҳволи нима бўлди экан.

Ака-укалар ва уларнинг дўсти қамоққа олинганидан 15 кун ўтиб, адвокат 4 май куни улар билан учрашишга муваффақ бўлган.

Тадбиркорлар яқинларининг айтишларича, бу йигитлар диний айбловда гумонланиб, тергов қилинмоқда.

Озодлик Тошкент шаҳар ИИББга қўнғироқ қилиб, тадбиркор ака-укаларга қўйилаётган айбловлар ҳақида суриштирди. Аммо, телефон гўшагини олган мулозим телефон орқали бу ҳақда маълумот берилмаслигини айтди.

Бу воқеани кузатиб келаётган, Францияда яшаётган инсон ҳуқуқи фаоли Мўътабар Тожибоева диндорларга нисбатан қатағон давом этаётганини айтади:

- Бу уч нафар йигитга нисбатан содир қилинаётган ғайриқонуний ҳаракатлар Шавкат Мирзиёев замонининг қатағони давом этяпти дейишга асос бўлади. Чунки 2016 йилда Ислом Каримов вафотидан кейин хоразмлик етти оила ҳам худди шундай сохта айблар билан аввал маъмурий ҳибсга олиб, кейин уларга терроризм ва бошқа диний айловлар эълон қилинган эди. Бу йигитларга ҳам худди шундай ғайриқонуний усул қўлланилган. Агар ҳақиқатан ҳам ички ишларда бу йигитларга нисбатан далиллар бўлса, нима учун қонуний йўл билан чақириб, адвокати ёрдамида сўроқ қилмайди. Нега сохта айлов билан 15 суткага қамайди, ташқи дунёдан ажратади, адвокатини ёнига қўймайди, оиал аъзоларидан яширади? Маъмурий қамоқ билан бошлаш бу диктатор Ислом Каримов усули эди, афсуски Мирзиёев даврида ҳам бу давом этмоқда.

Францияда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида бу ҳақда шундай деб ёзди:

“Ўзбекистонда куч ишлатар тизимларининг ноқонуний, ғайри-инсоний тафаккури, репрессив фикрлаши, кўнглига келганини қилиш одатлари йўқолгани йўқ. Мана бу видеони кўринг, унда бу онаи зор ўз ўғилларини ўн кундан ортиқ қаердалигини била олмайди. Бу каби амалиётлар дунёдаги энг тоталитар давлатларда, фашистик-одамхўр режимларда содир бўлади. Онаизор ўғилларини топа олмай ақлдан озай деб қолибди, шу қадар қаттиқ стресс қилганки, гапларини тўғри гапира олмаяпди. Агар ўғилларининг айби бўлса, нега ҳамма жараённи шаффоф қилишмайди? Нега бу аёлни ўғилларини онасидан ва адвокатларидан яширишади? Нега, Ўзбекистон қонунчилиги шунақами? Йўқ, қонунчиликка кўра бу процессуал қонунбузарлик, жиноят ҳисобланади!”

XS
SM
MD
LG