Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:44

ЭКСКЛЮЗИВ: “Кремлга боғлиқ экан, МОда бирлик бўлмайди”. Мустафо Жамилев


ЭКСКЛЮЗИВ: Мирзиёев. Қрим. Тоштурма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:43 0:00

ЭКСКЛЮЗИВ: Мирзиёев. Қрим. Тоштурма

Қрим татарлари лидери, Украина Олий Радаси депутати Мустафо Жамилев Ўзбекистоннинг бугунги ҳукуматини тоталитар, деб танқид қилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Украинадаги уруш бобида тутган нейтрал позициясини қрим татарларининг “душманлари сирасида туриш” деб баҳолади.

Қрим яриморолида туғилган, Ўзбекистонда улғайган, собиқ совет даврида иттифоққа танилган диссидент Мустафо Жамилев, бугун Ўзбекистонда ўтаётган туркий давлатлар бирлигига оид сиёсий мулоқотлар, Путин бошчилигидаги Кремлдан қўрқув бор экан, фойда бермайди, деган фикрда.

Жамилев ўз миллати тақдирини Ўзбекистонга боғлаган воқеалар, Тоштурмада бошдан кечирганлари, президентлар Шавкат Мирзиёев, Владимир Зеленский ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон сиёсий мулоқотлари ҳамда Россия аннексия қилган Қрим тақдири ҳақида Озодлик саволларига жавоб берди.

Жамилев билан яқинда Украинада сафарда бўлган Барно Анвар Киевда суҳбатлашди.

1944 йилда СССР Вазирлар кенгаши раиси Иосиф Сталин буйруғи билан 150 мингдан ортиқ қрим татари Қрим яриморолидан Ўзбекистонга сургун қилинди.
Булар орасида қрим татарларининг бугунги лидери, Тоштурмада энг узоқ очлик эълон қилган совет диссиденти, 80 яшар Мустафо Жамилев бор эди.
Ўшанда Жамилев олти ойлик чақалоқ бўлган. Оч-юпун ҳолда сургун қилинган татарлар жуда қийин шароитда, КГБ назорати остида яшай бошлади.
Мустафо Жамилев эса ёшлигидан ўз миллати учун қайгурган, 1961 йилда эса яширин тарзда "Қрим татарлари ёшларининг иттифоқи"га асос солган.
1966 йилда шўро армиясида хизмат қилишдан бош тортгани учун 1 ярим йилга Тоштурмага ташланган.
1969 йилда илк бор ташкил этилган "СССРда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ташаббус гуруҳи" таъсисчиси бўлган, бунинг учун яна 3 йилга қамалган.
Шу тариқа жами 6 марта қамоққа ташланган. Айнан ўзбек турмаларида энг узоқ - 303 кун очлик қилган маҳкум сифатида тарихга кирган.
Қрим татарлари 1989 йилда - СССРнинг охирги раҳбари Михаил Горбачëв рухсати билан тарихий ватанига қайтишга эришди, Жамилев оиласи билан Қримга кўчди.
1991 йилда у Қрим татарлари Миллий Мажлиси раиси этиб,1998 йилдан Украина парламенти Олий радаси депутати этиб сайланган.
Мустафо Абдулжамил Қримўғли умри давомида Қрим татарлари тарихий ватанини рус босқинидан озод қилиш учун курашмоқда.
2014 йилда Қрим Россия томонидан аннексия қилиб олингач, унинг она ватани Қримга кириши Россия суди ҳукми билан 2034 йилгача тақиқланган.
Жамилев қатор халқаро мукофотларни олган, унинг номзоди Нобел мукофотига ҳам тавсия қилинган.

-------------------------

Озодлик: Ўзбекистон шу кунга қадар Украинадаги уруш масаласида нейтрал позицияни тутиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев эса ҳали бирор марта бу уруш ҳақида баёнот бергани йўқ. Сизнинг Ўзбекистон позициясига муносабатингиз қандай?

"Мирзиёев ҳукумати расман Қрим рус тупроғи бўлганини тан олмаса-да, шундан бери БМТ йиғинида ёки нейтрал қолади, ёки русларни дастаклайди. Агар бизга бундай муносабатда бўлса, бу қандай қардошлик?!"

Мустафо Жамилев: Баёнот бермади, демак мумкин эмас. Қрим оккупация қилинган пайтда Мирзиёев ҳукумати расман Қрим рус тупроғи бўлганини тан олмаса-да, шундан бери БМТ йиғинида ёки нейтрал қолади, ёки русларни дастаклайди. Агар бизга бундай муносабатда бўлса, бу қандай қардошлик?! Ўзбекистон Россияга боғлиқ. 2016 йилда Қирғизистонда бир йиғилиш бўлганди, Европа парламенти ассамблеясининг қочқинлар масаласидаги йиғилиши. Ўшанда мен, ҳозир Украинанинг Мудофаа вазири бўлган Рустам Умеров билан боргандим. Бизни у ерда бир неча соат тўхтатиб туришди ва кейин Рустам Умеровни ичкарига олиб кириб кетишди.

Ўшанда: “Мустафо Жамилевнинг ёрдамчисини қўлга олишди”, деб дунёда шов-шув кўтарилди ва кейин Туркиянинг босими остида уни қўйиб юборишди. Яъни, уларнинг Россияга боғлиқлиги бор. Президент Зеленский шу йил 7 апрелда ифтор берди, мусулмон аскарларига, асосан қрим татарлар аскарлари эди. У ерда Зеленский гапирди, мен гапирдим. У ерда барча элчилар бор эди. Мен ўшанда: “Бизнинг энг оғир пайтларимизда қўллаган барча давлатлар, булар орасида баъзи мусулмон ўлкалардан миннатдормиз.

Аммо, ҳақ гапни айтадиган бўлсам, бундан кўпроқ дастак кутгандик. Мен оддий мусулмонман, ислом қонунларини жуда яхши билмайман. Аммо, мусулмонларда жиноят ва унинг қурбони, тўғри ва ёлғон орасида тарафсизлик, нейтралитет бўлиши мумкинмаслигини биламан. Нега бизнинг давлатимиз ва ўғлонларимизни очиқдан-очиқ ўлдиришаётганда, БМТ резолюция таклиф қилганда - биз дин қардошларимиз, деб кўрган инсонлар нейтрал қолди ёки русларни дастаклади. Бу қандай мусулмонлик?! Афсус, Ўзбекистон булардан бири, дедим.

Озодлик: Зеленский нима деди?

Мустафо Жамилев: Зеленский: “Сиз шунақа гапларни айтяпсизки, аслида мен айтишим керак, лекин президент сифатида мен бундай қилолмайман”, деди.
Озодлик: Сиз энди Зеленскийга маслаҳатчисиз, яқиндан гаплашасиз. Унинг бугунги Ўзбекистон ҳақида, Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бугунги ҳокимияти ҳақида қарашлари қанақа?

Мустафо Жамилев: Ўзбекистон билан муносабатларимиз бор, тижоратимиз бор, оз бўлса-да. Бизга шундай қилдингиз, дея уларни ўзимиздан узоқ тутмаймиз, албатта. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон давлат ва бу давлатни сақлашга ҳаракат қилишмоқда. Аммо, бизни қўллаган Европа давлатларидан Ўзбекистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг фарқи бор, албатта. Яъни, булар ёрдам сўрасак, ҳақиқатан бизга ёрдам беришади, аммо улар тарафидан бундай дастак йўқ.

Яқинда туркий давлатлар бирлигига бағишланган бир онлайн музокара бўлди. Туркиядаги ташкилотлар ва баъзи Европа давлатларидан вакиллар иштирок этишди. Мустақил турк давлатлари бирлиги масалалари бўйича. Мен айтдимки: “Бу давлатлар том маънода мустақил бўлмагунча, том маънода демократик давлат бўлмагунча, бундай бирликлардан ҳеч бир фойда бўлмайди. Мисол учун, бизнинг оғир давримизда қардош деганларимиз қандай ҳаракат қилишяпти?! Ишқилиб, Путиннинг жаҳли чиқмасин, дейишяпти. Бу қандай қардошлик?!” дедим.

Озодлик: Президент Зеленскийда Кремлнинг Ўзбекистонга босими, Россиядаги миллионлаб ўзбек муҳожирлари ва собиқ совет ўлка бўлгани боис Россия назоратида остида қолаётганидан ўзбекларнинг, гўёки жим туришга мажбур бўлаётганига тушуниш билан ёндашиш борми?

Мустафо Жамилев: Йўқ, Зеленский бунақа гап айтмаган. Аммо Украинада давлат стратегияси миллатларни қўллаш, ёрдам беришга қаратилган. Ингушлар делегацияси келди, улардан аввал чеченлар келишди. Ҳар бир миллий жумҳуриятларнинг ўз мустақил ҳаракатлари бор. Биз уларни қўллаймиз. Яқинда чечен ҳалқига нисбатан геноцид бўлганини тан олди, ингушларни ҳам тан оламиз. Чеченистонни ноқонуний босиб олинган ҳудуд, деб тан олмоқчимиз, ундан кейин Ингушетияни. Ундан кейин ёқутлар бор, бурятлар бор ва албатта, том маънодаги демократия ва мустақилликни истаган ўзбекларни ҳам ҳар доим қўллаймиз.

Озодлик: Қрим татарларининг Украинадаги вазиятга келадиган бўлсак. Афсуски Қрим Россия томонидан аннексия қилинган. Сиз Қримнинг келажагини қандай кўрасиз?

Мустафо Жамилев: Бу мавзуда биз Зеленский билан кўп гаплашганмиз. 23 август куни онлайн Қрим платформаси бўлди, 66 давлат президенти ва бош вазири қатнашди. Ўша ерда мен айтдим: “Украинанинг Қрим масаласида кўп хатолари бўлди. 1991 йилда, совет иттифоқи тарқалмасдан олдин референдум бўлди. Қрим татарлари Ўзбекистонда сургунда бўлиб турган пайтда, Қримда бизнинг инсонлар оз эди. Бизнинг ватанимиз статуси бўйича Россиядан келтирилган одамлар қарор берди ва Қрим совет социалистик жумҳурияти қурилди. Ўшанда бизнинг сўзимизни тингламадингиз, Қрим татар жумҳурияти ўрнига рус жумҳурияти қурилди. Шунинг билан, 2014 йилда Россиянинг Қримни ишғол қилишини қулайлаштирдингиз. Россия юзда-юз Қримни босиб олмасди, деёлмайман. Аммо, буни қилиш жуда қийин бўларди. Чунки, 2014 йилга келиб, Қримдаги бутун ҳокимият рус шовинистлари, махсус хизматлари қўлида эди. Аммо, бундан кейин бу хатоларни ҳисобга олиш керак ва зарур одимларни отиш керак”, дедим.

Биринчи одим отилди, қрим татар халқи маҳаллий халқ ўлароқ тан олинди. Иккинчи ўринда, Қрим татар халқининг Украинадаги мақоми бўйича алоҳида қонун лойиҳаси бор. Биз уни Венеция комиссиясига йўлладик. Учинчи энг оғир иш, Украина Бош қонунининг 10-моддасига Қрим бўйича ўзгартириш киритиш керак. У ерда Қрим татар автоном республикаси, дейишга ҳожат йўқ. У ерга “Бу республика Қрим татар маҳаллий халқининг Украина қонунчилиги доирасида ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминлаш орқали тузилди”, деган жумла киритилиши керак ва яна биз учун энг муҳими, қрим татар тили мақоми Қрим яриморолида давлат тили билан баробар бўлиши керак. Иккита- украин ва қрим татар давлат тили бўлиши керак. Қрим татар ҳалқи вакиллари Олий Рада ва ижро тизимларида 100 фоиздан 33 фоизини ташкил қилиши керак. Бу 33 фоиз бошқа миллатлар ва халқларнинг ўз истакларини диктат қилишига етмайди, аммо ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун етарли механизм бўлади.

Озодлик: Президент Зеленский қандай қарайди бу талабга?

Мустафо Жамилев: Украина давлатида бу борада ҳар хил фикрлар бор. Баъзи ортиқча миллатчилар бор. Улар: “Бу жумҳурият қурилса, сепаратизмга йўл очилади. Унитар давлат бўлсин, жумҳурият бўлмасин”, дейди. Аммо, Зеленский билан инаугурациядан 1 ой ўтгач, алоҳида учрашгандик. Биз ўшанда бу масалани қўйдик ва истакларимизни айтдик. Ўшанда у: “Мен буни қўллайман” деди. Ҳақиқатда ҳам маҳаллий халқлар ҳақидаги қонуннинг қабул қилинишини 30 йиллаб талаб қилдик, аммо Зеленский даврига келиб қабул қилинди.

"Марказий Осиё давлатлари том маънода демократик бўлмагунча, бундай бирлашмалардан фойда кўрмайман. Чунки, улар Путин ва Россияга қарши иш қилмайди".

Озодлик: Қрим татарларининг алоҳида жумҳурияти бўлиши у ерда Россиянинг янада кучли агрессиясига йўл очмайдими?

Мустафо Жамилев: Йўқ. Аксинча, агар 2014 йилда у ерда Қрим татар жумҳурияти бўлсайди, у ердагилар “Биз Россияга қўшиламиз”, деб овоз берармиди? Бермасди.

Озодлик: Сизнинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ҳам алоқаларингиз яхши. Ҳозир Эрдўғон Марказий Осиё республикаларида турк давлатлар бирлигини қуриш каби ташаббус билан чиқди, саммитлар бўлди Самарқандда. Туркий давлатлар ташкилотининг келажагига қандай қарайсиз?

Мустафо Жамилев: Ҳали айтганимдай, бу давлатлар том маънода демократик бўлмагунча, бундай бирлашмалардан фойда кўрмайман. Чунки, улар Путин ва Россияга қарши иш қилмайди.

Озодлик: Лекин, айни пайтда, Эрдўғон Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари ташаббусчиси бўлиб чиқмоқда?

Мустафо Жамилев: Бу масалада мен Эрдўғоннинг ўзига ҳам айтдим, унинг маслаҳатчиларига ҳам айтдим: “Бизга ҳозир тинчлик учун ташаббус ва орачи керакмас, биз руслар билан бир столга ўтирмаймиз. Улар бизнинг тупроқлардан чиқмагунча, Путин иқтидорда қоларкан, ҳеч қандай музокара бўлмайди”. Бу қонун билан тақиқланган, президентнинг фармони бор. “Ўт очиш тўхтасин, одамлар ўлмасин”, дейишяпти. Хўп, қандай қилиб келишамиз бугунги шароитда?! Сиз аввал тупроқларимиздан чиқинг, кейин музокарага ўтирайлик!

Озодлик: Бу мураккаб вазият қандай натижа билан тугаши мумкин, сизнингча?

Мустафо Жамилев: Биз аслида Қрим яримороли ва бутун Донбассдан уларни дипломатик йўл билан чиқаришга кўп уриндик, бўлмади. Бундан кейин ҳам бўлмайди. Аммо, рус аскарларининг ваҳший ҳаракатлари, тинч аҳолимизни оммавий ўлдиришларидан кейин музокара бўлмайди, деган қарор чиқди. Шунинг учун бундай ташаббусларни биз қабул қилмаймиз.

Озодлик: Ҳозир Европа давлатларида, ҳар ҳолда халқида сўнгги бир ярим йил ичида ёрдам бериш ортидан зўриқиш, қаршилик кузатилмоқда. Бундай ёрдам қанча давом этиши мумкин, Украина Россияга қарши яна қанча туриб бера олиши мумкин сизнингча?

Мустафо Жамилев: Аслида қарши чиққанлар бўлди. Дипломатлар билан гаплашганимизда шу масаладаги хавотирларни билдирганимда, улар: “Бундай овозлар доим бўлган. Лекин ёрдамни давом этяпмиз-ку?! Бундан кейин ҳам бундай овозлар чиқиши мумкин”, дейишади. Шу боис, бу борада қаттиқ хавотиримиз йўқ. Ҳатто, Трамп ҳам ақлга зид гаплар айтди: “Президент бўлсам, Қримни Россияга берган бўлардим, шу билан урушни тўхтатган бўлардим”, деб. Ҳой, Қримни кимга беряпсиз, ўрнига Калифорнияни беринг! Қайси ҳақ билан бизнинг тупроғимиз устида савдо қиляпсиз?!

Озодлик: Ўзбекистондан келаётган қрим татарлари ҳали ҳам борми?

Мустафо Жамилев: Жуда оз, жуда оз. Аксинча, кейинги 10 йилдан бери Қримдан татарлар чиқиб кетяпти. Тахминимизча, 30 минг татар Украина тупроқларини тарк этди. Бу катта рақаммасдир, аммо қрим татар халқининг 100 дан 10 фоизи дегани бу. Аммо, бу давом этяпти. Биз уларга: “Илтимос, ватанни тарк этманг, шунча йил курашдик у ерни қайтариш учун”, деяпмиз. Аммо, улар ҳам ҳақли равишда бизга эътироз билдиряпти: “Сиз Киевда тинчликда ўтириб бизга қол, деяпсиз. Аммо эртага келиб бизнинг болаларимизни ўлимга юборишсачи”, дейишяпти. Улар ҳам ҳақли. Имкони бўлган кўплаб ёшларимиз турли ўлкаларга кетишди. Туркияда минглаб, Европа ўлкаларида ҳам кўп. Бу ҳол ҳалқимизнинг сочилиб кетишига олиб келди.

Озодлик: Бу уруш бир кун битади. Энди урушдан кейин Украинани тиклаш керак бўлади. Урушдан кейин, аксар тахминларга кўра, Россия қийин иқтисодий аҳволда қолади, санкциялар остида. Украинага эса инвестиция келади ва Россиядаги муҳожирлар оқими Украинага йўналиши кутиляпти. Ҳозир, Ўзбекистон ва Украина ўртасида шундай сўзлашувлар бошландими?

Мустафо Жамилев: Йўқ, бу масаладан ҳеч хабарим йўқ. Аслида Ўзбекистон масаласи ўртага чиқмайди, одатан. Ҳар хил дипломатик тадбирларда Ўзбекистон элчиси билан кўришамиз. Аммо совуқ кўришув бўлади. Чунки, бизнинг вазиятимизда уларнинг тарафсиз қолиши – бизга душманлар сафида тургандай бир гап.

Озодлик: Сиз ўзингиз бу борада келажакни қандай кўрасиз, ўзбекистонликларнинг Украинани тиклашда иштироки қандай бўлади?

Мустафо Жамилев: Биринчидан, Россия бугунги чегараларида қолмайди, тахминимизга кўра. Агар ютқазса, дезинтеграция бўлади. Кўп ўлкалар буни кутишяпти. Кремл ҳам буни тушуниб турибди. Бундан ташқари, агар президентимизнинг 10 моддали талаби қабул қилинса - унда Халқаро суд қилиш ҳам бор, триллионлаб доллар товон пули ундириш ҳам бор – у ҳолда Россиянинг газ ва нефтдан олган даромади товон пулини тўлашга кетади. Охир-оқибатда, бугун Путинга шон-шарафлар, деяётган одамлар чўнтагидаги пулни беришига тўғри келади. Ҳозир буни тушунишмаяпти, лекин вақти келиб кўришади. Кундан кунга Россиянинг қарзи ортяпти, буни биз ва Европа ҳисоб-китоб қиляпти. Шу маънода, урушдан кейин Украинага катта сармоя киради, чунки демократик ўлка сифатида бутун дунё эътиборини қозонди.

Озодлик: Ўзбекистонга охирги марта қачон боргандингиз, яна боргингиз келадими?

Мустафо Жамилев: Менинг Ўзбекистонга оид хотираларим Тошкент турмаси билан боғлиқ. Мен 1989 йилда бу давлатдан чиқдим ва қайтиб бормадим. Агар демократик ўлка бўлса, борган бўлардим. Аммо, бугунги режим бор экан, қийин.

Озодлик: Тоштурмада қандай муносабатда бўлишган?

Мустафо Жамилев: Биринчи марта, талабаликдан қувишди ва мени совет армиясига олишмоқчи бўлишди. Ўшанда мен военкоматга бориб: “Мени ишончсиз одам, деб университетдан қувдингиз, аммо энди бу ишониб бўлмайдиган одам қўлига қурол бермоқчисиз, мантиғингизни тушунмаяпман”, дедим. “Ким сизга қурол берамиз деди, белкурак берамиз”, дейишди. “Автомат бўлса борардим, лекин белкуракка розимасман”, дедим. Унда рад этганингиз ҳақида ёзиб беринг, дейишди.

“Совет армиясида хизмат қилишдан бош тортаман. Чунки, бу армия совет давтлатини - ватанни ташқи душмандан ҳимоя қилиш учун тузилган. Менинг эса ватаним йўқ, уни мендан совет ҳукумати тортиб олди”.

Мен эса: “Совет армиясида хизмат қилишдан бош тортаман. Чунки, бу армия совет давтлатини - ватанни ташқи душмандан ҳимоя қилиш учун тузилган. Менинг эса ватаним йўқ, уни мендан совет ҳукумати тортиб олди”, деб ёзиб бердим. Ўшанда биринчи марта бир ярим йилга қамалдим. Аммо, у пайтдаги Жиноят кодексида 191-модда бор эди - совет тузумига туҳмат ва ички ҳамда ташқи сиёсатига путур етказувчи материалларни тузиш, деган айблов билан кейинги маҳкамаларнинг асосий қисми Ўзбекистонда бўлди.

Озодлик: Демак, Ўзбекистондан асосан оғир хотиралар қолган?

Мустафо Жамилев: Оғир хотираларгина эмас, порлоқ хотиралар ҳам бор. У ерда дўстларим кўп, болалик йилларим ўтди. Биз ўзбек қишлоғида эдик, мен топ-тоза ўзбек тилида гаплашардим. Русча бир неча сўз билардим - салом, хайр ва озгина сўкинишни билардим.

Озодлик: Уйда ўзбекча овқатларни пиширасизми, бўш вақтларингизда?

Мустафо Жамилев: Уйимизда палов кўп, манти кўп пиширилади. Аслида палов, манти бизнинг миллий ошхонамизга кирди, давом эттиряпмиз. Лағмон бор, гарчи бу уйғур таоми.

Озодлик: Бир кун келиб, Қрим алоҳида жумҳурият бўлса, Ўзбекистон билан алоқалари қанақа бўлади?

Мустафо Жамилев: Иншааллоҳ, жуда яхши бўлади. Биз неча йиллар давомида Ўзбекистонда меҳмон бўлдик, нонини едик. У ерда бизнинг қариндошлар, миллатдошларимиз бор. Алоқаларни жонлантиришга ҳаракат қиламиз албатта. Аммо у ерда режим ўзгариши керак. Агар ҳозиргидай тоталитар бўлиб қолса, қийин бўлади.

Озодлик: Ҳозир мудофаа вазири бўлган Рустам Умеровнинг Ўзбекистон ҳақида фикри қанақа? Ўзбекистон билан ҳамкорлик тарафдорими?

Мустафо Жамилев: Рустам Умеров бизнесмен эди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда бир неча фирмалари бор эди. Аммо, Рустам шунақа одамки, бунақалар дунёда кам. Рустамнинг дунёнинг турли давлатларида алоқалари кўп. Уруш бошланганидан кейин ўша алоқалари воситасида Украинага ёрдам келтирди. Бир куни 23 миллионми-26 миллион доллармикин, шартномага эришибди, аммо бюджетда пул йўқ. Ўзбекистон ва Қозоғистондаги фирмаларини шартта сотиб, пулига қурол олиб, давлатга берди. Бунақа одамлар кам. Аммо, ҳеч қаерда бу ҳақда матбуотга гапирмади, гапирмайди, у шунақа одам.

Озодлик: Украинани она ватаним, деб ҳисоблайди демак. Самарқандни эслайдими?

Мустафо Жамилев: Самарқандни эслайди. Аммо, Украина... Биз жуда яхши тушунамизки, агар биз бу урушда ютқизсак - Қрим руслар қўлида қолса - халқимиз учун ҳеч қандай келажак йўқ. Ё Қримни тарк этади, ёки руслашиб миллат ўлароқ ер юзидан йўқ бўлади. Шунинг учун қўлимизда борини давлатга берамиз!

Форум

XS
SM
MD
LG