Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:46

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

"Навальний ўлими – барча демократлар учун фожиадир"

Дунё лидерлари рус мухолифатчиси Алексей Навальний ўлимини фожиа дея атамоқда.

Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел: “Унинг оиласига чуқур таъзия билдираман. Дунёнинг турли жойларида, энг ёмон шароитда демократия учун курашаётганларга ҳам. Курашчилар ўлади, аммо озодлик учун кураш ҳеч қачон тугамайди”.

Беларуснинг демократик лидери Светлана Тихановская: “Бугун тармоқда Алексей Навальний Россия қамоқхонасида ўлгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Бу ўлим – мустабид режимлар учун инсон ҳаёти сариқ чақа эканига яна бир далилдир. Путин режими, Лукашенко режими каби ҳокимиятни сақлаб қолиш учун мухолифларини ҳар турли усуллар билан йўқ қилади”.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили:Алексей Навальний ўлими – барча демократлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун фожиадир. Оиласига ва Россияда унинг демократия учун курашини давом эттираётганларга таъзия изҳор қиламан”.

“Уни Путин ўлдиргани шубҳасиз”

Украина президенти Владимир Зеленский Навальний ўлимига доир хабарга изоҳ бераркан, “Уни Путин ўлдиргани шубҳасиз”, деди.

“Ҳозиргина маълум бўлишича, Алексей Навальний Россия қамоғида ўлибди. У Путин томонидан ўлдирилгани шубҳасиз, шу махлуқни деб азобга солинган бошқа минглаб инсонлар каби. Ким ўлишининг Путинга фарқи йўқ, у ўз мавқеини сақлаб қолса бас”, деди Украина президенти Зеленский.

Шифокорлар: Навальнийни сақлаб қолишга ярим соат уриндик

Лабитнанг шаҳар касалхонаси шифокорлари “Интерфакс”га “тез ёрдам” ходимлари Навальнийни жонлантиришга 30 дақиқадан кўпроқ уринганларини айтишди.

“Тез тиббий ёрдам бригадаси етти дақиқадан камроқ йўл юрган. Қамоқхона ҳудудига етгач икки дақиқа ичида бемор ёнида бўлишган. Улар қамоқхона медиклари кўрсатаётган реанимация тадбирларини давом эттирганлар. Ярим соатдан зиёд ҳаракат қилишган. Бироқ бемор вафот этган”, дея маълум қилди шифохона вакиллари.

16 февраль куни Россия Жазони ижро этиш федерал хизматининг Ямал-Ненец автоном округи бўйича бошқармаси ўз сайти орқали мухолифатчи Алексей Навальний вафот этгани ҳақида маълумот тарқатди.

“2024 йил 16 февралида 3-сонли ахлоқ тузатиш колониясида судланган Навальний А. А. сайрдан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушидан кетиб қолди”, дейилган хабарномада.

Навальний: Агар мени ўлдиришса....

Уч йил олдин ёзилган видеода Навальний, агар уни ўлдиришса, Россияликларни таслим бўлмасликка чақирган эди:

"Ҳаммаси аниқ ва равшан. Таслим бўлманг! Таслим бўлиш мумкин эмас. Агар улар мени ўлдиришга қарор қилишса, демак, билингки, биз катта кучга эгамиз. Биз таслим бўлмаслик учун бу кучдан фойдаланишимиз керак, унутманг биз улкан кучмиз".

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG