Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:20

"Маломат"дан қочган Мирзиëев Тошкентда янги аэропорт қуришни тўхтатди


"Тошкент-4" лойиҳасининг телеканаллар намойиш этган сурати нусхаси.
"Тошкент-4" лойиҳасининг телеканаллар намойиш этган сурати нусхаси.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 30 июнь кунги қарори билан Тошкентда жорий йил қурилиши бошланиши белгиланган қарийб янги миллиард долларлик янги халқаро аэропорт лойиҳасини тўхтатиб қўйди. Уйи бузиладиган юзлаб оила маломатига қолишни истамаган президент қарори билан янги аэропорт қуриш ўрнига¸ ҳозирги “Восточный” (янги номи Ислом Каримов) аэропорти базасида фуқаровий авиациясининг замонавий комплекси барпо этиладиган бўлди.

Мирзиëев "уйи бузиладиган халқ маломати"га қолишни истамади

Президент Мирзиëевнинг 30 июнь кунги қарори "Тошкент-Восточный” аэродроми базасида фуқаролик (ишбилармонлик) авиациясининг замонавий комплексини барпо этиш чора тадбирлари тўғрисида” (О мерах по реализации проекта «Строительство современного аэропортового комплекса гражданской (деловой) авиации на базе аэродрома «Ташкент-Восточный») деб номланган.

Бу қарорга мувофиқ¸ “Тошкент-4” деб номланган янги халқаро терминал қурилиши “вақтинча тўхтатилади”; янги аэропорт қуриш ўрнига эскиси таъмирдан чиқарилади.

Ўзбекистон президенти расмий сайтида эълон қилинган матнда берилган изоҳга кўра¸"янги аэропорт қурилиши жуда кўп уй ва нотурар жой биноларини бузиш¸ Қорасув каналининг бир қисмини кўчириш¸ одамларни яшаб келган жойидан чиқаришни талаб қилиши¸ бу эса¸ қурилиш ҳудудидаги айрим аҳоли томонидан маломатлар бўлишига олиб келишини назарда тутиб¸ мазкур лойиҳани тўхтатиш ҳақида қарор чиқарилган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг ер иншоотлари ва аэродромлар бошқармаси директори Антон Ходжаян январь ойида матбуотга Тошкент аэропортининг янги терминали қурилиши муносабати билан 540 оила яшаëтган 1400 уй-хонадоннинг бузилиши¸ у ерда яшаб келганларнинг янги жойга кўчирилишини билдирган эди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси бош директори¸ уйи бузиладиганларнинг ҳаммаси рози қилинишини ваъда этган бўлса-да¸ бунча уй-жойнинг бузилиш режаси аҳоли норозилигига сабаб бўлмай қолмади. Айтилишича¸ уйи бузилишга тушганлар президент порталига тинимсиз шикоят хати йўллаган.

Тўхтатилдими¸ бекор қилинди?

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ қарорда янги аэропорт қурилишининг номаълум муддатга тўхтатилгани айтилса-да¸ амалда бу лойиҳанинг бекор этилганини эътироф қилди.

“Қарорда қурилиш вақтинча тўхтатилсин¸ дейилган. Бу вақтинчами¸ ëки қайсидир муддатда қурилиш лойиҳаси қайта бошланадими¸ бунисини биз ҳам билмаймиз. Лойиҳа бекор қилинди¸ деса ҳам бўлади”¸ деди миллий авиакомпаниянинг шахси очиқланишини истамаган расмийси.

Озодлик суҳбатлашган лойиҳага яқин мулозимлар¸ Тошкентда янги халқаро аэропорт қуриш режаси келажакда қайта тикланган тақдирда ҳам¸ унинг дастлаб ажратилган ҳудудда бўлмаслигини билдирдилар.

Учмай қолган "Ҳумо"

2016 йилнинг август ойида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) "Тошкент – 4" деб номланган янги йўловчи терминалини қуриш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини Ўзбекистон ҳукуматига тантанали равишда тақдим этган эди.

Кореялик мутахассислар 7 ой давомида ишлаб чиққан бу лойиҳага кўра¸ Тошкентда умумий майдони 86¸94 минг квадрат метрлик янги аэропорт қурилиши лозим эди.

Жорий йил бошланиб¸ 2019 йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган янги аэропортнинг бир йилда 5¸7 миллион йўловчига хизмат қилиши¸ Тошкент аэропортини халқаро ҳабга айлантириб¸ мамлакатга келаëтган сайëҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши ҳақида ўнлаб чиқишлар бўлди.

“Тошкент-4” деб ном олган янги терминал ишга тушганидан кейин соатига 1500 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади. Терминал биноси қанотини кенг ёйган Хумо қушига ўхшаган бўлади. Терминалда 36 самолётга чиқиш перронлари ва 1700 та автомобил турар жойи бўлади”¸ деб хабар берган эди маҳаллий нашрлар.

Олти ойда 100 миллион долларга қимматлаган лойиҳа

2016 йил августида кореялик муаллифлар янги аэропорт лойиҳаси қийматини 336¸443 миллион АҚШ доллар деб эълон қилган бўлса¸ 2017 йил бошига келиб¸ Ўзбекистон томони янги аэропорт нархининг 430 миллион доллар бўлиши ҳақида гапира бошлади.

Айни пайтда¸ Тошкент расмийлари лойиҳа муаллифлари ҳисобидаги нарх билан ўзлари ҳисоблаган нарх ўртасидаги қарийб 100 миллион долларлик фарқнинг қаердан келиб чиққанига бирор изоҳ бергани йўқ.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 430 миллион долларнинг 200 миллионини Жанубий Кореянинг “Эксимбанк”и томонидан ажратилиши¸ қолган қисми компаниянинг ўз маблағлари ва давлат бюджетидан берилишини билдирган эди.

Жанубий Кореянинг Инчон аэропортида қўлланилган технологиялар асосида қурилиши айтилган янги аэропорт терминалига жой ҳозирлаш учун бузилишга тушган уй-жойлар тақдири ҳақида ҳозирча Тошкент шаҳар ҳокимлигидан аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик суҳбатлашган айрим ҳукумат мулозимлари¸ аэропорт қурилиши тўхтатилишининг асосий сабаби¸ пул йўқлиги билан боғлиқлигини билдирдилар.

"Ислом Каримов" Тошкентнинг ягона ҳаво дарчаси бўлиб қолади

Президент қарори билан фуқаролик авиациясининг замонавий комплексига айлантириш топширилган "Тошкент-Восточный” аэродромининг халқаро терминалига 4 май куни Ислом Каримов номи берилган эди.

Ўзбекистондаги энг йирик халқаро кириш пункти - мамлакатнинг асосий ҳаво дарвозаси деб аталадиган бу аэропорт эса¸ дунëдаги энг ëмон аэропортлардан бири ҳисобланади.

Мирзиëевнинг 30 июнь кунги янги қарорида бу аэропортда жиддий модернизация ва реконструкция ишлари¸ капитал ремонт қилиш амалга оширишни кўзда тутувчи янги лойиҳани ишлаб чиқиш топширилган ва бу лойиҳа назорати яна Бош вазирга юклатилган.

XS
SM
MD
LG