Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

Тергов изоляторидан яна бир гумондорнинг жасади чиқди. ИИВ қийноқ қўлланганини рад этмоқда


Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.

Шу йилнинг 13 августига ўтар кечаси Тошкент шаҳар ИИББ тергов изоляторидан яна бир гумондорнинг жасади чиқди.

Расмий маълумотга кўра, 33 яшар Д.У. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (“Одам ўғирлаш”), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (“Товламачилик”) ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик”)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланган.

Ижтимоий тармоқларда марҳумнинг жасади ва яқинларининг кўздан кечираётгани акс этган видеода марҳумнинг танасида қорайган, кўкарган жойларни кўриш мумкин.

Марҳумнинг яқинларига кўра, у 12 август куни соат 21.30 лар атрофида ўз яшаш хонадонидан Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб кетилган ва унинг жасади 14 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳар моргига берилган.

Сурат баъзи кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин.
Тармоқларда тарқалган видеода марҳумнинг танасида қорайган ва кўкарган жойларни кўриш мумкин.
Тармоқларда тарқалган видеода марҳумнинг танасида қорайган ва кўкарган жойларни кўриш мумкин.
Сурат таъбни хира қилиши мумкин – Кўрсатиш учун тугмани босинг
Тармоқларда тарқалган видеода марҳумнинг танасида қорайган ва кўкарган жойларни кўриш мумкин.

Айрим ижтимоий тармоқ фаоллари марҳумнинг яқинларига таяниб ҳозирда гумондорнинг ушлаб кетилиши ва сўроқ жараёни акс этган видеоёзувларни йўқотишга уринишлар бўлаётганини иддао қилмоқда.

ИИВ қийноқ қўлланганини рад этишга уринди

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Тошкент шаҳри ҳудудида ўта оғир турдаги жиноятларни содир этган уюшган жиноий гуруҳнинг жиноий фаолиятини фош этиш тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берди.

Пойтахт ИИББ иддаосича, шу йилнинг 29 июл куни соат 22.00 ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси “Биродарлар қабристони” хиёбони олдида 7-8 нафар шахслардан иборат бўлган жиноий гуруҳ 1986 йилда туғилган фуқаро М. Р.ни уриб-дўппослаб, сўнг автоуловга мажбурлаб ўтқазиб, номаълум хонадонга олиб бориб, жабрланувчини мажбуран ушлаб туриб, унга нисбатан куч ишлатган ҳолда пул талаб қилганлар.

Шунингдек, жабрланувчига тазйиқ ўтказган ҳолда, Туркияда бўлган номаълум шахслардан гўёки 860 минг АҚШ доллари миқдорда қарз олганлиги ҳақида мажбурлаб тилхат ёздириб олишган.

“Шунингдек тергов жараёнида аниқланишича, жорий йилнинг июнь ойида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаро М. Р. ни Туркия давлатида бўлган даврда 2 кун давомида эркига зид равишда номаълум хонадонда мажбурлаб ушлаб туриб, жабрланувчига тазйиқ ўтказиш йўли билан ота-онаси номидаги Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган 2 та ҳовлини жиноий гуруҳ аъзолари номига расмийлаштиришга эришганлар”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ баёнотида.

ИИББга кўра, жабрланувчи шахс ушбу жиноий гуруҳнинг тажовузлари ва тазйиқларидан қўрқиб, мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмай келган, бироқ жорий йилнинг 31 июль куни соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, шифохонага “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг яноқ суяги синиши, танасида кўплаб шилинган жароҳатлари” ташхиси билан ётқизилган.

Россиялик инвестор Тошкент ИИББда қийноққа солингани иддао қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:07 0:00

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигида ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида, мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 нафари, яъни 1990 йилда туғилган У. Д. (муқаддам ЖКнинг 164-моддаси (“Босқинчилик”) ва 166-моддаси (“Талончилик”) билан судланган) ҳамда 1991 йилда туғилган Ф. Х. (муқаддам ЖКнинг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) ва 176-моддаси (“Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш”) билан судланган)лар аниқланиб, қўлга олинган. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИБ марҳум У. Д.нинг ўлимини “Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги” билан изоҳлаган. Айни пайтда ИИББ маъҳмурияти марҳумнинг ўлими юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан судга оид тиббий-экспертизанинг энди тайинлаганини билдирган.

Шунингдек, Тошкент ИИББ гумондорнинг ўлими ҳолатини қуйидагича тасвирлайди: “Жорий йилнинг 12 август куни гумонланувчи У. Д. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 224-моддаси асосида баённома расмийлаштириш жараёнида у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтиб, тўсатдан йиқилиб ҳушини йўқотган. Ҳолат бўйича тез-тиббий ёрдам чақиртирилиб, ИИО ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ тез-тиббий ёрдам келгунга қадар У. Д. ҳушига келмай вафот этган”.

Айни пайтда Бош прокуратура матбуот хизмати ҳодиса юзасидан қийноқ факти бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилмоқда.

Бош прокуратура хабарида айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ биносида 13 августга ўтар кечаси вафот этган Д.У.нинг иши юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш зарурати туғилганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 235 (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Озодликнинг Тошкент шаҳар прокуратурасидаги манбаларига кўра, иш юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили М.М ва яна икки нафар шахс қамоққа олинган.

Қийноққа қарши комиссия жим

2021 йил июнида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили қошида Қийноқларга қарши Миллий превентив механизмларни амалга ошириш гуруҳи тузилган.

Гуруҳ зиммасига ҳаракатланиш имкониятлари чекланган ва бошқа жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш, унинг оқибатларини ўрганиш масалалари юклатилган.

Бироқ қийноқлар бўйича ҳаракатлар стратегиясини мувофиқлаштирувчи мазкур ваколатли гуруҳ ҳозирга қадар Тошкент шаҳар ИИББ биносидаги ўлим бўйича муносабатини билдиргани йўқ.

Бундан бир ҳафта аввал гуруҳга бошчилик қилувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили эълон қилган ҳисоботларга кўра, қамоқхоналарда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилганлиги ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 125 та шикоят келиб тушган.


“Ушбу шикоятларнинг 64 фоизи юзасидан ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмаган”, - дейилади ҳисоботда.

Бўкада маҳбуснинг ўлими ва норозилик. ИИБ раҳбарияти ишдан олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:05 0:00


Ҳисоботда айни пайтда қийноқлар бўйича 37 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, саккиз шикоят юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди (Жиноят таркиби мавжуд эмаслиги)га асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг хатига асосан прокурорлар томонидан бекор қилинган.

2021 йилнинг 26 июнь куни президент Мирзиёевнинг "Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни”да қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори эълон қилинган, аммо фаолларга кўра, ўтган вақт мобайнида қийноқлардан ўлим ҳолатлари давом этмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG