Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

"Кремль учун қўрқинчли туш". Маҳачқалъа ва Москванинг Ғазодаги уруш бўйича хавфли мувозанати


Маҳачқалъа аэропорти. 29 октябрь, 2023
Маҳачқалъа аэропорти. 29 октябрь, 2023

Асосан мусулмонлар яшайдиган Шимолий Кавказда рўй берган зўравон антисемит намойишлар авторитар президент Владимир Путиннинг Исроил ва экстремистик Ҳамас ўртасидаги урушдан фойдаланиб қолишга уринишидан келиб чиққан ички хатарни кўрсатди.

29 октябрь куни 1000 дан ортиқ одам Доғистон маркази Маҳачқалъа аэропортига бостириб кириб, яҳудийларга қарши шиорлар айтиб, Исроилдан келаётган йўловчиларни шаҳарга киритмасликка уринган. Тартибсизликлар вақтида 20 дан ортиқ киши жароҳатланган, ўнлаб одам ҳибсга олинган, аэропорт эса ёпилган.

Маҳаллий ҳокимият "республика аҳолисини бузғунчи гуруҳлар фитналарига учмасликка ва жамиятда ваҳима қўзғамасликка" чақирди.

Аэропортдаги воқеалар сўнгги кунларда беқарор Шимолий Кавказда рўй берган бир қатор антисемит ҳодисалар орасида энг каттаси бўлди. Унга минтақага яҳудий қочқинлар қабул қилинаётгани ҳақидаги миш-мишлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

ҲАМАС-Исроил уруши: 23-кун | Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига ҳужумларни давом эттирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:14 0:00

Турли Telegram каналлар “қиёфаси Исроил фуқаросига ўхшаган” шахс яшаётгани ҳақида хабар тарқатганидан сўнг 28 октябрь куни Доғистоннинг Хасавюрт шаҳридаги меҳмонхона олдига оломон тўпланганди. Полиция уларнинг айримларига меҳмонхонага киришга рухсат бериб, Исроил фуқаролари йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, кескинликни юмшатган. Кейинроқ меҳмонхонада “Исроил фуқаролари ва яҳудийлар кириши ёки қолиши тақиқланади” деган ёзув ўрнатилди.

Эртаси куни вандаллар Кабардин-Балкар пойтахти Налчик шаҳридаги яҳудий маданият маркази қурилиш майдонига ўт қўйди. Ҳужум натижасида ҳеч ким жабрланмаган бўлса ҳам, улар бино деворига “Яҳудийларга ўлим” шиорини ёзишган. Яҳудий маркази қурилишига қарши онлайн петицияга деярли 20 000 одам имзо чекди.

Маҳачқалъа аэропортидаги тартибсизликларга жавобан Путиннинг матбуот котиби Москвада ҳукумат, қонунчилик ва хавфсизлик идоралари вакилларидан иборат катта гуруҳ учрашуви ўтказилишини эълон қилди. Муҳокама мавзуси: "Ғарб Яқин Шарқдаги воқеалардан Россия жамиятини парчалаш учун фойдаланмоқда".

7 октябрь куни Ҳамас Исроилга ҳужум қилганидан бери, Москва дунё эътибори Украина босқинидан чалғишидан фойдаланмоқда, Исроил ва Эрон билан муносабатларга путур етказмаган ҳолда араб давлатларига кўпроқ ёқишга уринмоқда, дейди таҳлилчилар.

Россия Ҳамаснинг Исроил жанубидаги ҳунрезлигини қоралагани йўқ, аксинча, ўтган ҳафта Москвада Ҳамас делегацияси қабул қилинди ва можарода бир неча бор АҚШ ва Ғарб айбланди. Давлат телевидениеси ва ижтимоий тармоқлардаги кремлпараст тарғиботчилар эса Ҳамас Ғарб Украинага берган қуроллардан фойдаланганини ҳеч бир исботсиз даъво қилмоқда.

Украиналик сиёсий шарҳловчи Виталий Портников Озодлик радиоси Рус хизматига ёзишича, “Россия раҳбарлари [Ҳамас] дан миннатдор бўлиши керак. Эътибор Украинадаги урушдан чалғитилди, АҚШ конгрессменлари ҳужумга учраган икки давлатга ёрдамни бир пакетга бирлаштириш ёки йўқлигини муҳокама қилмоқда. Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги тинчлик жараёни тўхтаб қолди. Жаҳонда нефть нархи кўтарилди. Ғарб ва глобал жануб ўртасидаги тафовут кенгайди ва Ғазодаги можаро давом этар экан, кенгайишда давом этади. Буларнинг барчаси Москванинг Украинадаги босқинини осонлаштиради”.

Қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг Москвадаги собиқ координатори Олег Степановнинг айтишича, Путин “ўзининг шахсий сиёсий манфаатларини инсонийлик ва ахлоқийликдан устун қўймоқда”, Исроил ва Ҳамас ўртасидаги урушда “ўз манфаатини кўзламоқда”.

“Аммо аэропортдаги ҳужум Кремлнинг Исроил-Ҳамас урушига ёндашуви Россия учун ҳам хорижда, ҳам мамлакат ичида “хавф ва заифликлар” борлигини кўрсатди, деб ёзди 30 октябрь куни Х’да Жеймс Мартин номидаги Ядро қуролларини тарқатмаслик бўйича тадқиқот марказининг Берлиндаги таҳлилчиси Ҳанна Нотте.

"Россия сўнгги икки ҳафта ичида Фаластин томонга қаттиқ ён босиб юборганидан кейин Путин энди экканини ўради, – деб ёзган Нотте. – Россия давлати Ғарб билан урушда ("мустамлакачиликка қарши" кураш) фаластинпарастлик кайфиятини қўллаб-қувватлаб, энди муаммо туғдирадиган ички кучларни зўрайтирмоқда."

"Кремль учун қўрқинчли туш"

Расмий Россия дипломатияси Ғазо урушида ўзига хос нейтрал тинчликпарвар ролини сақлаб қолишга интилаётган бўлса ҳам, Россия давлат телевидениеси ва кремлпараст ижтимоий тармоқлар асосан Исроилга қарши мавқеда туради. Бу эса Россиянинг қашшоқ минтақаси Шимолий Кавказда хавфли босимни пайдо қилади, дейди Киевдаги Украина Яқин Шарқ тадқиқотлари уюшмаси директор ўринбосари Сергей Данилов.

“Давлат пропагандаси Исроил ва исроилликларга нисбатан нафратни кучайтирмоқда”, деди Данилов “Настояшчее Время”га берган интервьюсида. “Бунинг бир қисми умуман яҳудийларга, шу жумладан, Россияда яшовчиларга яҳудийларга қарши қаратилган. Пропагандачилар фаластинликлар томонида эканликларини очиқ-ойдин кўрсатишади. Нафақат фаластинликлар, балки Ҳамас томонда. Бу эса нафақат Доғистон, балки бутун Шимолий Кавказни қиздириб юборади."

Даниловнинг айтишича, Путин ҳукумати ва Кремль тайинлаган раҳбарлар минтақадаги "ижтимоий таранглик" кучайиб, ғазабнокликни зўрайтираётганига эътибор қаратмаяпти. “Шимолий Кавказда ижтимоий кескинлик Россиянинг бошқа минтақаларига қараганда юқорироқ, – дейди у. – Шимолий Кавказда кланлар ва этник гуруҳлар ўртасидаги рақобат анча юқори. Бу Ислом масаласи эмас. Гап Шимолий Кавказга хос кескинлик ва муаммолар ҳақида кетмоқда”, дейди у.

Россиялик сиёсатшунос Марк Галеотти 30 октябрь куни The Spectator нашрида чоп этилган мақоласида Шимолий Кавказдаги маҳаллий раҳбарлар “маҳаллий мусулмон кайфиятини бегоналаштириш”дан қочиб, “нозик чизиқдан юришга” ҳаракат қилишаётганини ёзган эди.

Ҳозир Кремль аэропортдаги тартибсизликларни давлат телевидениеси орқали кенг ёритиб, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ишни шахсан назоратга олганини, бу воқеаларга жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатишга уринмоқда. Мусулмонлар Россия аҳолисининг қарийб 10 фоизини ташкил қилгани ва Украинада жанг қилаётган рус қўшинлари орасида улар номутаносиб равишда кўп бўлгани сабабли, Москванинг хавотирлари бежиз эмас.

“Россия Украинада уруш олиб бораётган ва Рамзан Қодировнинг соғлиғи ёмонлиги ҳақидаги миш-мишлар манзарасида Чеченистоннинг келажакдаги барқарорлиги шубҳа остида турган бир пайтда, минтақада янада беқарорлик келиб чиқиши Кремль учун даҳшатли туш бўлади”, деб ёзди Галиотти. “Қодиров Кремль томонидан тайинланган Чеченистон раҳбари. Путин 15 йил давомида бу бўлгинчилик уруши бўлган минтақа устидан назоратни ушлаб туриш учун унга суяниб келган.”

OzodNazar: Исроил-Фаластин зиддияти ечими нимада?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:43 0:00

Полиция минтақанинг асосий шаҳарларидаги синагогалар атрофида хавфсизликни таъминламоқда, деб хабар бермоқда ТАСС давлат ахборот агентлиги.

Россиялик сиёсий шарҳловчи Андрей Гусянинг айтишича, "Доғистондаги вазият бир кечада юзага келгани йўқ" ва "буғнинг чиқиб кетишига рухсат бериш керак эди".

"Улар ҳокимият томонидан рухсат этилган митинг ўтказишлари мумкин эди", деди Гуся Озодлик радиосининг Кавказ.Реалии мухбирига. “Энди бундай тинч вариант имконсиз. Ягона ечим куч билан бостириш”.

Форум

XS
SM
MD
LG