10 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил - Болалар Омбудсмани лавозимига Сурайё Раҳмонова номзодини маъқуллаган.
Амалдаги тартибга кўра, Раҳмонова лавозимига киришиши учун Сенат тасдиғидан ўтиши керак бўлади.
Сурайё Раҳмонова бунга қадар Бош прокуратура матбуот котиби, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бошқарма бошлиғи, Судьялар Олий мактабида ишлаган.
Раҳмонова шу йилнинг 14 сентябрида ўз ташаббуси билан истеъфо берган Болалар Омбудсмани Алия Юнусованинг ўрнини эгаллайди.
Алия Юнусова ўз истеъфосини “юзага келган вазият туфайли" деб изоҳлаган, аммо тафсилотларни очиқламаган.
Юнусова ўз фаолияти давомида ўзи билан ҳамкорлик қилган барчага, хусусан, президент Шавкат Мирзиёев ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзаде ва унинг жамоасига миннатдорчилик билдирган.
Юнусованинг истеъфоси болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ қатор шов-шувли ҳодисалар ортидан юз берди.
Журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Алия ЮнусоваЮ жумладан, хоразмлик педофил амалдорлар ишига "ниҳоятда жонкуярлик билан ёндашган".
"Бу борада етимхона қизларини зўрлаган Адлия бошқармаси бошлиғи, Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарини жавобгарликка торттириш бўйича Алия опа кўп ҳаракат қилди. Бош прокуратура, суд раҳбарлари билан мунозарага борди. Аммо натижага эриша олмади” , дейди Абдураҳмон Ташанов.
Ташановга кўра, мазкур ишни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция тартибида кўриб чиқиши жараёнида шу йилнинг августида қўшимча айбловлар билан тўлдиришни сўраб, Хоразм вилояти прокуратурасига бир ойлик муддат билан қайта терговга қайтарган.
Аммо Хоразм вилояти прокуратураси педофилларга нисбатан айбловларни ўзгартиришсиз қолдирган.
Болалар Омбудсмани 2021 йил октябрида таъсис қилинганди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институти вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада кенг кўламли фаолияти олиб бориш, шунингдек, ҳисоботлар тайёрлаш билан шуғулланади.