Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:43

“Бугун Толмаснинг оғзи ёпилади, эртага Ўлмаснинг...” – тармоқлар Azon.uz'нинг ёпилиши ҳақида


Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишда фаолият юритиб келган Azon.uz таҳририяти барча лойиҳаларини тўхтатди. 5 августдан сайт ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчирилди, онлайн теле ва радиоканал эфирдан олинди.

Azon.uz таъсисчиси Мубашшир Аҳмад Фейсбук саҳифасида лойиҳалар тўхталишининг сабаблари “маъқул топилса кейинроқ маълум қилиниши” ҳақида қисқа пост қолдирди.

2017 йилда фаолият бошлаган лойиҳанинг қўққис ёпилиши, боз устига, бу ҳақда очиқ расмий изоҳ берилмагани хавотирли фаразларни келтириб чиқарди. Бу ҳол Ўзбекистонда таниқли журналист ва блогерларга нисбатан маҳкама жараёнлари кетаётган пайтда юз бергани сўз эркинлигига қарши тенденциянинг давоми ўлароқ қабул қилинди.

“Айрим бақироқ блогер-журналистлар қамалди, минглаб диндорлар жаримага тортилди ёки қамалди, Azon ёпилди. Энди Ўзбекистон ривожланиб кетади! Ура!” дея ҳолатга киноя билан муносабат билдирди журналист Санжар Саид.
“Azon.uz давлат талаблари бўйича ёпилдими? Талаблари қонунийми? Ёки талабларни бажаргандан кўра фаолиятини тўхтатиб қўяқолишни маъқул кўришдими? Ёки бўлмаса фаолияти иқтисодий сабаб билан тўхтадими? Ёки ёпилишига умуман бошқа сабаб борми?” дея саволлар қўйди блогер Зафарбек Солижонов.

“Маълумот берилмаслигининг ўзи бир маълумот”, дея вазиятни изоҳлади таҳлилчи Жамшид Муслимов.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Azon.uz “диний фон ошиб кетяпти” деган сиёсий позиция сабаб ёпилди.

“Эътибор берсангиз, кейинги йилларда деярли барча диний сайтлар-платформалар ёпилди. Виждон ва дин эркинлиги тўғри тушунилмади, тўғри талқин қилинмади. Жамиятнинг диний эҳтиёжлари Ўзбекистонни ичида, ўзида қондирилмас экан, бу чанқоқлик ҳам четга чиқа бошлаган”, деб ёзди у.
Сиёсий эксперт бу кетишда давлат ва жамият ўртасида диний эркинликлар, қадриятлар, эҳтиёжлар борасидаги зиддият кучаяди деган фикрда.

“Ўзбекистонда диний эркинликсиз, эркин, ҳуқуқий ва демократик давлат қуриб бўлмайди. Ўзбекистонда сиёсий қаттиққўллик, совет даврида ҳам, биринчи маъмурият даврида ҳам айнан динга қарши кампаниядан бошланган ва ҳокимият инқирози билан тугаган”, деб хулоса қилди Раббимов.

“Kun.uz” нашри журналисти Илёс Сафаров сўнгги вақтларда Россия Ўзбекистон ахборот сиёсатига фаол таъсир кўрсата бошлаганига эътибор қаратди.
“Ўрмон қоидалари бўйича яшаётгандекмиз, ҳамма ўзи ушлаган, кучи етганни тишлаб олиб кетяпти”, дея маҳаллий медиадаги асабий вазиятга чизги берди журналист.

Блогер Аслиддин Камол тахминича, Azon.uz'нинг “айб”и – Ўзбекистондаги Кремлга сотилган бешинчи колоннани фош қилгани.
“Azon.uz мен яхши кўрадиган ва доимий кузатиб борадиган лойиҳалардан бири эди. Унда бу миллатнинг тарихи, ўзлигини уйғотиш учун кучли олимлар, зиёлиларимиз меҳнат қилишаётган эди. Афсуски, бу миллатга ўзлигини англатиш давлатнинг тепасига чиқиб олган каламушлар учун хавфли туюлган кўринади. Қолаверса, кўплаб сарой муллаларнинг бозори ҳам ўлиб бораётган эди”, деб ёзди блогер.

Ижтимоий тармоқдаги бир гуруҳ фойдаланувчилар “Azon.uz лойиҳаси доирасида эълон қилинган материаллар Ўзбекистон Конституциясида белгиланган дунёвий давлатчилик принципига зид эди” деган фикрни ҳам билдирди.

Бир муддат ушбу сайт бош муҳаррири бўлиб ишлаган Муҳаммад Темур Аъзам эса лойиҳа тўхтатилганидан хурсанд бўлмасликни тавсия қилди.

“Бугун Толмаснинг оғзини ёпганлар эртага Ўлмаснинг ҳам оғзини ёпа олади. Сиз ўзингизга мухолиф бўлганларнинг овози ёпилиб, ўзингиз баланд овозда ҳайқиришни истайсиз. Аммо унутманг, ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баробар ёнади”, деб ёзди журналист.

Таҳлилчи Cардор Салим асосий муаммо сифатида цензура ва босимни эмас, балки ўзбек мусулмон жамоасининг интеллектуал қашшоқлиги, сайт учун сифатли контент бера оладиган нормал муаллифларнинг йўқлигини кўрсатди.
Azon.uz'нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчирилганидан бир неча кун ўтган бўлса-да, ёпиғлиқ қозон ҳамон ёпиғлигича қолмоқда: на ахборот соҳасига масъул Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, на диний соҳада давлат сиёсати юритишга вазифадор Дин ишлари бўйича қўмита муносабат билдирди.

Azon.uz таҳририяти аввал ҳам босим ва таҳдидлар ҳақида хабар берган. Жумладан, 2021 йил февраль ойида нашр таъсисчиси Мубашшир Аҳмад Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев унга яширин рақамдан қўнғироқ қилиб, мақолаларни дарҳол ўчиришни талаб қилгани, куракда турмас сўзлар билан ҳақоратлаганини айтган. Ўша вақтда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси вазифасида ишлаган Комил Алламжонов таҳририятга бўлган босимни “самарасиз”, “Президент Ш.Мирзиёевнинг очиқлик сиёсатига зид” ҳаракат дея қоралаган.

Мирзиёев оиласи ва юқоридаги коррупция - ўзбек матбуоти ҳануз ёзолмаётган мавзулар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:48 0:00

2021 йил июнь ойида эса таҳририятнинг тўрт вакили диний материалларни экспертизасиз чоп этгани учун жаримага тортилган. Бош муҳаррир Абдулазиз Муборак буни “сайт овозини ўчиришга уриниш” деб атаганди.

Озодлик Azon.uz лойиҳаларининг тўхтатилиши юзасидан расмий изоҳ сўраб АОКАга мурожаат қилди ва ҳозирда жавоб кутмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG