Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Навоий кўчасидаги дўконлар "Малика"га кўчмоқда


Бу дўконлардан айримлари 10 апрелдан собиқ “Малика” тикув фабрикаси биносида иш бошлайди.


Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган ва анчадан буён фаолият юритмаётган собиқ “Малика” тикув фабрикаси биноси пештоқига илинган эълонга кўра, шаҳарнинг Навоий кўчасида жойлашган уй жиҳозлари, маиший ва офис техникаларини сотувчи дўконларнинг маълум бир қисми 10 апрелдан бошлаб, шу бинода иш бошлайди.

Навоийдаги дўкондорлар дўкон қолдиқларини ташимоқда.
Бу бинонинг биринчи қаватида анчадан уй жиҳозлари билан савдо қилиб келаëтган дўкон эгаларига кўра, қўшни бўлиб келаётган янги дўконларга бинонинг биринчи қаватидан жой ҳозирланмоқда.

- Ярмарка орқага келаяпти. Ҳали иш бошлагани йўқ. Энди келади. Апрелнинг ўнларидан кейин бўлса керак. Орқа тарафда дўконлар бор. Ўша ерда бўлади, дейди дўкон эгаларидан бири.

Савдогар йигит айтишича, шу кунларда таъмирлаш ишлари катта суръатда давом этаëтган бўлса-да¸ айтилган санада таъмирнинг тугашига гумонлар бор.

- У ҳали номаълум лекин. Чунки ремонтнинг битишига боғлиқ-да. Лекин апрелнинг ўртаси реалний. Чунки ҳозир ремонт қилишаяпти, дейди собиқ “Малика” тикув фабрикаси биринчи қаватидаги дўкон эгаларидан бири.

Суҳбатдошимиз Навоий савдо дўконлари эгалари бу ердаги дўконлардан қай асосда фойдаланади — уларга бу дўконлар Навоий кўчасидаги хусусий дўконлари эвазига бериладими ёки ижрага бериладими — бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтади.

Эски дўкондан қолган шиферлар.
Айни масалани ўрганган Uznews.net нашри берган хабарга кўра¸ савдогарлар янги савдо жойларини ижарага олади ёхуд харид қилади.

Сайтнинг бино маъмуриятига таяниб билдиришича¸ Навоий кўчасидаги дўконларидан ажралган савдогарларга фабрика биносидаги дўконлар сезиларли даражада қисқартирилган имтиёзлар билан берилади.

Айни пайтда фабрика биносининг юқори қаватларида ҳам таъмирлаш ишлари бошлангани айтилмоқда.

Бу бинонинг биринчи қаватидаги дўконлардан бирида бир йилдан буён уй-рўзғор безаклари билан савдо қилувчи яна бир дўкон ходимининг айтишича, тез орада фабрика биносини тўлиқ савдо дўконларига айлантириш режаси бор.

“Худди шундай, тез орада бу ерга бутун шаҳар кўчиб келади, деса ҳам бўлади. Бинонинг ичкарисига кирмадик-ку, аммо ичкарисида кучли ремонт бошланган, дейишаяпти. Бизнинг дўкон эшиги шундоқ кўча ёқасида. Кирамизу, чиқамиз”, дейди бу суҳбатдошимиз.

Собиқ “Малика” тикув фабрикаси биноси биринчи қаватида ишлайдиган аксар дўкондорларга кўра, бу бинода савдонинг бориши ёмон эмас. "Аммо Навоий кўчасидаги каби гавжум харидор бу ерда бўладими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади", демоқда бу суҳбатдошларимиз.

Собиқ фабрика биноси ёнида 700 автомобилга мўлжалланган тўхташ жойи ҳам ҳозирланмоқда ва сотувчилар бунинг янги савдо жойларига харидорларни чақирувчи бир сабаб бўлишига умид қилмоқда.

Норасмий манбаларга кўра¸ ҳозирча собиқ “Малика” фабрикаси биносига Навоий кўчасидаги савдо дўконларининг учдан бири жойлаштирилади.

Бу ердаги қолган дўконларга эса шаҳарнинг бошқа савдо нуқталаридан жой ажратилиши айтилмоқда. Савдогарларга кўра, дўкондорларга пойтахтнинг Ўрикзор бозоридан ҳам жой таклиф қилинган.

Ҳозирча бу таклифга нечта хусусий савдогарнинг рози бўлгани ва рози бўлганларнинг ўз дўконини Ўрикзорга қачон кўчириши ҳақида маълумот йўқ.

Расталарнинг кўчиш жараëнидаги манзараси.
Тошкент шаҳрининг Навоий кўчасида жойлашган уй жиҳозлари, маиший ва офис техникалари билан савдо қилувчи дўконлар растаси 14 мартдан бошлаб кўчирила бошлаган эди.

Бу ердаги дўконларнинг аксарияти дўкондорлар ўзлари буюртма билан қурдирган хусусий бинолар эди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда чекига ўз дўконидан айрилиш қисмати тушган савдогарлар ўзларига танлов қолдирилмагани, Шайхонтоҳур тумани расмийлари тадбиркорларни 13 март куни кечқурун мажлисга чақиртириб, бузиш ишлари пайшанба кундан бошланиши ва дўконларни уч кун ичида бўшатиб қўйишни буюрганини айтган эди.

Савдогарлардан бири эса бузилган дўконлар эвазига товон пули бериш бўйича саволларига расмийлар жавоб бермаганини айтган эди.

Ўзбекистон президенти “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, деб эълон қилган 2011 йилнинг дастлабки икки ойи ичида жами пул айланмаси юз миллионлаб АҚШ долларини ташкил этиши айтиладиган Навоий кўчасидаги савдо расталарида кўчирилиб, шаҳарнинг бошқа нуқталарига кўчирилаётган ўзбек тадбиркорлари муаммога дуч келаётган бизнеснинг ягона вакиллари эмас.

Хусусан, 3 ҳафта муқаддам Тошкентдаги “Комфорт элит” номли йирик мебел дўкони ёпилди.

Бундан ташқари, йил бошидан бери Ўзбекистонда Oxus Gold, Turkuaz, Oriflame каби хорижий ширкатлар фаолияти тақиқланди ва уларга нисбатан маъмурий ва жиноий ишлар очилди. Oxus Gold ширкати Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитраж судига берди.
XS
SM
MD
LG