Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:35

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:01 4.2.2024

Лисичанск ўққа тутилиши оқибатида ўлганлар сони 28 кишига етди

Луганск вилоятининг Россия оккупация қилган Лисичанск шаҳрида “Адриатик” ресторани жойлашган бино ўққа тутилиши натижасида ўлганлар ва ярадорлар бор.

Бу ҳақда вилоятнинг Россия тайинлаган маъмурлари ва Россия идоралари маълум қилди.

Якшанба куни эрталаб харобалар тагидан бир ёш бола дохил 28 кишининг жасади чиқариб олинган. Шунингдек, камида 10 киши яралангани айтилмоқда. Вайрона остида яна одамлар бўлиши мумкин, қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Айирмачи “ЛХР” вакиллари ҳужумда украин ҳарбийларини айблаётир.

Россия томонидан “ЛХР” раҳбари этиб тайинланган Леонид Пасечник Украина ҚКни фуқаровий объектга қасддан зарба беришда айблади.

ТАСС тергов қайдларига таяниб, зарба HIMARS қурилмасидан йўлланган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда, Россия ТИВ баёнотида эса бинога “Ғарбда ишлаб чиқарилган қурол”дан ўт очилгани айтилади. Украина томони воқеа юзасидан изоҳ бергани йўқ.

Россия ФВВ ёйинлаган видеода вайрон бўлган икки қаватли бинони, мажақланган автомобиллар, ўт ўчирувчилар ва харобалар устида ишлаётган техникаларни кўриш мумкин.

Вазирлик маълумотига кўра, вайроналар остидан бир неча киши тирик ҳолда топилган. Бир неча ярадор Россия назоратидаги Луганск шаҳри касалхоналарига етказилган.

4 феврал “ЛХР”да мотам куни деб эълон қилинди.

Лисичанск Россия томонидан 2022 йил ёзда босиб олинган ва ўшандан бери унинг назоратида қолмоқда. У ерда кўча жанглари бўлмаган, шу боис шаҳарда, Бахмутдан фарқли ўлароқ, тинч аҳоли яшаяпти. Лисичанск фронт чизиғидан тахминан 10-15 километр ичкарида жойлашган.

Украинанинг Россия оккупация қилган ҳудудлари, айниқса фронт чизиғи яқинидаги аҳоли масканлари ўққа тутилиши натижасида тинч фуқаролар қурбон бўлиши тез-тез кузатилмоқда.

21 январ куни Донецк шаҳрига ҳужум оқибатида қарийб 30 киши ўлган эди. Россия томони ҳужумда Украинани айблади. Украина Қуролли кучлари ўша куни бу ҳудуд ўққа тутилмагани ҳақида баёнот берди, Украина ОАВларида эса ҳужумни Россия ҳарбийларининг ўзлари уюштирган, деган тахмин пайдо бўлди.

23:43 3.2.2024

Украина ва Россия ўртасида асир алмашинуви. Ҳар бир томон икки юзга яқин аскарини қайтариб олган

Россия ва Украина ҳарбий асирлар билан алмашди. Бу ўтган ҳафтада Россия ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учраганидан буёнги илк асир алмашинувидир.

Москва ҳалокатга учраган учоқ бортида 65 нафар украиналик асир бўлганини даъво қилган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги асир алмашинувида ҳар бир томон 195 аскарини қайтариб олгани ва ўз аскарлари тиббий ва руҳий муолажа учун Москвага жўнатилганини билдирди.

"Бугун, бизни ниҳоят алмаштириб, уйга қайтаришди. Ўтган ҳафтада алмашишга уриниш бўлди, аммо бу амалга ошмади. Биз хурсандмиз ва тез орада уйга қайтишга умид қиляпмиз", деб айтган собиқ рус асирларидан бири Рейтер агантлигига.

Хабарларга кўра, асир алмашинувида Бирлашган Араб Амирликлари воситачилик ролини ўйнаган.

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг Х-даги расмий аккаунтида бу ҳозиргача бўлган энг йирик алмашинувлардан бири эканлигини айтди. У қайтиб келган украиналиклар сони ҳақида бироз кўпроқ рақам берди.

"Аскарларимиз қайтиб келди. 207 нафарини қайтариб олдик", - деди Зеленский.

Украинанинг ҳарбий асирлар бўйича ҳукумат органи маълум қилишича, бундай турдаги 50-маҳбус алмашинуви Мариупол ва Херсон шаҳарларини ҳимоя қилишда қатнашган аскарларни ҳамда Қора денгиздаги Змеийний оролида Россия томонидан асирга олинган аскарларни ватанга қайтарган.

Икки мамлакат уруш бошланганидан буён, можаронинг дастлабки ойларидан бери ҳеч қандай тинчлик музокаралари бўлмаганига қарамай, воситачилар орқали вақти-вақти билан маҳбуслар алмашинувини амалга ошириб келмоқда.

Охирги ва энг йирик айирбошлаш 3 январ куни бўлиб ўтди, ўшанда улар Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигидан сўнг жами 478 асирни олди-сотди қилган.

Россия ўтган ҳафтада Украина маҳбусларни олиб кетаётган самолётниракета билан уриб туширгани ва бортдаги 74 кишининг барчаси ҳалок бўлганини айтди.

Украина самолётни уриб туширганини на тасдиқлади, на инкор қилди ва бортда ким бўлганини исботлашни талаб қилди.

23:40 3.2.2024

WP: Зеленский маъмурияти Залужнийнинг бўшатилиши ҳақида Оқ уйни хабардор қилган

Украина қуролли кучлари қўмондони генерал Валерий Залужний лавозимида қоладими ёки истеъфога чиқади? Рус босқинчи кучларига қарши урушга раҳбарлик қилгани учун Залужний миллий қаҳрамон мақомига эга бўлиши ҳам у ўз лавозимини сақлаб қолади дейиш учун етарли эмас.

Шу ҳафта Ғарб ва Украинадаги қатор нашрлар президент Владимир Зеленский бу ҳафта Залужнийдан истеъфо беришни сўраган, у бу илтимосни рад этгани ҳақда ёзди.

Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, Украина қуруқликдаги кучлар қўмондони Александр Сирскийга Залужнийнинг лавозими таклиф қилинган, бироқ у бу таклифни рад қилган.

Украина ҳукумати Оқ уйга президент Владимир Зеленский Украина Қуролли кучлари бош қўмондони генерал Валерий Залужнийни бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилди, деб ёзади 2 феврал куни Тhе Wаshington Post газетаси масаладан хабардор икки кишига таяниб. Газетанинг ёзишича, АҚШ. расмийлар бу Зеленскийнинг қарори эканини тан олиб, бу ҳаракатни қўллаб-қувватламаган унга эътироз ҳам билдирмаган.

Айни дамда Украина кучлари жанг майдонида жангларни давом эттирмоқда.

Украинанинг кўп кутилган ёзги қарши ҳужуми жануб ва шарқда озгина муваффақиятга эришди ва рус қўшинлари 1000 километрлик фронтда кичик, аммо қиммат мағлубиятларга учради.

Айни пайтда ғарбнинг ҳарбий ва молиявий ёрдамини олиш тобора қийинлашиб бормоқда, бу эса Киевни Россиянинг учувчисиз учоқлари ва ракеталарининг мунтазам ҳужумларига кўпроқ дучор қилиб, тинкасини қуритмоқда.

Урушдаги вазият эса фақат Залужнийга боғлиқ эмас. Залужнийнинг машҳурлиги ва илҳомлантирувчи қўмондон сифатидаги қобилияти эса маълум. Киев унинг ўрнига бошқа қўмондон топишга уринаётгани урушга янгича ёндашиш истагини акс эттириши мумкин.

23:37 3.2.2024

Россиянинг "Ивановец" кемаси “МАГУРА” ҳарбий-денгиз дрони ёрдамида йўқ қилинган

Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов 1 феврал куни Қора денгиз флотининг йирик “Ивановец” ракета кемаси аннексия қилинган Қримда Украинада ишлаб чиқарилган “МАГУРА” В5 ҳарбий-денгиз дронининг тўғридан-тўғри зарбаси натижасида йўқ қилинганини айтди. .

Будановга кўра, портлаш натижасида кема сувга чўккан.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча кема тақдирига изоҳ бермади, бироқ Z-блоггерлар кемага қилинган ҳужумн, шунингдек, экипаж тақдирини фаол муҳокама қилмоқда.

Украина Россия билан 22 ойлик уруш давомида Қримга, жумладан, ҳарбий кемалар, аэродромлар, Россия Қора денгиз флоти штаб-квартираси ва ярим оролни Россия жануби билан боғловчи кўприкка қатор зарарли ҳужумлар уюштирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG