Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Трампнинг қайтиши: Ўзбекистон ва дунёни нима кутмоқда?

Қўшма Штатларда 5 ноябрь куни ўтган президент сайловида республикачилар номзоди Доналд Трамп демократ рақиби Камала Ҳаррисни ортда қолдириб, расман ғалаба қозониш учун зарур бўлган сайловчилар коллегиясининг 270 та овозини қўлга киритди.

Айни пайтда республикачилар Конгресснинг юқори палатаси – Сенатда ҳам кўпчилик ўринни эгаллади.

Дунё раҳбарлари, жумладан, президент Шавкат Мирзиёев Трампни ғалабаси билан табриклади.

Украина президенти Владимир Зеленский Доналд Трампни “сайловдаги ажойиб ғалабаси” билан табриклаб, Трамп раҳбарлигида Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига умид билдирди.

Трамп Украина ва Яқин Шарқдаги урушга қисқа вақтда барҳам беришини айтган, аммо бу борадаги режалари тафсилотини очиқламаган.

78 ёшли Трамп Оқ уйга сайланган энг кекса раҳбар бўлади.

132 йилдан бери АҚШда иккинчи марта сайлана олмай кейин яна ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиққан президент бўлади.

Шунингдек, Трамп Қўшма Штатлар тарихида судда айбдор деб топилганига қарамай, президентликка сайланган биринчи шахсдир.

17:31 5.11.2024

Разведка: Россия ва Эрон киберҳужумни кучайтирди

Вашингтон Россия ва Эронни президентлик сайловларида тартибсизлик келтириб чиқариш учун киберҳужум ва дезинформация кампаниясини кучайтирганликда айблади.

“Россияга алоқадор кучлар «сайлов жараёнига путур етказиш мақсадида сохта видео ва мақолалар тайёрламоқда. Улар америкаликлар орасида қўрқув уйғотиб, зўравонликка ундовчи сиёсий ихтилоф келтириб чиқаришни мақсад қилган» дейилади Миллий разведка, ФҚБ ҳамда Киберхавфсизлик агентликлари эълон қилган қўшма баёнотда.

АҚШ разведкаси бир неча ойдан буён Россияга алоқадор гуруҳлар Камала Харрисга қарши овоз бериш бўйича дезинформатаион кампанияни олиб бораётгани ҳақида огоҳлантириб келган.

Сайлов куни арафасида ўтказилган сўровлар якуний босқич ҳам муросасиз кечишини кўрсатмоқда.

17:25 5.11.2024

Ҳарриснинг аждодлари яшаган қишлоқ

Камала Ҳарриснинг аждодлари яшаган Ҳиндистон жанубидаги қишлоқ руҳонийлари Ҳаррис ғалабаси учун дуо қилди.

Тамил Наду штатидаги Туласендрапурам шаҳрида жойлашган ибодатхонада ўтказилган маросимда маҳаллий қишлоқ аҳолиси ва бир нечта сайёҳлар иштирок этган.

Ҳарриснинг она томондан бобоси П.В. Гопалан Туласендрапурамда туғилган. У юқори мартабали давлат лавозимидан нафақага чиққан. Ҳаррис ва бобосининг исми ибодатхонадаги тошга ўйиб ёзилган.

Қишлоқ тўрт йил олдинги сайловда ҳам Ҳарриснинг Демократлар партияси ғалабаси учун ибодат қилган ва дунё эътиборини ўзига тортган эди. Туласендрапурамдаги ибодат маросимида Камала Ҳаррис исми туширилган кийимдаги икки америкалик ва бир британиялик сайёҳлар ҳам қатнашди.

17:21 5.11.2024

Ливандаги умидлар

Президентлик сайловини катта қизиқиш билан кузатаётган ливанликлар АҚШ Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишига умид қилмоқда. Мамлакат аҳолиси сайлов натижалари Ливанда давом этаётган урушга катта таъсир кўрсатади деган фикрда.

Сайлов Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасида урушни тўхтатиш бўйича Америка дипломатиясининг муваффақиятсиз, деб танқид қилинаётган бир кезда ўтмоқда. Исроилни тўғридан-тўғри сулҳга кўндиришни мақсад қилган Вашингтоннинг оташкесим таклифи «реал эмас» деб баҳоланиб, охирига етмай қолди.

Америкадаги араб ҳамжамиятига қилган мурожаатида Трамп Яқин Шарқ можаросига барҳам беришга ваъда берган. Аммо буни қандай амалга оширишини айтмаган.

Кўплаб араб ва мусулмон америкаликлар ҳамда урушга қарши фаоллар Ғазо ва Ливанда ўн минглаб тинч аҳолининг ўлими ва миллионлаб одамларнинг кўчирилиши ортидан АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлашини кескин қоралади.

Исроил Ҳамас ва Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳларини нишонга олаётганини айтади. Ғазодаги урушга параллел равишда Ҳизбуллоҳ ва Исроил бир йилдан бери бир-бирининг нишонларини ўққа тутиб келаётган эди. Аммо сўнгги ҳафталарда жанглар авж олди.

Исроил Ливан жанубида Ҳизбуллоҳ туннеллари ва қурол-яроғ омборларини фош қилганини айтиб, гуруҳ Исроилга Ҳамас ҳужумиданда каттароқ босқин режалаштирганини даъво қилди.

15:48 5.11.2024

Номзод Дональд Трамп

Республикачилар партияси миллий конвенцияси 15 июль куни Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига номзод ўлароқ кўрсатди.

Шу куннинг ўзида Оҳайо штатидан сенатор Жеймс Вэнс Трамп томонидан АҚШ вице-президенти лавозими учун танланган.

“Вице-президент ўлароқ Жеймс Вэнс Конституциямиз курашни давом эттиради, қўшинларимиз ҳолати учун жавоб беради ва менга Американи қайтадан буюк қилишда ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилади”, деб ёзган Трамп Truth Social platform деб номланган ўз ижтимоий тармоғида.

Reuters агентлиги Дональд Трампга суиқасд туфайли президентликка номзод эндиликда ўз нутқига АҚШ президенти лавозимига номзодлик мақомига кўрсатилишни қабул қилиши бўйича тузатиш киритиши лозимлигини қайд этган. Номинация масаласи Республикачиларнинг Милуокидаги (Висконсин штати) тўрт кунлик миллий конвенциясида кўриб чиқилмоқда. Трампнинг Республикачилар партияси номинациясини қабул қилишга расман розилик билдириб, чиқиш қилиши 18 июль куни кутилмоқда.

Reuters хабарига кўра, Трамп нутқидаги ўзи билан Байден ўртасидаги фарқларни баҳолашга оид аввал ёзилган мулоҳазалар ўрнига миллий бирдамликка урғуни кучайтирмоқда.

Трамп учинчи марта номзодини қўймоқда. У 2020 йилда амалдаги президент сифатида президент Жо Байденга ютқазган эди. Байден эса 2024 йил июлида Трамп билан бўлган мунозарада кўрсатган ёмон натижадан сўнг пойгадан чиқди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG