Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:28

“Ўзтрансгазми, Ространсгаз?” Вазир “Йўл харитаси”ни тижорат сири деб яширди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жамоатчилик Энергетика вазирлиги билан Россиянинг “Газпром” ширкати ўртасида имзоланган “Йўл харитаси” матни очиқланмаётганидан кескин норози бўлмоқда.

Бундай ҳужжат 24 январь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида имзоланди.

25 январь куни ўзбекистонлик фаол блогер ва журналистларни тор учрашувга тўплаган Энергетика вазири ҳужжат матни “тижорат сири” бўлгани боис, ошкор қилинмаётганини айтди.

Гарчи расмийлар, ҳозирча Ўзбекистондаги газ қувурларининг бошқаруви ҳақида гап йўқ, деб жамоатчиликни тинчлантиришга уринса-да, таҳлилчилар, шу пайтгача очиқланган расмий маълумотнинг ўзиёқ миллий манфаатга зид ҳамкорлик бошланганини кўрсатяпти, деган хавотирда.



“Тижорат сири”

Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистондаги фаол, аудиторияси катта бўлган журналист ва блогерларни 25 январь куни вазирликка тўплади.

Йиғилишда иштирок этган бир неча блогер ва журналистдан олинган маълумотга кўра, вазир ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистоннинг қувурлари бошқаруви “Газпром” ширкатига ўтиб кетди” мазмунида кўпайган эътирозларни рад қилган.

“Бу ҳақда жуда кўпчилик блогерлар ёзишди. Шунинг учун вазирликка бир неча сайт журналистлари ва блогерларни чақиришди. Йиғилишда савол-жавобга ўрин берилмади, фақат маълумот беришди. Расмий баёнотда берилган маълумотларни айтишди”, дейди ўзбекистонлик журналист Илёс Сафаров.

Йиғилишда қатнашган Gazeta.uz нашри мухбири Шуҳрат Латиповга кўра, Энергетика вазири “Йўл харитаси” матни “тижорат сири” бўлгани боис ошкор қилинмаётганини айтган:

“Йиғилишда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳужжат “тижорат сири” бўлгани боис ошкор қилинмаслигини айтди. Айни пайтда, у барча саволларга жавоб беришга тайёрлигини билдирди ва “Йўл харитаси”да мамлакат газ-транспорт тизимини “Газпром” ширкатига бериш ҳақида бандлар йўқлиги, бу пресс-релизда айтилганини айтди”.

Шу куни вазирлик расмий баёнотни ҳам эълон қилди. Унда, Россиянинг “Газпром” компанияси билан газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича имзоланган “Йўл харитаси” мамлакат мустақиллигига ҳеч қанақа таҳдид солмайди, деб таъкидланди.

Расмий баёнотга кўра, 24 январь куни Россияда Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ўртасида бўлган музокарада Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг "техник имкониятлари" муҳокама қилинган.

“3 саҳифа, 8 бандлик ҳужжат”

Аммо, Kun.uz нашри ҳукуматдаги манбалари воситасида харита матнини кўрганини хабар қилмоқда.

Нашрга кўра, ҳужжат 3 саҳифа, 8 банддан иборат:

“Унда Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали бозор нархида табиий газ етказиб бериш учун зарурий техник чоралар акс этган. Келишувга кўра, 2023 йил 1 мартдан бошлаб Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импорти йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. Йўл харитасида Россиядан Ўзбекистонга газ узатишни ташкил этиш учун Ўзбекистон ўз газ тармоқлари ҳақида “Газпром”га расмий маълумотлар тақдим этиши ҳам назарда тутилган”.

Бу нашр ҳам, ўз манбаси “Йўл харитаси” Россия сўрови билан ошкор қилинмаётганини айтганини ёзмоқда.

Озодлик бу ҳужжат ва қўшимча тафсилотларни сўраб, Ўзбекистон Энергетика вазирлигига мурожаат қилди, аммо тафсилотлар очиқланмади.

“Тармоқлар қаҳридан қўрқишяпти”

Ўзбекистондаги айрим жамоатчилик фаоллари ва иқтисодчилар, жамоатчиликка очиқланмаётган бу ҳужжатда Ўзбекистон миллий манфаатларига зид келишув акс этган, деган хавотирда.

Ўзбекистон расмий ахборот воситаларидан бирида ишлайдиган журналистга кўра, айнан шу боис, ҳужжат ошкор қилинмаётир ва ҳатто, Энергетика вазирлигининг ўзида ҳам унинг матнини кўрганлар бармоқ билан санарли бўлиши мумкин:

“Яъни, Россия кўп йиллардан буён Ўзбекистондаги газ-транспорт тизимлари бошқарувини сўраб келаётгани сир эмас. Бу йил қишнинг қаттиқ совуғида Россия яна шу талаби билан босим қилиши кутилган эди. Кўрган бўлсангиз, “Энергетик мустақилликни Россияга бергандан кўра, совуқда ўтирайлик, ҳукумат туриб берса бўлди”, деган акциялар бўлди тармоқларда. Афтидан, бизникилар туриб беролмади ва энди жамоатчилик норозлигидан қўрқиб, келишув тафсилотларини ошкор қилишмаётган бўлиши мумкин”.

Ҳукуматнинг бу масалада айнан тармоқлар қаҳридан қўрқиб турганини, 25 январь куни таниқли иқтисодчи блогер Отабек Бакиров шарҳига тезкор расмий муносабат ҳам гўёки билвосита тасдиқлади.

Вазирлик матбуот хизмати 25 январь кунги баёнотида шундай билдирди:

“Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизимининг кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ”.

Отабек Бакиров бу баёнотга жавобан шундай ёзди:

“Кўнгиллар сал тинчиди: "Газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда" иборасига "бошқарув ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда" ибораси ҳам қўшилса, кўнгиллар янаям хотиржамроқ бўларди”.

Бакировнинг бу постидан ярим соат ўтар-ўтмас, Энергетика вазирлиги расмий баёнотига шундай изоҳ қўшилди:

“Шуни алоҳида такидлаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда (бошқарув ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда) ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган”.

“Йўл харитаси”га чалғимаслик керак”

Ўзбекистон ҳокимиятига яқин Озодлик манбасининг таъкидлашича, аслида ҳозир “Йўл харитаси”ю унинг халққа ошкор қилинмаётган тафсилотлари устидаги баҳсга чалғимаслик керак.

Муқаддам катта лавозимда ишлаган собиқ мулозимнинг таъкидича, бу Ўзбекистон энергетика-транспорт тизимини олиш бўйича Кремль ишга солган узун режанинг навбатдаги қадами ва аслида жамоатчилик “бундан кейинги сўзлашувларга диққат қилиш керак”.

“Ҳозирги харитада ростдан ҳам газ қувурларимизни “Газпром”га у ёки бу шаклда беришга оид бандлар йўқ эканига мен ишонаман. Лекин, бу қувурларни уларга бермаймиз, дегани эмасда. Бундан кейин бўладиган ишчи гуруҳлари учрашувларига диққат қилиш керак. Матбуотга икки оғиз улар учрашди, деб хабар берилади. Аммо, ўша учрашувларда секин-секин Кремлнинг шартларига рози бўлинган ҳужжатлар имзоланиб, ўтиб кетади”, деб огоҳлантирди собиқ мулозим.

“Ҳамма гап баёнотнинг 3-бандида”

Ўзбекистонлик яна бир иқтисодчи ҳам, қувурларнинг ишончли бошқаруви муҳокамаси ҳали олдинда, деган ишончда.

“Энергетика вазирлиги берган расмий баёнотнинг 3-банди буни тасдиқлаб турибди. Унда: "Ишчи гуруҳ техник жиҳатдан барча ишларни якунлаганидан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинади" дейилган. Асосий гап шу ўзи. Чунки шартлар - фақат нархларни келишишдангина иборат бўлмайди. Зотан, Россия қайси давлат билан шартнома қилса, айниқса энергетик ресурслар нархини доим ўзининг геополитик манфаатларига қаратилган шартлар билан боғлайди. Ҳозир хавотир шундайки, техник гуруҳ нарх-наво ва транспортировка сметасини ишлаб чиққанидан кейин, Россия қўядиган шарт айнан қувур назоратини ўз қўлига олиш ҳақида бўлади”.

“Газ иттифоқи” реаллашди”

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузишга қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Бу эса жамоатчилик орасида “Россия Ўзбекистондаги газ тизими назоратини тўлалигига ўз қўлига олиб, шу орқали Тошкентга сиёсий босим ўтказишга уринмоқда” қабилидаги талқинлар урчишига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон Энергетика вазири Мирзамаҳмудов ўша кезда Озодликка берган эксклюзив интервьюсида, Ўзбекистон газ эвазига ҳеч қандай сиёсий шартларга кўнмаслиги, Россия билан газ етказиб беришга оид шартнома эса, агар шундай шартнома тузилгудек бўлса, ҳали иттифоқ тузилишини англатмаслигини урғулаганди.

Айни пайтда Россия матбуоти, Ўзбекистон Энергетика вазири билан “Йўл харитаси” имзоланишини Ўзбекистон билан “Газ иттифоқи”га эришилди, мазмунида хабар қилмоқда.

"Газпром" Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи “Йўл харитаси”ни имзолади”, деб ёзди жумладан Vesti.ru нашри 24 январь куни.

Neftegaz.RU ахборот агентлиги ҳам, бугунга келиб газ соҳасида ҳамкорликка оид Ўзбекистон ва Қозоғистон билан имзоланган “Йўл харита”лари “Учлик иттифоқи тузилишини реаллаштирди” деб ёзди.

58 млрд метр куб сиғимлик қувур бор

Расмий баёнотга кўра, “Газпром” билан имзоланган ҳужжатда Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импортини йўлга қўйишнинг техник имкониятларини ўрганиш режаланган.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Россия газини Ўзбекистонга олиб бориш учун зарур инфратузилма бор ва у Қозоғистон ҳудудидан ўтади.

Бу - “Ўрта Осиё-Марказ” магистрал қувуридир ва унинг сиғими йилига 50 миллиард метр кубни ташкил қилади. Ўз вақтида бу қувур орқали Туркманистон гази Россияга олиб ўтилган.

Бундан ташқари, Бухоро-Урал йўналишидаги йиллик сиғими 8 миллиард куб метр бўлган яна бир қувур ҳам бор.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигига кўра, ҳозир “Ўрта Осиё-Марказ” қувури орқали тескари йўналишда - яъни, Россиядан Ўзбекистонга табиий газ олиб келиш имкониятлари - газ ҳажми, нархи ва тақсимоти ўрганилмоқда.

Расмий баёнотга кўра, бу ўрганиш ва сўнгра “асосий шартларни муҳокама қилиш” жараёнини мартгача битириш ҳамда Россиядан Ўзбекистонга газ экспортини 1 мартдан бошлаш кўзда тутилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG