Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:43

Мирзиёев ҳали ҳам блогерларнинг “орқасидами”?


Uzbekistan
Uzbekistan

Қашқадарёлик блогер Умид Миралиев аёвсиз калтаклаб кетилди. Блогернинг даъво қилишича, у ва унинг укасини маҳаллий ҳокимият буюртмаси билан калтаклашган.

Натижада блогер ногирон бўлиб қолганини айтмоқда, уни калтаклаган шахслар жазосиз қолди, деб норози бўлмоқда.

Умид Миралиев 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, блогерликни бошлаган ўзбекистонликлардан бири. У тармоқларда ижтимоий муаммолар, деҳқон-фермерлар ҳаёти, оддий аҳоли видеомурожаатларини чоп этган.

2024 йилда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаолларига босимлар ва сўз эркинлиги вазиятини кузатаётган аксар халқаро ташкилотлар - кескин танқиди учун мамлакат ичкарсида ягона минбар бўлиб қолган блогерларга кучайган босимларга катта эътибор қаратди.

Аммо, нуфузли халқаро ташкилотлар танқиди янграётган, улар хавотир изҳор қилаётган бир пайтда Ўзбекистонда блогерларга нисбатан қамаш, таъқиб ва тазйиқлар давом этмоқда.

Китоб туманида туғилиб-ўсган 48 яшар блогер Умид Миралиев шу кунларда маҳаллий ҳокимият у ва оиласига зарар етказишидан хавотирда яшаётганини айтмоқда.

Қашқадарё вилоятида уни танийдиган ҳамюртлари кўп. Уни таниганларнинг аксари унга иши тушган ёки иши тушганларга ҳамдард бўлган аҳоли қатлами.

Миралиев 2016 йил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафот этиб, ўрнига Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, блогерликни бошлаган кўплаб фаол ўзбекистонликдан бири.

Ўзбекистоннинг бир чеккасидаги вилоятда иш бошлаган ва сўнгра аёвсиз таъқиблар остида қолган блогер Умид Миралиев ҳикояси президент Мирзиёев бошлаган ўзига хос “сўз эркинлиги ислоҳоти”ни ўзида ёрқин акс эттирган ҳикоя, дейиш мумкин.

Умид Миралиев ҳам асосан Фейсбук ва Телеграм каби ижтимоий тармоқларда ўз тумани ва вилоятидаги ижтимоий муаммолар, деҳқон-фермерлар, оддий аҳоли видеомурожаатларини чоп этган.

Сўнгги йилларда бу видеомурожаатларни шарҳлашни ҳам бошлаганди. Шикоятчи ҳамюртлари сўрови билан турли давлат ташкилотларига бораётганди ҳам.

Аммо айтишича, 2022 йилдан бошлаб Қашқадараё вилояти маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан унга нисбатан босимлар бошланган.

Қашқадарё вилоятидаги маҳаллий раҳбарлар уни туҳмат қилганликда айблаб, судга берган. Суд уни уй қамоғига ҳукм қилган.

Бу орада ўзи ва укасини аёвсиз калтаклаб кетишган. У бу ҳужум айнан маҳаллий раҳбарлар кўрсатмаси билан бўлди, деб даъво қилмоқда.

Миралиевнинг даъвосича, ҳозирда уни калтаклаган шахслардан фақат 3 нафари қўлга олинган, қолганлари эса жазосиз юрибди.

Блогер Қашқадарё вилояти прокуратураси ва республика ИИВ раҳбариятига қилган мурожаатларига жўяли жавоб ололмаётганидан шикоят қилмоқда.

Ўзига нисбатан ҳужум қилганларнинг жазосиз қолаётганини эса - айнан касбий фаолияти боис, унга нисбатан маҳаллий ҳокимият босим кўрсатишга уринаётгани далили, деб ҳисоблашини айтмоқда.

Озодлик Умид Миралиевнинг бу даъволари юзасидан Шаҳрисабз ҳокими Абдусамад Ҳасановга мурожаат қилди. Озодлик шунингдек, Миралиев тармоқларда эълон қилган видеоларида деҳқон ва фермерлар номини кўп тилга олган Қашқадарё вилояти ҳокимидан ҳам изоҳ олишга уринди. Аммо, ҳеч бир жавоб ололмади.

Қуйида блогер ҳикояси билан тўлиқ танишишингиз мумкин:

Ҳозир Миралиев ногирон бўлиб қолгани, айни пайтда, маҳаллий фермерларнинг шикоятига қаҳрамон бўлган Шаҳрисабз туман ҳокими Абдусамад Ҳасановнинг ўзи ва оиласига тазйиғидан хавотирда эканини айтади.

Айни пайтда, блогер унга босим кўрсатиш учун, оиласи - айниқса қизлари ва аёлига ҳам тазйиқ бор, деган хавотирда эканини айтади.

Туман ҳокимидан шикоят қилаётган фермерлар эса ўнлаб. Улар нафақат Миралиевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида чиққан.

Блогер каналидаги мурожаатлар кутилган натижани бермагач, айрим деҳқонлар Озодликка ҳам мурожаат қилган.

Роппа роса икки йил олдин Озодликка жойланган бу видео ҳозирга келиб 1 миллион 400 мингга яқин марта кўрилди.

Видеога қолдирган шарҳларда бу муаммолар Ўзбекистоннинг аксар вилоятлардаги деҳқонларга оидлиги таъкидланмоқда.

Яъни, Озодлик муштарийлари барча вилоятлардаги деҳқон-фермерларда шундай ёки туман ва вилоят ҳокимлари бевосита масьул бўлган бошқа муаммолар борлигидан шикоят қилмоқдалар.

Аммо, фермер ва деҳқонларнинг бу арзини, Умид Миралиевга кўра, блогердан бошқалар деярли эшитмаяпти, эшитса ҳам чора кўрмаяпти.

Ўласи қилиб урилган, уй қамоғига ташланган ва шу кунда муттасил босим ҳамда қўрқув остида яшаётган блогернинг тармоқларда қилган чиқишларидаги асосан хитоб шу эди.

Шу ўринда Миралиевнинг яна бир даъвосига тўхталиш зарур: у ўз фаолияти давомида муаммо билан унга юзланган аҳолидан уларнинг мурожаатини тармоқларга чиқариш учун ҳеч қандай пул талаб қилмагани ва пул олмаганини, аксинча аҳволи оғир деҳқон ва фермерларга ёрдам берганини иддао қилмоқда.

Миралиевнинг бу даъвоси ёки унинг аксини тасдиқловчи маълумот Озодликда йўқ. Унга ишониш-ишонмаслик томошабиннинг ихтиёрида.

Аммо, бугун Ўзбекистондаги аҳоли шикоятларини тармоқларга олиб чиқаётган блогерларга ёппасига қўйилаётган айблов шу - тармоқда чиқарилган мурожаатлар учун фуқаролардан пул олган ҳамда пулни алдов, фирибгарлик йўли билан олган, деган айблов.

Яъни амалда, блогерлар аҳолининг қатор ижтимоий, иқтисодий муаммолари, айниқса президент шахсан тайинлайдиган ҳокимлар, прокурорлар, судьялар, турли куч ишлатар тузилма раҳбарлари устидан шикоятларини эшитиб, жамоатчиликка етказадиган қарийб ягона қатламга айланган.

Булар орасида ҳукумат иддао қилгани каби, таъмагир ва фирибгарлик йўлини тутганлар ҳам бор. Аммо, жамоатчилик орасида ном қозонган ўнлаб блогер, шу кунда бу ишни шахсий дахлсизлиги, ўзига қўшиб оиласи хавфсизлигини ҳам таҳликага қўйиб бажараётгани кузатилмоқда.

Бу фаолият учун президент ўз ҳимоясини ваъда қилган, ҳануз ваъда қилиб келади.

Аммо, Миралиев каби, президентга ишониб халқ мурожаатларини тармоқларда олиб чиққандим, бунинг учун балога қолдим, деган блогерлар ўнлаб.

Айнан шундай танқидчи қатлам, ўз вилояти ёки республика ҳуқуқ тартибот идораларининг кескин босими, тазйиқи ва тақиби остида қолаётгани, уларни эса бевосита фаолияти билан эмас, балки бошқа жиноятларда айблаб қамаш ҳоллари кўпаймоқда.

Қамалаётган блогерларнинг аксари, мамлакатдаги олий ҳокимиятни танқид қилганлар:

  • президент ва унинг оиласи, Бош вазир, Тошкент ва бошқа вилоятлар ҳокимларига алоқадор танқидий, коррупцион даъволар, шикоятлар, конкерт таҳлиллар,
  • давлат харидларига оид коррупцион схемалар,
  • газ-нефть соҳасида ҳукумат даражасидаги мулозимлар аралашгани ўртага чиққан катта кўламдаги ўғриликлар ва ҳоказо.

Бу мавзуларни ёритган ёки тилга олишга уринган блогерларга нисбатан жиддий босим бўлаётган, ҳибс ва қамоқ жазолари қўлланганига оид мисоллар тобора кўпайиб бормоқда.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаевага кўра, унинг ташкилоти 8 июлда Ўзбекистондаги блогерлар ва тармоқ фаоллари ҳақида ҳисобот чиқарган:

“Унда кейинги 3 - 3 ярим йилда кузатилган вазият қамраб олинган. Бу ҳисоботдан ўз эркин фикрини билдирган 110 Интернет фойдаланувчисининг номи ўрин олган ва уларнинг барчасига нисбатан сиёсий мотивларга асосланган суд ҳукми чиқарилган. Бу фаолларнинг асосий қисми мамлакатдаги сиёсий вазият, Конституциясига ўзгартириш киритиш, президент сайлови, энергетик кризис ҳақида ўз фикрини фаол билдирганлар. Ҳукумат шунингдек, қорақалпоқ мухолифларнинг чиқишларига жуда кескин муносабатда бўлмоқда. Бундан ташқари, куч ишлатар органларнинг хориждаги блогерлар яқинларини ўз кабинетларига чақириб, қариндошига қарши кўрсатма ёзиш ёки шундай усуллар билан хориждан туриб ҳукуматни танқид қилган блогерларга босим ўтказиш ҳоллари кузатиляпти”.

Ҳар гал Ўзбекистонда озми-кўпми тармоқларда танилган ва конкрет муаммоларни фактлари билан кўтараётган блогер ёки фуқаролик жамияти фаоллари таъқибга учраса, калтакланса, ҳибс ёки қамоққа ташланса, жамоатчилик дарҳол президент Шавкат Мирзиёевнинг ваъдаларини ёдга олади.

2016 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти ўлиб, унинг ўрнига президентликка келганидан бери Шавкат Мирзиёев журналистлар, тармоқ фаоллари ва блогерларни ижро ҳокимиятини танқид қилиш, ҳатто аёвсиз танқид қилишга ундаб келади.

Такрор-такрор берган ваъдалари, Мирзиёев президентлигининг илк муддатини фавқулодда жонлантириб юборганди.

“Ўшанда Мирзиёев ўз ҳукумати халқ учун хизмат қилишини айтди ва одамларни жамият ҳаётида фаол иштирок этишга чақирди. Шунинг учун, жамиятдаги фаоллар - ҳозирда блогерлар, деб юритилаётган қатлам ана шу чақириқ - жамиятнинг янада очиқ бўлишида иштирок этиш чақириғига жавобан ўртага чиқди. Блогерлар жуда кўп мавзуларни кўтара бошлади. Бунда уларга Интернет жуда қўл келди. Улар орасида ҳукуматни мақтаётган ҳукуматпараст блогерлар ҳам бўлди. Лекин, охир-оқибатда аксар блогерларнинг ўта мустақил позицияси ҳамда қатор жиддий муаммолар - газ, электр тақчиллиги, энергетик ресурслар нархи каби мавзулардаги мустақил позициясига тўқнаш келди. ХРВ ташкилоти бунинг учун тақибга олинган блогерлар ҳолатини ҳужжатлаштириб бормоқда”, дейди HRW Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Хью Вильямсон.

Мирзиёев бошқарувининг илк йилларида ижтимоий тармоқларда ўз фикрини очиқ айтишга журъат қилган, ҳукуматни танқид қиладиган алоҳида қатлам пайдо бўлди.

Бу эса Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқаро жамоатчиликка сўз эркинлиги берилгани исботи ўлароқ тақдим қилинди.

Аммо, тармоқларда айтилган эркин сўз ва мустақил фуқаролик позицияси, айрим мустақил Интернет нашрларни айтмаганда, ОАВ га кўчмади.

Илк йилларда онда-сонда расмий ТВ давра суҳбатларини айтмаса, сўз эркинлиги расмий матбуотда қарийб пайдо бўлмади.

Мирзиёев VS Блогерлар. Таёқ, таҳдид ва таъма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:40 0:00

Мирзиёевнинг ўта зиддиятли ҳамда унинг ҳокимиятини мустаҳкамлаган Конституциявий ислоҳотаридан сўнг, мустақил Интернет нашрларининг танқидий чиқишлари ҳам бўғилди.

Ҳатто, мустақил ва нисбатан танқидчи журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари ҳам фавқулодда сийраклашди ва, ҳокимлар, прокурорлар, судялар, куч ишлатар тизимларидан ахоли шикоятлари учун асосий платформа - блогерларнинг саҳифалари бўлиб қолди. Аммо, бу ҳам узоққа бормади.

“Бироқ, 8 йил давомида қурилган бундай иллюзия ҳозир бузиляпти. Чунки, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан қайд этилган фактлар Ўзбекистон Интернет фойдаланувчилари устидан тотал назорат тизими ўрнатилаётганини кўрсатяпти. Афсуски, бугун ҳукумат блогерларни фақат ўз фаолиятини реклама қилиш, турзим ривожида қатнашишига рухсат беряпти ёки улардан ҳукумат номига айтилган танқидлар мамалакат обрўсига таьсир қилмаслиги йўлида қўлидан келганича фойдаланишга уриняпти, холос”, дейди Надежда Атаева.

2024 йилда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти фаолларига босимлар ва сўз эркинлиги вазиятини кузатаётган аксар халқаро ташкилотлар кескин танқиди учун мамлакат ичкарсида ягона минбар бўлиб қолган блогерларга катта эътибор қаратди.

Бу ҳисоботларга Ўзбекистон ҳукумати бирор муносабат билдиргани Озодликка маълум эмас.

Биргина Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов блогерларга қарши жиноят ишлари мамлакатнинг халқаро сўз эркинлиги рейтингидаги ўрнига салбий таъсир кўрсатганини эътироф этган.

Бу эътироф қандайдир натижа бердими ёки берадими - бу ҳам номаълум.

“Ҳозир ортга қайтишни кўряпмиз. Яъни, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганида инсон ҳуқуқлари борасида илгарилаш бўлган бўлса, охирги 2-3 йил ичида яна ортга қайтиш бўляпти. Бу жуда хавотирли. Блогерларга нисбатан оммавий ҳибслар ва босимнинг асосий сабабларидан бири ҳам шу, чунки уларнинг нуқтайи назари жуда мустақил ва ҳукумат буни қабул қила олмаяпти. Табиийки, ҳукумат бундай ҳаракат қилмаслиги керак. Ҳукумат ўзи қабул қилган конституция, ўзи имзолаган халқаро ҳуқуқ нормалари, сўз ва фикр эркинлиги, шу жумладан блогерларнинг эркинлигига доир қонунларга риоя этиши лозим”, дейди Хью Вильямсон.

Аммо, нуфузли халқаро ташкилотлар танқиди янграётган, хавотири тилга олинаётган кезда ҳам блогерларга нисбатан қамаш, таъқиб ва тазйиқлар давом этмоқда:

Ижтимоий тармоқларда фаол чиқиш қилиб келган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга қамалган. Блогер давлат идораларидаги коррупция, маҳаллий ҳокимият идораларининг ҳуқуқбузарлиги, энергетик кризис ва қатор жиддий сиёсий-иқтисодий муаммоларни кўтарган.

YouTube тармоғидаги "Кўзгу" кўрсатуви муаллифи, журналист Абдуқодир Мўминов 7 йилга қамалган. Мўминов ҳам коррупция ва президент номига кескин танқиди билан танилган.

Асли компьютер устаси бўлган 51 яшар блогер Алексей Гаршин хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди. У ҳам ҳокимиятдаги коррупцияни танқид қилган, президентга тегишли экани айтилган “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган блогер.

Тармоқлардаги тахаллуси “Эмине Караманова” бўлган 47 яшар Лемара Мирзааҳмедова 7.5 йилга қамалган. Эмине тармоқларда ҳукумат ва президент номига очиқ танқиди, шунингдек қатор зиддиятли чиқишлари билан танилган.

Тошкентлик блогер Миразиз Бозоровга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган, уй қамоғига ташланган. 30 яшар блогер ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматига қарши коррупция айбловлари ва Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариш ҳақидаги чақириқлари билан танилган.

Тошкентлик блогер ва Телеграмдаги “Патанатомия страни Уз” канали маъмури Шоҳида Саломова тиббий муассасага жойлаштирилган. Саломова Мирзиёев ҳамда унинг оиласини непотизм ва коррупцияда айблаб, тармоқларда кескин чиқишлар қилиб келган.

Озодлик шундай блогерларни ҳақидаги маълумотларни ОЗОДСЎЗ саҳифасида тўпламоқда. Марҳамат, ушбу саҳифага киринг, танишинг ва ўзингизда бор қўшимча маълумотларни Озодлик билан улашинг!

Форум

XS
SM
MD
LG