Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

"Ўзингизга ёмон бўлади". Қорақалпоқ ёшлари махсус хизматлар босимидан шикоят қилмоқда


Қорақалпоғистонда 2022 йил 1-2 июлидаги намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган.
Қорақалпоғистонда 2022 йил 1-2 июлидаги намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган.

Жарималар, 15 суткалик қамоқ, ўлдириш ва қаматиб юбориш билан таҳдид қилишлар – Қорақалпоғистонда талабалар Даулетмурат Тажимуратовни қўллаб турли акциялар уюштиришдан шу тарзда қайтарилмоқда. Суд қорақалпоқ фаолининг апелляция шикоятини қайтариши ортидан ёшларга босим кучайган.

Шу кунларда қорақалпоғистонлик фуқаролардан уч нафари Озодлик қозоқ хизмати билан боғланиб, куч ишлатар ходимлар уларга босим ўтказаётгани, ижтимоий тармоқларда сиёсий норозилик билдираётганлари учун таъқибга учраганларини айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, Ички ишлар ходимлари “қаматиб юборамиз” ва “қариндош-уруғларингизга ёмон бўлади” дея таҳдид қилишган.

Қорақалпоғистон: Қонли намойишлардан бир ой ўтиб кўплаб саволлар очиқ қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:58 0:00

Милициянинг таҳдидлари

Қорақалпоғистонликлардан бири Озодликка, Телеграм-каналда Даулетмурат Тажимуратовнинг фотосуратини жойлаб, уни “ботир” деб атагани ортидан милиция “назарига” тушгани ҳақида сўзлаб берган. Айтишича, у ўтган йил июлида Тажимуратовнинг апелляция шикоятини қаноатлантирмаган Ўзбекистон Олий суди қароридан норозилигини шу йўсинда изҳор қилишни истаган.

“Мени деразасиз қоронғи хонага олиб киришди, у ерда тўрт киши менга таҳдид қилди. Иккитаси милиция кийимида эди. “Сени ўлдириб юборамиз, ҳеч ким билмайди”, деб қўрқитишди”, деган Озодлик суҳбатдоши.

Қорақалпоғистонлик йигитга кўра, фуқаро кийимидаги одамлар уни олиб борган жой ҳукумат идоралари биносига ўхшамайди. “Нукус чеккасидаги ойналари синган, ташландиқ эски бино эди”, деб эслайди у.

Йигитга уни ушлаб олиб кетишгани ҳақида қариндошларга билдиришни, адвокатдан ёрдам сўрашни ва ҳатто айбловларга қарши чиқишни тақиқлаб қўйганлар.

Озодлик қорақалпоғистонлик суҳбатдошларининг сўзларига таяниб, Ўзбекистон Олий суди ва ИИВга сўров жўнатди. Улардан жавоб келганича йўқ.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилотининг Тошкент, Олмаота ва Бишкек ваколатхоналарига раҳбарлик қилган Стив Свердлоу буни Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов “мероси” деб атайди.

“2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимият алмашди, бироқ мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳеч қандай ислоҳот қилинмади. Аввалбошда Мирзиёев маъмурияти танқидларга очиқлигини таъкидлаган бўлса-да, кейинчалик журналист ва блогерларга босимлар кучайтирилди”, дейди эксперт.

Ислоҳотлардан – тазйиқларга

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ўлимидан сўнг иқтидорга келган. Бунга қадар у 13 йил мамлакат бош вазири бўлиб ишлаган. Янги раҳбар бошида инсон ҳақлари билан боғлиқ вазиятни, бошқа мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни яхшилашга ва матбуотга эркинлик беришга ваъда берганди.

Стив Свердлоу Human Rights Watch’нинг Тошкент шуъбасига 2011 йилда мудир бўлиб келган. У шуъба очилганидан атиги уч ой ўтиб ИИВнинг марказни ёпиш ҳақидаги илтимосномаси Ўзбекистон Олий суди томонидан қабул қилинганини ёдга олади. Ҳуқуқбонга кўра, Ўзбекистонда ҳокимият алмашганидан кейин, 2017 йилдагина унинг мамлакатга қайтишига рухсат берганлар.

“Ўшанда 60 га яқин сиёсий маҳкум озод қилинди. Улардан кўпи Каримов сиёсатини танқид қилгани учун қамалганлар эди. Бу менинг ютуқларим гултожи бўлди. Каримов сиёсати билан Мирзиёев сиёсатининг энг катта фарқи шунда эди... Бироқ 2019 йилдан ислоҳотлар сусайиб қолди, қайтага президент танқидчилари учун жазони кучайтирувчи қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, фуқаролик жамияти овозига камроқ қулоқ соладиган бўлишди, ноҳукумат ташкилотларни расмий рўйхатга олиш тўхтатилди”, дейди Свердлоу.

Британиянинг The Economist нашри Ўзбекистонни 2019 йилда энг кўп эврилишлар қилган мамлакат, дея эътироф этганди. Бироқ кейин Мирзиёев Конституция бўйича референдум ўтказиб иқтидорда қолиш муддатини 2037 йилгача узайтириб олди.

Cуверен Ўзбекистондаги суверен Қорақалпоғистон. Тарихий контекст
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:48 0:00

2023 йилнинг июлида The Foreign Policy “Қорақалпоғистондаги намойишлардан сўнг мамлакатда сўз эркинлиги қаттиқ назоратга олинди”, деб ёзган эди. Ўша йили баҳорда бир гуруҳ ўзбек журналистлари Мирзиёевга мактуб йўллаб, ундан сўз эркинлиги ва ОАВлар “ҳимоячиси” бўлишни илтимос қиладилар. Шунга қарамай, сўнгги бир неча йилда Ўзбекистонда ўнлаб блогер ва журналистлар турли муддатларга ҳукм қилинди.

Ўзбек расмийлари инсон ҳақлари бўйича анжуманларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардан баҳс этадилар. Хусусан, 2023 йил 8 ноябрда БМТнинг Женева қароргоҳида ўтказилган Human Rights Council форумида Ўзбекистон делегацияси мамлакатда инсон ҳуқуқлари масаласи сезиларли даражада яхшиланганини, шикоят ва талаблар эса асоссизлигини иддао қилган эди.

Ўша учрашувда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари мавзусини Германия, Канада, Чехия, Норвегия ва Эстония вакиллари кун тартибига чиқаришган.

“Норвегия Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва тамал ҳуқуқлар чекланаётганидан ташвишда. 2022 йилги Қорақалпоғистон воқеаларида ўз ваколатларини суиистеъмол қилган кучишлатар ходимлардан атиги бир неча нафари судланганига эътибор қаратишингизни сўраймиз. Қолаверса, тизимли камчиликларни бартараф этиш учун иш синчковлик билан текширилиши лозим”, деган эди Норвегиянинг БМТдаги доимий вакили Жанник Граатруд.

Ҳуқуқбон Стив Свердлоу 2017 йилда Оролбўйидаги экологик вазиятни ва аҳоли фаровонлик даражасини ўрганиш мақсадида 2017 йилда Қорақалпоғистонга борганини айтади. Нукус воқеаларидан сўнг вазият билан танишиш учун яна у ерга бормоқчи бўлганида эса Ўзбекистон ҳукумати Сведловнинг мамлакатга киришига рухсат бермайди.

Ёшлар учун сиёсий пропаганда

Фаоллардан бири Озодликка Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари билан ўтказилган учрашув аудиоёзувини юборди. Унда университет раҳбарлари талабаларни қамалган қорақалпоқ фаоли Даулетмурат Тажимуратовга эргашмасликка чақирган.

Ташкилотчилар Тажимуратовни “иғвогар ва фирибгар” деб атаб, у ҳақида махсус тайёрланган видеороликни намойиш қилишган.

Аудиоёзувда, ўзини “юридик факультет ўқитувчи Райҳон Саекеева” деб таништирган аёл ўз сиёсий қарашларини ифода этган талабалар жазоланганини, айримлари ўқишдан ҳайдалганини айтади.

“Филология факультетининг 3-курсида ўқийдиган бир қиз талабалар сафидан чиқарилиб, 10 суткага қамалди. У телеграм-каналда: “Шундай юраверамизми, қачон бошлаймиз?” деб ёзгани учун жазоланган. Физика факультети студенти ҳам шунга ўхшаш изоҳ ёзган. Бунақа талабалар юридик факультет ва кимё-технология факультетида ҳам бор”, деган ўқитувчи Саекеева.

Учрашувда ОТМ маъмурияти талабаларга уларнинг Telegram’даги хабар ва изоҳлари кузатилаётганини, шу боис интернетдан фақат таълим олиш учун фойдаланиш кераклигини айтган.

Озодлик мухбири университет маъмурияти билан телефонда боғлана олмади. Почта орқали йўлланган сўров ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Ҳуқуқбон Стив Свердлоу буни қорақалпоқ фаолини ёмонотлиқ қилишга қаратилган сиёсий пропаганда деб атайди. Очиқ манбаларда Тажимуратовнинг судланганига доир маълумот йўқ. Учрашув аудиоёзувида эса ОТМ вакили бу маълумотларнинг барини “бир одам” сўзлаб берганини, видео ҳам унинг сўзлари асосида олинганини айтади.

UNICEF қайдларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи ҳали 30 га тўлмаган ёшлардир. Бу бошқа мамлакатлардагидан кўп. Масалан, Қозоғистонда бу кўрсаткич 54 фоиз атрофида.

Ёшларнинг сиёсий қарашлари ҳукумат риторикасига ҳар доим ҳам мос келавермаслиги сабабли Ўзбекистон ҳукумати улар билан фаол ишлашни бошлади. Мирзиёев маъмурияти “Янги Ўзбекистон” дастури доирасида ОТМлар талабалари билан бевосита иш олиб борадиган тьюторлар ассоциациясини ташкил қилди. Ташаббусдан мақсад – мамлакатнинг ҳар бир талабасига таълим-тарбия бўйича “маслаҳат берадиган” фуқаролар ҳамжамиятини тузиш. Тьюторликка асосан университетлар ўқитувчилари жалб этилади.

Нукусдаги Қорақалпоқ давлат университетидаги учрашув айнан шу дастур доирасида ташкил қилинган.

Қорақалпоқ ёзувчиси: Одамлар норози бўлмаса кўчага чиқмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:15 0:00

Қорақалпоғистонда нима бўлган эди?

2022 йилнинг июнида Қорақалпоғистонда аҳоли пойтахт Нукус шаҳрининг марказий майдонида оммавий норозилик акциясига чиқди. Одамлар Тошкентнинг Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум этиш режасига шу йўсин норозилик билдиришди. Ҳукумат намойишни куч билан бостирди.

Расмий Тошкент Нукус воқеаларида 21 киши ҳалок бўлди, деб баёнот берди. Улардан бири ваколатли кучишлатар идоралар ходимларидир. Австрияда рўйхатдан ўтган Freedom for Eurasia инсон ҳуқуқлари ташкилоти қайдларига кўра, аҳоли билан ҳукумат ўртасида юз берган тўқнашувларда камида 70 киши ўлган.

2022 йил 7 ноябрда Human Rights Watch халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати Нукусдаги норозилик акциялари чоғида ўқотар қурол қўллаганини даъво қилиб, очиқ текширув ўтказишга чақирди.

Ташкилот воқеалар гувоҳлари томонидан 2022 йил 1 июлдан 1 августгача бўлган даврда ижтимоий тармоқларда ёйинланган 55 та видеороликни верификация қилиб, 31 та видеоёзув ва фотосуратда ўқотар қуролдан ўлганлар ёки ярадорлар акс этганини аниқлади.

Ўзбекистон ҳукумати юз берган воқеалар сабабларини ўрганиш мақсадида парламент ҳузурида махсус комиссия тузди, аммо тафтиш натижалари жамоатчиликка эълон қилинмади.

Нукус воқеаларидан сўнг Қорақалпоғистонда норозилик кайфияти сусайди. Фаол ёшлар ўз сиёсий қарашларини Telegram’да билдира бошладилар.

Нукус воқеаларидан сўнг

Қорақалпоғистондаги ғалаён бостирилганидан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикага келиб, маҳаллий аҳолини тинчлантиришга уринди. Мирзиёев республиканинг суверен мақомини ўзгартиришни қорақалпоқларнинг ўзлари таклиф қилганларини айтди.

“Менинг сизларга айрим эътирозларим бор. Бу ишнинг бошида турган ўзингиз эдингиз, ўзингиз бошладингиз, ҳужжатни имзолаб, тасдиқлаб бердингиз”, деди у Қорақалпоғистон Олий Кенгашида сўзлаган нутқида.

Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ақилбек Муратовга кўра, халқ ҳукуматнинг ташаббусидан Конституцияга тузатишлар лойиҳаси эълон қилинганидан сўнггина хабар топган.

Кейинроқ, Нукус воқеалари муносабати билан Қорақалпоғистоннинг 61 фуқароси суд қилинди. Суд уларнинг аксарини “Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдариб ташлаш ва ҳокимиятни босиб олиш мақсадида тил бириктириш”да айбдор деб топди.

Айбланувчилардан энг оғир жазо олган “Ел қизметінде” газетаси ходими, адвокат Даулетмурат Тажимуратов бўлди. Унга “оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш” айблови бўйича 16 йиллик қамоқ, шунингдек 228,8 миллион сўм миқдорда жарима жазоси тайинланди.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти суд адолатсиз ва бирёқлама бўлди, ваколатларини суиистеъмол қилган кучишлатар ходимларни тергов қилиш зарур, дея баёнот берди. Ўша йилнинг августида Ўзбекистон Олий суди Нукус воқеалари муносабати билан ИИВнинг уч ходими 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилганини маълум қилди. Ҳукмда улар ҳибсхоналарда фуқароларни қийноққа солгани, ноқонуний тергов ҳаракатлари ўтказгани айтилади.

Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ақилбек Муратовга кўра, суд қароридан сўнг қорақалпоқ ёшларининг норозилиги ортган, аммо махсус хизматларнинг босими туфайли улар ўз сиёсий қарашларини очиқ ифода эта олишмайди.

Форум

XS
SM
MD
LG