Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:30

AP: Вашингтоннинг Толибон "ўзгариши"га бўлган умидлари чиппакка чиқмоқда


Ҳуқуқ ташкилотлари кўплаб қўмондонлар 2001 йилда АҚШ ағдарган шафқатсиз Толибон қўмондонларидек йўл тутаётгани айтмоқда.
Ҳуқуқ ташкилотлари кўплаб қўмондонлар 2001 йилда АҚШ ағдарган шафқатсиз Толибон қўмондонларидек йўл тутаётгани айтмоқда.

Толибон Афғонистонда эришаётган муваффақиятлар фонида Байден маъмуриятининг халқаро миқёсда ҳурмат қозониш ҳамда халқаро ёрдам олиш истаги фундаменталист гуруҳни зўравонликлардан тийилишга ундайди, деган умидлари чиппакка чиқмоқда.

Шу ой охирига қадар мамлакатдан АҚШ ҳарбийлари олиб чиқиб кетилади. Толибон қўмондонлари дипломатик келишувларни нарига суриб қўйиб, жанг майдонида янада фаоллашди. Сўнгги ҳафтада толиблар тўққизта вилоят марказини эгаллаб олди.

Толибоннинг айрим қўмондонлари янги қўлга олинган ҳудудларда ўзини ошиқча зўравонликдан тияётган бўлса-да, ҳуқуқ ташкилотлари кўплаб қўмондонлар 2001 йилда АҚШ ағдарган шафқатсиз Толибон қўмондонларидек йўл тутаётгани айтмоқда.

Жумладан, гуруҳ аъзолари маҳбусларни оммавий равишда қирғин қилаётгани ҳамда ўз қўлига ўтган ҳудудларда 15 ёшдан ошган қизларни хотинликка беришни талаб қилаётгани ҳақида даъволар бор. Толибон матбуот котиби бу айбловларни инкор этди.

Бунга қарамай, Байден маъмурияти расмийлари халқаро миқёсда обрў қозониш истаги Толибонга таъсир кўрсатиши мумкин, деган некбин даъвосидан воз кечгани йўқ.

Душанба куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки:

"Агар толиблар халқаро легитимликни қўлга киритиш истагида эканликларини даъво қилаётган бўлсалар, бундай ҳаракатлар уларга легитимлик бермайди", деди.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод бу фикрни Толибон расмийларига тўғридан-тўғри изҳор қилиш учун сешанба куни Қатарга йўл олди. Вакил "Америка овози" нашрига берган интервьюсида агар Толибон Афғонистонни зўрлик билан эгаллаб олса, "яккамохов давлатига айланишини" айтди.

Толибон бу огоҳлантиришга қулоқ соладими, йўқми, президент Жо Байден Афғонистонни тарк этиш қарорини кейинга қолдириш ёки бекор қилиш ниятида эмаслигини хулоса қилиш мумкин.

АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий миссиясини 31 августда тугатади. АҚШ ҳарбийлари 2020 йилда собиқ президент Дональд Трамп даврида Толибон билан имзолаган битимга биноан мамлакатдан олиб чиқиб кетилмоқда.

АҚШ 2001 йилнинг октябрида бошлаган уруш давомида Афғонистонда 11 сентябрь хуружларини амалга оширган "Ал-Қоида" гуруҳи тор-мор қилинди. Вашингтон Афғонистонга бостириб кирганидан кейин кў" ўтмай Усома бин Лодинни топширишдан бош тортган Толибон ҳукуматини ағдариб ташлаганди.

Толибоннинг эски ҳукуматини фақат учта давлат – Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари тан олганди. Ўшанда Толиблар шариатнинг энг қатъий талқинини жорий қилдилар. Тузум қўшиқ айтишни, варрак учиришни ва телевизор кўришни тақиқлаб қўйди ва Кобулнинг асосий стадионида омма кўзи олдида одамларни қатл қилди.

Толибоннинг ўша пайтдаги раҳбари Мулла Муҳаммад Умар 11 сентябрь воқеаларидан олдин мамлакатда героин кўкнори етиштирилишини тўхтатди. Буни БМТ расмийлари тасдиқлади. Аммо хабарларга кўра, Умар ўз кенгашига Толибон ҳукумати нима қилишидан қатъи назар, халқаро қоралашлардан қутила олмаслигини айтган.

Умар раҳбарлик қилган кенгаш аъзолари уларга қарши жорий қилинган санкциялар молиявий қийинчиликлар туғдираётганини тан олишган.

“International Crisis Group” (Халқаро инқироз гуруҳи) ташкилотининг Афғонистон бўйича катта таҳлилчиси Эндрю Уоткинс АҚШнинг халқаро обрў, ёрдам ва қайта қуриш учун моддий ёрдам ҳақидаги гаплари бугуни кундаги Толибон учун бир неча йил олдин қизиқроқ бўлган бўларди, деб ҳисоблайди.

АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилаётганидан руҳланган Толибоннинг бугунги позицияси кучлироқ. Афғонистоннинг бутун ҳудуди ёки катта қисмини эгаллаб олиш ва, шу билан бир қаторда, чегара пунктлари ва бошқа даромад манбаларини қўлга киритиш истаги олдида халқаро ёрдам унчалик катта аҳамият касб этмайди.

Уоткинс Қатардаги музокараларда:

"Толибоннинг сиёсий вакиллари халқаро легитимлик ҳамда бундай легитимлик олиб келадиган фойдага чиндан қизиқиш кўрсатишди", деди.

"Аммо толиблар муросага келиш истагини кўрсатишмади", дея сўзини давом эттирди у.

Трамп ва Байден маъмурияти расмийлари фундаменталист гуруҳ яккамохов ўтмишига қайтишни истамайди, шу сабабдан бошқача йўл тутади, деган умидда эдилар. Улар Толибон ҳукуматни куч билан қўлга киритиш ўрнига музокара ўтказишига, Афғонистоннинг озчилик гуруҳларига инсонпарвар муносабатда бўлишига ҳамда исломий экстремистик гуруҳлар Афғонистонда туриб минтақавий ёки глобал миқёсда ҳужумларни амалга оширишга йўл қўймайди, деб умид қилишган эди.

Аслида эса Толибоннинг сиёсий ва ҳарбий қанотлари билан Қатардаги Толибон вакиллари ўртасида зиддиятлар борлиги аён бўлди.

Толибоннинг сиёсий раҳбарлари муросага келиш ва ҳокимиятни бўлишиш ҳақида гапираётган бўлса-да, исёнчилар билан ўтказилган шахсий суҳбатлардан хабардор Покистон расмийлари гуруҳ ҳокимиятни тўлиқ қўлга олиш ниятида эканини айтишди.

Толибон, шунингдек, қатъий диний ҳукумат ўрнатмоқчи. Хабарларга кўра, улар қизларга мактабга боришга ва аёлларга ишлашга рухсат бермоқчи, лекин бу Толибоннинг исломий кўрсатмалари доирасида амалга оширилиши керак бўлади. Покистон расмийлари бу ҳақида “The Associated Press” агентлигига исмларини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаб беришди.

Баъзи европалик дипломатлар халқаро ҳамжамият фикри Толибонга бирор таъсир кўрсатишига шубҳа билан қарамоқдалар. Афғонистон президенти ҳам шундай фикрда.

"Ҳа, улар ўзгарди, лекин салбий томонга", деди президент Ашраф Ғани шу ой ўз маъмурияти олдида сўзлаган нутқида.

Ғанининг ўзи ҳукуматни кучайтириш учун етарлича чора кўрмагани учун танқидга учраб келади.

Ғани Толибон "шафқатсизроқ, золимроқ" бўлиб етишганини ва гуруҳ жанг майдонида мажбур қилинсагина ҳокимиятни бўлишишга рози бўлишини айтди.

Қора салла кийган Толибон амалдорларининг АҚШ расмийлари билан Трамп келишувини имзолаганининг ўзи Толибонга янги легитимлик бағишлади. Трамп Американинг жанг майдонидаги душманларини "жуда жасур, жуда ақлли" деб мақтагани бунга қўшимча бўлди.

Савдо ва иқтисодий алоқаларни ҳеч бўлмаса минтақавий даражада сақлаб қолишга ошиқаётган Толибон расмийлари Марказий Осиё ҳукуматлари ҳамда Россия ва Хитой дипломатларини яхши қўшни бўлишиларига ишонтиришга уриниб келмоқдалар.

Толибон АҚШ билан имзоланган битимдаги битта шартга амал қилмоқда: экстремистик гуруҳ олиб чиқиб кетилаётган АҚШ қўшинларига ҳужум қилмаяпти.

Шартноманинг америкаликлар учун муҳим шарти шуки, Толибон "Ал-Қоида" ёки бошқа бирор гуруҳ Афғонистон ҳудудидан фойдаланиб, АҚШ ёки унинг иттифоқчиларига таҳдид солишига йўл қўймаслиги керак.

Аммо Пентагон апрель ойида ҳозирлаган ҳисоботда айтилишича, Толибон "Ал-Қоида" билан алоқадор гуруҳлар билан "ўзаро манфаатли" алоқаларни сақлаб қолган ва жангари гуруҳ уларга қарши жиддий чора кўриш ниятида эмас.

Афғонистонни ўрганиб келаётган Питтсбург университети профессори Женнифер Бриcк Муртазашвили “The Associated Press” агентлигига берган интервьюсида:

"Менимча, АҚШ умид қилган нарсасига эриша олмади", деди.

"Ўйлайманки, Толибон туб маънода ўзгарган, деган хом хаёллар кўп бўлган", деди у.

XS
SM
MD
LG