Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Иссиқхоналарни совуқ урди - тадбиркорлар зарарни ҳисобламоқда, аммо фойдаси йўқ


Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказда мева-сабзавот бозорини ўрганувчи EastFruit халқаро ахборот-таҳлилий порталининг ёзишича, Ўзбекистон ҳукуматининг иссиқхоналарни газдан узиб қўйиш қарори мамлакатда бутун-бошли иссиқхона саноатини хавф остида қолдирган. Нашрга кўра, миллионлаб доллар кредит олган ўзбек тадбиркорлари қийин аҳволда қолган ва газ арзон бўлган Туркманистон ҳамда Россиядаги рақобатчиларга бозорни бой бермоқда. Нашр экспертлари аҳолининг газ ва электрга эҳтиёжини қоплай олмаётган ўзбек ҳукуматининг иссиқхоналарни "тоза кўмир"га ўтказиш қарорини "ёмон ечим" деб баҳолашган.

Бу йил қиш мавсумида электр ва газ таъминоти муаммо бўлмаслигини ваъда қилган ҳукумат мавсум бошидаёқ кўплаб бизнесларни энергиядан узиб қўйди.

12-20 декабрь кунлари ҳавонинг совиб кетиши ортидан газ босимининг пасайиши ва электрнинг огоҳлантирмасдан ўчирилиши оқибатида кўплаб иссиқхоналарда етиштирилаётган помидор, бодринг, қалампир каби экинларни совуқ урди. Тадбиркорлар кўрган зарарнинг миқдори борасида ҳозирча расмий ҳисоб-китоблар йўқ.

Бухоро вилоят, Бухоро туманидаги “Dilbek Davlat” МЧЖ раҳбари Дадахон Аҳматов ҳам 1 гектар иссиқхонасида етилиб қолган 80 тонна помидорларидан бир кечанинг ўзида ажралиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Дадахон Аҳматов ўтган қиш ва баҳорда иссиқхонасидаги помидорларга касаллик тушгани туфайли маҳсулотини сотолмаган ва газдан қарздор бўлиб қолган. Форс-мажор ҳолат бўлганини Савдо-саноат палатаси тасдиқлаган бўлса ҳам, унга газ берилмаган.

Тадбиркор иссиқхона қозонларини солярка билан ишлатиб келган. Аммо 12 декабрь куни электр энергиясининг бирданига узилиб қолиши оқибатида қозонхона ишдан тўхтаган унинг бор ҳосили нобуд бўлган:

“Газга уланишга рухсат беришмади. Туман ҳокимига ҳам кириб чиқдим. Вилоят газ идорасига ҳам бордим. Айтдим, мана ҳосилим пишишни бошлади. 2 тонна сотдим, мана ҳозир 50 миллион сўм пулим бор, тўлайман. Яна 100 миллион қарзим қолади, уни ҳам тез кунда тўлайман, илтимос имкон беринглар, ўн кун газни улаб беринглар, десам ҳам ҳеч ким қулоқ солмади. Ўша кеча 30 миллион сўмга уч тонна солярка ёқдим. Яхши ишлаётган эдим, соат 12ларда свет ўчиб қолди, свет бўлмаса котёл ҳам ўчади. Ҳаво 25 даража совуқ эди. Движокни қўшаман десам, уни суви музлаб қолган. То уни сувини иситиб ишлатиб қайта котёлни ёққунимча бир соат вақт ўтди. Бу вақтда иссиқхона ичидаги температура минус 20га тушди, олов қилдик, дуд қилдик, лекин ҳосилни сақлаб бўлмади”.

Тадбиркор бу йилги ҳосилни сотиб, газдан қарзини узмоқчи ва олдиндан ҳам тўлов қилмоқчи эди, аммо ҳозир унда ҳеч нарса қолмади. Қайтадан кўчат экиб ишга киришса ҳам бўлади, лекин иссиқхона қозонларини солярка билан иситиш уч баравар қимматга тушади.

Бу томондан эса банк кредитларни қайтар деб босим қиляпти.

Дадахон Аҳматов бундай боши берк кўчага кириб қолган биргина тадбиркор эмас.

Бухоро вилоят, Ромитан туманидаги “Dirilling elektroservis” МЧЖ раҳбари Гулшан Сафарованинг иссиқхонасидаги помидор энди туга бошлаган ва январь ойининг охирига етилиши керак эди. Аммо 12 декабрь куни кечаси газ босимининг бирдан пасайиб кетиши ва электр токининг ўчиб қолиши натижасида саккиз мингдан ортиқ кўчатни совуқ урди:

“12 декабрь куни газ ҳам, свет ҳам ўчди. Икки ташкилотга ҳам олдиндан тўлов қилиб қўйганман. Агар тўлов қилмасак келиб кесади. Ўша кеча минус 20 совуқ бўлаётганини кўриб турибди, нега бир оғиз огоҳлантирмасдан светни ўчиради. Хоҳлаган пайт светни ўчиради. Газнинг 100 фоиз олдиндан тўлов қилиб қўйилиши ҳам бизни қийнаб юборди. Ҳозир одамлардан процентга қарз олиб, январь ойига тўлаб келдим. Ўша кеча свет ҳам ўчди, газ ҳам, ҳеч нарса қилолмай қолдик. 50 сўтихча жойдаги помидор кўчатларим нобуд бўлди”.

Бухоролик тадбиркор Хуршид Турсуновнинг айтишича, иссиқхоначи тадбиркорга берилаётган кредитлар фоизининг жуда баландлиги уларни мушкул аҳволга солиб қўйган:

“Биринчидан, гап АҚШ долларида берилаётган кредитлар фоизларининг ҳаддан ташқари баландлиги, яьни 5- 10 фоизлигида ва бунинг устига кредитлар қисқа муддатга 7 йилга ажратилганида. Аслида бу кредитлар халқаро молия институтлари томонидан 25-30 йилга 1-2 йиллик фоиз билан берилган, энг катта хатога ҳукумат томонидан шу ерда йўл қўйилган, яъни аввал-бошдан кредитлар 25-30 йилга ва йиллик 1-2 фоиз билан берилганда ва худди шу фоизларда айланма маблағ ажратилганда эди, ўшанда иссиқхоналар стабил ишлаши мумкин эди”.

Гулшан Сафарованинг айтишича, гарчи президент қарори билан иссиқхонаси бор тадбиркорларга айланма маблағ кредитлари бериш кўзда тутилган бўлса-да, аммо бу маблағлар уларгача етиб келмаяпти:

“Бизларга имтиёзли кредитлар ажратилади, лекин етиб келмайди. Тадбиркорликни ривожлантириш учун бизларга ҳеч бўлмаса бир йилда бир марта айланма маблағ беришсин. Жаҳон банки иссиқхоналар учун Ўзбекистонга паст процент билан кредит беради, лекин бизга 6-7 фоизли кредит беришади. Биз бор-будимизни сотиб шунга тикдик, ҳатто яшайдиган уйларимизни гаровга қўйдик. Барча иссиқхонаси бор тадбиркорлардан сўранг, ҳаммада шу муаммо”.

Тадбиркорларнинг айтишича, уларнинг ҳимояланмаган энг заиф томонларидан бири, суғурта тизимининг ишламаслиги.

Декабрь ойидаги совуқда ҳосили нобуд бўлган тадбиркорлар суғурта компанияларидан ҳеч нарса ундириб ололмаяпти.

Бухоро туманидан тадбиркор Жўрабек Давроновнинг ҳам қарийб 2 гектар майдондаги ҳосилини совуқ урган. Бир миллиард сўмдан ортиқ зарар кўрган тадбиркор бунга электрнинг узиб қўйилиши сабаб бўлган демоқда.

Ўтган йил ҳам тадбиркор электр токининг беш соат давомида огоҳлантиришсиз ўчириб қўйилиши оқибатида катта зарар кўрган ва электр тармоқлари идораси устидан судга даъво аризаси киритган.

Тадбиркорнинг айтишича, унинг аризаси Олий Судда кўрилмай ётибди.

Тадбиркор суғурта компаниясига зарарни қоплаб бериш ҳақида ариза киритгани, лекин компания унинг талабини рад этганини айтади.

Тадбиркорларнинг айтишларича, 99 фоиз таваккал билан ишлаётган иссиқхоначиларга ҳеч қандай ҳимоя чизиғи йўқ. Улар жуда ҳам катта масъулиятни бўйинларига олиб таваккал қилишади.

Электр токи ёки газнинг ўчиб қолгани учун зарарни бу корхоналардан ундириб олган тадбиркорни топиш қийин. Ёки ўсимликларга бирор хил касаллик тушиб ҳосили нобуд бўлса ҳам, форс-мажор ҳолатлари ҳисобга олинмайди.

ZIMISTON-UZ. 25-qism: Аномал совуқдан қанча зарар кўрилди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:10 0:00

Боз устига газ ва электр энергияси нархининг деярли каррасига оширилгани ҳам, харажатларнинг кескин ошишига ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи жуда қимматга тушишига, пировардида эса бозордаги нарх-навонинг кўтарилишига ҳам сабаб бўлаётгани айтилади.

Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги даврида иссиқхоначиликни ривожлантириш ҳақида бир қанча ҳукумат қарорлари чиқарилди. Аммо тадбиркорларнинг айтишича, бу қарорлар ижроси таъминланмагани учун ҳам, улар катта муаммоларга дуч келмоқдалар:

“Мана президентимиз чиройли қарорларни чиқаради, лекин ижроси бизгача етиб келмайди. Иссиқхоналар учун 453-сонли қарор чиқди, залогсиз кредит берилсин, деди. Лекин у нарса бизларгача етиб келмади. Президентимиз шу йил 387-сонли қарор чиқардилар, яна шуларга гаровсиз кредит берилсин дедилар. Ишонасизми, мен май ойидан декабрь ойигача югурдим, кредит ололмадим. Ҳужжатни Тошкентга юбораман, ҳали бу баҳонани топиб қайтаради, ҳали у баҳонани қилади қайтаради. Нуқтани вергул қил, вергулни нуқта қил, дейди. Ахийри, воз кечдим ўша кредитдан, ишонасизми?”, дейди тадбиркор Гулшан Сафарова.

Бухоролик тадбиркор Хуршид Турсуновнинг айтишича, иссиқхоначиликни ривожлантиришга қўйилаётган сунъий тўсиқлар оқибатида Ўзбекистон маҳсулотлари экспортда рақобатбардошсиз бўлиб қолмоқда.

East Fruit нашри таҳлилчилари Ўзбекистонда иссиқхона бизнеси қийинчиликларга юз тутиши ҳақида уч йил аввал огоҳлантирган эди.

Нашр тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда помидорнинг улгуржи нархлари тўртинчи йилдирки рекорд даражада юқори қолмоқда.

Ўзбекистондан помидор экспорти 22 фоизга камайган.

Бунга асосий сабаб қўшни Туркманистонда арзон табиий газ ҳисобига етиштирилаётган иссиқхона маҳсулотлари бўлмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири Ўзбекистондаги иссиқхоналарга табиий газдан фойдаланишни тақиқлаш, кўмирга ўтишга мажбурлаш бўляпти. Иқтисодий муаммолар, валютадаги қарзлар ва иқтисодий рақобат ҳам мамлакатга босим ўтказади.

Ўзбекистон Россиядаги ўз бозор улушини Озарбайжон, Эрон, Туркия ва Туркманистонга бой бермоқда. Газ таъминотини тиклаш бўйича ваъдаларга қарамай, кўплаб иссиқхоналар аллақачон узилишларга дуч келган ёки кўмирга ўтган.

Иссиқхона бизнесининг келажаги ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

East Fruit га кўра, Ўзбекистонда тажриба ва савдо алоқалари бор, лекин газ нархининг юқорилиги ва рақобат, муаммоларни келтириб чиқаради.

Жаҳон банки энергетика соҳасида чиқиндиларни камайтириш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 46,2 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратди.

ЖБ матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, мазкур грант Ўзбекистон ҳукуматига атмосферага иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга ёрдам беради ҳамда халқаро углерод бозорларига кириш учун имкон яратади.

Аммо берилаётган грантларга қарамасдан ўзбек ҳукумати ҳануз иссиқхоначиларни кўмирга ўтказиш талабидан воз кечгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG