Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:54

Франциядан депортация қилинган ўзбек Фарғона ИИБда тергов қилинмоқда


39 яшар Муҳсинжон Аҳмедов (ўнгдан биринчи)Қўқон шаҳар ИИБ биносига олиб кирилмоқда. (15 ноябрь, 2023, AHRCA)
39 яшар Муҳсинжон Аҳмедов (ўнгдан биринчи)Қўқон шаҳар ИИБ биносига олиб кирилмоқда. (15 ноябрь, 2023, AHRCA)

Ўтган ҳафта Франциядан Ўзбекистонга депортация қилинган Муҳсинжон Аҳмедов Фарғона шаҳар ИИБда тергов қилинмоқда.

Ўзбекистонда диний экстремизмда айбланиб қидирувга берилган 39 яшар Аҳмедов 2020 йил апрелида Францияда юз берган ёнғинда бир кекса французнинг ҳаётини қутқариб қолиши ортидан француз матбуотида қаҳрамонга айланганди.

Франциянинг Монтеро шаҳри фахрий медали билан тақдирланган ўзбекистонликнинг бошпана сўровини минглаб французлар қўллаб-қувватлашган, аммо охирги дақиқагача давом этган петиция француз миграция расмийларининг Аҳмедовни депортация қилиш қарорини ўзгартира олмади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ватанида диний-сиёсий мотивлар билан айбланган Аҳмедовнинг 14 ноябрь куни Франциядан қийноқ қўлланадиган Ўзбекистонга қайтарилишини халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши, дея қоралашмоқда.

14 ноябрь куни Франциядан Ўзбекистонга депортация қилинган 39 яшар Муҳсинжон Аҳмедовнинг онаси Ҳакимахон Юнусалиева ҳалигача ўғли билан кўриша олмаганини айтмоқда.

Унга кўра, 15 ноябрь куни Тошкент аэропортига тушиши билан ўғлининг қўлига кишан солиб, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар ИИБга олиб боришган:

"15 ноябрь куни эрталаб қўл телефонимга қўнғироқ бўлди. Олсам ўғлим экан: "Мен аэропортдаман аяжон. Мендан хавотир олманг, яхшиман" деди. Кейин бир нотаниш телефондан биттаси қўнғироқ қилиб: "Ўғлингиз Қўқонга кетяпти хола, Тошкентга келиб овора бўлманг экан", деб телефонни қўйиб қўйди. Қўқондаги ИИБга бориб кутдим, қўлига кишан солиб олиб келишди. Мен узоқдан кўриб, олдига бордим, лекин гаплаштиришмади. "Холажон, мумкинмас" дейишди, ўғлимни ичкарига олиб кириб кетишди".

Диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ қатор оғир жиноятларда айбланган Муҳсинжон Аҳмедов - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Франциядан Ўзбекистонга депортация қилинган Озоликка маълум илк қочқин.

Муҳсинжон Аҳмедов 2019 йилдан буён Францияда яшаётган ва бу давлатдан бошпана сўраган эди. Озодликка муқаддам берган интервьюсида у Ўзбекистонни нега тарк этганини сўзлаб берган:

“Ёз эди. Рўза. Соат эрталабки 5 да 3 та мелиса келди. Тинтувга ҳужжат йўқ. Тинтувда ҳеч нарса чиқмади. Олиб кетишди, қийнашди. 3 кундан кейин қўйворганда, ҳамма ёғи тоза деб экспертиза беришди”.

Иддао қилишича, ҳибсдан чиққач Муҳсинжон қийноққа солинганидан шикоят қилиб ИИВ, Омбудсман, ДХХ ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилган.

Асли уй жиҳозлари ясовчи ҳунарманд уста эканини айтган Аҳмедов, қисқа муддатли ҳибс ортидан 2016 йилда Ўзбекистонда ноқонуний айбловлар билан қидирувга берилганини даъво қилганди:

“Шунинг учун ўч олиш ниятида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари, ундан ўч олиш учун янада катта жиноятларни бўйнимга илишди. Мен айбловни бўйнимга олмайман, мен ҳеч нарса қилмаганман. Ҳунарманд, ишда бўлсам. Мен устидан ёзганимга террорчи қилиб қўйишди”.

Муҳсинжон Аҳмедовга 2016 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-модда 3-қисми, 244-1-моддаси 1-қисми, 244-2-моддаси, 246-модда 1-қисми ва 246-модда 2-қисми билан терроризм, тақиқланган диний ташкилотларга аъзолик ва контрабанда билан боғлиқ айбловлар қўйилган, қидирувга берилган.

Озодликда Аҳмедовга нисбатан илгари сурилган бу айбловларни мустақил равишда тасдиқловчи ёки инкор қилувчи маълумотлар йўқ.

Муҳсинжон Аҳмедов Францияда ҳам устачилик қилган, оиласи унинг иш вақтида олинган видеоларини Озодликка тақдим қилди. Бундан ташқари, у Францияда қаҳрамон сифатида ҳам матбуот тилига тушди.

2020 йил апрелида Франциянинг Ил-де Франс минтақасидаги Монтеро шаҳрида содир бўлган кучли ёнғинда, яна 3 қочқин билан бирга у, бир кексанинг ҳаётини сақлаб қолди.

Бу воқеа ўша пайтда Франция матбуотида катта шов-шув бўди. 4 қаҳрамонга Монтеро мэри Жэймс Шэрон “Монтеро фахрий медали”ни ҳам тақдим қилди.
Бу 4 қочқинга сиёсий бошпана бериш сўрови билан эълон қилинган петицияни қарийб 30 мингга яқин одам имзолади.

Орадан бир йил ўтиб, Аҳмедовнинг кутилмаганда Ўзбекистонга депортация қилиниши, унинг ҳимояси билан шуғулланган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаевага кўра, халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилишидир.

Атаеванинг айтишича, Аҳмедовни ватанига қайтармаслик ҳақида Европа судининг 2 та қарори бор. Ушбу қарорларга Ўзбекистонда ҳануз маҳбусларга қийноқ қўлланилиши асос сифатида келтирилган.

Надежда Атаева ҳозирда Францияда бошпана сўрови рад этилган ва тақдири мавҳум қолаётган Муҳсинжон Аҳмедов каби бошқа диндор қочқинлар борлигини айтади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги йилларда Франция ҳукумати постсовет давлатлари, Осиё ва Африка қитъасидан бориб, бошпана сўраётган муҳожирларга нисбатан ўта кескин муносабатда бўлмоқда.

Булар орасида бошпана сўрови қондирилганлар йилдан-йилга озаймоқда, аксинча ими-жимида юртига депортация қилинганлар сони кўпаймоқда.

Хориждаги ўзбекистонлик муҳожир ва сиёсий қочқинлар тақдирини кузатаётган ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги пайтларда ҳимоя излаган ўзбекларни юртига қайтариш амалиёти Европанинг бошқа давлатларида ҳам кўпайган.

Юртига қайтарилган диндорларнинг аксари, аэропортданоқ ҳибсга олиниши кузатилади.

Ўзбекистонни қарийб 30 йил бошқарган Ислом Каримов даврида диний-сиёсий мотивларда айбланиб, қидирувга берилган ўзбекистонлик кўп бўлди ва уларнинг аксари ҳануз хорижда, кўпроқ Европа давлатларида.

Бундай фуқаролар одатан, Жиноят кодексининг терроризм, давлат тузумини ағдариш, тақиқланган диний ташкилотларга аъзолик, контрабанда, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинади.

Уларга нисбатан очилган жиноят ишлари ҳануз маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг столларида турибди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йилга ҳокимиятга келганидан кейин диний-сиёсий мотивда айбланган ўзбекистонликларнинг кўпчилигини "қора рўйхат"лардан чиқарди.

Президент ўз чиқишларидан бирида “қора рўйхат”га тушган 16 минг киши рўйхатдан чиқарилганини айтганди.

Муҳсинжон Аҳмедовни депортация қилиш қарори Франция президенти Макроннинг Ўзбекистонга ташрифидан икки ҳафта ўтиб юз берди. Макрон Самарқанддаги бизнес-форумда Франция "Мирзиёевнинг стратегиясига ишониши"ни айтган.

Фаолларга кўра, Париж ва Тошкент ўртасидаги стратегик мулоқот фонида, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, судлов тизими, ҳокимиятнинг юқори бўғинларидаги коррупция каби қатор муаммоларга Ғарб ҳукуматлари аста-секин кўз юмаётгани кузатилмоқда.

Стив Свердлов: “Ўзбекистонда диний эркинликлар доираси торайиб бормоқда”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:22:42 0:00

2022 йилнинг февралида Россия Украинага уруш очгач, бу аҳвол янада оғирлашди. Уруш бутун дунё, хусусан Марказий Осиёда ҳам геосиёсий муҳитни тамомила ўзгартириб юборди.

Олий доирадаги сиёсий мулоқотлар ва минтақадаги асл вазиятни кўриб турган жамоатчилик, хусусан, муҳожир ўзбеклар ҳамда ҳуқуқ фаоллари бунинг оқибатларидан хавотирда.

Европадаги фуқаролик жамияти вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари борасида катта ислоҳотларни ваъда қилган президенти Шавкат Мирзиёев, ватанига қайтолмаётган минглаб ўзбекистонлик тақдирини зудлик билан ҳал қилиши лозим, демоқда.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотларда қамоқдан озод қилинган фаоллар ва журналистларни реабилитация қилиш ва уларга компенсация тўлаш масаласини кўтарган, аммо Ўзбекистон Олий суди камида икки нафар фаолнинг реабилитация сўровини рад этгани маълум.

Форум

XS
SM
MD
LG