Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

"Бир кунда ўғлим, келиним ва уч неварамни тупроққа қўйдик". Ўзбекистонда ис газидан ўлаётганлар


Ўзбекистонда аксар аҳоли қиш мавсумида газ ва электр тақчиллигидан азият чекиб келади.
Ўзбекистонда аксар аҳоли қиш мавсумида газ ва электр тақчиллигидан азият чекиб келади.

8 декабрь куни Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида бир оиланинг икки аъзоси вафот этди. Уларнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлгани айтилмоқда. Хоразм вилоят Фавқуодда вазиятлар бошқармаси бу ҳақда аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарни тасдиқлади. Хабарда айтилишича, 2 нафар фуқаро вафот этгани бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланган.

Шу йилнинг 1 ноябридан буён маҳаллий матбуотда ёритилган ис газидан ўлим ҳолатлари 20 дан ошди.

Ҳар йили қишнинг совуқ кунларида Ўзбекистонда газ ва электр таъминотидаги узилишлар ўнлаб одамнинг умрига зомин бўлади. Расмийлар ўлим ҳолатларида фуқароларнинг ўзларини айблайди, ўлим ҳолатларига иссиқлик электр қурилмаларининг техник фойдаланиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ёки газга ноқонуний уланиш сабаб бўлгани айтилади.

"Ҳаммасини қабристонга ёнма-ён қўйдик”

Бухоролик врач Очил Усмонов бир кунда ўғли, келини ва уч набирасини тупроққа топширди.

Жондор туманининг Охших қишлоғида яшовчи бу оиланинг беш аъзоси 5 декабрга ўтар кечаси ис газидан заҳарланиб вафот этган.

“Кеча жанозаси бўлди, иложимиз қанча, ҳаммасини қабристонга ёнма-ён қўйдик”, - дейди Усмонов.

Яқинларининг айтишича, марҳум Нодир Усмонов тадбиркорлик билан шуғулланган. У 4 декабрь куни оила-аъзолари билан тўйга борган ва шу куни уйига кечки 9ларда қайтган.

Эртаси куни эрталаб укаси келиб, хонадон дарвозасини тақиллатиб, чақирган. Аммо уйдан ҳеч ким чиқмаган. Тушликка яқин хонадон эшиги бузиб кирилганида эр-хотин ва уларнинг 2, 7, 11 ёшдаги фарзандлари жонсиз ҳолда топилган.

“Шу куни келин ва болалари билан тўйга боришган, уйга кеч 9ларда келишган. Котёл иситмагани учун электропечкани ёқишган. Болаларни уйига ўша иситгич қўйилган экан. Кичкина қизини пайпоғи шу печкага илиниб қолган. Ёнғин шу пайпоқдан қолинга ўтган, синтетик гилам борку, полос, ўшанга ўтган. Синтетик гилам жуда заҳарли бўлар экан, ис гази шундан чиққан. Эртасига эрталаб телефон қилганимизда, ҳеч ким кўтармади. Шундан кейин кичкина ўғлим хонадон дарвозасини босса, уйдан ҳеч ким чиқмаган. Кейин эшигини бузиб киришса, ана шу ҳолат бўлган”, - дея ҳикоя қилади Очил Усмонов.

Ўн кунда ўндан ортиқ ўлим

24 ноябрь куни Фарғона вилояти Бувайда туманида уч кунлик ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар қилинди. Уларнинг қўлбола печкадан чиққан ис газидан бўғилиб ўлгани айтилади.

Аввалроқ Наманганнинг Поп туманида икки аёл ва бир бола, қайнона, келин, набира, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Жиххахда аёл ва унинг икки набираси, Бухорода 2-синф ўқувчиси ис газидан заҳарланиш натижасида ҳаётдан кўз юмганди.

Ноябрь ойининг бошида Жиззахнинг Фориш туманида бир аёл ва унинг икки фарзанди ис газидан ҳалок бўлган.

Фожиалар, асосан, мўриси тозаланмаган ёки текширилмаган иситиш печларидан фойдаланиш оқибатида юз бергани хабар қилинади.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги бу каби фожиали ҳолатларга, асосан, қўлбола печкалардан фойдаланиш, газ, кўмир, ўтин ва бошқа ёқилғилардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, дудбўронларни нотўғри ўрнатиш сабаб бўлаётганини маълум қилган.

ФВВ: қўлбола печкалардан фойдаланманг!

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси - матбуот хизмати бошлиғи Мурод Содиқов Озодлик билан суҳбатда ўлим холатлари рўй бермаслиги учун аҳолини қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланмасликка чақиради.

“Ҳозир уйма-уй юришлар қилиб, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боряпмиз. Иситиш печлари созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганлиги текширилиши керак, носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланиш кераклиги тушунтириляпти. Қишда совуқ тушиши билан бахтсиз ҳодисалар ҳамма жойда бўлади, бошқа мамлакатларда ҳам бўлади. Лекин, бу йил Ўзбекистонда аввалги йилларга қараганда фожиалар кам”, - дейди Содиқов.

Вазирликка кўра, 2021 йил давомида ис газидан 128 инсон ҳалок бўлиб, 67 инсон заҳарланган.

Нафақат газ, сифатли печка ҳам йўқ

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати тунда -10 даражадан пастроқни ташкил қилаëтган айни кунларда аксар аҳоли газ ва электр қувватидан узилган оғир шароитда қандай қилиб бўлмасин қишдан омон чиқишга уринмоқда, ноиложликдан қўлбола печкалардан фойдаланмоқда, дейди фарғоналик блогер Дима Қаюм

“Одамлар ҳар қандай қўлбола, ясама, энг хавфли усулларгача қўллаб, сифатсиз, яроқсиз, эски печкалардан фойдаланяпти. Бу иложсизликдан, мажбурликдан, сабаби Ўзбекистонда ўттиз йил бўляпти яроқли, сифатли печка ишлаб чиқарадиган заводлар йўқ. Шу сабаб қўлига қандай темир тушса, тунука тушса, эски газ баллон тушса, шундан печка қилиб, энг хавфли усуллардан фойдаланишяпти, сифатсиз кўмир ишлатишади. Яна айтаман, бу мажбурликдан, иложсизликдан. Оқибатда ўлим холатлари бўляпти. Айниқса гўдаклар ўляпти. Яна бир сабаб газни пастлиги, бир ўчиб бир ёнади, огоҳлантиришсиз узиб яна берилади, мана шунақа холатларда ҳам ис гази чиқишидан одамлар ўляпти. Бу шу соҳага масъул бўлган шахсларнинг хатоси деб ўйлайман. Қиш учун тараддуд кўриш керак эди. Ҳозир ҳам кеч эмас, қаттиқ совуқлар олдинда, халқимизга сабр берсин”.

Аксар ижтимоий тармоқ фаоллари ҳукуматни ҳаракатсизликда айблайди.

Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида ҳукуматни хориждан сифатли иситиш воситалари олиб кириш учун божхона имтиёзлари беришга чақирди.

“Ис газидан ўлимлар… юрак зириллаб қолди!

Ҳар куни, ҳар соатда матбуотда, ижтимоий тармоқларда ис газидан заҳарланиш оқибатида қурбонлар акс этган маълумотларни ўқимоқдамиз.

Совуқ хабарлардан юрак олиниб қолди. Ахир, бу қанақаси, ҳар куни юртдошларимиз қурбон бўлмоқда.

Хитой ва бошқа мамлакатларда ис газини аниқловчи детекторлар ишлаб чиқарилиб, сотиларкан. Наҳотки, мамлакатимизга шу жиҳозларни келтириш ва ҳар соҳага имтиёзлар берадиган ҳукуматимиз шу жиҳозларга ҳам солиқ ва божхона имтиёзлари беришга қодир бўлмаса?!

Одамларнинг қурбон бўлиши, технология замонида ўлимлар учун урушнинг ҳожати қолмаяпти. Президент Администрацияси, Инновациялар вазирлиги, бу ҳақда ўйланг, нимадир қилайлик!”

Блогер Санажар Саид эса: “Халқ совуқ кунларда қийналмоқда. Ижтимоий тармоқлар бу муаммо ҳақидаги хабарлар, шикоятларга тўлиб-тошди. Ҳар куни тўртта-бешта одам ис газидан вафот этмоқда. Метан заправкаларда турнақатор навбатлар. Уйлар совиб кетган, газ, ток тақчиллиги. Грипп, шамоллаш кўпайган.

Қизиқ, буларнинг барчасига жавобгар ва масъул бўлган ягона шахс ҳозирда нима билан банд экан?”, дея Facebook саҳифасида изоҳ қолдирди.

2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарланганини айтган эди.

Ўша йиғилишда президент Мирзиёев Бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифасини юклаган.

ZIMISTON-UZ: Яна қиш, яна энергетик коллапс
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:47 0:00

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатда изғиринли кунлар бўлаётгани сабаб тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун вазирликда узлуксиз иш олиб борадиган Штаб ташкил этилган.

Вазирлик ахборотида айтилишича, сўнгги бир суткада мамлакат бўйлаб “Тез ёрдам”га 37 336 та мурожаат бўлган. 3291 нафар бемор шифохонага ётқизилган.

ССВ бу рақамлар совуқ бошланишидан олдинги рақамлардан кўп ёки озлигига аниқлик киритмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG