Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

АҚШ элчихонаси: "Мирзиёев матбуот эркинлигини қўллашига ишонамиз"


Ўзбекистонлик бир гуруҳ журналист ва жамоат вакиллари 3 март куни президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома эълон қилди.

Унда фаоллар, ўзларига нисбатан "жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб" қолаётганини айтишган ва буни тўхтатишни сўраган.

Бу мурожаат, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Ўзбекистонга сафаридан бир кун ўтиб, эълон қилинди.

1 март куни жаноб Блинкен, Тошкентда журналистлар саволларига жавоб бераркан, президент Мирзиёев билан сўз ва матбуот эркинлиги масаласини ҳам муҳокама қилганини айтди.

Тошкентдаги музокараларнинг асосий қисми яна ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Озодлик Давлат котибининг Тошкентга сафари ва музокаралардан хулосалари ҳақида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Халқ дипломатияси бўлими раҳбари Алексис Салливан билан суҳбатлашди.

Алексис Салливан:

  • АҚШ ташқи дипломатиясида 17 буён ишлайди.
  • Муқаддам Покистон, Россия, Шри-Ланка каби давлатлардаги элчихоналарда жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчи бўлган.
  • Кўп йиллар давомида АҚШ Давлат департаментида Хорижий жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчи бўлган.
  • Икки ярим йилдан буён Тошкентдаги АҚШ элчисига маслаҳатчилик қилмоқда.

Озодлик: Украинада уруш бошланганидан бери АҚШ давлат котиби биринчи марта Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафар қилди. Жаноб Блинкеннинг Остона ва Тошкентдаги матбуот анжуманларида Украинадаги вазият, Россия бу давлатга бошлаган босқиннинг Марказий Осиёга таъсири музокараларда муҳокама қилинганини билдирди.

Бироқ, ўзбек ҳукумати томонидан, жаноб Блинкен ва Мирзиёев ўртасидаги музокараларда бу уруш ва унинг Ўзбекистондаги оқибатлари муҳокама қилингани ҳақида бирор расмий баёнот берилмади. Музокаралар одатдагидек ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Сиз бизга айта оласизми, томонлар ўртасида бу масала муҳокама қилиндими ва қилинган бўлса, қандай қарорлар олинди?

Алексис Салливан: Яна бир бор таклиф қилганингиз учун раҳмат. Албатта, бу сафар ҳақида мамнуният билан гапириб бераман. АҚШ юқори мартабали дипломатининг бу ташрифи тарихий бўлди, деб айта оламан. Блинкен ташрифи давомида кўпчилик билан, жумладан президент Мирзиёев, ташқи ишлар вазири ва бошқалар билан учрашди. Бу учрашувларда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш масалаларида собит экани ва ташаббуслар кўплигини билдиришди. Биз сафар жуда яхши ўтганидан мамнунмиз.

Саволингизга келсак, АҚШ дунё давлатлари ва хусусан, Марказий Осиё билан муносабатларида ишончли ҳамкор бўлишни истайди. Давлат котиби бу учрашувларда, албатта Россиянинг Украинага босқини масаласини ҳам муҳокама қилди. Бу жуда самимий мулоқот бўлди. Лекин, минтақанинг геосиёсий аҳамияти ва хориждаги ёки мамлакатдаги ўзбекларнинг ҳаёти тинч-фаровон давом этишини таъминлаш мақсадини назарда тутсак, бу кутилмаган мулоқот эмас. Блинкен АҚШнинг Мирзиёев ҳукумати бошлаган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши, шунингдек Украина урушидан азият чеккан соҳалар, масалан озиқ-овқат хавфсизлиги каби қатор соҳаларда ёрдам беришга тайёрлиги ҳақида кенг кўламли мулоқотлар ўтказди.

Озодлик: Музокараларда Ўзбекистон томонининг бу таклифларга жавоби қандай бўлди?

Алексис Салливан: Ўзбек томонининг жавоби… Давлат котиби матбуот вакиллари билан мулоқотда урғулагани каби, АҚШ томони вазиятга доир ўз позициясини аниқ ифода қилди. Давлат котиби айтганидек, президент Путин урушни, истаса эртагаёқ тугатиши мумкин, бу - фақат Путинга боғлиқ. Буни бутун дунё тушуниб турибди ва ишончим комил, бу масалада музокаралар давом этмоқда. Шу боис, барча давлатлар шу жумладан Ўзбекистон ҳам бу борада ўз позициясини белгилаш ҳаққига эга ва Давлат котиби Блинкен бу жиҳатни музокараларда алоҳида урғулади.

Озодлик: Украинадаги уруш борасида минтақа давлатларининг эҳтиёткорона позицияси инобатга олинса, айнан ҳозир АҚШ минтақа давлатларидан, жумладан Ўзбекистондан нимани кутмоқда?

Алексис Салливан: Назаримда, Остонада ўтган C5+1 форматидаги мулоқотлар ва Давлат котибининг у ерга ҳамда Ўзбекистонга сафарининг ўзи, АҚШ минтақа билан ҳамкорликни кучайтириш, минтақа давлатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, шунингдек, минтақа аҳолисининг фаровонлигини устувор, деб билишини ифода қилади.

Аниқки, АҚШ барча ҳамкорларининг - бу минтақадаги ислоҳотларни қўллаб-қуватлашга тайёрлигини билишини истайди. Хусусан жаноб Блинкен, ҳамкорликдаги Инглиз тилини ўқитиш бўйича Access дастури билан танишганидан жуда мамнун бўлди. АҚШ 2018 йилдан бери инглиз тилини ўқитиш дастурларини ривожлантиришга 25 млн. доллар сармоя киритди.

Озодлик: АҚШ томони, постсовет давлатлар шу жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистонни, санкцияларни четлаб ўтишда Россияга кўмаклашиш оқибатларидан огоҳлантирган. Россия минтақанинг асосий савдо ҳамкоридир, бундан ташқари Ўзбекистонда кўплаб оилалар Россиядаги меҳнат муҳожирларидан келадиган пул жўнатмаларига қарам бўлиб қолган.

Жаноб Блинкен, сафари давомида минтақа давлатларининг иккиламчи санкцияга тушиб қолиши олдини олиш учун 25 млн. долларлик ёрдам эълон қилди ва бу Байден маъмурияти бироз аввал эълон қилган 25 миллион долларга қўшимчадир. Аммо таҳлилчилар ҳисобича, минтақада ҳозирги эҳтиёж кўлами жуда юқори.

АҚШ маъмурияти минтақа, хусусан Ўзбекистонга яна қўшимча ёрдамни режалаштиряптими?

Алексис Салливан: Бу ерда бир нарсани қайд этиб ўтиш жоиз, санкциялар гуманитар соҳалар, озиқ-овқат таъминоти ёки бошқа муҳим йўналишларга қаратилмаган. Санкциялар аниқ мақсадни кўзлайди ва асосан Россиянинг Украинадаги уруш машинасини тўхтатишга қаратилган.

Қўшма Штатлар, санкциялар моҳиятини англаш, уларга амал қилиши ва шунингдек, шубҳа туғилган кезда махсус лицензиялар бериш воситасида ҳар бир давлатга ёрдамини аямаётир. Оддий аҳоли зарар кўрмаслиги учун санкцияларга дахлдор ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида иш олиб бориляпти.

Зотан, шу кунда Россиянинг Украинага босқини ортидан санкция қўллаш - биргина АҚШнинг қарори эмас, глобал миқёсда кузатилаётган ҳолат. Кўплаб давлатлар халқаро коалиция доирасида уруш машинасини тўхтатиш учун чекловлар киритмоқда. Кўриб турганимиздек, Путин ва атрофидагилар уруш масъулиятини тан олишмаяпти, аксинча урушни давом эттирмоқда.

Озодлик: Шу ўринда, 50 млн. долларлик ёрдам ҳақида яна бир савол: тушунишимизча, бу сумма минтақа учун ажратиляпти. Бу мамлакатларга қандай етказилади?

Алексис Салливан: Ҳозирда бу масала кўрилмоқда. Муҳими, бу маблағ ажратилди ва уни минтақа давлатларига етказишда самарали механизмлардан фойдаланамиз. Бунинг бир қисми АҚШнинг хориж давлатларга ёрдами доирасида, алоҳида агентликлар томонидан энг самарали йўллар билан ажратилади. Бундан ташқари, давлат дастурлари ёки халқаро агентликлар воситасида етказилади.

Озодлик: Яқинда ўзбек расмий матбуоти, президент Жо Байденнинг президент Мирзиёевга мактубини эълон қилди. Унда АҚШнинг Ўзбекистондаги энергетика соҳасини ривожлантиришда ёрдам беришга тайёрлиги айтилган. Бу ўринда, АҚШ энергетика компанияларининг яқин келажакда Ўзбекистонга сармоя киритишини кутишимиз мумкинми?

Алексис Салливан: Бу ерда бир нарсани аниқлаштириб кетишим керак, аслида мактубда фақат энергетика эмас, бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳам тилга олинган. Зотан АҚШ, президент Мирзиёев ислоҳотлари доирасида жуда кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда ва бу давом этади.

Албатта, АҚШ ҳукумати энергетика соҳаси АҚШ компаниялари эътиборида турган етакчи соҳа эканини тушунади ҳамда агар бу ширкатларда қизиқиш бўлса, улар инвестиция киритиши мумкин. Бу давлатимизнинг ташқи савдо бўйича йўналишлари, Савдо департаменти мақсадларига мувофиқ ва тарихда бизнинг ширкатларимиз энергетика соҳасига сармоя киритган, қатор бошқа соҳаларда бўлгани каби.

Ҳозир АҚШ ширкатларида пахтачилик тармоғига ҳам қизиқиш юқори. Айниқса ўзбек пахтасига тақиқнинг бекор қилиниши ҳақидаги яхши хабар ортидан, АҚШ вакиллари бунга янада кўпроқ қизиқмоқда ва бу соҳада ишлаётган вакилларимиз бор. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати билан Ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик боряпти. Бу соҳага кўпроқ сармоя киритиш масаласи кўриляпти.

Аммо, қайси соҳада бўлмасин, биз америкаликлар ўзимиз билан бирга аввало, шаффофлик ва қонун устуворлигини олиб кирамиз. АҚШ қонунларига кўра, хусусан “Хориждаги коррупцион амалиётлар акти”га мувофиқ, АҚШ компаниясида ишлайдиган ҳар бир америкалик хорижда коррупция амалиётига аралашиши жиноят ҳисобланади.

Озодлик: Демак, яқин орада Америка компаниялари Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестиция киритишини кутсак бўлади? Агар шундай бўлса, айнан қайси компаниялар қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот бера оласизми?

Алексис Салливан: Америка ҳукумати вакили сифатида, бирор АҚШ ширкатининг бирор хориж давлатидаги бирор соҳага сармоя киритишга ҳозирлигини мен айта олмайман. Чунки, бу хусусий секторнинг фаолияти. Бироқ биз элчихона ходимлари кўплаб компаниялар билан яқиндан ишлаяпмиз, ўзбек бозорини ўрганишда, ҳамкорлар топишда ва қарор қабул қилишда уларга амалий ёрдам беряпмиз.

Озодлик: Президент Байден мактубида, шунингдек Ўзбекистондаги сиёсий модернизациянинг муҳимлигини ҳам тилга олган. Бироқ, мамлакатдаги ҳозирги вазият хавотирли. Яқин ойлар ичида ўнлаб блогер ҳибсга олинди.

Айни пайтда, ўзбек расмий ОАВ Украинадаги уруш борасида, Россия босқини ёки ҳукуматнинг юқори доиралардаги коррупция айбловлари ҳақида сукут сақларкан, Озодлик ўзбек хизмати бераётган контент блокланганича қолмоқда.

Бундан ташқари, Озодлик яқинда ўтказган энергетика соҳасидаги навбатдаги суриштирувдан кейин, унда кўтарилган саволларга ҳукуматдан жавоб талаб қилган журналистлар, фаоллар ва блогерларга нисбатан босим янада кучайгани кузатилмоқда.

Яъни, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари каби бундай масалалар - Блинкеннинг Мирзиёев билан учрашувида муҳокама қилиндими? Агар муҳокама қилинган бўлса, АҚШ томони қандай хулосаларга келди ёки келиши мумкин?

Алексис Салливан: АҚШнинг президент Мирзиёев ислоҳотлари кун тартибини қўллаши - бу учрашувларда мутлақо тилга олинди ва президент Мирзиёевнинг ўзи, матбуот эркинлигини қўллаш бу ислоҳотларнинг бир қисми эканини айтди. АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати, журналист ва блогерлар билан биргаликда сўз эркинлигини таъминлаш борасида яқиндан ишламоқда. Журналистларни ўқитиш, малакасини оширишда кўмаклашмоқда, бу иш давом этади.

Жаноб Блинкен учрашув якунида алоҳида таъкидлагани каби, “АҚШ эркин ОАВ демократиянинг асоси эканига ишонади ва ишонамизки, президент Мирзиёев ҳам буни қўллаб-қувватлайди. Биз бу борада Ўзбекистон ҳужумати, журналист ва блогерлар билан ҳамкорлик қилишда давом этамиз.

Озодлик: Бу учрашувларда Давлат котиби Блинкен томонидан ҳибсга олинган блогерлар юзасидан бирор аниқ талаб қўйилдими, учрашувларда бу масала кўтарилдими?

Алексис Салливан: Ёпиқ эшиклар ортида ўтган муҳокамалар ҳақида бир нима деёлмайман. Бироқ жаноб Блинкен айтганидек, эркин ОАВнинг муҳимлиги, эркин ОАВнинг демократик ислоҳотларда муҳим рол ўйнашини яна бир бор таъкидлашим мумкин. Ишонамизки, Ўзбекистон ҳукумати ҳам буни қувватлайди.

Озодлик: Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш борасида референдум бўлиши кутилмоқда. Кўпчилик таҳлилчилар, бу референдум Мирзиёев учун учинчи муддат президентликка йўл очишини тахмин қилмоқда. Бундай референдум ўтказилишига муносабатингиз қандай ва бу АҚШнинг Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларга бўлган муносабатларига қандай таъсир қилади?

Алексис Салливан: Қўшма Штатлар ҳар бир давлат ўз келажагини ўзи белгилаши керак, деб ҳисоблайди. АҚШ ҳукумати қатор бошқа соҳаларда бўлгани каби, Мирзиёев бошлаган турли соҳалардаги ислоҳотлар борасида яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Мирзиёевнинг ўзи, бу ислоҳотлар ортга қайтмасдир ва халқ фаровонлигини оширишни мақсад қилганини таъкидлаган.

Вашингтон бу борада барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишда ишончли ҳамкор эканини изҳор қилади. Конституциявий ислоҳотлар тўғрисидаги муҳокамаларга келадиган бўлсак, биз ҳар бир давлат ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга, деб ишонамиз.

Озодлик: Мирзиёев маъмурияти демократия йўлидан боряпти, деб айта оласизми?

Алексис Салливан: Ҳа. Мен Ўзбекистонда 2 ярим йилдан бери яшаб келяпман. Бу вақт мобайнида мамлакатнинг турли жойларида бўлдим, ўзбек ҳамкорлар билан мулоқотд қилдим. Улар билан сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ҳақида гаплашдим. Турли дастурларда иштирок этдим, айниқса таълим дастурлари, тажриба алмашинув дастурларида қатнашдим.

Америкада ўқиш борасида, АҚШда ўқиб қайтгач, буни ўз мамлакатида қўллаш борасида ёшлар билан мулоқот қилдим. Улар ажойиб ишларни қилишяпти. Ўзбекистонда катта ривожланиш бўляпти, деб ўйлайман. Келажак учун жуда катта салоҳият бор. Мен бунга шахсан гувоҳман. Мен ва шунингдек, АҚШ ҳукумати ҳам бу борада позитив фикрда. Бунинг исботи ўлароқ, АҚШ давлат котиби ва унинг командаси бу муҳим ташрифини амалга оширганини айтишимиз мумкин.

Озодлик: Бу ислоҳотлар борасида хавотирларингиз ҳам борми?

Алексис Салливан: Ҳар бир давлат ҳақида хавотирларимиз бор. Ҳар бир давлатнинг ўзи ҳақида хавотирлари бор. Ҳар бир давлатдаги ҳар бир муаммони белгилаш АҚШ ҳукуматининг иши эмас, албатта. Аксинча, биз ўз ҳамкорларимизга ўз таҳлилимиз билан ёрдам бера олишимиз мумкин бўлган соҳаларни кўрсатиш ва тажрибаларимизни таклиф қиламиз.

Шунингдек, аввал айтганимдай, ҳар бир давлат ўз келажагини ўзи белгилаш салоҳиятига эга эканига ишонамиз ва бу жараёнда ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз. Ҳамкорлигимизни ҳукуматлар изҳор қилган эҳтиёжларга мос равишда юритамиз. Келгусида ҳам шу йўсинда давом этамиз.

Озодлик: Охирги ва яна бир муҳим савол, таҳлилчилар айтаётганидек, ҳозир АҚШ Марказий Осиё минтақасида яна Хитой ва Россия билан рақобатлашяптими?

Алексис Салливан: АҚШнинг бу минтақадаги ҳамкорлиги бирорта учинчи давлат билан беллашишни назарда тутмайди. Биз Ўзбекистонда салоҳият ва имкониятлар борлигини кўряпмиз ҳамда бу давлатни ривожлантиришда ҳамкорлик қилишни истаймиз. Нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар билан ҳам шундай. Чунки биз, фаровон ва хавфсиз давлатгина фуқаролари келажагини таъминлай олади, деб ишонамиз. Бизнинг Ўзбекистон ва дунёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорликка ёндашувимиз шу тамойилга асосланган.

Форум

XS
SM
MD
LG