Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:20

Санкцияга тушган “Юнистрим” Ўзбекистонда "одатдагидек" ишлаётганини айтмоқда


АҚШнинг кучли санкцияси қаршисида қолган Россиянинг "Юнистрим" ("Unistream") тўлов тизими UzСard ва HUMO карталари орқали пул ўтказишни давом эттирмоқда.

АҚШ Молия вазирлиги 20 июль куни Москвада жойлашган "Юнистрим"га санкция киритган эди.

Бунинг ортидан Марказий Осиё ва Кавказдаги бир қанча банк, жумладан Ўзбекистондаги камида бешта банк у билан ишлашни тўхтатганини маълум қилди.

Аммо, “Юнистрим” матбуот хизмати 26 июль кунги баёнотидан маълум бўлишича, Ўзбекистонга UzCard ҳамда HUMO карталари орқали пул ўтказиш тўхтамаган.

“Юнистрим” Ўзбекистонда одатдагидек ишламоқда", дейилади ширкат матбуот хизмати баёнотида.

Хабарда айтилишича, “Юнистрим” июль ойидан бошлаб UzCard ва HUMO карталарига бир марталик транзакция миқдорини ошириб, бир киши учун 16 499 988 сўм қилиб белгилаган. Мазкур карталарга бир ойда бир киши ўтказиш мумкин бўлган пул миқдори 164 999 999 сўм даражасига етказилган.

“Юнистрим” бундан буён жўнатмалар фақат рублда ўтказилишини ва Ўзбекистонда у миллий валюта – сўмда берилишини билдирди.

“Фақат Россиядан пулни долларда жўнатиш тўхтаган. Ўзбекистонга рубль-сўм трансфери давом этяпти”, - деди Озодлик суҳбатлашган “Юнистрим” ходими.

“Юнистрим” сайтида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари танланса, рубль жўнатганда доллар олиш опцияси ҳозирда ўчирилган.

Россиядаги “Мигрант” лойиҳаси раҳбари Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, “Юнистрим” мобил дастурида Россия банк картасидан рублни Ўзбекистондаги UzCard, HUMO банк карталарига сўм кўринишида тушириш давом этаётганини айтади.

“Пул юборишни бир қанча турлари бор. Биттаси нақд пулни Ўзбекистонга юбориш. Доллар берсангиз, улар Ўзбекистонга жўнатади ва долларда олади.Ҳозир шу нарса ишламаяпти. Бундан ташқари “Юнистрим”ни мобил дастури орқали Россиянинг банк карталаридан рублни Ўзбекистонга нақд долларда юбориш ҳам мумкин эди. Шу нарса ҳам ҳозир ишламаяпти ва пул юборишни учинчи шакли бор, бу ишлаяпти. “Юнистрим” мобил дастурида Россия банк картасидан рублни Ўзбекистондаги UzCard, HUMO банк карталарига сўм кўринишида тушириш. Бу ишлаяпти”, - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

“Юнистрим” тўлов тизимига 20 июлда АҚШ санкциялари киритилгач, Ўзбекистондаги камида бешта банк у билан ишлашни тўхтатгани маълум қилинган эди.

21 июль куни “Ипотека-банк”, 24 июль куни “Халқ банки”, “Трастбанк”, 25 июль куни “Туронбанк” ва “Ҳамкорбанк” “Юнистрим” билан ишлашни вақтинча тўхтатганини билдирган.

Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати мулозими Озодликка шу бешта банк “Юнистрим” билан ишлашни тўхтатганини тасдиқлади.

“Ҳозирча, бу банклар, мана шу бешта банк, шунингдек Orient Finance Bank ҳам тўхтатган, шу айтган гапида турибди”, - деди Марказий банк мулозими.

Аммо, UzCard, HUMO банк карталарига “Юнистрим”дан пул ўтказмалари давом этаётгани сабабини Марказий банк мулозими изоҳламади.

2022 йил 25 июлдан бошлаб “Капиталбанк” “шубҳали транзакциялар” туфайли “Контакт”, “Золотая Корона” ва “Юнистрим” орқали пул ўтказмаларига хизмат кўрсатишни тўхтатганди. Бундан олдинроқ, ўтган йилнинг февраль ойидан бошлаб, “Ипак йўли” банки томонидан “техник сабабларга кўра” “Юнистрим” орқали тўловлар тўхтатилган эди. Қарор “техник сабабларга кўра” деб айтилган эди.

UzCard санкция режимини бузяптими?

UzCard Ўзбекистондаги деярли барча пластик карта эгаларига хизмат кўрсатиши билан маълум.

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ (UzCard бренди) 75 фоиз улуши президентнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов бизнес тузилмаларига кирган.

“Газета. уз” 2020 йил май ойида компания устав фондидаги 75 фоиз улуш эгаси Ойбек Турсунов бўлганини ёзганди.

Бироқ ўша йилнинг август ойидаёқ ўнтаси UzCard таъсисчилари рўйхатига киритилмаган ва 75% улуши бешта давлат банкига – Ўзмиллийбанк (51%), “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банкларига ўтказилган, “Ипотека банк” ва “Алоқабанк” (6 фоиздан кейин), 2022 йил март ойида иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш дастури доирасида банк улушининг 75 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилгани хабар қилинди.

Ўтган йили эса бешта банкка тегишли бўлган UzCard улушининг 75 фоизи компаниянинг тўрт нафар таъсисчисига ўтказилди. Ҳозирча битим тафсилотлари эълон қилингани йўқ.

“Тушунишимча, Россия ва Ўзбекистон банклари орасида ўзаро алоқалар бор. Россия ўз рублини Ўзбекистонга сўм қилиб узатиш имконига эга. Шунинг учун ҳозир пул ўтказишни бу шакли тўхтамаган. Лекин, бу қачонгача давом этади, билмаймиз. Сабаби, “Юнистрим” санкцияга тушган, у билан ҳамкорлик қилган банклар иккиламчи санкцияга тушиши мумкин”, - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Ўзбекистонга пул оқими бўйича ҳамон Россия етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистон Марказий банкига кўра, пул ўтказмалари ҳажми ўтган йили 2,1 баробар ошиб, 16,9 миллиард АҚШ долларига етган.

Трансфернинг 14,5 миллиард доллари (85%) Россия ҳиссасига тўғри келади.

2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса Ўзбекистонга хориж давлатларидан 5, 2 миллиард доллар пул ўтказилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21, 5 фоизга оздир. Бу ҳақда 27 июль куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов маълум қилган.

Нурмуротовга кўра, январь-апрель ойларида пул жўнатмаларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиз (3,1 миллиард доллар)га кўпайгани кузатилган. Бу пулларнинг 87 фоизи Россиядан жўнатилган.

Иккинчи чоракда эса пул жўнатмалари миқдори ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда, икки баробарга озайган ва 2,85 миллиард долларни ташкил қилган. 2022 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонга 5,06 миллиард доллар пул жўнатилганди.

Россия Ўзбекистонга пул жўнатмалари бўйича етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга пул жўнатмаларининг 80 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Марказий банк жорий йилда Ўзбекистонга хориждан жами 11-11,5 миллиард доллар атрофида пул юборилишини тахмин қилмоқда. Бу 2022 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 32-35 фоизга оздир. 2022 йилда хориждан Ўзбекистонга 16,9 миллиард доллар пул жўнатилган эди.

Айни пайтда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари Ғарб Россияга киритган санкцияларни ўз баданида ҳис қилаётганликларини айтишади.

“Албатта зарари бор. Жуда кўп муоҳжирлар бундан ташвишда. Қийинчилик билан топаётган пулини жўнатишда қийинчилик туғиляпти.Доллар жўната олмаслиги ҳисобига фоиздан ютқазяпти”, - дейди Москвада ишловчи Баҳтиёр Асқаров.-“Ўтган ойни ойлигини олдик, уни жўнатолмаяпмиз-да. Долларда олмаяпти. Доллар ошганига рублда жуда паст бўлиб баракаси қочиб кетяпти, шунга жўнатолмаяпмиз. “Юнистрим”, “Золоnая Корона” орқали ўтказардик. ”

Россиядаги “Мигрант” лойиҳаси раҳбари Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, муҳожирлар учун оиласига пул жўнатиш ҳаёт-мамот масаласи.

“Барибир миллионлаб муҳожир Ўзбекистонга пул юбориши керак. Ҳозир бошқа йўлларини қидиришмоқда. "Золотая Корона" орқали. Шунингдек, “Юнистрим” ҳам Ўзбекистонга халқаро SWIFT орқали эмас, ўзларини каналлари орқали юборишни йўлга қўйишини айтган. Лекин, бу ерда у билан ишловчи банклар иккиламчи санкцияга тушиб қолиши хавфи бор албатта.

Бошқа тизимлар бор. Ҳозир “Юнистрим” тўхтаган, лекин “Золотая Корона” бор, “Контакт” бор. Энг катта пул ўтказиш тизимидан бири “Юнистрим” эди. Қолганларини ҳам тўхташ хавфи бор. Ҳозирча пул жўнатишда муқобиллари бор ”, - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Банклар молиявий хизматларини тақдим этиш орқали бутун иқтисодиётда кўприк ролини ўйнайди. Шу жиҳатдан, биринчи навбатда Ўзбекистондаги тижорат банкларининг санкцияларга учраган Россия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш жараёнида иккиламчи санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Лондонда яшовчи таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг айтишича, “UzCard молия соҳасида деярли монопол мавқега эга ширкатдир.

"Қонуний жиҳатдан улар, эҳтимол, “Юнистрим” ёки санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган бошқа тузилмалар билан бевосита алоқага киришган бўлишлари мумкин.

Ҳозир “Юнистрим” айланма йўллар билан санкцияларни четлаб ўтиб Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан ишни давом эттиришга ҳаракат қиляпти. Агар де-юре бўлмаса, де-факто UzCard санкциялар режимини бузяпти”, - дейди Алишер Илҳомов.

Иккиламчи санкцияларга тутилиш хавфи

АҚШ Украинадаги уруш туфайли Ғарб томонидан жорий этилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган Россиядан ташқаридаги жисмоний шахслар ва компанияларга нисбатан санкциялар қўллаш билан таҳдид қилиб келмоқда.

Хусусан, АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа қатор давлатларни Россия ва Беларусга санкциялар билан чекланган товарлар етказиб берилиши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига киритган.

Шу йил 3 мартида Ўзбекистоннинг UzCard тизими "Мир" тўлов тизими карталарининг қабули вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берган эди.

Шу йил июнида Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic хусусий компанияси АҚШ санкциясига тушди.

Бунга Promcomplektlogistic ширкатининг Россиядаги Америка санкция рўйхатига кирган "Радиоавтоматика" корхонаси билан ҳамкорлиги сабаб бўлган.

Америка мулозимларига кўра, Promcomplektlogistic "Радиоавтоматика"нинг "АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларида "фаол қўллаб-қувватлаган".

Хабарларга кўра, Promcomplektlogistic "Радиоавтоматика" учун микросхема каби электрон компонентлар етказиб берган, "Радиоавтоматика" эса Россия Мудофаа вазирлигини жиҳозлар билан таъминлайдиган корхона.

Марказий Осиё ва Кавказдаги бир қанча банклар АҚШдан санкциялари ортидан Россиянинг “Юнистрим” пул ўтказма компанияси билан ҳамкорликни тўхтатди.

Қозоғистоннинг “Казпочта” (Қозоқ почтаси) ва “Нурбанк” 24 июл куни санкциялар туфайли “Юнистрим” билан барча операцияларни номаълум муддатга тўхтатиб қўйганини маълум қилди. Ушбу ҳаракат “Юнистрим” орқали Россиядан Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, шунингдек, Жанубий Кавказ мамлакатлари Арманистон ва Грузияга пул оқими кескин ошган бир пайтда рўй берди.

Тожикистонда “Ориёнбанк” ва “Ҳумо банк” ҳам “Юнистрим” билан ҳамкорликни тўхтатди.

Ўтган йили Россиядан Грузияга 2 миллиард доллардан кўпроқ пул ўтказилди, бу 2021 йилга нисбатан 403 фоизга кўп. 2022 йилда Россиядан Қозоғистонга қарийб 775 миллион доллар ўтказилди, бу ўтган йилга нисбатан 579 фоизга кўпдир.

Ўтган йили россияликлар Арманистонга ўтказган нақд пул миқдори 3,1 миллиард долларни ташкил этди, бу 2021 йилга нисбатан 306 фоизга кўпдир.

Ўтган йили Россия президенти Владимир Путин сентябр ойида Украинадаги урушга қисман сафарбарлик эълон қилганидан сўнг, юз минглаб россияликлар Россиядан Марказий Осиё, Кавказ ва бошқа мамлакатлардаги собиқ Совет республикаларида паноҳ топишганди.

Форум

XS
SM
MD
LG