Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:45

Инқилоб меваси юқумли: Тошкент тропик меваларга солиқни оширди


Қирғизстонда инқилоблар кўпайгани балки бозорларда тропик мевалар кўпайгани билан боғлиқдир?
Қирғизстонда инқилоблар кўпайгани балки бозорларда тропик мевалар кўпайгани билан боғлиқдир?

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон бозорларида халқ учун тансиқ таом бўлган тропик мевалар нархи янада ҳакалак отади.


1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга импорт қилинадиган тропик мевалар: банан, тар ананас, авокадо, гуайава, тар манго ва мангостан, апельсин, тар мандарин ва мандарин қоқи, клементин, вилкинг ва унга ўхшаш бошқа гибрид мевалар, тар лимон ва лимон қоқилар ҳамда кивига божхона қийматининг 25 фоизи миқдорида акциз солиғи солинади.

Меваларнинг номи сизни чарчатиб юборган бўлиши, гап нима ҳақда эканлигини тушунмаган бўлсангиз, соддароқ айтишимиз ҳам мумкин: 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда лимон қимматлайди.

Лимон егандай афтингизни буриштирманг: кўпга келган тўй буям.


Мевалар билан танишув


Лимон, апельсин, мандарин нималигини болаликдан биламан.

Суягим қотганида банан, ананас, авокадо билан танишдим.

Помело супургининг ўрисча номи, деб юрардим. Уям мева эканлигини билганимга бир неча йил бўпқолди.

Ўзбекистонликлар еяётган ва 1 апрелдан бошлаб 25 фоизга қимматлайдиган тансиқ мевалар орасида номини мен биринчи марта эшитаётганларим ҳам бор.

Мана улар: гуайава, клементин, вилкинг...

Билгичларнинг айтишича, гуайава - ўзимизнинг нок, беҳи ва анжирларнинг омухта таъми келадиган мева, клементин – апельсин билан мандариннинг чатишмасидир.

Ўзбекистонликлар 1 апрелдан бошлаб 25 фоиз қимматроққа сотиб олиб ейдиган "вилкинг" деган мевани, билгичлар у ёқда турсин, Интернет ҳам еб кўрмаган экан – аниқ маълумот топиб беролмади.

Божхона қўмитасига биринчи қўнғироқ

Одатда импорт қилинувчи товарлар учун акциз солиқлари, билишимизча, мана бу мақсадларда солинади:

а) бюджет камомадини қоплаш учун (аҳолига унинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун, деб тушунтирилади; масалан ароқ-вино ва тамаки маҳсулотлари акциз солиғини оширганларида);

б) маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоялаш учун (аҳолига шундай деб тушунтирилади)

Цитрус мевалар акцизи шу масадларда оширилаяптими ё биз билмаган сабаблар ҳам борми?

Бу саволларни Республика Божхона қўмитасига бермоқ бўлдик.

Қўмита матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходимига саволимизни берганимиздан сўнг эшитганимиз жавоб бу бўлди:

- 5 минутда қилиб юборинг. Телефон бўлаяпти-да.

Озодлик: 5 минутдан кейин?

- Ҳозир телефон келаëтган эди-да.

Озодлик: Бўпти, раҳмат.

5 минут бекор ўтирмай яна бир иш қилиб олдик.

Бананфуруш билан суҳбат

35 га кирган бананфуруш Мирзаҳамдам ўзи қирғизистонлик бўлгани билан қўшни Ўзбекистондаги аҳволни билади.

Тропик мевалар учун акциз солиғи оширилиши унинг айтишича, мавсумий чора.

- Ë уч ëки тўрт йил бўлди именно 30-31 март кунлари Тошкентда бўлганманда. Ҳамма ëқни тайëр қилиб оламиз деб турган маҳалимизда у ëқдан запрет қўйиб қўйганки, чиқариб юборишга рухсат йўқ. Кейин карантинний служба генералининг олдига борганимизда, “Нима учун бунақа бўлаяпти?” деганимизда, бизга тушунтирганки, чет мамлакатлардан кириб келаëтган цитрус меваларнинг ўзининг зараркунандаси бор экан.

Мисол¸ мандарин кириб келаëтган бўлса, мандаринга тухум қўйиб қўйган бўларкан. Мандариннинг ўзига, яшикнинг ичига. Апрелнинг 15 ëки 20сидан тухум очиларкан, шунинг учун булар биринчидан ë камроқ кириши учун, иккинчидан қимматроқ бўлса, олиб киргандан кейин уни фумигация қилар экан. Дориларкан буни. 25 тонналик фура бўлса, Бухорода Олот деган жой бор, Олотда фуранинг ўзини прямой олиб кириб, турган ерида фумигация қилиб дорилаб чиқараркан. Шунинг ҳисобига булар нархни кўтариб юборган экан. Растаможка нархи ўшанинг ҳисобига кўтарилган. Ҳам камроқ кириши керак, ҳам расходлар ўша нимага чиқиб кетади деб ўша маҳалда 30-40 фоизгача. Бундан кейин ҳар йили 1 апрелдан нарх ўзгаради деб айтган эди менга.

Озодлик: Мантиқ кўрмаяпман-да бу гапда. Ҳар йили 25 фоизга ўстираверса, у тилладан ҳам қиммат бўлиб кетадию.

- Умуман бундоқ. Бу нарса кузга бориб, деҳқончилик сезони тугашига бориб туриб 25 фоиз яна олиниб кетади. Кузга бориб чиқариб юборади. Кейин баҳорга чиққанда 1 апрелга бориб яна кўтарилиб қолаверади, дейди банафуруш.

Бананфурушнинг гапларидан бир нарсаларни тушунгандай бўлдик. Лекин унинг “Лекин агар ўша системада қолган бўлса, ўша маҳалдаги гап бўйича”
деган писандаси кўнглимизга яна шубҳа солди.

Демак, Ўзбекистон ҳукумати, бананфурушнинг айтишича, ҳар йили баҳорда тропик мевалар учун акциз солиғини оширади. Бундан мақсад: мамлакат набототини ва балки аҳолисини ҳам импортний қурт-қумурсқадан сақлашдир.

Агар чиндан ҳам шундай бўлса, ҳукумат идораси – Божхона қўмитаси ўзининг хайрли иши тўғрисида жон деб гапириши керак.

Бир мақтанволишсин, деб Божхона қўмитасига яна бир марта қўнғироқ қилдик. (Бояги ваъда эсингиздадир)

Божхона қўмитасига иккинчи қўнғироқ

Озодлик: Ассаломуа алайкум. Божхона қўмитасими?

- Ҳа, божхона. Эшитаман.

Озодлик: Бояроқ телефон қилган эдим Озодлик радиосидан. Матбуот хизматига улаган эдингиз. У киши 5 минутдан кейинг телефон қилинг деган эди. 10 минут ўтди. Яна улаб берасизми?

- Ҳозир, тўхтанг, ҳозир (шу гапдан кейин мусиқа эшитила бошлади).

Мабуот хизмати телефонни кўтармади. Лекин телефонларига ёзиб қўйилган мусиқани икки дақиқача тинглаб, дам оливолдик. Ҳеч йўқ дам оливолдигу, деб енгил тортдик.

Гапирмаса, гапирмасин, ҳукумат у ёки бу қарорни барибир халқ манфаатини ўйлаб қабул қилади, дедик.

Гуайава, клементин, Интернет ҳам ҳали еб кўрмаган вилкинглар ўзбекистонликлар учун янги мева бўлса ҳам, баъзи цитруслар, масалан лимон Ўзбекистоннинг ўзида етиштириларди.

Машҳур Зайниддин Фахриддиновнинг лимонарийсини Брежневнинг ўзи бориб кўрган, у киши ҳақидаги очеркларни ўргамчик мухбирчалар эмас, Саид Аҳмаддай адабиёт устунлари ёзар эди.

Демак, тропик мевалар учун акциз солиғини оширар экан, ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилмоқчи, деб ўйладик ва машҳур лимон етиштирувчининг ўғлига қўнғироқ қилдик.

Бузилган лимонзор

Муҳаммадазиз ака отаси барпо қилган лимонарийни эслар экан, деди:

- Кубанинг президенти келиб шу ерда қойил қолиб кетган. Ҳақиқий лимонни шу ерда едим, деб ëзиб кетган. Шеварднадзе ëзиб кетган ҳақиқий лимонни едим деб. Нима учун? Бизларнинг қуëш нуримиз икки баробар кўп, ширин. Энди чет элдан олиб келишаяпти бу нарсани. Ҳозир илдизига болта уриб ташлашди. 70 минг кўчат эккан эдик 50 гектар лимонарийга. Парвариш қилиб турган эдик. Кимгадир керак бўлди убитка деб берди юқорига. Ҳаммасини бузиб ташлашди. Ҳозир помидор, бодринг экишаяпти. Ҳозир ҳеч ким эътибор қаратмаяпти шу нарсага.

Озодлик: Отам барпо қилган лимонарийни бузиб ташлади¸ деяпсиз. Ҳеч қанча қолмаганми?

- Ҳеч қанча лимон қолмаган. Отам вафот қилмасларидан олдин айтгандилар, тос суяклари синиб қолиб, биз 11тамиз, бир кун мен, бир кун укам тушиб ëтамиз, шунда отам айтдилар "Болам, бу нарсани жуда қийинчилик билан Ўзбекистон иқлимига мослаштириб янгидан яратдик. Мендан кейин шу нарсалар йўқ бўлиб кетмасин. Уйингда озгина иссиқхона қилиб келувчиларга ўргатгин” деб отам менга васият қилдилар. Шу отамнинг гапларини мен нима қилиб ўзимда 3 сотих иссиқхона қилиб, 3 сотих иссиқхонада келганларга ўргатаяпман. Бутун республикадан келишаяпти.

Озодлик: Илгари неча гектар эди?

- Фақат Қибрай туманининг ўзида 50 гектар бўлган. Бутун Ўзбекистонда 500 гектар иссиқхонада лимон экилган. Булар убитка деб берди. Баъзи бир мутахассислар ўзимизнинг лимонарийдан лимонарийни сотиш учун убитка деб беришган. Лимонарийнинг илдизига болта уришди. Булар пул учун қилди бу ишни. Чўнтакни қаппайтириш, анави ерда данғиллама участка қуриш учун қилишди.

Озодлик: Лимонарийнинг бузилганига неча йил бўлди?

- 2000 йилда бошланган. 5 йил ичида ҳаммасини йўқ қилиб ташлашди. Ҳозир ҳаммасини помидорга ўтказишаяпти. Бирор гектарда лимон йўқ.

Озодлик: Баъзилар айтишаяптики, Ўзбекистонда етиштирилган лимон ички бозордан ортиб экспорт ҳам қилинаяпти дейди. Шу ростми?

- Экспорт қилинган. 2000 йилгача отамиз ҳаëтликларида қилинган. Томск, Омск, Новосибирскларга қилинган. Ўзимиз Россиянинг областларига жўнатганмиз.

Озодлик: Ҳозирчи?

- Бугунги кунда Тошкент вилояти бўйича, мисол учун Зангиота туманида бор 2 гектар, Тошкент районида бор 2 гектар. Шунақа сақланиб қолган жойларга экиб, ўзлари бозорга ҳам олиб чиқиб сотишаяпти. Экспорт қилинаëтганини мен аниқ билмайман, дейди машҳур ўзбек селекционери, 50 гектарли лимонарий барпо қилган Зайниддин Фахриддиновнинг шу кунда 3 сотих ерда лимон етиштираётган ўғли Муҳаммадазиз ака.

Импорт қилинадиган ёки бу товар учун акциз солиғи оширилиши сабаблари тўғрисида ақлимиз етганича тахмин қилиб кўрдик бояроқ.

Акциз солиғи оширилиши товар нархининг ошиши деганидир. Нарх эса, товарга талаб катта бўлганида ошади.

Тропик мевалар нархи оширилаётган экан, демак, ўзбекистонлик нонуштага гуайава, тушликка клементин, кечқурун эса, Интернет ҳам ҳали еб кўрмаган вилкинг еяпти эканда, деган фикрга бордик ва оддий тингловчимиз, бир анжанлик оқсоқолга телефон қилдик.

70га кирган бу пенсионер оқсоқол – Тошпўлат акани қийнаб ўзимиз ҳам ҳали еб кўрмаган гуайава, клементин ёки вилкинг тўғрисида сўрамадик. У кишидан банан, лимон, мандаринни сўрадик.

Ананас емаган чол

Озодлик: Тилга олганимиз маҳсулотлардан сиз ўзингиз оилангиз учун охирги марта қачон сотиб олгансиз, нима сотиб олгансиз?

- Мен оилам учун ҳеч қачон банан, мандарин сотиб олган эмасман. Меҳмон бўлса, бир-икки кило олганмиз. Оила учун умуман сотиб олган эмасман.

Озодлик: Бозорда кўп деяпсиз. Ким сотиб олади уни?

- Уни пули кўплар сотиб олса керакда. Биз пенсионер энди қаëқдан сотиб олиб ея оламиз? Ўзи пенсия олсак, гўштни бир-икки марта олиб еймиз. Банан, мандаринга бало борми?

Озодлик: Сизга ўхшаганлар кўпми ëки банан, мандарин сотиб олиб ейдиганлар кўпми?

- Йўқ, банан, мандарин сотиб олишга, масалан 4000га яқин аҳоли бор маҳалламизда. Ҳали банан сотиб олиб еган одамни мен кўрганим йўқ. Иккита-учта бой одам бор. Шулар билан ҳар замонда ўтириб гаплашиб қоламиз. Шулар ҳам меҳмон келса олади. Очиқ айтади. Келди-кетди, меҳмонга, раҳбарларга подарка деймизда энди, пора бизда йўқ бўлиб кетган, порахўрлик, пора деган гап тилга олинмайди, ўшаларга бергани олинади, дейди ананас емаган анжанлик Тошпўлат ака.

Ананас еб кўрмаганини Тошпўлат ака суҳбат давомида айтди.

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги, айниқса катта шаҳарларда яшайдиганлари, айтишларича, ананас нималигини билади.
Еб кўрмаган бўлсалар ҳам кўрганлар. Тўй-тўркинларда кўрганлар.

Бир ўзбекистонлик ҳазилкаш тингловчимизнинг айтишича, ананасни кейинги пайтларда ижарага олиш мумкин. Меҳмонни кузатиб бўлиб, бозорга чопасиз. Ананасни эгасига қайтариб, ижара ҳақини тўлайсиз – қутуласиз.

Ишонмай дедиму бу гапга, лекин бир вақтлар ижарага олинадиган тортлар тўғрисида ўзим мақола ёзганим учун ишондим.

Банан инқилоби?

Тропик мевалар учун акциз солиғи оширилгани тўғрисидаги хабарни ўқиши билан бир тилли ҳамкасбим ҳазил қилди.

"Араб давлатларида бошланган инқилоблар вируси ўша ерларда етиштирилган мевалар билан Ўзбекистонга кириб келмасин, дейишгандирда", деди тилли ҳамкасбим.

Йўғ-э, дедимда, ҳар эҳтимолга қарши кўпни кўрган Тошпўлат акадан сўрадим.

Озодлик: Биттаси ҳазил қилди-да. “Банан, мандарин, апелсин дегани Араб давлатларидан келади. Араб давлатларида революциялар бўлаяпти. Революция вируси қўшилиб келиб қолмасин дейишаëтгандир” деб ҳазиллашди. Сиз қўшиласизми?

- Бу ҳазил бўлиши керак энди. Нотўғри у (Тошпўлат ака шу ерда очилишиб кулди).

Озодлик: Демак, банан, мандаринга қўшилиб инқилоб вируси келмайди-а?

- Йўқ, йўқ, келмайди. Бизда революция бўлмайди, деди ишонч билан андижонлик Тошпўлат ака. Чунки у ўша нарса (номини аташгаям чўчийди одам) бошланса, нима билан тугашини яхши билади.
XS
SM
MD
LG