Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:22

"Воз кечиш қийин бўлган авторитар одатлар". Умурзоқов янги Мирзиёев бўлиши мумкин - эксперт


Сардор Умурзоқов селектор мажлисида. Декабрь, 2022.
Сардор Умурзоқов селектор мажлисида. Декабрь, 2022.

Энергетика инқирози даврида Ўзбекистон Президенти Администрациясининг шаффоф бўлмаган хатти‑ҳаракатлари ҳақида OpenDemocracy нашри ўз инсайдерларига таяниб мақола чоп этди.

Ўзбекистон ҳукуматидаги икки манбанинг нашрга билдиришича, мамлакат президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов декабрь ойида ҳукумат мажлисида иштирок этган юқори лавозимли энергетика ходимини зудлик билан ҳибсга олишга буйруқ берган.

“Бизни бу аҳволга туширганлар жазосиз қолмайди. Уларнинг баъзилари шу ерда, орамизда ўтиришибди”, деган эди Умурзоқов ҳибсга олишдан икки кун олдин ўтган йиғилишда. Унинг сўзлари Ўзбекистон бўйлаб одамлар қаттиқ совуқда газ ва электрсиз қолган паллада янгради.

OpenDemocracy нашрининг ёзишича, президентликка эҳтимолий номзод сифатида кўрилган 45 ёшли Умурзоқов расмийларнинг электр тақчиллиги олдини ололмаганидан ғазаблангани аниқ.

Тошкент вилоят энергетика мулозими Музаффар Алиев ўтган йил декабридаги ҳукумат мажлиси чоғида ҳибсга олинган.
Тошкент вилоят энергетика мулозими Музаффар Алиев ўтган йил декабридаги ҳукумат мажлиси чоғида ҳибсга олинган.

"Агар бошқа ҳудудлардаги масъуллар ҳам бундан тўғри хулоса чиқармаса ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйса, уларга ҳам албатта худди шундай жиноий иш қўзғатилади, ", деган Умурзоқов ҳибсга олиш воқеасидан бир неча кун олдин ўтган учрашувда.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси манбаларнинг даъволарини рад этиб, OpenDemocracy нашрига Умурзоқов амалдорни ҳибсга олишга тўғридан-тўғри буйруқ бермаганини айтган. Унга кўра, ҳибсга олиш Бош прокуратура томонидан амалга оширилган.

Ўчоқда овқат пишираётган тошкентликлар

Мақолада совуқ ҳаво ва Россия гази нархининг ошиши билан боғлиқ импорт тақчиллиги, сўнгги бир ой ичида бутун мамлакат бўйлаб одамларни иссиқликсиз қолдиргани таъкидланади.

Газ ва электр энергиясидаги узилишлар бундай инқирозларга дуч келмаган пойтахт Тошкентга ҳам таъсир кўрсатди.

“Тошкентда газ ёки электр йўқлиги сабабли кечаси кўчада ўчоқда овқат пишираётганлар кимнингдир жазоланишини хоҳлайди”, дейди Марказий Осиёда 35 йиллик тажрибага эга журналист Брюс Панниер.

Ўтган ҳафтада инқироз учун масъул ҳисобланган амалдорлар жазоланди. Тошкент шаҳар ҳокими, Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари, электр станциялари тармоғи раҳбари ва пойтахтдаги бир қанча маҳаллий амалдорлар электр қуввати тақчиллиги олдини олмагани учун вазифасидан озод этилди. Жамоатчиликнинг норозилиги ҳам янги босқичга кўтарилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига ишдан олинган мансабдорлар, жумладан, Тошкент шаҳар ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаевни давом этаётган энергетика инқирози юзасидан текширишни топширди.

Ишдан бўшатиш, ҳибсга олиш ва тергов таҳдидлари

“Ўзбекистон раҳбариятининг қарор қабул қилишида фавқулодда ҳеч нарса йўқ. Ҳар гал бирор йирик инқироз юз берса, унинг олдини олишга масъул бўлганлар ишсиз қолаётганини кўрамиз”, дейди Карнеги жамғармаси эксперти Темур Умаров.

“Фавқулодда нарса шундаки, бу жуда юқори даражада содир бўлмоқда. Ортиқхўжаевни дастлаб президентнинг ўзи Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинлаган эди”, дейди Умаров.

OpenDemocracy манбаларига кўра, Сардор Умурзоқов ишдан бўшатиш, ҳибсга олиш ва тергов таҳдидлари билан кечган энергетик инқирозга нисбатан авторитар чораларда муҳим роль ўйнаган.

Панниер OpenDemocracy нашрига айтишича, Умурзоқов президентнинг «ижрочи»си ролини ўз зиммасига олган кўринади, бу ролни Мирзиёев Ўзбекистоннинг собиқ раҳбари Ислом Каримов даврида бош вазир бўлганида ўйнаган эди.

OpenDemocracy нашрининг ёзишича, 45 яшар Умурзоқов президентликка эҳтимолий номзод сифатида кўрилади.
OpenDemocracy нашрининг ёзишича, 45 яшар Умурзоқов президентликка эҳтимолий номзод сифатида кўрилади.

Панниернинг тушунтиришича, ижрочига эга бўлиш айниқса муҳим, чунки Мирзиёев ўзига яна икки етти йиллик муддатга президентликка номзодини қўйишга рухсат берувчи қонунни қабул қилишга тайёрланяпти.

“Бу тузатишлар киритилаётганда Мирзиёевга уни яна 14 йил давомида ҳокимиятда ушлаб туриш учун тартибни сақлай оладиган одам керак эди, – дейди Панниер. – Умурзоқовнинг иши Мирзиёев учун “ҳужумчи" вазифасини бажариш" (инглизча матнда - ‘attack dog’ - таҳр.)га ўхшайди.

Тузатишлар 2022 йилнинг июнь ойида, Умурзоқов тайинланишидан бир ой олдин оммага эълон қилинди, Панниер буни “тасодифий бўлиши мумкин эмас” деб ҳисоблайди.

OpenDemocracy нашрининг сўровига жавобан Президент Администрацияси «ижрочи» билан таққослашни рад этиб, буни «бемаънилик» деб атаган. Каримов давридаги Бош вазир ва Президент Администрациясининг ҳозирги раҳбари роли ва масъулияти “моҳиятан фарқ қилади”, дейди Администрация.

Ҳокимиятга келиш

Умурзоқовнинг бир неча йил ичида савдо вазиридан бош вазир ўринбосари ва Президент Администрацияси раҳбари лавозимига кўтарилиши Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистон бошқарув тизимини модернизация ва ислоҳ қилиш йўлидаги ҳаракатларининг бир қисмидир.

Мирзиёевнинг кун тартибидаги энг муҳим масала бошқарувга янги куч ва ғояларни олиб кириш учун Умурзоқов каби ёш авлод раҳбарларни юқори лавозимларга тайинлаш эди.

Умурзоқовнинг отаси Ўктам Умурзоқов таниқли олим бўлиб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори бўлган. Катта Умурзоқов ушбу институтни тамомлаган Мирзиёевнинг эски дўсти эди.

Унинг ўғли Сардор Умурзоқов, бир қанча халқаро инвестиция банклари бошқарувида Ўзбекистон номидан ҳам фаолият юритган, ғарбпараст либерал имижига ҳам мос келади. У Буюк Британиянинг Рединг университетида банк иши бўйича таҳсил олган, кейинчалик Ўзбекистон Миллий банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон ғазначилигида ишлаган. 2022 йил июлида у Президент Администрацияси раҳбари этиб тайинланди.

Умурзоқов ҳукумат амалдорларининг қонунбузарликларига нисбатан кескин гаплари билан Ўзбекистонда ОАВ сарлавҳаларига чиқди.

“Ҳурматли президентимиз бир қарорга келди”, деди Умурзоқов сентябрь ойидаги тозалаш вақтида вилоят ҳокимларидан бирига. “Биринчидан, сиз ҳозирги лавозимингиздан олинасиз. Иккинчидан, сизнинг ҳаракатларингизга ҳуқуқий баҳо берилади. Чиқиб кетинг."

Президент Администрацияси OpenDemocracy нашрига Умурзоқов шунчаки "ваколатли органлар қарорларини эълон қилгани" ва ҳокимларни ишдан бўшатиш ҳақида ўзи буйруқ бермаганини айтди.

Администрациянинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг Маҳаллий бошқарув тўғрисидаги қонунига кўра, Умурзоқов “ҳокимларни ишдан бўшатиш ваколатига эга эмас”, аммо уларнинг ишини текширишни бошлаши ва жавобгарликка тортиши мумкин.

Иссиқхона можароси

Октябрь ойида Умурзоқовнинг юзлаб иссиқхоналар газ таъминотидан узилгани ортидан мансабдор шахслар ва энергетика ширкати раҳбарларини жиноий жавобгарликка тортиш билан қўрқитгани ҳақидаги шов‑шувли аудиоёзув тарқалган эди.

“Жиноятнинг заррача аломати бўлса ҳам, сўрамасдан текширасиз. Қонун доирасида, – деган у бошқа вазирлар билан учрашувда ва амалдорлар хатти-ҳаракатларини "миллий хавфсизликка таҳдид" деб атаган.

Президент Администрацияси таъкидлашича, аудиоёзув “контекстдан юлиб олинган ва тўлиқ манзарани акс эттирмайди”.

“10 мингга яқин иш ўринларини хавф остига қўяётганини” ҳисобга олиб, йиғилишда Умурзоқов тегишли органларга «Худудгазтаъминот» давлат акциядорлик жамияти ҳудудий раҳбарияти ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни тавсия қилган.

У буни президент Мирзиёев “бизнес эгаларининг норозилигидан хабар топгани” ва “Администрация раҳбарига бу масалани ўрганишни топширганидан” кейин қилган.

"Яхши бўлди, шунга лойиқ эди..."

Панниер OpenDemocracy нашрига берган интервьюсида “Ўзбекистонда давлат амалдорларига нисбатан одамларда шубҳа ва норозилик ҳукмрон” дейди.

У шундай қўшимча қилди: "Одамлар амалдорларнинг ҳокимиятга қандай келишига ҳақиқатан ҳам таъсирга эга эмаслар, улар ҳақиқатан ҳам уларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қила олмайдилар, шунинг учун амалдорлар кетганда, умумий туйғу шу: яхши бўлди, улар шунга лойиқ".

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Умурзоқов қўлида ишлаган собиқ икки ходим OpenDemocracy билан суҳбатда жиноий тергов бошлаш билан таҳдид қилиш Умурзоқовнинг бошқарув услубига тўғри келиши, у “шуҳратпараст кулранг кардинал” эканини айтган.

Бу икки манбанинг иддао қилишича, у вазирликларда соатлаб чўзилган йиғилишлар ўтказган, ходимларни ҳақоратлаган.

Президент Администрацияси OpenDemocracy нашрига Умурзоқов “фаолияти давомида мажбурлаш ёки қўпол ишонтириш тактикасини қўлламагани” ва “бу гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини” айтди.

“Жаноб Умурзоқов юксак маданиятли шахс ва бошқалардан ажралиб турадиган давлат хизматчисидир”, дейди Админстрация.

OzodNazar: Мирзиёев маъмурияти янги бошлиғи Сардор Умурзоқов ҳокимларни йиғилишдан ҳайдади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:53 0:00

Воқеа жойида ҳибсга олинган

Умурзоқовнинг жиноий жавобгарликка тортишга уриниши декабрь ойида кутилмаган совуқ, электр ва газ таъминотидаги тақчиллик вақтида намоён бўлган.

Бу танқислик ўнлаб йиллар давом этган эътиборсизлик, Ўзбекистоннинг совет давридаги электр тармоқларига етарли сармоя киритилмагани ортидан пайдо бўлди. Айниқса, совуқ қиш ойларида, энергия таъминоти кўпинча маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқага боғлиқ бўлиши мумкин. Президент маъмурияти ОpenDemocracy’га “фақат ўтган бир неча ой ичида” мамлакат энергия бошқаруви тизимларида 192 та суиистеъмол ҳолати қайд этилганини айтди.

Панниер шундай дейди: “Ўзбекистонда кетма-кет учинчи йил қишда электр энергияси ва газ тақсимоти билан боғлиқ жиддий муаммолар кузатилмоқда.

Инқироз нафақат пойтахтдаги одамларга, балки уларга буюк янги Ўзбекистонни ваъда қилган Президент Мирзиёевнинг обрўсига ҳам путур етказмоқда”.

Умурзоқов 11 декабрь куни вазирликлар ва маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари ҳамда Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев билан мамлакатнинг газ таъминоти муаммоларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Учрашувдан хабари бўлган икки киши openDemocracy’га айтишича, Умурзоқов Йўлдошевдан энергетика ҳолати бўйича тергов ҳақида ҳисобот талаб қилган.

Манбаларга кўра, Йўлдошев «Худудгазтаъминот» давлат газ таъминот компаниясининг Тошкент филиали бошлиғи ўринбосари тергов қилинаётганини айтган. Шундан сўнг Умурзоқов йиғилишда Тошкент шаҳар филиали раҳбари Музаффар Алиев ҳақида сўрагани хабар қилинган.

Икки манбага кўра, Умурзоқов филиал раҳбари тергов қилинмаётганидан хабар топиб, Алиевнинг қўлига зудлик билан кишан солиб, ҳибсга олишни буюрган.

Ўша куни кечроқ Бош прокуратура унинг ҳибсга олингани ҳақида баёнот тарқатди, жумладан, Алиевнинг қўли кишанланган сурати ижтимоий тармоқларда тарқалди. Алиевга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик айби қўйилган. Вазиятдан хабардор манбага кўра, учрашув чоғида Умурзоқов қўли кишанланган Алиев суратини оммавий ахборот воситаларига тарқатишни талаб қилган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, терговга қадар ҳибсга олиш учун текширув ўтказилиши ёки ҳибсга олиш тўғрисидаги суд қарори талаб қилинади.

OpenDemocracy бу тартиб Алиевнинг ишида кузатилганми ёки йўқлигини мустақил тасдиқлай олмади.

Президент Администрацияси манбалар берган версияни инкор этиб, Умурзоқов Алиевни ҳибсга олишга "тўғридан-тўғри ёки билвосита буйруқ бермаган"лигини айтди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура учрашув чоғида Алиевнинг ҳибсга олингани ҳақида маълумот берган.

“Ҳибсга олишга буйруқ бериш ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг ваколатига киради”, деб Администрация Алиев суд қарори билан лавозимидан четлатилганини таъкидлади.

Администрация, шунингдек, Алиевнинг ҳибсга олингани сурати интернетда эълон қилинган вақтида, Умурзоқов ўша йиғилишда бўлгани, фотосуратни оммага эълон қилишни буюрмаганини таъкидлаган.

18 январь куни Ўзбекистон матбуоти Алиевнинг гаров эвазига қўйиб юборилгани ҳақида хабар берди.

Президент Администрациясининг янги раҳбари Сардор Умурзоқов ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:12 0:00

Вилоятлардаги янги лавозимлар

Икки ой муқаддам Умурзоқовнинг амбицияларидан далолат берувчи яна бир ўзгариш бўлди, Президент администрацияси мамлакатнинг ўнлаб вилоят ҳокимликларида янги лавозим: Президент Администрацияси раҳбари ёрдамчиси лавозимини жорий қилди.

Мазкур янги ёрдамчилар фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида ташкил этилган Халқ қабулхоналарида жорий этилмоқда. Ёрдамчилар фуқароларнинг маҳаллий мансабдор шахсларга нисбатан расмий шикоятларини судларга юбориш ҳуқуқига эга, улар мансабдор шахсларни маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортишлари мумкин. Фуқаролар муаммоларини ҳал этишда вилоят ҳокимликлари обрўси яхши эмас.

Панниер Умурзоқовнинг ролини президент режалаштирган конституциявий ўзгаришлар билан боғлади. “Мирзиёевга ҳозир мамлакатда унинг шахсий обрўсига путур етказадиган воқеалар керак эмас”, дейди у.

“Ҳудудларда муаммолар юзага келганда, Мирзиёев Каримовнинг ижрочиси сифатида у ерга бориб, талаблар бажарилмаса, бу оғир оқибатларга олиб келиши билан таҳдид қилган”, дейди Панниер. Умурзоқов янги Мирзиёев бўлиши мумкин”.

Карнеги жамғармаси эксперти Темур Умаровнинг OpenDemocracy нашрига айтишича, “Мирзиёев ва Умурзоқов ўртасида жуда катта ишонч бор” ва Умурзоқовнинг бугунги роли билан Мирзиёевнинг Каримов давридаги ролини қиёслаш ўринли".

Президент Администрациясининг таъкидлашича, “жаноб Умурзоқовнинг кўп сонли собиқ ва ҳозирги ҳамкасблари у тажрибали менеджер сифатида ҳар доим принципиал музокараларни қўллаб-қувватлашини билишади. Бу музокаралар баъзан мазмунан қаттиққўл бўлиши мумкин, аммо иштирокчиларга нисбатан ҳар доим мулойим бўлган”.

Форум

XS
SM
MD
LG