Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:54

Олий суд мулозими пора олишда гумонланиб ушланди. У "оқлов ҳукми чиқаришга ваъда берган" - манбалар


Олий суд Пленуми мажлиси. Раислик қилувчи - Олий суд раиси Бахтиëр Ислaмов.
Олий суд Пленуми мажлиси. Раислик қилувчи - Олий суд раиси Бахтиëр Ислaмов.

Фарғона вилоят суди мустақил блогер Олимжон Ҳайдаровни товламачилик айби билан 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиши арафасида Ўзбекистон Олий судининг юқори мартабали мулозими катта миқдорда пора олишда гумонланиб ушлангани ўртага чиқмоқда.

Ҳибсга олиш тафсилотларидан хабардор манбаларнинг Озодликка айтишича, 30 ноябрь куни Тошкентнинг Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Олий суд катта консультанти Умид Фахриддиновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида ажрим чиқарган.

28 ноябрь куни ДХХ ходимлари томонидан "10 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда" ушланган собиқ мулозим ҳозирда "Гвардейский" номи билан билинган Тошкентдаги ДХХ тергов изоляторида сақланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон ҳуқуқ ва адлия тизимида ишловчи бир-биридан мустақил уч манба хабар қилди. Айтилишича¸ Фахриддинов "10 минг АҚШ доллари" эвазига иши Олий судда кўрилаëтган шахсга “оқлов ҳукми” ваъда қилган.

Собиқ мулозимга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211 (Пора бериш) моддалари бўйича жиноят иши очилган.

Адлия тизимидаги Озодлик гаплашган манбалар Фахриддинов порани Олий суд судьяларидан бирига “муаммони ҳал қилиш эвазига узатиши керак бўлган"ини иддао қилди.

Манбаларнинг иддаосига кўра, собиқ мулозим ҳозирда ҳайъат аъзолари¸ хусусан ҳайъат раисига қарши кўрсатма беряпти.

"Фахриддиновга қўйилаëтган айбларга эътибор берсангиз¸ унинг бу жараëнда воситачи бўлганига ишора бор. Хусусан¸ у пора олиш эмас¸ балки пора беришда айбланяпти. У судлов қарорини чиқариш ваколатига эга бўлган мулозим эмас. “Оқлов ҳукми” ваъдаси билан пора олиш ҳам бу пулларнинг бошқа одамга аталганига ишора. Асосий савол¸ бу пора кимга берилиши керак бўлган ва у жиноий жавобгарликка тортиладими?Бу воқеа ортидан ҳайъат раиси “таътилга чиқиш”ни сўраб ариза ëзган. Олий суд раиси Исломов эса уч кундан буëн Қашқадарëда сафарда”, деди Озодликка номини очиқламаслик шарти билан гапирган Ўзбекистон адлия тизими мулозими.

Озодлик воқеа тафсилотларига ойдинлик киритишни сўраб Олий суд матбуот хизматига мурожаат қилди. Мурожаат жавобсиз қолдирилди.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай ИИВ¸ МХХ¸ Бош прокуратуранинг юқори даражали раҳбарлари қамоққа олинган ва улар оғир жиноятларда айбланиб¸ умрбод ëки узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган эди. Улар орасида Олий суд раисининг собиқ ўринбосари — Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Баҳодир Деҳқонов ҳам бор.

2019 йил февралида хизмат хонасида ҳибсга олинган Деҳқонов¸ 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. У Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг жиноий жавобгарликка тортилган энг юқори даражали суд мулозимидир.

2017 йил 22 декабрида Ўзбекистон Олий Мажлиси иккала палатаси олдида президент сифатида қилган биринчи йиллик Мурожаатида Шавкат Мирзиëев “энг катта вабо судларда” деган ва тизимни ислоҳ қилишга ваъда берган эди.

Суд тизимини ислоҳ қилиш иддаоси билан 2017 йили Ўзбекистонда Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Унга суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиш ва судьялар корпусини шакллантириш ваколати берилди.

2018 йил январида Мирзиëев қарори билан Олий мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил қилинди.

Форум

XS
SM
MD
LG