Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Блогер Абдуқодир Мўминов Тоштурмада жазо карцерига ташланди


Блогер Абдуқодир Мўминов.
Блогер Абдуқодир Мўминов.

Шу йилнинг 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЖИЭДнинг 1-сонли тергов изоляторида сақланаётган блогер Абдуқодир Мўминов "муассаса ички тартиб-қоидаларини бузиш" айби билан 10 кунлик карцерга ташланди.

Бу ҳақда Озодликка тергов изолятори маъмурияти билан мулоқотдан сўнг журналистнинг онаси Сабоҳат Абдуллаева хабар қилди.

Абдуқодир Мўминовнинг карцерга ташлангани ҳақидаги хабар унинг апелляция судида ўзига нисбатан қийноқлар ҳақида гапириб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиши ортидан пайдо бўлмоқда.

8 октябрь куни тармоқларда тарқалган видеода Абдуқодир Мўминов тергов жараёнида ўзининг шафқатсиз қийноқларга тутилганини айтган ва қийноқ қўллаганларнинг номларини келтирганди.

Сабоҳат Абдуллаева ўғлининг нега карцерга ташланганига аниқлик киритиш учун ЖИЭДнинг 1-сонли тергов изолятори мулозимларига мурожаат қилганини айтади:

«Анча кутиб ўтирганимиздан кейин ўзим кирдим.Ўғлим билан учрашувим нима бўлди, десам, «ўғлингиз билан учрашолмайсиз», деди. Сабаби нима десам, «ўғлингиз ички режимни бузганлиги сабабли махсус хонага, «карцер»га ташланган», деди. Булар яна ўғлимни қийнашни бошлашди, деб йиғладим».

Қамоқдаги блогер Абдуқодир Мўминовнинг қийноққа солингани иддао қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:34 0:00

Қамоқхона маъмурияти Абдуқодир Мўминов изолятор ички тартибини апелляция судидан анча олдин, 20 сентябрда бузгани учун энди жазога тортилаётганини иддао қилган.

«Тоштурмадан чиқиб яна қайта кирдим. Бир ходими чиқди, Эркин Икромов экан. 6 октябрда суд бўлган бўлса, аллақачон тартибни буздими деб, ундан сўрасам, у эса «йўқ, тартибни олдин, 20 сентябрда бузган экан, соч-соқолини олмаган экан, олгин дейишса, ходимларни ҳақорат қилган экан», деди», дея қамоқхона маъмурининг сўзларини келтиради Сабоҳат Абдуллаева.

6 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар апелляция суди Миробод туман судининг 4 август куни Абдуқодир Мўминовни 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирганди.

Маҳкамада сўзга чиққан Абдуқодир Мўминов президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган.

У мурожаати аввалида ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар ҳақида гапирган:

«Ассалому алайкум ҳурматли президент Шавкат Мирзиёев жаноблари. Менга нисбатан 2023 йил 7 февраль куни кеч соат 22дан бошлаб бугунги кунгача, (бу аризани 10 сентябрь куни ёзиб қўйган эдим) ўта оғир, ҳам руҳий, ҳам жисмоний қийноқлар қўллаб, танамга электр токи улаб, жинсий аъзомга тепиб, эзғилаб, ҳайвонни ҳам уриб тепгандан баттар қилиб, махсус дубинкаси билан оёғимга жуда кўп миқдорда уриб, танамни деярли барча жойига тепиб, калтаклаб, чап томондаги қовурғамни синдиришган. Оғир қийноқларга солган Тошкент шаҳар ИИББнинг, ИИВдаги ва Миробод туман жиноят ишлари бўйича судидаги айрим ахлоқсиз, тарбиясиз, пасткаш ёвуз кимсаларнинг бугунги аҳволига кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайман».

Абдуқодир Мўминовнинг сўзларига кўра, у тергов давомида ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлардан “тўйиб” кетганидан иқрорлик кўрсатмаси беришга мажбур бўлган.

Ўзининг айтишича, терговчи, агар барча айбларни бўйнингга олсанг, адвокатлардан воз кечсанг, уй қамоғи билан озодликка чиқиб кетасан, деб ваъда берган.

Аммо, Абдуқодирнинг иддао қилишича, уни алдашган. Барча иқрор ҳужжатларига қўл қўйдириб олинганидан сўнг, иш бошқа терговчига ўтказилган.

Абдуқодир Мўминов Тошкент ЖИЭДнинг 1-сонли тергов изоляторида “лохмачлар” томонидан маҳкумларни қийноққа солиш давом этаётгани ҳақида президентга мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар ИИББда уни қийноққа солган шахсларни номма-ном келтиради.

Онаси Сабоҳат Абдуллаева ўғлининг карцерга ташланишига ҳам айнан унинг апелляция судидаги нутқи ва бу нутқнинг ижтимоий тармоқларга чиқиб кетгани сабаб бўлган, деб ишонади.

Сабоҳат Абдуллаеванинг айтишича, 20 сентябрдан сўнг ўғлининг олдига бир неча бор адвокат кирган, аммо “ички тартиб бузилгани” ҳақида гап ҳам бўлмаган.

Унинг тахмин қилишича, 9 октябрь куни Канадада яшаётган ўзбекистонлик журналист Улуғбек Ашурнинг Ютюбдаги “Негатив” каналида Абдуқодир Мўминовнинг апелляция судида қийноқлар ва Тошкент шаҳар ИИББ терговчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида сўзлаган нутқи эълон қилинганидан сўнг, уни жазолаш мақсадида “карцер”га ташлашган.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш департаменти ходимига кўра, блогер Абдуқодир Мўминовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг 105-моддаси (Интизомий жазо чоралари)нинг 5-бандига асосан интизомий бўлинмага киритиб қўйиш чораси қўлланилган.

Мулозим журналист Абдуқодир Мўминовнинг қоидабузарлиги тафсилотлари борасидаги саволини жавобсиз қолдирди. Шунингдек, блогернинг иши “юқори” билан боғлиқлигига ишора қилиб, барчаси Тошкент вилояти махсус прокуратураси назорати остида эканини айтди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЖИЭДнинг 1-сонли тергов изоляторининг навбатчилик қисми блогер Абдуқодир Мўминовнинг қандай қоидабузарлик содир этганига оид Озодлик саволини изоҳсиз қолдирди.

Мўминовнинг аёли Н. Раҳматжоновага кўра, ҳалигача уларга жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция судлов ҳайъати ажрими берилгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби Азиз Обидовга кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар апелляция суди жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 4 август куни Абдуқодир Мўминовни 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақидаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.

Олий суд баёнотида судланувчи Абдуқодир Мўминовнинг юқори инстанция судига кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи борлигини тушунтирган.

Маҳкамани яқиндан кузатган фаолларга кўра, апелляция суди ҳам худди қуйи инстанция судидаги каби очиқ, аммо кузатувчилар ва фаоллар киритилмаган ҳолда ўтказилган.

Апелляция суди Абдуқодир Мўминовнинг адвокатлари томонидан киритилган важларнинг бирортасини инобатга олмаган, гувоҳларни қайта сўроқ қилмаган.

Бироқ апелляция судида давлат айбловчиси адвокатларнинг дастлабки терговлар даврида Мўминовга нисбатан қийноқлар қўлланилганига оид иддаоларининг исботланмаганини эътироф этган.

Абдуқодир Мўминов шу йилнинг 4 августида жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукми билан 3 йилгача журналистлик фаолиятни чеклаш билан 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Ҳукм билан у жазо муддатини умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Шунингдек, журналист зиммасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдоридаги жарима ҳамда 900 миллион сўмдан ортиқ моддий зазарларни қоплаш юклатилган.

Суд блогерни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган.

YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов жорий йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди.

Тўққиз ойдан буён ҳибсда сақланаётган, дастлабки тергов ва қуйи инстанция судида адвокатдан воз кечган Мўминовнинг ўзига қўйилаётган айбловларни қисман тан олган.

Аммо апелляция судида ўзининг тергов органи томонидан алданганини, шунинг учун айрим эпизодлар бўйича айбловларни тан олганини таъкидлаган.

Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.

Шу йил майида Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётганини қайд этган. Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган.

Форум

XS
SM
MD
LG