Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:34
 Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.
Сирдарёда икки қаватли уй портлашдан сўнг.

ZIMISTON-UZ: Газ портлашида Сурхондарёда икки, Сирдарёда ҳам икки киши ҳалок бўлди

📌Ҳар йилгидек, Ўзбекистонга совуқ кутилмаганда келди. Унинг кутилмаганлиги табиат инжиқлиги эмас, балки мамлакат энергетика тизимидаги муаммолар билан боғлиқ. Биринчи қордан кейиноқ мамлакат энергетик коллапсга гувоҳ бўлмоқда.

Ўтган йиллардаги каби яна бутун Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги кузатилмоқда. Аммо афтидан, вазият бу йил олдингидан ҳам ёмон. Бу йил энергетика инқирози пойтахтгача етиб келди. Тошкент ўтган йилларда, асосан вилоятларда кузатилган газ босими пасайишларию метан газга навбатларга дуч келмоқда. Аммо бу ҳали бошланиши… ҳаво янада совиши кутилмоқда.

Озодлик ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарларини ZIMISTON-UZ блогига жамламоқда.

Сиз яшаётган худудда вазият қандай?

Қандай қишлаяпсиз?

Газ ва свет борми?

Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали + 420 724971539 рақамига йўлланг. Вазиятни биргаликда кузатамиз!

16:40 4.1.2023

Чироқсиз Ўзбекистон Афғонистонга электр экспортини қайта тиклади

Мамлакатда энергетик бўҳрон давом этаётган бир пайтда Ўзбекистон қўшни Афғонистонга электр экспорт қилиш бўйича янги келишув имзолади.

TOLOnews хабарига кўра, Толибон шакллантирган ҳукумат таркибидаги Энергетика ва сув захиралари вазирлиги Ўзбекистон билан Афғонистонга электр энергияси узатишга оид шартномани яна бир йилга узайтирган.

Икки ой аввал Ўзбекистонда энергетик коллапс бошлангач, Афғонистонга электр энергияси экспорти икки баравар қисқаргани хабар қилинган эди.

Янги келишувга кўра, Ўзбекистон Афғонистонга электр экспортини тўлиқ қайта тиклаган ва қиш мавсумида 450 МВт электр энергияси етказиб бериш мажбуриятини зиммасига олган.

Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) миллий энергетика компанияси маълумотига кўра, Ўзбекистон Афғонистонга йилига 2,2 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб бериши лозим. Шартнома қиймати йилига тахминан 100 миллион долларни ташкил этиши айтилган.

16:09 23.12.2022

Андижонда уч бола ёнғинда ўлди

Мутасаддилар ёнғинларга қўлбола печкалардан ноўрин фойдаланиш сабаб бўлишини таъкидлаб келишади. (Иллюстратив сурат)
Мутасаддилар ёнғинларга қўлбола печкалардан ноўрин фойдаланиш сабаб бўлишини таъкидлаб келишади. (Иллюстратив сурат)

Ўзбекистон расмийлари мамлакат энерго тизимида юзага келган инқирозни бартараф этиш учун чоралар кўраётгани ҳақида баёнотлар бераркан, газ ва электр тақчиллиги кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлишда давом этмоқда.

22 декабрь куни Андижон шаҳри «Далварзин» МФЙдаги хонадонда юз берган ёнғин оқибатида 3 нафар бола ҳалок бўлди.

Бу хабарни тасдиқлаган Андижон вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин сабабларини очиқламади. Бироқ тармоқларда болалар ўлими энергетик бўҳронга боғланмоқда.

Ёнғин оқибатида бир оиланинг 3 фарзанди- 5,13, 15 ёшдаги болалар қурбон бўлган.

Агар бу болалар ўлимига ҳам энергетик муаммолар сабаб бўлгани тасдиқланса, жорий йилда совуқ бошланганидан бери энергия инқирозидан қурбон бўлган болалар сони 18 нафарга етади, ўлган болаларнинг ёши 3 ойликдан 15 ёшгача.

Бухорода 4 бола
Жиззахда 4 бола
Андижон 3 бола
Қашқадарёда 2 бола
Хоразмда 2 бола
Наманганда 1 бола
Тошкент вилоятида 1 бола
Самарқандда 1 бола

Бу фақат болалар ўлимига оид тахминий рақамлар. Маҳаллий матбуотдаги маълумотлардан келиб чиқилса, сўнгги икки ойда Ўзбекистонда ис гази ва печкадан чиққан ёнғин ҳамда газ портлаши оқибатида ўлганлар жами сони 38 кишига етди.

16:01 23.12.2022

Газ-свет муаммосидан шикоят қилгани учун ижара уйидан ҳайдалган аёл Вазирлар Маҳкамасига борди

Газ-свет муаммосидан шикоят қилгани учун ижара уйидан чиқариб юборилган қашқадарёлик Гулсум Номозова норозилик билдириб, 22 декабрь куни Тошкентга, Вазирлар Маҳкамасига борди.

Гулсум Номозова Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Қоракўл маҳалласи Шўртан қўрғончасидаги ёғоч уйда уч ёш фарзанди ва касалманд кекса онаси билан совуқдан қийналиб яшаётганидан шикоят қилган. У Зимистон-уз блогига мурожаатидан сўнг маҳаллий раҳбарлар босимига учраганини айтади. Ижара уйидан ҳайдалган Гулсум норозилик билдириш учун бир қизини олиб Тошкентга йўл олган.

Озодлик мобил мухбири Гулсум Номозова билан учрашганидан сўнг Ғузор туман ҳокимлигидан Номозова билан боғланишган ва унинг Тошкентдан Қашқадарёга қайтиши учун йўл пули беришган. Ғузорга қайтгач, Гулсум билан туман ҳокими суҳбатлашган ва унинг ижара уйида қолишига рухсат берилган. Гулсумнинг ижара уйида ҳали ҳам газ ва свет муаммоси мавжуд.

Гулсум турмушидан ажрашган. У ишсиз. Оила фақат “бола пули” ва онасининг нафақасига кун кўради.

15:57 23.12.2022

Энергетик муаммоларни ёритган блогернинг апелляция суди бошланди

23 декабрь куни Фарғонада блогер Олимжон Ҳайдаровнинг апелляция суди бошланди.

Ҳайдаров Albus заводи ишчиларининг газ ва электр борасидаги муаммоларини ёритгани сабаб судланган эди.

Дастлаб Albus заводининг норозилик билдирган ишчиларидан 7 нафари Маъмурий жавобгарлик кодексининг ноқонуний митинг уюштириш моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 5 суткадан 10 суткагача қамалган эди.

Ҳайдаров ҳам айни модда билан айбланган. Шунингдек, блогерга ёлғон ахборот тарқатиш айблови ҳам қўйилган.

Ҳайдаровнинг апелляция суди 26 декабрь куни давом этади.

Олимжон Ҳайдаров сўнгги пайтларда мамлакатда, хусусан ўзи истиқомат қилувчи Фарғона вилоятида долзарб бўлиб турган электр энергияси ва газ узилиши билан боғлиқ муаммолар хусусида кўп ёзаётган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG