Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Афғонистондан Чеченистонгача. Толибон мусулмон ёшлар орасида оммалашмoқдами?


АҚШ 2021 йилнинг кузига қадар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш жараёнини якунламоқчи. Вашингтон ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишга ҳозирланар экан, Марказий Осиёда Толибон экстремистик ҳаракатининг таъсири кучайиб бормоқда. Гуруҳ сафларида россиялик ва марказий осиёлик кўплаб жангчи борлигини ҳисобга олсак, содир бўлаётган воқеалар ушбу мамлакатлар хавфсизлигига таҳдид соладими?

БМТ мониторинг гуруҳи мутахассислари маълумотларига кўра, бугунги кунда Афғонистонда қарийб 85 минг Толибон жангариси ва 10 – 15 мингга яқин чет эллик ёлланма жангари бор. Улар орасида қўшни давлатлар фуқаролари кўп, аммо уларнинг аксарияти собиқ совет республикалари – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия фуқароларидир. Афғонистондаги россияликлар орасида Шимолий Кавказдан борган шахслар кўпчиликни ташкил этади.

Европа аналитик клуби раиси, Марказий Осиё иқтисодиёти ҳамда халқаро терроризмга қарши кураш бўйича тадқиқотчи Никита Мендкович Озодликнинг “Кавказ.Реалии” нашри билан суҳбатда:

“АҚШнинг Афғонистондан чиқиб кетиши Афғонистон ҳудудида террор кучларининг кўпайишига олиб келади ва шимолдаги қўшниларга таҳдид туғдиради. Толиблар камида яширин тарзда ўз иттифоқчилари шимолга қараб тарқалишини қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун минтақа давлатлари ҳозир куч тўплашлари ва Москва атрофида бирлашишлари керак”, - деб тушунтирди.

Мендкович “иттифоқчилар” атамаси билан Россияда тақиқланган “Ал-Қоида”, “Жамоат Ансаруллоҳ”, “Туркистон Исломий ҳаракати” террор гуруҳларини назарда тутди. Ушбу гуруҳлар аъзолари орасида собиқ СССР мамлакатларининг кўплаб фуқароси бор.

Шу билан бирга, Мендкович Россия радикаллар учун асосий нишон эмаслигига ишонади:

“Террорчилар оддийроқ нишонларга ҳужум қилишади, Россиянинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги иттифоқчиларига ҳужум қилиш орқали Россияга “қўл теккизишга” ҳаракат қиладилар”.

Толибон раҳбарияти айни дамда асосий эътиборни Афғонистон ҳукумати билан тинчлик жараёни бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳамда хорижий қўшинларни олиб чиқиб кетиш борасида АҚШ билан эришилган келишувга қаратмоқда.

Жорж Вашингтон университетининг хавфсизлик сиёсати бўйича тадқиқотчиси, “Кавказ тадқиқотлари журнали”да Толибон ҳақида чоп этилган мақолалар муаллифи Лила Хейнс “Кавказ.Реалии” нашри билан суҳбатда:

“Менимча, Толибоннинг геосиёсий манфаатлари ҳозирда жуда чекланган ва уларнинг асосий саъй-ҳаракатлари Афғонистон билан чекланиб турибди. Ҳеч бўлмаганда, келгуси икки йил давомида”, - деди.

Унинг сўзларига кўра, толиблар ҳозирги шароитда постсовет Марказий Осиёда фаол иш олиб бора олмайди. Ҳозир Толибон кўпи билан чегарааро ҳужумларни амалга ошираётган жангариларни жимгина дастаклаши мумкин. Хейнсни Суриядаги жангчиларнинг қайтиб келиши кўпроқ ташвишлантиради.

“2000 йилларнинг бошидан 2015 йилгача Афғонистонда фаолият юритаётган чечен жангарилари ҳақида хабарлар бўлган, аммо улар ишончсиз кўринади. Америка ва коалиция кучлар бирорта чеченни қўлга олгани йўқ. Эҳтимол, улар Марказий Осиёдан борган рус тилида сўзлашувчи жангариларга дучор бўлишган ва уларни чеченлар деб ўйлашган. Толибоннинг Чеченистондаги таъсири жуда оз, “Ал-Қоида” ва “Исломий давлат” таъсири эса каттароқ”, - дея сўзини давом эттирди Хейнс.

Унинг фикрига кўра, сўнгги бир неча йил ичида Чеченистонда жангарилар жонланган. Суриядаги тўқнашувларда қатнашган жангариларнинг ватанига қайта олиш-олмаслигига қараб, вазият янада кескинлашиши мумкин.

“Ушбу босқичда Россия ва Марказий Осиё ҳукуматлари жангарилар ва уларнинг оила аъзоларини ватанга қайтариш бўйича қатъий режалар тузиб, уларни дерадикализация дастурларидан ўтказганлари маъқул”, - деб маслаҳат берди Жорж Вашингтон университети тадқиқотчиси.

Унинг таъкидлашича, халқаро тузилмалардаги барча фаол исломий гуруҳлар франчайзинг модели асосида ишлайди. Бу шуни англатадики, тарқоқ гуруҳлар “Ал-Қоида” билан алоқада эканликларини даъво қилаётган бўлсалар ҳам, уларнинг асосий гуруҳ билан алоқаси чекланган.

Сиёсий таҳлилчи Андрей Серенко “Кавказ.Реалии” билан суҳбатда айни пайтда Толибон рамзлари радикал мусулмонлар орасида тобора оммалашиб бораётганини айтди. Бу ҳолат толибларнинг сиёсий ва мафкуравий амбицияларининг катталашиш билан боғлиқ. Гуруҳ тобора ўзининг анъанавий таъсир доирасини кенгайтириб бормоқда.

“Тахминан икки ой олдин, масалан, Суриянинг Идлиб шаҳрида маҳаллий жиҳодчилар толиблар байроғи остида парад уюштирди. Май ойида, Исроил билан Фаластин ўртасида қуролли қарама-қаршилик авж олаётган пайтда Европанинг бир қатор шаҳарида намойишга чиққан ёш мусулмонлар ҳам Толибон байроқларини кўтариб чиқди. Бундай эпизодлар сони нафақат кўпайиши, балки замонавий жиҳодчилар ҳаракати “толиблашишини” ҳам кутиш мумкин”, - деди Серенко.

Шу муносабат билан, миллионлаб мусулмон яшайдиган Россия ва бошқа постсовет республикалари олдида Толибоннинг сиёсий ва рамзий мақомининг ўзгариши билан боғлиқ қийин давр турибди, деб ҳисоблайди сиёсатшунос.

“Орасида кўплаб чеченлар, доғистонликлар, татарлар бўлган “Россия толиблари” деб номланувчи жангарилар Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда анча олдин ном чиқарган. Бугунги кунда постсовет ёшлар орасида толиблар брендининг тобора оммалашиб боришини кутишимиз керак. Бу Толибон байроғи остида бошқа мамлакатларга, масалан, Африка, Яқин Шарқ, Кашмирга “жиҳодга” отланишни истайдиганларнинг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари Россия, Қозоғистон ва ёш мусулмонлар сони кўп бўлган бошқа кўплаб республикаларда Толибон оммалашиши хавфи ҳам мавжуд”, - деди Серенко.

Афғонистондан қарийб 2,5 минг ҳарбийни олиб чиқиш шу йилнинг 1 майидан бошланди. Июнь ойининг бошида олинган маълумотларга кўра, контингентнинг ярми аллақачон мамлакатдан олиб чиқиб кетилган. Амалиётни жорий йилинг 11 сентябрига қадар тугатиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг сентябрида “Ал-Қоида” 2001 йил 11 сентябрда Нью-Йоркдаги Бутунжаҳон савдо маркази ва Пентагонга қилган хуружларга 20 йил тўлади. Айнан шу воқеалар АҚШ ва бошқа НАТО давлатларини Афғонистонга бостириб киришга ундаган эди.

XS
SM
MD
LG