Озодлик 8 июль куни эълон қилган "Мирзиëевлар кластерига айланаëтган Ўзбекистон" деб номланган суриштирувни ҳозирлаш жараëнида Transparency International ташкилотига ҳам мурожаат қилди.
Маркази Берлинда жойлашган Transparency International дунë мамлакатларидаги коррупцияни тадқиқ этиш бўйича халқаро майдонда тан олинган нуфузли нодавлат ташкилоти. Ҳар йили дунë мамлакатларидаги коррупция даражасига оид ҳисоботларини эълон қилиб келади.
Ташкилотнинг жаҳон давлатларидаги коррупция даражаси бўйича бу йилги ҳисоботида Ўзбекистон 180 давлат орасида 126-ўринни эгаллади ва яна коррупциялашган мамлакатлар рўйхатида қолди.
Бу ҳисоботлар халқаро сиëсий ва молия гуруҳлари¸ қолаверса¸ катта ва кичик бизнес компанияларининг ўз инвестиция лойиҳаларини белгилашига таъсир қилувчи омиллардан бири саналади.
Озодликнинг непотизм билан боғлиқ саволларига Transparency Internationalнинг етакчи тадқиқотчиси Жон Вруши (Jon Vrushi) жавоб берди.
Озодлик: Непотизмни (қариндош-уруғчилик) коррупция ва давлат ваколатини суистеъмол қилиш шаклларидан бири дейиш мумкинми?
- Биз¸ Transparency International ташкилоти непотизмни коррупция ва фаворитизмнинг бир кўриниши деб биламиз. Коррупциянинг бу кўриниши қон-қариндошлик ва таниш-билишчиликка асосланади. Яъни қўлида расмий ваколат бўлган амалдор бу ваколатни суистеъмол қилган ҳолда ўз қариндош-уруғи¸ танишларига¸ гарчи улар бунга лойиқ бўлмаса ҳам¸ муҳим лавозимларни беради. Оқибатда ресурслар¸ имтиëз ва маблағ тақсимоти ҳам бузилади¸ олишга лойиқлар қолиб¸ улар қариндош ва оила вакилларига берилади. Ҳокимият тепасига алоқадорлар рақобатсиз имтиëзга эришади. Бу эса¸ демократик бошқарувнинг асосий устунлари бўлган адолат¸ ҳалоллик ва жавобгарлик принципларига раҳна солади.
Озодлик: Давлат бошқарувидаги непотизм давлатчилик учун қандай оқибатларга олиб келади?
- Коррупциянинг бошқа кўринишлари каби қариндош-уруғчилик ҳам давлат бошқаруви учун аянчли оқибатларни келтириб чиқаради.
Биринчидан¸ қариндош-уруғчилик нормага айланган жойда давлат ресурслари талон-тарож қилинади. Бу ресурслар муҳтожлар ëки унга лойиқлар қолиб¸ тепадагиларнинг қариндош ва танишларига берилади. Давлат лавозимларини ўз қариндошларига бериш оқибати бу мансабга ҳақиқатан лойиқ бўлган кадрларга адолатсизлик билангина чекланмайди. Муҳим лавозимларга билим ва малакаси эмас¸ қон-қариндошлиги учун тайинланганларнинг ўз вазифасини бажаришга лаëқатсизлиги ëмон бошқарув¸ мамлакат учун муҳим мақсад ва вазифаларнинг бажарилмай қолишига олиб келади.
Иккинчидан¸ давлатнинг муҳим лавозимларига қариндош-уруш ва таниш-билишни тайинлаш битта оиланинг бошқарувдаги тармоғини кучайтиради. Тепада ўтириб мансаб тарқатаëтган шахс ўзидан тили қисиқ бўлганлар гуруҳини яратади¸ бу гуруҳдагилар давлат ва жамоат учун эмас¸ ўзини тайинлаган қариндошидан қарзини узиш учун ишлайди. Сайлов кампанияси бўладими¸ ëки давлат маблағини ажратиш¸ улар берилган амал воситасида тепадаги хўжайин¸ хусусан унинг сиëсий манфаатига хизмат қилади. Бундай гуруҳни ушлаб турадиган нарса унинг айнан қариндош-уруғчилик устига қурилганидир.
Ниҳоят¸ учинчи ва энг муҳим жиҳат¸ непотизм жамоатчиликнинг давлат ва давлат тизимларига нисбатан ишончини сўндиради. Одамлар муҳим лавозимлар¸ давлат маблағ ва ресурслари ҳокимият тепадагиларнинг уруғ-аймоғига берилганини кўриб¸ лоқайдликка тушади. Айнан шу лоқайдлик¸ ҳокимиятнинг уни қўлга олганлар томонидан янада суистеъмол қилиниши¸ жавобгарликнинг янада сусайиши ва демократиянинг янада заифлашувига олиб келади.
Шу боис¸ непотизм давлатчилик учун энг заҳарли коррупциядир. Унинг зиëни давлат ресурсларини талон-тарож қилиш билангина тугамайди. Непотизм давлат¸ унинг тизимлари ва демократияга жиддий раҳна солади.