Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:36

Исроил-Фаластин можароси нима ва у қандай бошланган?


7 октябрь куни кутилмаганда Исроилга ҳужум қилган Ҳамас ва Исроил ўртасидаги жанглар 70 йилдан буён давом этиб келаётган тўқнашувларнинг охиргисидир.

ЗИДДИЯТ МАНБАСИ НИМАДА?

Рейтер агентлигининг ёзишича, бу уруш Исроилнинг ўз хавфсизлигини таъминлаш эҳтиёжи ва фаластинликларнинг ўз давлатига эга бўлиш истаги ўртасидаги зиддият натижаси бўлиб қолмоқда.

Исроил асосчиси Дэвид Бен-Гурион 1948 йил 14 майида замонавий Исроил давлати тузилганини эълон қилиб, доимий таъқиб ва қувғинларда яшаган яҳудий халқи учун ўзларининг қадимий ватанларида бошпана яратди.

Фаластинликлар эса Исроилнинг яратилишини ўзларининг давлатчилик орзуларига тўсқинлик қилган “Накба” (фалокат) сифатида кўради.

Шундан кейин юз берган урушда илгари Британия ҳукмронлиги остида бўлган Фаластиннинг ярим араб аҳолиси, яъни 700 000 га яқин фаластинлик ўз уйларини ташлаб, Иордания, Ливан ва Сурияга, шунингдек, Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусга қочган.

АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлмиш Исроил фаластинликларни ўз уйларидан ҳайдаб чиқаргани ҳақидаги даъвони инкор этади ва, аксинча, ташкил этилган куннинг эртасигаёқ беш араб давлати ҳужумига учраганини айтади. 1949 йилги сулҳ битимлари урушни тўхтатди, аммо расман тинчлик бўлмади.

Бугунги кунда ҳам Исроил аҳолисининг тахминан 20% ини араблар ташкил этади.

ШУНДАН КEЙИН ҚАНДАЙ ЙИРИК УРУШЛАР БЎЛДИ?

1967 йилда Исроил Олти кунлик урушни бошлаб, Миср ва Сурияга зарба берди. Ўшандан бери Исроил Ғарбий Соҳилни, Иорданиядан тортиб олинган Шарқий Қуддусни ва Суриянинг Жўлон тепаликларини ишғол қилган.

1973 йилда Миср ва Сурия Сувайш канали ва Жўлон тепаликлари бўйлаб Исроил позицияларига ҳужум қилиб, Ём Кипур урушини бошлади. Исроил иккала давлатнинг қўшинини уч ҳафта ичида орқага суриб ташлади.

Исроил 1982 йилда Ливанга бостириб кирди ва Ёсир Арофат бошчилигидаги минглаб фаластинлик жангчилар 10 ҳафталик қамалдан кейин денгиз орқали эвакуация қилинди. 2006 йилда Ҳизбуллоҳ икки исроиллик аскарни асирга олганида Ливанда яна уруш бошланди ва Исроил бунга жавоб қайтарди.

2005 йилда Исроил 1967 йилда Мисрдан босиб олинган Ғазодан чиқиб кетди. Аммо 2006, 2008, 2012, 2014 ва 2021 йилларда Ғазога Исроилнинг ҳаво рейдлари ва фаластинликларнинг ракета ҳужумлари натижасида нотинчликлар бўлди, баъзан трансчегаравий босқинлар ҳам кузатиларди.

Урушлардан ташқари, 1987-1993 йиллар ва 2000-05 йилларда яна иккита Фаластин интифадаси (қўзғолони) бўлган. Иккинчиси Ҳамаснинг исроилликларга қарши худкуш портлашлари тўлқини билан боғлиқ.

ҲАМАС-Исроил уруши: 5-кун | ҲАМАС - Исроил уруши: Исроилда 1200, Ғазода 950 киши ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:26 0:00

ТИНЧЛИК УЧУН НИМАЛАР ҚИЛИНГАН?

1979 йилда Миср ва Исроил 30 йиллик адоватга барҳам бериб, тинчлик шартномаси имзолади. 1993 йилда Исроил Бош вазири Исҳоқ Рабин ва Арофат Фаластиннинг чекланган мухторияти тўғрисидаги Осло келишувини имзолаганларида қўл бериб кўришдилар. 1994 йилда Исроил Иордания билан тинчлик шартномаси имзолади.

2000 йилда Кемп Девид саммитида президент Билл Клинтон, Исроил Бош вазири Еҳуд Барак ва Арофат якуний тинчлик келишувига эриша олмади.

2002 йилги Араб режасига кўра, Исроил 1967 йилги Яқин Шарқ урушида босиб олган ерларидан бутунлай чиқиб кетса, Фаластин давлати яратилса ва фаластинлик қочқинлар учун “адолатли ечим” бўлса, барча араб давлатлари Исроил билан нормал алоқаларга киришишга рози бўлишди.

Вашингтонда исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги музокаралар муваффақиятсизликка учраган 2014 йилдан бери тинчликка эришиш ҳаракатлари тўхтаб қолди.

Кейинчалик фаластинликлар АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятини бойкот қилди, чунки у 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган ҳудудда Фаластин давлатини яратишга қаратилган икки давлат ечими юзасидан АҚШнинг нақ ўн йиллик сиёсатини бекор қилган эди.

ҲОЗИР ТИНЧЛИК УЧУН САЪЙ-ҲАРАКАТЛАР ҚАЙ АҲВОЛДА?

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Яқин Шарқда "катта келишув"га эришишга ҳаракат қилмоқда, жумладан, Исроил ва Саудия Арабистони ўртасида муносабатларни нормаллаштиришга.

Охирги уруш Ар-Риёд учун, шунингдек, бошқа араб давлатлари, жумладан, Исроил билан тинчлик битимини имзолаган баъзи Форс кўрфази араб давлатлари учун дипломатик жиҳатдан ноқулайлик туғдирмоқда.

OzodNazar: Исроил-Фаластин зиддияти ечими нимада?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:43 0:00

ИСРОИЛ-ФАЛАСТИННИНГ АСОСИЙ МУАММОЛАРИ НИМА?

Икки давлат ечими, яҳудий манзилгоҳлари, Қуддус мақоми ва қочқинлар масалалари.

Икки давлат ечими: Ғарбий соҳилда ва Ғазо секторида Исроил билан бирга фаластинликлар учун давлат яратиш кўзланган келишув. Ҳамас икки давлат ечимини рад этади ва Исроилни йўқ қилишга аҳд қилган. Исроил ўзига таҳдид солмаслиги учун Фаластин давлатини қуролсизлантириш кераклигини айтади.

Яҳудий манзилгоҳлари: Аксарият давлатлар 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган ерларда қурилган яҳудий аҳоли пунктларини ноқонуний деб билади. Исроил буни тан олмайди ва бу ерлар билан тарихий ва Библиядаги алоқаларни келтиради. Бу манзилгоҳларнинг кенгайиши Исроил, Фаластин ва халқаро ҳамжамият ўртасидаги энг баҳсли масалалардан биридир.

Қуддус: Фаластинликлар мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун муқаддас бўлган жойларни ўз ичига олган шарқий Қуддусни ўз давлатларининг пойтахти бўлишини исташади. Исроилнинг айтишича, Қуддус ўзининг "бўлинмас ва абадий" пойтахти бўлиб қолиши керак. Исроилнинг Қуддуснинг шарқий қисмига даъволари халқаро миқёсда тан олинмайди. Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олди, аммо шаҳарда Исроилнинг юрисдикцияси қандай бўлишини белгиламади ва 2018 йилда АҚШ элчихонасини у ерга кўчирди.

Қочқинлар: Бугунги кунда 5,6 миллионга яқин фаластинлик қочқин бор – асосан 1948 йилда қочганларнинг авлодлари – Иордания, Ливан, Сурияда ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида яшайди. Фаластин маъмурияти Ташқи ишлар вазирлигига кўра, рўйхатга олинган қочқинларнинг қарийб ярми фуқаролиги йўқ, уларнинг аксарияти гавжум қочқинлар лагерларида яшайди.

Фаластинликлар узоқ вақтдан бери қочқинлар миллионлаб авлодлари билан бирга ўз жойларига қайтишига рухсат беришни талаб қилиб келади. Исроилнинг айтишича, фаластинлик қочқинлар унинг чегараларидан ташқарида жойлаштирилиши керак.

Форум

XS
SM
MD
LG