Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:28

Журналистлар аризаси қондирилмади


Тошкент шаҳар Шайxонтоҳур туманлараро суди Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулованинг аризасини қондирмади.


Журналистлар Ўзбекистон "Ёшлар" телеканали устидан судга берган аризаларини кўриб чиқаётган судяни рад этиб ариза критган эди.

Бунга 28 март куни ўтган суд мажлисида журналистлар уларнинг ишини кўраётган судя Дилбар Исроиловани очиқ ўтаётган маҳкамага кузатувчиларни қўймагани сабаб бўлган эди.

Бу аризани рад этган Шайхонтоҳур туманлараро суди судяси Мансур Имомов судга кимнидир киритиш ёҳуд киритмаслик масаласи судянинг ҳаққи экани ҳамда биринчи суд мажлиси мазмуни ахборот воситаларида тўғридан-тўғри акс этиши қонунга зид эканини айтган.

Озодлик мухбири ўзларининг ноҳақ ишдан бўшатилганини даъво қилиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси "Ёшлар" каналини судга берган журналистлардан бири Малоҳат Эшонқуловага боғланди.

- Судяга сўз бериш масаласидаги аризам судда раислик этувчи Мансур Имомов томонидан қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Изоҳни Мансур Имомов шундай билдирди: “ҳар бир судя ўзини эркин, мустақил равишда судда мустақил иштирокчиларнинг иштирок этиш ëки этмаслик масаласини ҳал қилади, ҳеч ким ҳеч қандай босим, буйруқ беришга ҳаққи йўқ” деди. Судянинг иштирокчиларнинг киришини рад этиш масаласини Имомов шундай баҳоладиларда. “Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон республикасининг қонунларида туман суди ўзининг ҳал қилув қарорини чиқармасдан туриб суд жараëнлари ҳақида хоҳ телевидение, радио, интернетга бўлсин умуман матбуотга эълон қилиниши мумкин эмас. Бу қайсидир маънода судга таҳдид ўтказиш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у кузатувчилар биринчи суд мажлисида суднинг розилигисиз ëзиб тўғридан тўғри эфирга бериб юборишибди. Мана би Озодлик радиоси ўзининг интернет сайтларида эълон қилишибди. Амалда биринчи маротаба Ўзбекистондаги суд мажлисидан ëзиб бераяпмиз деган ëзувлар кетибди. Бу бежизга эмас” деган важларни келтирдида. Шунинг учун ҳам нафақат мустақил кузатувчиларнинг иштирок этишларини балки ўша кузатувчилар томонидан бўлсин, журналистлар томонидан бўлсин ҳатто Омоновани ва мени ҳам бўлиб ўтаëтган суд жараëнлари ҳақида ëритишимизни, интервью беришимизни тақиқлаш борасида конкрет гапириб ўтдилар. Жиноий жавобгарлик масаласи қайд этилган деб эслатиб қўйдилар бизга. Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси вазифасини бажарувчи Мансур Имомов раислигида ўтказилаëтган қисқагина суд жараëнида бўлиб ўтган гаплар.

Озодлик: Сиз буни ноқонуний деб ҳисоблайсизми?

- Албатта. Биласизми, бу шунчаки давлат сири ҳам эмас, корхона ëки ташкилотнинг молиявий сирига оид ҳам суд иши эмаску. Бу маҳкамада оддийгина ишга тиклаш масаласи кўрилаяпти холос. Ўз оти билан очиқ суд мажлиси. Хоҳлаган фуқаро қатнашиш ҳуқуқига эга деб кўрсатилган. Шундай экан нима учун судя бунчалик талвасага тушади? Бунча мустақил кузатувчиларнинг иштирокидан қўрқади? Шу нарса бизда унга нисбатан шубҳа уйғотдида. Мен бир нарсага амин бўлдим. Демак, судяга тепадан жуда қаттиқ босим бўлаяпти, дейди журналист.

Унинг айтишича, суднинг кейинги мажлиси 14 апрел куни Тошкент вақти билан 14:30га белгиланган.

Шу ўринда қўшимча қилиш жоиз, журналистларнинг судяни рад этиб киритган аризаси қондирилмаслиги ва бунга жавобан суд мажлисининг ёртилиши қонунга зид бўлгани ҳақида судя Тошкент шаҳар шайҳонтохур туманлараро суди чиқарган қарор ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари томонидан қонунга зид, дея баҳоланмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли юрист Руҳиддин Комиловга кўра, агар терговчи маҳкама иштирокчиларига маҳкамага оид маълумотларни ошкор қилишни тақиқлаб қарор чиқармаган экан, иштирокчилар маҳкамада ўзи гувоҳ бўлган маълумотларни очиқлаш ҳаққига эга ва Ўзбекистон қонунчилиги суд маҳкамаларининг ошкора бўлишини тақозо этади.

Эслатамиз, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

Журналистлар ноҳақ ишдан бўшатилганини даъво қилиб "Ёшлар" каналини судга берган.

Журналистларнинг даъво аризаси бўйича кейинги суд мажлиси 14 апрелга қолдирилди.
XS
SM
MD
LG