Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:30

"Ҳурматли бандитлар". Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг уюшган жиноятчиликка қарши кураши


Замонавий брендлар ва ялтироқ туфлилар ишқибози сифатида танилган Салим Абдувалиевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги эълонга унинг оддий капьюшонли свитерда тушган сурати илова қилинди.
Замонавий брендлар ва ялтироқ туфлилар ишқибози сифатида танилган Салим Абдувалиевнинг ҳибсга олингани ҳақидаги эълонга унинг оддий капьюшонли свитерда тушган сурати илова қилинди.

Бу йил Марказий Осиё жамоатчилиги Қирғизистон махсус хизматлари мамлакат жиноят оламининг энг йирик намояндасини йўқ қилганига ва ўзбек мафиясининг “чўқинтирган отаси” ҳибс этилганига гувоҳ бўлди. Бироқ экспертлар бу икки мамлакатда уюшган жиноятчиликка қарши кампаниялар натижалари аниқ бўлгунича йиллар ўтиши мумкин, дея огоҳлантиришмоқда.

Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича эксперти Крис Риклтон икки республикада бўлаётган воқеаларнинг сабаб ва оқибатларини таҳлил қилди.

Марказий Осиёда хос лақаб билан танилган жиноят олами вакилларига бу йил осон бўлгани йўқ.

Қирғизистон хавфсизлик хизмати маҳаллий криминал оламнинг энг машҳур арбобини отиб ўлдириб, кичикроқ мафиячиларни қамаш ва “нафақага чиқариш” кампаниясини эълон қилганидан атиги бир неча ҳафта ўтгач қўшни Ўзбекистон ҳам ҳаракатга келди.

Ўзбек ҳукумати бошлаган уюшган жиноятчиликка қарши зарбдор 40 кунликнинг энг катта жабрдийдаларидан бири барчага маълум ва машҳур криминал авторитет бўлдики, у, чамаси, умрида илк дафъа панжара ортига равона бўлиши мумкин.

Путин, Салим ва Ғафур. Тошкентдаги рейдлар ва рус жосусининг иддаоси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:40 0:00

Гап Салим Абдувалиев ёки Салимбой (Салимбойвачча) ҳақида. У панада юрадиган одам эмас. 2017 йилдан бери Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси, спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ҳукуматдан бир талай унвонлар олган. Салимбойнинг ҳокимиятга муҳтамал таъсирига келсак, АҚШ дипломатларининг 2006 йилда интернетга сиздирилган ёзишмаларида у “Тошкент мафиясининг отаси”, катта давлат лавозимларини “сотган” ва фойдали давлат шартномаларини ўзига алоқадор бизнес тузилмаларига “олиб берган” шахс ўлароқ таърифланади.

Президент Ислом Каримов 1990-йиллар бошларидан то ўлимига қадар вақти-вақти билан мафиячи гуруҳларнинг танобини тортиб турарди. Ундан кейин иқтидорга келган Шавкат Мирзиёев даврида эса Абдувалиев хийла эркин бўлгандек эди ва тез-тез ўзини кўрсатиб турарди.

Шу боис, 5 декабр куни ички ишлар идораси Абдувалиев ноқонуний қурол сақлагани учун тергов қилинаётгани ҳақида хабар берганида жамоатчилик ҳанг-манг бўлиб қолди.

Ҳамиша башанг кийиниб юрган 73 яшар Абдувалиев ИИВ баёнотига илова суратда капюшонли одми кийимда кўриниш берди. Баёнотда Салимбой ҳибс қилингани ҳақида ҳеч нима дейилмаганди, аммо кейинроқ Озодлик манбалари у бир неча кундан бери уйида эмаслигини тасдиқладилар.

“Товламачилар империяси”?

Абдувалиев чиндан ҳам ҳибсда бўлса, у ерда зерикиб қолмайди.

“Зарбдор 40 кун” кампанияси бошланганидан бери Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўтказилган рейдлар натижасида кучишлатар ходимлар уюшган жиноятчиликка алоқадор деб гумон қилинаётган камида 200 кишини ушлади.

Бироқ экспертлар бу рейдларнинг оқибатлари узоқ муддатли бўлишига шубҳа билан қарамоқдалар.

“Мазкур чора-тадбирлар самарасини чамалаш учун бизга камида икки-уч йил керак бўлади”, дея изоҳ берди Британиядаги Central Asia Due Diligence тадқиқот ширкати раҳбари, сиёсатшунос Алишер Илҳомов.

Абдувалиев – криминал оламга қарши кураш тадбирлари хроникасида тилга олинаётган ягона машҳур исм эмас.

Бир кун аввал ички ишлар ходимлари жуда кўп миқдорда товламачилик қилиш айблови билан Бахтиёр Қудратуллаев ҳамда унинг икки муҳтамал шеригини қўлга олганини билдирган эди.

2018 йилда Озодлик ўзбек хизмати манбалари, жумладан Қудратуллаевнинг шахсий ҳайдовчиси у ишларни муҳокама қилиш учун Россия ва Қозоғистондан жиноят оламидаги ҳамкорларини Тошкентга таклиф этганини маълум қилган ва бу Мирзиёев даврида криминал корчалонларнинг йўли очилиши мумкин, дея тахмин қилишга имкон берди.

Илҳомов сўнгги рейдлар ортидан криминал авторитетлар товламачиликда айбланаётганини урғуларкан, бунинг сабабларидан бири ҳукуматнинг инвесторларга кафолат бериш истаги бўлиши мумкин, дейди.

2021 йилда Мирзиёев мамлакатдаги энг йирик бозорлардан айримлари жиноят олами боссларига “ўлпон” тўлаётганидан зорланиб, бунга чек қўйишни талаб қилган.

Уюшган жиноятчиликка қарши кампанияга доир илк маълумот 21 ноябрь куни пайдо бўлди.

Ўзбекистонда оммавий ҳибсга олишлар: “Кўча”га қарши рейдлар давом этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:37 0:00

25 ноябрь куни Тошкент шаҳрида юз берган воқеа эса уюшган жиноятчиликка қарши тадбирларни кучайтирган бўлиши мумкин. Ўша оқшом рэп хонандаси концертига қалбаки чипта сотилган томошабинлар залга кира олмаганларидан дарғазаб бўлиб, тартибсизлик, ур-йиқит бошлаган эди.

Қатор маҳаллий ОАВлар яна бир машҳур криминал авторитет – Ғафур Раҳимовнинг ҳам қамоққа олинишига ордер берилган, дейишмоқда. Бироқ ИИВ тарафидан Раҳимовга нисбатан бирон чора қўллангани тасдиқланганича йўқ.

Раҳимов ҳам, Абдувалиев каби уюшган жиноятчилик билан алоқаси борлигидан ҳамиша тонган.

Собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов 2019 йилги интервьюсида Абдувалиев билан Раҳимовни спортсевар “ватанпарвар инсонлар” деб атаган эди.

Ўн йил муқаддам АҚШ Молия вазирлиги “Биродарлик ҳалқаси” деб аталувчи Евроосия наркотижорат тармоғининг бошқа аъзолари билан бирга трансмиллий жиноятчиликка алоқадор шахслар рўйхатига тиркаган.

Мазкур қарор Раҳимовнинг Лозаннани қароргоҳ тутган Халқаро ҳаваскорлар бокс ассоциацияси (AIBA) раҳбари лавозимида қолишини мушкуллаштирди, хусусан, 2018 йили Раҳимов ушбу лавозимга сайланганидан кейин AIBA билан Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) алоқаларида таранглик кучайишига олиб келди. Орадан бир йил ўтгач Раҳимов расман лавозимдан кетди.

“Ҳурматли бандитлар”

Раҳимов ўзини Россиянинг ишончли тарафдори деб атайди. 2014 йилги қишки Олимпия ўйинлари Сочида ўтказилишида ўз хизмати борлигини иддао қилади.

Россиядан қочиб кетиши ортидан 2008 йилда Буюк Британияда полоний билан заҳарлаб ўлдирилган ФСБнинг собиқ ходими ва Кремл танқидчиси Александр Литвиненкога кўра, Раҳимов Москвадаги энг нуфузли шахсларнинг хизматини қилган. Литвиненко ўзининг “Лублянка жиноий гуруҳи” номли китобида Россия мулозимлари билан бўлган суҳбатларига таяниб “Гафур” исмли кимса бошлиқ “ўзбеклар жамоаси” Владимир Путинга унинг Санкт-Петербург мэри ўринбосари бўлиб ишлаган йилларида ноқонуний йўллар билан топган пулларини яширишга ёрдам бергани ҳақида ёзади. Путин 2000 йилда давлат босими остида чет элга қочган Литвиненконинг ҳеч бир даъвосини тан олмаган.

Ўзбекистонда Раҳимов бир вақтлар Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти бўлган (ҳозир бу лавозимни Абдувалиев эгаллаб турибди), айни пайтда эса у Профессионал бокс федерацияси (ПБФ) вице-президентидир.

Айни рутбасида у бир неча ҳафта бурун, жаҳон бокс афсонаси Майк Тайсон иштирокида Тошкентда ўтказилган бокс турнирида Шавкат Мирзиёевнинг ўғли Миралишер ҳамда куёви, ПБФ президенти Отабек Умаровлар ёнида суратга тушди.

Ўзбек ҳукуматининг уюшган жиноятчиликка қарши ушбу кампанияси Каримов 1990-йилларда бошлаган кампанияни эслатади.

Айни чоғда унинг яқинда қўшни Қирғизистонда бўлган воқеалар билан ҳам ўхшаш жиҳатлари бор.

2020 йилда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев “ҳурматли бандитлар”га мурожаатида уларга жазодан холи юрган кунлари тугаганини эслатиб кулгига қолган эди.

У кезлар уюшган жиноятчиликка қарши кураш ғояси хаёлотдек туюлар, “Ташиев билан президент Садир Жапаров ҳокимиятга криминал тузилмалар ёрдами билан келган” деган мазмундаги миш-мишлар фонида бунга ҳеч ким ишонмасди.

Бироқ орадан тўрт йил ўтиб Ташиев, афтидан, сўзининг устидан чиқди.

“Биродарлик ҳалқаси” тармоғига алоқадорлиги важидан Раҳимов каби АҚШ санкцияларига учраган Коля Қирғиз лақабли Қамчибек Колбаев 4 октябр куни махсус хизматларнинг Бишкек марказидаги операцияси чоғида отиб ташланди.

Кейинги кунларда қўлга олинган сони ортиб борди, боз устига махсус хизматлар нафақат муҳтамал мафиячиларни, балки криминал олам билан олди-берди қилишда гумон қилинаётган тадбиркорларни ҳам ушлади.

"Биродарлик ҳалқаси" ва президентнинг кенжа куёвини нима бирлаштиради?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:40 0:00

Ушбу хабарлар билан баравар қатор видеороликлар ҳам эълон қилиндики, уларда жиноят оламининг муҳтамал арбоблари “ўғрилар йўли ва криминал тушунчалар”ни қатъиян рад этиб, ҳукуматга садоқат изҳор этдилар.

Бироқ, ўзбек эксперти Илҳомов каби, қирғизистонлик сиёсий таҳлилчи ва журналист Борубек Кудаяров ҳам, ўз таъбирича, Қирғизистонда тасаввур қилиш мумкин бўлган барча даражаларда сиёсатни ва одил судловни коррупциялаштирган уюшган жиноятчилик устидан ғалабани нишонлашга ҳали жуда эрта, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, жиноий гуруҳларнинг сиёсатга таъсири яққоллиги (Колбаевни баъзан зиёфатларда, сиёсатчилар даврасида кўришарди) мамлакат раҳбариятини “вазиятни ўнглаш” учун энг катта нишонни йўқ қилишга мажбур этган бўлиши мумкин.

“Жапаров билан Ташиев уюшган жиноятчиликни таг-туги билан қуритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган деб ўйламайман, – таъкидлайди Кудаяров Озодликка берган интервьюсида. – Катта эҳтимол билан улар бошқача юриш-туриш қоидаларини яратишмоқда, масалан, уюшган жиноятчилик сақланиб қолган, аммо унинг таъсири минимумга туширилиб, лидерлари панада юрадиган Қозоғистон тажрибасини олган бўлсалар ажаб эмас”.

Форум

XS
SM
MD
LG