Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:46

"Авторитар тузумнинг заифлигини кўрсатди". Ўзнет Пригожин исёни ҳақида


Россияда ўтган ҳафта охирида юз берган вагнерчилар ва унинг раҳбари Евгений Пригожиннинг қуролли исёни ўзбек ижтимоий тармоқларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кремлнинг империячилик сиёсатини танқид қилиб келаётган фаоллар ушбу ғалаённи Россиянинг заифлашуви ва Ўзбекистоннинг мутлақ мустақиллиги йўлидаги имконият ўлароқ баҳолади.

“Пригожин Ростовдан қаҳрамонларча чиқиб кетмоқда. У нафақат сиёсий элитани қўрқита олди, балки рус халқи кучлиларга эргашиши ва Путиннинг анча кучсизланганини кўрсатиб берди. Путин Пригожин босқини вақти маълум вақтга иккинчи одам бўлиб қолди. Бу эса диктатура учун чинакам шармандалик”, деб ёзди блогер Зафарбек Солижонов.

BBC журналисти Ибрат Сафо ғалаён қандай тугашидан қатъи назар, Россия замонавий тарихидаги энг катта бурилишлардан бири эканини урғулади.

Фаоллар фикрича, Украина аскарлари “енгилмас рус армияси” ҳақидаги афсонани йўққа чиқарган бўлса, “Вагнер” исёни Россия мудофаа тизимида улкан дарзлар мавжудлигини кўрсатиб берди.

“2020: Россия армияси дунёдаги иккинчи армия. 2022: Россия армияси Украинадаги иккинчи армия. 2023: Россия армияси Россиядаги иккинчи армия”, дея кинояга йўғрилган пост қолдирди Телеграмдаги “Файзбоғ” канали.
АҚШдаги Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов Пригожин исёни Россиянинг нафақат ҳарбий, балки разведка жабҳасида ҳам кучсиз эканини фош этди деб ҳисоблайди.

“Буларнинг ҳаммаси “қирол аслида кийимсиз” эканини яққол кўрсатиб қўйди. Ҳукмнинг ва, айниқса, авторитар ҳукмнинг қизиқ тарафи унинг легитимлик базаси жуда заиф ва қандайдир афсонага қурилиши керак. Путинда бу ҳарбий ва, дейлик, истихборот масаласида қудрат эди. Одамлар ўйлар эдики, Путинда кучли армия ва махсус хизматлар бор, улар кучли, билгувчи ва қудратли. Айнан шу мифнинг устида Путин легитимлиги турар эди. Реаллик кўрсатдики, бир неча минг хусусий ҳарбий компания ишчилари мудофаа марказларини тезда эгаллаб ола билади ва марказий кучлар ҳеч нима қила олмас экан”, дейди Ҳошимов.

“Путиннинг сиёсий умри жуда тез қисқариб бормоқда. У Киевни уч кунда олмоқчи эди. Энди, унинг ўзи Россия ҳокимиятини сақлаб қолиш билан овора бўлади”, деб ёзди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Телеграмдаги “Ташқарида” канали муаллифи таъкидича ҳам, гарчи якунига етмаган бўлса-да ҳарбий исён Путиннинг интиҳоси бошланганидан далолат бермоқда.

“Мутлақ хўжайин – мутлақ эмас, куч ишлатиш – давлат монополияси эмас, аввалдан аниқ бўлса ҳам бунчалик яққол кўринмаган ҳақиқат бу – давлатни қонунлар бошқармайди, куч ва унинг соҳибларининг айтгани бўлади: бош прокурор эрталаб президентга “қонунан” очилганини таъкидлаган “хоин”га нисбатан жиноий иш кечга ёпилиб қолди, “хоин”нинг ўзига хавфсизлик кафолатланди. Бу қандайдир фильм эмас, дунёнинг энг йирик давлатида бўлган воқеа. Бу ҳали бошланиши, якуннинг бошланиши”, деб ҳодисаларга чизги беради “Ташқарида” канали муаллифи.

Маҳаллий зиёлилар фикрича, Россия сиёсий тузумини қаттиқ силкитган исён мамлакатни якка шахс бошқарувига топшириб қўйиш қанчалик хавфли эканини яна бир карра исботлади. Шунга кўра таниқли журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Россиядаги сўнгги воқеаларни “давлатни қандай бошқармаслик кераклиги ҳақида қимматли қўлланма саҳифалари” деб атади.

“Сўз ва матбуот эркинлигининг бўғилиши, фикрлар хилма-хиллигига тоқатсизлик, сайловларнинг қимматбаҳо ва кулгили томошага айлантирилиши, чекланмаган ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиб қолиши, ҳокимиятлар бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши принципларининг фалаж қилиниши – бари якунда мамлакатнинг шарманда ва пароканда бўлишига олиб борувчи омиллардир. Хулоса қилиш керак”, деб ёзди Муҳрим Аъзамхўжаев.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, Телеграмдаги “Серия пенальти” канали муаллифи Юрий Саруханянга кўра эса, Пригожин ғалаёни “бошқарув муддатини ноллаштирган ҳолда олий ҳокимиятни сақлаб қолиш барқарорлик кафолати” деган қараш шунчаки пропаганда ўйлаб топган ёлғон эканини тасдиқлади.

“Cиёсий плюрализм ва рақобат бўлмаган муҳитда ҳокимиятнинг алмашиб турмаслиги турғунлик ва таназзулга етаклайди. Бундай ҳокимият кун сайин самарадорлигини йўқотади. Бундай тизимда илгарилама ҳаракат бўлиши мумкин эмас – ҳокимиятни сақламоқ учун бир жойда депсиниб турилади, холос”, дея мулоҳазалари билан ўртоқлашди таҳлилчи.

Олим ва блогер Элдор Асанов наздида, Пригожин Путин бошчилигидаги улкан машинанинг бир мурвати, тизимнинг бир қисми. У шунчаки ўз позициясини мустаҳкамламоқчи бўлди. Агар у Путинга чинакам мафкуравий рақиб бўлганида, Кремлни осонлик билан ағдариб ташлаши мумкин эди.

“Бу ўрнак авторитар, бир кишига боғланиб қолган тузумлар қай даражада заифлигини, элитада ҳеч ким бир-бирига ишонмаслигини, садоқат изҳор қилиб юрганлар осонлик билан бошқа томонга ўтиб кетишини, кенг омма эса мажбурдангина чидаб юришини яхши кўрсатиб берди”, деб хулоса ясайди Элдор Асанов.

OzodNazar: Пригожин исёни ва Ўзбекистон: лоқайд матбуот ва уйқусини йўқотган блогосфера
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:49:33 0:00

Форум

XS
SM
MD
LG