Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:23

Ҳибсга олинган Аҳмадбой, қочувдаги "Аҳмадчилар", куйган халқ ва сукутдаги ҳукумат


Аҳмадбой Турсунбоев уйи ëнида йиғилган одамлар
Аҳмадбой Турсунбоев уйи ëнида йиғилган одамлар

Русийзабонлар орасида “Ахмадбай Чиназский”, ўзбеклар орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган Аҳмад Турсунбоевнинг ҳибсга олиниши ва ортидан юз берган ҳодисалар ўтаётган ҳафтада Ўзбекистонда энг кўп муҳокама этилган мавзуга айланди.

Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди.

Нақд 40 минг (!) одам билан пул олди-бердиси бўлган бойвуччанинг қамалгани, ўзбекнинг серфарзанд бўлиши инобатга олинса, камида бир миллион инсон ҳаётига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Ҳамма жойда ваҳима: Сирдарёда Аҳмадбойга нақд 100 минг берган 40 яшар йигит, унинг қамалганини телевизорда кўриб, юрагини ушлаб, жойида жон берибди; Жиззахда бешта яппа янги машинасини Аҳмадбойга ўз қўли билан топширган аёл қанд касалига чалинибди; бир умр йиққан пулига ўтган ой уй олиб, Аҳмадбой номига ўтказиб берган қоровул болалари билан кўчада қолибди...

Хуллас, инсоний драмаларнинг охири йўқ!

Аҳмадбой қамалиши биланоқ Тошкенту Янгийўлдаги машина бозорларига тумонат одам йиғилиб, икки бараварга пуллашга уринган машиналарини қайтариб беришни талаб қила бошлади. Омади борлар машинасини қайтариб олди, қолганлар қолди ё серрайиб ё юрагини ҳовучлаб.

Бойга тегишли экани айтилган оффислар, фермаю дўконлар куппа-кундузи, очиқчасига таланди.

Чиноздаги милиционерлар иши фермадаги молларни туну кун қўриқлаш бўлиб қолди ҳозирда.

У иш билан таъминлаган юзлаб одамлар чуқур қайғуга ботганликларини айтади.

“Қишлоғимизда гўёки мотам бўлаётганга ўхшайди, - деб ёзади корчаллоннинг ҳамқишлоғи. – Чироқ ёқсанг кўнглимиз ёришмайди”

Яна эмишки, Аҳмадбойнинг фалонбою пистонбой деган шериклари бир кечада Швейцарияга қочибди.

Нақд 45 миллион долларни у ердаги банкларга ўтказмоқчи экан улар.

Ўзбек тили эса яна бир сўзга бойиди: “Аҳмадчилар”.

Изоҳ: “Аҳмадчилар” деб, Аҳмад Турсунбоев изидан бориб, у сингари катта фоиз ваъдаси билан пул тўплаганларга айтилади.

Ақаллият 38 яшар тадбиркорни молиявий фирибгар, деб қўл силтаса, аксарият қўли очиқ ва мард йигит, дейди.

Тарафдорлари Аҳмадбойга атаб ижтимоий тармоқларда шеърлар битмоқда, мадҳиялар ўқимоқда, унинг саховатпешалиги ҳақида ҳикоялар ёзмоқда ва нажоткорларининг озод бўлиши учун дуога қўл очмоқда.

Кимдир Аҳмадбойни ШҲТ саммитидан кейин озод этилишига ишонч билдирса, кимдир унинг тўппа-тўғри Жаслиққа юборилишини башорат қилади.

Аммо, ҳеч ким айбсизлик презумциясига асосланиб, Аҳмадбой ҳақида "фош этувчи" кўрсатув тайёрлаган телевидениени судга бермайди, ҳеч ким ҳаққини талаб қилиб суд-прокуратура органларига мурожаат қилмайди, ҳукуматдан "нега?" деб изоҳ талаб қилмайди.

Чунки, қўрқади.

Бир файласуф айтмоқчи, қонун устувор бўлмаган мамлакатда адолат талаб қилиш, жиноятга тенг.

Ҳукумат эса ҳар доимгидай сукутда!

Унинг қандай қарор олишини ҳеч ким билмайди.

Чунки Ўзбекистондай ёпиқ мамлакатда одамлар фақат пирамида учидаги қорни кўра олишади, холос.

Бўроннинг келишини билиш имконияти эса фақат танланганларга берилган...

XS
SM
MD
LG