Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:35

Нега Путин концерт аренасидаги ҳужумни Киев ва Ғарбга тўнкашга уринмоқда?


Президент Путин Россия Бош прокуратурасининг кенгайтирилган мажлисида. 26 март, 2024.
Президент Путин Россия Бош прокуратурасининг кенгайтирилган мажлисида. 26 март, 2024.

22 март куни Москва яқинидаги концерт залида рўй берган ва сўнгги 20 йилдаги энг қонли терактда камида 139 киши ҳалок бўлди. Орадан 18 соатдан кўпроқ вақт ўтгач қилган мурожаатида президент Владимир Путин “Исломий давлат” (ИД) экстремистик гуруҳи ҳақида умуман гапирмади. Ваҳоланки, ИД аллақачон ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Бироқ Путин Украинани тилга олиб, ҳужумчилар қочишлари учун Киев икки давлат чегарасида «дарча» ҳозирлаганини айтди, аммо сўзларига далил келтирмади.

Кейинроқ, 25 март куни берган изоҳларида Путин ҳужум “радикал исломчилар” томонидан амалга оширилганини айтди. Ваҳоланки, Қўшма Штатлар буни “Исломий давлат” (ИД) экстремистик гуруҳининг шўъбаси бўлмиш “Исломий давлат-Хуросон” амалга оширганини билдирган эди. Аммо Путин Украина бунда роль ўйнаганига яна ишора қилди, АҚШ ва Ғарбни ҳам айблади.

Россияликларга ҳужум ортида Украина ва Ғарб турганини билдирмоқчи бўлган Путин Қўшма Штатлар “бошқа давлатларни бу ҳужумда Киевнинг қўли йўқлигига ишонтириш учун барча каналлардан фойдаланаётганини айтди”. У ушбу ҳужум Украинанинг "Ғарбдаги хўжайинлари буйруғини бажариш"га уриниши эканлигини айтди.

Айни пайтда, Россиядаги давлат ОАВлари ҳужум ортида Украина ва Ғарб, шунингдек, юқори мартабали амалдорлар ва қонунчилар тургани ҳақидаги даъвони фаол тарқатмоқда. Telegram’да чоп этилган қисқа суҳбатда мухбир Хавфсизлик кенгаши котиби ва Путиннинг яқин сафдоши Николай Патрушевдан “[ИД] ёки Украинами?” деб сўрайди. Патрушев шундай жавоб беради: "Албатта, Украина."

“Крокус Сити Холл”га ҳужум: Суд яна 4 кишини ҳибсга олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:35 0:00

Россияда содир бўлаётган воқеалар учун хорижни айблаш Путин учун янгилик эмас. 2004 йили жанубдаги Беслан шаҳридаги мактабда 330 дан ортиқ одам ҳаётига зомин бўлган гаровга олиш инқирозидан бери, Путин Вашингтон ва Ғарб Шимолий Кавказдаги исломий жангариларни қўллаб-қувватлаётганига шама қилиб келади.

Аммо бу сафар хавф айниқса юқори бўлиши мумкин: Путин кенг тарқалган сохталаштириш ҳақидаги далиллар билан кечган сайловда янги олти йиллик муддатга ғалаба қозонди. Унинг Украинага қарши уруши Киевни тезда бўйсундириш ўрнига юз минглаб россияликлар ўлимига сабаб бўлган турғун урушга айланди.

Путин Крокус Сити Ҳоллга ҳужумда Киев ва Ғарбни айблаётгани сабабларидан бири ҳам шу.

Ҳикоя

2022 йил февралида кенг кўламли босқин бошланганидан бери Путин Россияни уруш кундалик реалликка айланган мамлакатга айлантиришга ҳаракат қилди ва бундан аҳоли устидан назоратни кучайтириш учун фойдаланди. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков яқинда "ички сафарбарлик"ка чақириб, руслар урушни фақат ташқи томондан қўллаб-қувватламасдан, балки унга эътиқод масаласи сифатида қарашлари кераклигини айтди – кўпчилик руслар учун урушни қўллаб-қувватлаш пассив эканлигини ҳисобга олсак, ҳайратланарли ундов бу.

Путин фуқароларни мамлакат Украинага қарши тажовузкор уруш қилмаётгани, балки Украина орқали Россияни йўқотмоқчи бўлган Вашингтон ва Ғарбга қарши мудофаа уруши эканлигига кўпроқ ишонтиришга уринмоқда. Ушбу даъвони янада мустаҳкамлаш учун ҳукумат Украинадаги урушни танқид қилган ёки шубҳа остига қўйганлар овозини ўчириш учун қонунлар чиқарди.

Бу ҳикояга ишонилса, исломий экстремистларнинг ҳалокатли ҳужумлари учун кам жой қолади. Крокус Сити Ҳоллга қилинган ҳужум Путиннинг яқинроқ ёки реалроқ таҳдидлардан узоқлашаётганини кўрсатиши мумкин.

“Муваффақиятсизлик”

Ҳужум учун айбни Ғарбга ағдариш Атлантика кенгаши таҳлил маркази ходими ва АҚШнинг Москвадаги собиқ элчиси Александр Вершбоу айтганидек "жиддий разведка муваффақиятсизлиги"ни юмшатиши мумкин.

Март ойи бошида АҚШ бу ҳақда огоҳлантиргандан кейин ҳам таҳдид олди олинмагани, камига, ҳужумдан уч кун олдин Путин бу огоҳлантиришни шунчаки “провокация”, “жамиятимизни қўрқитиш ва беқарорлаштириш уриниши” деб атаганини изоҳлаш қийин бўлади.

Шундай қилиб, АҚШ бу ҳужумда иштирок этган деган даъво сабаби АҚШнинг ўша огоҳлантиришини Украинадаги уруш манзарасига мослаштириш истаги бўлиши мумкин.

Украина ҳужумга алоқадорлигини рад этди ва АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриен Уотсон 24 март куни “Украинанинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини” айтди.

Дилемма

Украинанинг алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай далил бўлмаса ҳам, Марказий Осиё билан алоқаси аниқ: Россия ҳукумати камида 11 кишини ҳибсга олган ва улардан саккиз нафари, жумладан, ҳужумда бевосита иштирок этган тўрт нафари Тожикистон фуқаросидир.

Россия асосан Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган меҳнат муҳожирларига муҳтожлиги сабабли, гумон қилинаётган шахсларнинг шахси Путин учун жиддий сиёсий дилемма туғдиради, дейди Россия сиёсати ва хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Марк Галеотти.

“Агар у: “Ҳа, ИД эди ва у ҳужумни марказий осиёликлар ва меҳнат муҳожирлари орқали амалга оширди”, деса, биринчидан, бу ирқий зиддиятни кучайтиради – кўп миллатли, кўп динли давлатда муаммони чуқурлаштиради. Россия Федерацияси аҳолисининг 10 фоизи мусулмонлар. Аммо кейин ҳақиқий савол туғилади: энди нима қилмоқчисиз?”

Москвадаги терактдан кейин мигрантларга босим кучайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:03 0:00

“Бунинг муқаррар оқибати марказий осиёликларга қарши қандайдир репрессия бўлади, тажрибадан маълумки, бу репрессия жуда уқувсизлик билан амалга оширилади, – дейди у. – Айни дамда Россия бу Марказий Осиё ишчиларини ҳайдаб чиқаришга қодир эмас, чунки улар унинг ўзига керак... Уруш оқибатлари ва мудофаа заводларини тўлиқ қувват билан ишга тушириш учун ишчи кучи етишмайди”.

Ҳужум этник зиддиятларни кучайтирди. Россия хавфсизлик ходимлари маҳбусларни таҳқирлаётгани акс этган видеолар оммага чиқарилиши қасос чанқоғини қондириш учун бўлиши мумкин. Аммо Путин Тожикистон ва унинг қўшнилари фуқаролари учун Россияга киришни қаттиқроқ чеклаш каби кенг қамровли қадамлардан тийилиши мумкин, дейди Галеотти, чунки бу “Россия иқтисодиётига путур етказади ва Россиянинг Марказий Осиёдаги энг муҳим иттифоқчилари орасида обрўсига путур етказади”.

Форум

XS
SM
MD
LG