Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Россияда жанг майдонидаги муваффақиятсизликлар борасида норозилик кучаймоқда


Россия президенти Владимир Путин.
Россия президенти Владимир Путин.

Кейинги ҳафталарда ашаддий рус миллатчилари ва россиялик ҳарбий блогерларнинг Telegram-каналларида рус ҳарбий қўмондонларига нисбатан ғазабнок танқидлар кўпайди. Бунинг сабабларидан бири Украина армиясининг Харьков вилояти ва бошқа ҳудудларда қарши ҳужум бошлаб, Россияни чекинишга мажбурлаганидир.

Дам олиш кунлари Украина ҳарбийлари Донецк вилоятида стратегик Лиман шаҳрини қўлга олди. Бунинг ортидан Россияда кенг жамоатчилик мамлакат армиясини танқид қила бошлади. Россиянинг энг кўп ададли газеталарининг бош саҳифаларида танқидий мақолалар чоп этилди.

Бу ҳолат Россия армияси ва Кремль учун жиддий муаммодир.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Chatham House таҳлил марказининг Россия ва Евросиё дастури раҳбари Жеймс Никси Озодлик билан суҳбатда:

«Сарой тўнтариши содир бўлишини башорат қилмаган бўлардим. Агар шундай бўлганида, биз бу ҳақда деярли охиргилардан бўлиб хабар топган бўлардик. Бундай нарсалар жуда тез содир бўлади», - деди.

«Аммо, шубҳасиз, Россиянинг юқори қатламларида урушнинг боришидан норозилик кучаймоқда. Бу эса турли йўллар билан намоён бўлмоқда».

Путиннинг қарийб 23 йилдан бери давом этаётган ҳукмронлиги даврида Россиянинг бир вақтлар эркин бўлган матбуоти тўлиқ назоратга олинди. Россия 24 февраль куни Украинага бостириб кирганидан кейин, Путин уруш тўғрисида мустақил хабар беришни ҳамда «қуролли кучларни обрўсизлантиришни» жиноятга тенглаштирувчи қонунни имзолади.

Бундан ташқари, «Эхо Москви» радиостанцияси ва «Новая газета» каби мамлакатдаги энг таниқли мустақил нашрлар ёпилди. Ҳатто Facebook, Twitter ва VK каби ижтимоий медиа ширкатлари цензура қилина бошланди ёки жиловланди.

Бироқ Telegram иловаси Россия регуляторлари цензурасига учрагани йўқ ҳали. Натижада платформада уруш ҳақидаги маълумот, танқид ва мунозаралар эркин улашилмоқда.

«Бу ҳаромиларни ... ялангоёқ фронтга юборинг»

Россия ичида рус армиясининг Украинадаги дастлабки муваффақиятсизликлари ҳақидаги ёзиш чекланган. Россия қўшинлари босқиннинг дастлабки ҳафталарида Киевни қўлга кирита олмаганидан кейин ҳам россиялик қўмондонлар ва блогерлар рус ҳарбийлари Донбасга – Донецк ва Луганск вилоятларига чекинганини шунчаки тактик қарор ўлароқ баҳоладилар.

Пойтахт қўлга олинмаганидан кейин, Кремль бир нечта юқори лавозимли зобитни аралаштирди, қўмондонлик тузилмасини қайта тузди ва ҳатто бир нечта қўмондонни лавозимидан бўшатди.

Путин 21 сентябрь куни «қисман» сафарбарлик эълон қилишидан олдин таниқли собиқ разведкачи Игорь Гиркин Россия армиясини очиқ танқид қилиб келаётган эди. Шунингдек, Гиркин неча ҳафта давомида Путинни тўлиқ сафарбарлик бошлашга чорлаб келаётганди.

2 октябрь куни, яъни Россия Мудофаа вазирлиги рус қўшинлари Лимандан олиб чиқиб кетилганини тасдиқлаганидан бир кун ўтгач, Гиркин Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи генерал Валерий Герасимовни қоралади. Гиркин, шунингдек, Марказий ҳарбий округнинг юқори қўмондони генерал-полковник Александр Лапин ва мудофаа вазири Сергей Шойгуни ҳам танқид қилди.

«Бу ўртоқ ҳозирги махсус ҳарбий операциядаги барча ғалабаларимиз учун тасаннога лойиқ», деб ёзди Гиркин Герасимов ҳақида истеҳзо билан.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса ҳарбий қўмондонларни янада очиқроқ танқид қилиб келади. Қодиров 1 октябрь куни Лапинни рус ҳарбийларини тегишли алоқа ва қурол-аслаҳа билан таъминламаганликда айблади. Шунингдек, Қодиров урушда кескин чора кўриш, жумладан, Украинага қарши тактик ядро қуролларни ишга солишга чорлади.

Кремлга яқиндан алоқадорлиги айтиладиган петербурглик тадбиркор, «Вагнер» хусусий ҳарбий ширкати эгаси Евгений Пригожин ҳам айни фикрни изҳор қилди.

«Ўша ҳаромиларнинг барчасини пулемёт билан фронтга ялангоёқ юборинглар», - деган Пригожин унга тегишли Concord ширкатининг маълум қилишича.

2 октябрь куни Путин ҳукуматини ёқлаб келаётган «Комсомольская правда» таблоид газетасида уруш мухбири рус қўшинларининг мағлубияти ва «бўлган воқеанинг одатий сабаблари» ҳақида очиқчасига ёзган мақоласи чоп этилди.

«Харьков вилоятидан чекинилгандан сўнг айтилган гаплар: қўшин етишмаслиги, мудофаани ташкил этишда алоҳида ҳарбий амалдорларнинг хатолари», дейилади мақолада. Унда яна бир муаммо айрим аскарларнинг жанг қилишдан бош тортганида эканлиги эътироф этилди.

OzodNazar: Россиядаги оз сонли миллатлар: Путин бизни геноцид қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:23 0:00

«Кеч келган захиралар, турли бўлинмалар ўртасида мувофиқлаштиришнинг йўқлиги ҳамда замонавий разведка ускуналарининг йўқлиги», дейилади мақолада.

«Қамал ёки шармандали асирлик хавфи жуда юқори бўлгани учун рус қўмондонлиги ортга чекинишга қарор қилди», дея қўшимча қилди мақола муаллифи.

«Независимая газета» нашрида эса 2 октябрь куни «Қизил Лиманнинг бериб қўйилгани сиёсий муаммога айланмоқда» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди. «Махсус ҳарбий операция бошланганидан бери биринчи марта шарҳларда армия қўмондонларининг исмлари очиқчасига айтилмоқда», дейилади мақолада.

Ҳатто аксарият россияликлар учун асосий хабар манбаи бўлган асосий давлат телеканалларида ҳам сўнгги кунларда оҳанг ўзгарди. 2 октябрь куни асосий кечки кўрсатувларда Лимандаги мағлубияти ва чекиниши ҳақида аниқ гапирилмади.

«Россия-1» телеканалида якшанба оқшомида эфирга узатиладиган шоу бошловчиси Дмитрий Кисельёв Донбасдаги «қийин» вазият ҳақида гапирди.

Айни телеканалнинг яна бир бошловчиси Владимир Соловьёв эса сафарбарлик давом этаётган бўлса-да, россияликларни яқин орада яхши хабар кутмасликка чорлади.

«Бу дегани, маълум бир муддат биз учун осон бўлмайди. Ҳозир эса яхши хабар кутмаслигимиз керак», - деди Соловьёв.

«Бизга „узоқ ирода“ ва стратегик сабр керак».

Россия мағлубиятни тан олиши ҳақида «гап бўлиши мумкин эмас»

Россиянинг Лимандаги мағлубиятидан бир кун олдин Путин Украинанинг тўрт вилояти, шу жумладан, Лиман жойлашган вилоят аннексия қилинганини эълон қилиш учун дабдабали маросим ўтказганди.

Хельсинки университети қошидаги Финляндия Россия ва Шарқий Европа тадқиқотлари маркази сиёсатшуноси Маргарита Завадская:

«(Маърузадан) асосий хулоса шуки, Путин ҳар қандай йўқотишлардан қатъий назар тўхтамайди. Тутуриқсиз ва тарқоқ нутқидан аниқ стратегияси йўқлигини хулоса қилиш мумкин», — деди.

Путиннинг юз минглаб захирадаги аскарларни ва бошқа шахсларни жангга сафарбар қилиш қарори ҳам Россияда хавотир уйғотди. «Қисман» сафарбарлик эълон қилиниши ортидан минглаб россиялик мамлакатни тарк этди.

Chatham House ходими Никсининг сўзларига кўра, сафарбарликни бошлаш буйруғи Путин Россиянинг Украинадаги ҳарбий кампанияси қанчалик ёмон кетаётганини англаб етмаётганидан далолат беради.

«Россия мағлубиятни тан олиши ёки музокаралар столига ўтириши эҳтимоли энг оз бўлган вариантдир. Бу ҳақда ҳозирча гап бўлиши мумкин эмас», - деди у.

«Кремль учун ғалаба қозонилганини уқтириш имкони бўлмаган қисқа урушдан кўра, узоқ давом этадиган уруш афзалроқдир».

Форум

XS
SM
MD
LG