Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:43

"Сардор"лар келишуви. Газ инқирози бошқарувдаги бўлинишни ўртага чиқардими?


Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан, 25 октябрь, 2022, Туркия
Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан, 25 октябрь, 2022, Туркия

Ўзбекистонда қишнинг илк кунларидан бошланган свет-газ муаммолари фонида ҳукумат, аҳоли норозилигига жавобан фавқулодда чораларга қўл ураркан, таҳлилчилар энергетик инқироз давлат бошқарувида ҳам зўриқишларга сабаб бўлганига эътибор қаратишмоқда.

Қишнинг совуқ кунлари - президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил ёзда Қорақалпоғистонда бўлган воқеалар ортидан янгиланган Сардор Умурзоқов бошчилигидаги маъмурияти учун биринчи жиддий синов бўлди.

Президент маъмуриятининг олдинги раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов қорақалпоқларнинг зўравонликларга айланиб кетган норозиликлари учун масъул кўрилган ва истеъфога чиқарилганди.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов билан, 12 декабрь, 2022, Туркманистон
Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов билан, 12 декабрь, 2022, Туркманистон

Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнини эгаллаган 45 яшар Сардор Умурзоқов газ ва свет муаммосидан норозиликлар учун масъулиятни биринчи навбатда энергетика мулозимларига юклади.

11 декабрь кунги видеоселекторда Умурзоқов энергия тақчиллигини кучайтираётган раҳбарлар жазога тортилишини айтди.

Президент администрацияси раҳбари олиб борган видеоселектор фонида матбуотда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг Тошкент вилояти бўйича раҳбари Музаффар Алиев ҳамда вилоятда яна иккита туман газ идорасининг икки нафар жорий ва собиқ раҳбарлари қамоққа олингани ҳақидаги ҳисоботи эълон қилинди.

Бош прокурорнинг ахборотида ушбу мулозимларга нисбатан жиноят иши очилгани ва уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси белгилангани таъкидланди. Аммо жиноят иши қачон очилгани ҳақида маълумот берилмади. Озодликнинг Бош прокуратура тизимидаги манбасига кўра, олдиндан жиноят иши бўлганида мулозим видеоселекторга қўйилмас эди.

Бир вақтнинг ўзида маҳаллий нашрлар ва Телеграм-каналларда "Ҳудудгазтаъминот"нинг Тошкент вилояти бўйича раҳбари Музаффар Алиевнинг қўлига кишан солинган ҳолда туширилган сурати эълон қилинди.

ZIMISTON-UZ XABARLARI. 4-qism: Уч кун светсиз қолган чилонзорликлар норозилигини ИИБ тўхтатди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:59 0:00

Озодликнинг 11 декабрь кунги видеоселектордан хабардор ҳукуматдаги манбаси ҳамда Прокуратура собиқ мулозимлар устидан олиб бораётган терговга яқин манбаларининг айтишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида ўтириб, видеоселекторда иштирок этаётган Алиевнинг қўлига “администрация раҳбарининг шахсан берган топшириғи билан ўша ернинг ўзида кишан солинган".

Видеоселекторда қатнашган Озодлик манбасининг билдиришича, администрация раҳбари Тошкент вилоят газ идораси раҳбари кимлигини сўраган ва Алиев номи айтилиши билан "олиб бориб қамаш ҳақида кўрсатма берган". Озодлик билан суҳбатда бир-биридан мустақил манбалар Алиев бир неча дақиқада тергов изоляторига олиб борилгани ва у ердан мулозимнинг қўлига кишан солинган сурати олиниб, видеоселекторда намойиш этилганини айтишмоқда.

Маҳаллий матбуот Сардор Умурзоқовнинг шу мажлисда "агар бошқа ҳудудлардаги масъуллар ҳам бундан тўғри хулоса чиқармаса ва қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйса, уларга ҳам, албатта, худди шундай жиноят иши қўзғатилади", дея айтган сўзларидан иқтибос келтирди.

Президент Мирзиёев администрацияси раҳбарининг энг кўп танқид қилинадиган идоралардан бири бўлган “Ҳудудгазтаъминот” мулозимига тезкор чора кўриши ва бошқа мулозимларни ҳам огоҳлантириши кўпгина тармоқ фаоллари ва блогерлар томонидан олқишланди.

Шу билан бирга, тармоқларда муаммо учун асл жавобгарлар четда қолиб, яна “қуйи бўғиндаги амалдорлар” жазоланаётгани ва халқнинг эътиборини чалғитиш учун намойишкорона ишдан олишлар амалга оширилаётгани ҳақида изоҳлар қолдирилди.

“Жавобгар” мулозимнинг суратини чоп қилган айрим нашрлар кейинроқ суратни хиралаштирди ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланаётган амалдорнинг тўлиқ исм-шарифини бош ҳарфларга ўзгартирди.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар, президент Мирзиёев администрацияси раҳбарининг айрим мулозимларни ҳисобга ва жазога тортиши, қолаверса, қамаш ҳақида шахсан буйруқ бериши мисолида, Ўзбекистондаги бошқарувнинг айрим жиҳатларига эътибор қаратишмоқда.

Бу жиҳатлар, уларнинг назарида, президент эълон қилган қонун устуворлиги тамойилларига ҳар доим ҳам мос келавермайди.

“...Ҳукумат газ соҳасидаги вазиятни ва инқирознинг конкрет сабабларини таҳлил қилишга, ушбу маълумотларни жамият билан бўлишишга, шунингдек аниқланган муаммоларни ҳал этиш учун самарали стратегия ишлаб чиқишга уринаётгани йўқ. Бунинг ўрнига ички газ таъминотига масъул кичкина мулозимлар билан ўралашиб, улар устидан жиноят иши очишяпти, ҳатто биттасини ҳукумат йиғилишида кишанбанд қилишди”, деб ёзди Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов, 14 декабрь куни ўзининг Фейсбук саҳифасидаги постида.

Унинг фикрича, “бу оммани юпатиш ва ҳукумат чора кўраётганини намойиш этиш учун қилинган”.

"Газ импорти бўйича музокара қилиш учун Ашхободга бош вазир ёки энергетика вазири эмас, балки президент администрацияси раҳбари борди. Бу нима дегани?"дея савол қўйди таҳлилчи.

Унинг фикрича, “афтидан, бу чоралар соҳада айбдор қилиш мўлжалланаётган шахсларга қарши қатағонлар билан чекланиб қоладиганга ўхшайди”.

Мансаб ваколатини ким суиистеъмол қилди?

Озодликка маълум бўлишича, ҳибсга олинган «Ҳудудгазтаъминот»нинг Тошкент вилояти филиали директори Музаффар Алиев Тошкент вилояти прокуратурасига олиб борилган ва вилоят прокурорининг ўринбосари томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Озодликнинг терговга яқин манбаси эндиликда собиқ мулозимга нисбатан “айбсизлик презумпцияси” қўпол равишда бузилган ва эҳтиёт чорасини тайинлашда қонун бузилишига йўл қўйилган, деб таъкидлади.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Жиноят процессуал кодексига кўра, ҳали айби суд ҳукми билан исботланмаган шахс жиноятчи сифатида талқин этилмайди. Ҳолбуки, Ҳукумат томонидан «Ҳудудгазтаъминот»нинг Тошкент вилояти филиали директори Музаффар Алиевнинг ҳибсга олиниш жараёни суратга олиниб, барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси ЖПК талабларига кўра, шахсга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари томонидан қўзғатилади. Жиноят иши қўзғатилганидан сўнг шахсни тергов даврида эҳтиёт чорасини белгилаш маҳаллий жиноят ишлари бўйича суди ваколатига киради.

Ўзбекистон Республикаси ЖПК талабларига мувофиқ, терговолди ҳаракатлари бўйича материаллар ёки жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор чиқмай туриб, гумонланувчига нисбатан қамоқда ушлаш, кишанлаш, процессуал тартибда ушлаб туриш мумкин эмас”, деди исми очиқланмаслик шарти билан Озодликка гапирган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Қудратли администрация раҳбари

Ўзбекистон Адлия вазирлиги тизимидаги экспертлардан бирининг Озодликка изоҳ беришича, Ўзбекистон президенти администрацияси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи эмас, унинг бу борадаги ваколатлари конституциявий қонунлар билан белгиланмаган.

У Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ахборот киритиши мумкин, кўрсатма бериш ёки шахсга нисбатан қамоққа олиш, жиноят иши қўзғатиш ваколатига эга эмас.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунига кўра, Бош вазир ёки ҳукумат аъзолари ташқи сиёсатда ҳукумат номидан давлатлараро ёки ҳукуматлараро шартномалар ва битимлар, шунингдек, меморандумларни имзолаши мумкин.

Энергетика инқирозига бағишланган видеоселектордан икки кун ўтиб, Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг Ашхободга сафар қилгани ва президент Сардор Бердимуҳамедов билан газ битимини имзолагани хабар қилинди.

Битим тафсилотлари очиқлангани йўқ, аммо экспертлар нима учун газ битимини ҳукумат раҳбари эмас, Президент администрацияси раҳбари имзолаганига эътибор қаратишди.

Бундан аввал Умурзоқов Туркияга сафар қилгани ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокаралар олиб боргани хабар қилинган, аммо музокаралар тафсилотлари ошкор қилинмаган.

Адлия вазирлиги тизимидаги экспертнинг Озодликка айтишича, вазирликнинг Миллий ҳуқуқий порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясини ташкил қилиш тўғрисида”ги Фармони жойлаштирилган бўлиб, мазкур Фармонда Администрация регламенти, ташкилий тузилмаси ва низомига оид ҳуқуқий ҳужжат ўрин олган.

Аммо тузилманинг ваколатига оид иловалар ҳаволалардан топилмайди. Шунингдек, Миллий қонунчилик базасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ваколатига оид конституциявий қонун акти мавжуд эмас.

Президент Мирзиёев администрациясининг шу йил июлида истеъфога чиқарилган олдинги раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов «Ўзбекистон сиёсатининг кулранг кардинали» деб таърифланган.

Озодлик манбалари администрация раҳбарига берилган ваколатлар Низомиддиновни амалда мамлакатда президентдан кейинги иккинчи одамга айлантирганини айтишади.

Мамлакат янги конституцияси бўйича референдумга тайёргарлик жараёнига бошчилик қилгани айтилган Низомиддинов Қорақалпоғистондаги қонли воқеалар ортидан ишдан бўшатилганди.

Президент администрациясининг жорий раҳбари Сардор Умурзоқовдан фарқли Низомиддинов омма кўзидаги сиёсатчи эмасди. Унинг видеоселектор йиғилишлари ўтказгани ёки хорижий давлатлар раҳбарлари билан музокаралар олиб боргани ҳақида расмий хабар берилмаган.

Маҳаллий кузатувчилар бир вақтнинг ўзида президент Мирзиёев ўзининг вакили эканини таъкидлаб келадиган ҳокимларни тайинлашда администрация раҳбарининг роли ошиб бораётганини ҳам айтишмоқда. Маҳаллий блогерлардан бири шу йил 26 ноябрида Сирдарё вилоятига янги ҳоким вазифасини бажарувчи тайинланган йиғилишда Бош вазир Арипов Умурзоқовнинг "соясида қолиб кетгани"га эътибор қаратганди. Каримов бошқаруви даврида унинг ўзи иштирок этмаган Халқ депутатлари вилоят кенгашлари сессиясида ҳокимликка номзодларни ўша пайтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёев тақдим қилган.

Сардор Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши депутатлари сессиясида. 26 ноябрь, 2022
Сардор Умурзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши депутатлари сессиясида. 26 ноябрь, 2022

Бундан ташқари, ўтган ой вилоятларда Президент администрацияси раҳбарининг вакиллари институти жорий этилиши эълон қилинди. Тошкентдан тайинланган вакиллар вилоят кенгашлари ёки Бош вазирга эмас, балки администрация раҳбарига бўйсуниши айтилган.

Ўзбекистондаги Rost24.uz нашри ҳам Президент Администрацияси қўлида ҳаддан ташқари кўп қудрат жамланаётгани ва администрация амалда “параллел ҳукумат” га айланаётганига эътибор қаратган.

“Ҳаётимиз бир кишининг мажлисига қараб қолган эканда. Қачон қонун устувор давлатга айланамиз?” деб ёзди нашр бош муҳаррири, журналист Анора Содиқова 13 декабрь куни ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Аммо Президент администрацияси ўз ваколатлари билан боғлиқ саволларни жавобсиз қолдирмоқда.

Озодликнинг Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ўтказган охирги видеоселектор ва Ашхободда имзоланган газ шартномаси борасида, шунингдек, администрация ваколатлари ва Ўзбекистондаги ҳокимият бўлиниши юзасидан Бош вазир ва Президент матбуот хизматидан изоҳ олиш уринишлари ҳозирча натижа бергани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG