Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Ўзбек амалдорининг харажатлари йилдан-йилга ошмоқда. Оддий халқ-чи?


Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги мажлисда. 2 август, 2023
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги мажлисда. 2 август, 2023

Ўзбек чиновниклари бюджетдан ўзларига ажратилган маблағларнинг ҳар йили режали ошириб боришлари ўз йўлига. Лекин амалда улар ўзлари ўзларига ошириб ажратган маблағларидан ҳам янада кўпроқ харажат қилишларига кўпчилик эътибор қаратмайди.

Масалан, 2019 йилда уларга бюджетдан 3,7 трлн.сўм ажратилган. Амалда 32,2% кўпроқ, қарийб 5,0 трлн.сўм сарфлашган.

2020 йил, халқ уйда қамалиб, эртага нима қилишни билмай яшаган оғир йилда, ўзбек чиновникларига бюджетдан 5,3 трлн.сўм ажратилган, амалда 39,4% кўпроқ, 7,4 трлн.сўм сарфлашган.


2021 йилда пандемиядан янада жиловсизланиб чиққан ўзбек чиновниклари "байрамни давом эттиришган". Бюджетда уларга 6,0 трлн.сўм ажратилган. Амалда 41,7% кўпроқ, 8,5 трлн.сўм сарфлашган.

Уруш бошланиб, ҳамма тийинини санашга ўтган 2022 йилда ўзбек чиновниклари ўзларига 9,1 трлн.сўм ажратишган. Бечоралар нима қилишсин, яна ўзларини тия олишмаган, 50,5%га кўп, 13,7 трлн.сўм сарфлаб қўйишган.

Бошқача айтганда, ўзбек чиновникларининг харажатлари аслида бир неча фоизга эмас, йилдан йилга каррасига ошиб борган. 2019 йилдаги 3,7 трлн.сўмдан 2023 йилда 17 трлн.сўмга, яъни 4,6 баробарга кўпайган.

Ахир улар нима қилишсин. Саноқсиз замлар, иккитадан биринчи замлар, пенсияга чиқишни истамайдиган, сталин замонидан қолган маслаҳатчилар, шотир ёрдамчилар, котибалар, иккитадан шўпирлар, ҳатто ошпазлар, пўрим кабинетлар, қиммат ва жуфт-жуфт хизмат мошинлар, бизнес классдаги ва джетлардаги учишлар, кўп юлдузли меҳмонхоналар, саноқсиз форумлар, хизмат сафарлари, банкетларга улар аллақачон кўникиб қолишган.


Лекин оддий Халқ-чи? Шу 5 йилда ўқитувчиларга, пенсионерларга, дўхтирларга харажатлар шунчалик оширилганми?

Сиз нима деб ўйлайсиз, амалдорларимиз қачон халқни ўзларини севгандек севишни бошлашади?

Отабек Бакиров

Иқтисодчи, блогер

Телеграмдаги Bakiroo каналидан олинди.

Таҳририятдан: OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG