Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Тошкент вилоятида “Аҳмадбой пирамидаси” копиялари устидан тафтиш бошланди


Аҳмадбой офисидан бир неча миллион доллар ва миллиардлаб сўм мусодара қилинди.
Аҳмадбой офисидан бир неча миллион доллар ва миллиардлаб сўм мусодара қилинди.

12 август куни Янгийўл туман халқ депутатларининг навбатдан ташқари йиғилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида ҳануз фаолият кўрсатаëтган “Аҳмадбой пирамидаси копия"ларининг жавобгарликка тортилишини айтган.

Айни мажлисда бевосита иштирок этганини иддао қилган Озодлик манбасининг айтишича¸ Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев “молиявий пирамидаларга акахонлик қилган собиқ Янгийўл ҳокими ва туман милицияси бошлиғини жавобгарликка тортиш масаласини қўйган.

“Мирзиëев мажлисда қатнашаëтган Зангиота ва Янгийўл туманлари учун бириктирилган вакил¸ вилоят ИИБ бошлиғи Бобохўжаев Азиз Озодовичга қараб, "Равшан Мамарасулович (собиқ туман ҳокими) ва туман ИИБ бошлиғи подполковник Нурбек Сафаровларни жавобгарликка тортиш керак"¸ деб айтди. Мирзиëев гапираëтган пайтда бу уч киши залда тикка туриб туришди. Бош вазир ўшандан кейин молиявий пирамида тузган Аҳмадбой жавобгарликка тортилган бўлса ҳам, унга акaхонлик қилганлар ва Аҳмадбой стилида бизнес юритилаëтганлар бемалол юрганлигини танқид қилди”¸ дейди Озодлик манбаси.

Тошкент вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸12 aвгустдаги мажлисдан кейин туман ҳокими вазифасидан бўшатилган Равшан Норбўтаев ва туман ИИБ бошлиғи подполковник Нурбек Сафаровлар устидан “махсус текширув” бошланган.

Манбанинг яна таъкидлашича¸ Тошкент вилоятида “Баҳо марли” номи билан танилган тадбиркор Баҳодир Ўринбоевга оид "Merkury leasing group" ширкатида ҳам тафтиш бошланган.

Озодлик туман расмий идоралари мулозимлари билан суҳбат асносида Зангиота туманида рўйхатдан ўтган мазкур ширкат устидан текширувлар бошланганини тасдиқлади.

Хусусан¸ Тошкент вилояти Зангиота тумани солиқ идорасидаги Озодлик манбасига кўра¸ бу ширкат ҳам одамлардан устама фоиз эвазига пул олиш билан шуғулланиб келган.

“Merkury leasing group" ширкати Зангиота туманида рўйхатдан ўтган. Ҳозир текширув кетаяпти. Раҳбарият бизни олдимизга молиявий қаллобликлар билан шуғулланаëтган ширкатларни жиддий текшириш вазифасини қўйган. “Merkury leasing group" ширкатида ҳам молиявий пирамида аломатлари мавжудлиги аниқланди. Ҳозир текшириш кетмоқда”¸ деди солиқ идораси мулозими.

Тошкент вилояти Чиноз туманида молиявий пирамида тузганликда айбланаëтган Аҳмадбой Турсунбоев мол-мулки хатланиб, ўзи ҳибсда қолаётган бир пайтда туманда бошқа молиявий пирамидалар фаолияти давом этаётгани ҳақида Озодлик ўз манбаларига таяниб хабар қилган эди.

Озодликнинг Тошкент вилояти ҳокимлигига яқин манбалари¸ жорий ойнинг биринчи ҳафтасида Чинозда катталиги жиҳатдан Аҳмадбойникидан кейин иккинчи ўринда турувчи ва аҳоли орасида Тўхтасинбой номи билан танилган тадбиркор устидан ҳам текширув бошланганини билдирди.

Озодлик манбасининг айтишича¸ вилоятдаги аҳолидан пул олди-берди қилиш билан шуғулланган барча ширкатлар назоратга олинган:

“Аҳмадбой услубида ишлайдиган¸ аммо қамрови кичик ширкатлар Чиноздан ташқари Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйичирчиқ, Паркент, Юқоричирчиқ, туманларида ҳам борлиги аниқланди. Халқ орасида "Аҳмадбой копиялари" деб аталадиган бу ширкатларнинг ҳаммасини ИИБ¸ прокуратура ва солиқ идoраси вакилларидан иборат қўшма гуруҳ текшираяпти”¸ деди бу манба.

Икки ой муқаддам Ўзбекистондаги барча давлат телеканаллари халқ орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевга Чиноз ва Янгийўл туманларидан минглаб одамнинг фоизга пул бергани ҳақида махсус кўрсатув намойиш қилди.

Шундан кейин 160 мингга яқин аҳолиси бўлган Тошкент вилоятининг бу икки тумани¸ хусусан¸ аҳолисининг аксарияти молиявий пирамида қурбонига айланган Янгийўл тумани оммавий ахборот воситалари диққат-марказига тушди.

XS
SM
MD
LG