Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

"Шақаллар даври" Қирғизистонда тақиқланди


Депутат Тўқўн Мамитов "Чиябўрилар вақти" китобининг нашр қилинишида ўзбек лидерларини айбламоқда.
Депутат Тўқўн Мамитов "Чиябўрилар вақти" китобининг нашр қилинишида ўзбек лидерларини айбламоқда.

Ўшда “Час шакала”, яъни “Шақаллар даври” фильмини сақлагани учун уч ўшлик йигит ҳибс қилинди.


“Шақаллар даври” DVD диски ва китоби 2010 йил Ўш воқеалари тўғрисида тайёрланган ва интернетда кенг тарқаган. Мазкур DVD диск ва китоб қирғиз расмийлари орасида баҳсларга сабаб бўлган ва видео қирғиз миллатини дунё ҳамжамиятига ваҳшийлар сифатида кўрсатиш сифатида баҳоланган.

“Шақаллар даври” DVD диски Ўшнинг компютер таъмирловчи дўконларидан бирида топилган. Мазкун ҳолат юзасидан уч нафар ўшлик қўлга олинганини Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими бошлиғининг ўринбосари Нурбек Маматов маълум қилди:

- Бу иш бўйича хозирда уч одам гумонланувчи сифатида қўлга олинди. Топилган дискда ҳукумат вакилларини Ўш воқеаларини атайин уюштирганликда айблаб, бир миллатни иккичи миллатга қарши қўйган томонлари бор, - деди Нурбек Маматов.

Апрел ойи ўрталарида Қирғизистонда “Шақаллар даври”, деб номланган китоб ва DVD дисклар пайдо бўлди. Мазкур китоб рус тилида босилган бўлиб китобда муаллиф ва китоб қаерда чоп этилгани кўрсатилмаган. Аммо қирғиз парламенти депутатлари, китоб Финландияда чоп этилганини иддао қилишмоқда.

Мазкур китоб Қирғизистон парламенти депутатлари орасида катта баҳсларга сабаб бўлди. Депутатлар Қирғизистон куч тизими ходимларига китоб муаллифларини аниқлашни топширди ва мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратурада жиноий иш қўзғатилди.

- Бош прокуратура топшириғига асосан Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан мазкур китоб юзасидан жиноий иш очилган. Биз ҳам диск билан Ўшда қўлга олинган шахсларни Миллий хавфсизлик хизматига ўтказиб бердик. Диск “Час шакала”, деб аталади, 2 қисмли. У ерда Ўш воқеасида фақат ўзбек миллатидаги одамларнинг уйлари куйгани, ўлганлари ва бошқалар шархлаб кўрсатган. Бизнинг хозирги ҳокимимиз Мелис Мирзақматов тўғрисида ҳам “Ўш қирғинини уюштирган”, деган ёлғон сўзлар айтилган,- деди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими бошлиғининг ўринбосари Нурбек Маматов.

Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари эса мазкур китоб ва дискларнинг пайдо бўлишида қирғизистонлик ўзбек лидерларини айбламоқдалар:

- Китоб жуда рангли қилиб, Финландиядан чиқарилибди. Китобда қирғизлар шоқол, бўри сифатида кўрсатилган. Бу Қодиржон Ботиров ва унинг тарафдорларининг иши. Ташқи ишлар вазирлиги нега бунга аҳамият бериб, нега Финландиянинг Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси юбормайди? Биз ҳам “Қирғиз халқига тухмат қилаяпсизлар. Бунга ҳам жавоб берасизлар”, деб талаб қўйишимиз керак. Евроиттифоқ, БМТгача мурожаат қилишимиз керак,- деди Қирғизистон парламенти депутати Тўқўн Мамитов.

Ўш шаҳар Ўзбек миллий маданий маркази раиси Рашид Хўжаев эса ўшлик ўзбекларнинг китобдан ҳам, ДВД дисклардан ҳам хабари йўқлигини айтар экан, депутатлар томонидан китоб ва дикслар тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка ошкор қилиш нотўғри бўлганини айтди:

- Депутат Жилдиз Жўлдўшева телевизордан чиқиб китоб тўғрисида жуда кўп гапириб юбораяпти, одамларни ноқулай ахволга солиб қўяяпти. Шу маълумотлар камроқ гапирилса, кўрсатилмаса, иложи бўлса. Жилдиз Жўлдўшева бу маълумотларни қаердан олди? Депутат аёл депутат бўлиб туриб буни сир сақлаб, СНБларга беришнинг ўрнига нима сабабдан халққа жар соляпти, буни биз хам тушунолмаяпмиз. Умумий гапирганда биз ўзимизни ноқулай ҳис қилиб қоляпмиз. Бишкекдаги депутатлар бу китобни ўзбеклар яратди деб, айбни ўзбекларга ағдараяпти. Бу китобни ўзбеклар яратган эмас,- дейди Рашид Хўжаев.

Унга кўра, Ўш шаҳар Ўзбек миллий - маданий маркази ўз изига тушиб келаётган барқарорликни сақлаб қолиш ва қонли воқеаларнинг такрорланмаслиги учун мазкур китоб ва дискларни Ўш ҳудудига киритмасликни сўраб Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат йўллаган.

Айтиб ўтиш керакки, мазкур ҳол юзасидан очилган жиноят ишлари охирига етишига барча ўшликлар ҳам ишонмайди. Масалан, ўшлик жамоат арбоби Тўлўгўн Келдибоевнинг фикрича, бунинг учун куч тизимларида етарли даражада профессионал кадрлар йўқ.

- Ҳукматимизнинг айрим аъзолари ўртасидаги ҳокимият талашиш касофати оқибатида бу ўйиндан ўт чиқиб бир қанча аянчли воқеаларга олиб келди. Диск бўйича тергов натижалари чиқади деб айта олмайман. Негаки бизнинг Миллий хавфсизлик хизматида тергов олиб бора олувчи професионал мутахасислар қолмаган,- деди Тўлўгўн Келдибоев.
XS
SM
MD
LG