Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Хитой раҳбари Самарқандда Украинани тилга олмади. Нега?


Хитой ва Россия раҳбарлари Владимир Путин ва Си Цзиньпин Самарқанддаги ШҲТ саммитида. 15 сентябрь, 2022.
Хитой ва Россия раҳбарлари Владимир Путин ва Си Цзиньпин Самарқанддаги ШҲТ саммитида. 15 сентябрь, 2022.

Хитой ОАВлари Россия-Украина уруши бошланганидан бери Владимир Путин ва Кремлнинг ташқи сиёсатдаги барча хатти-ҳаракатларини ички аудиторияга фақат ижобий кўрсатиб келмоқда. Москва билан Пекин ўртасидаги келишмовчилик ва Хитойнинг Россия босқинини тўғридан-тўғри ва очиқчасига дастаклашдан бош тортиши бунга моне бўлаётгани йўқ.

Хитой Коммунистик партияси 24 февралда асосан мулозимлар ва ёшларга йўналтирилган йирик мафкуравий кампания бошлаб, “Россия нимаики қилмасин, мамлакатимиз ундан юз ўгирмайди”, деган муждани зўр бериб сингдирмоқда. Айни чоғда Пекин халқаро майдонда Москванинг Украинадаги ишларини жиддий дастаклашдан тийилиб турибди.

15 сентябрь куни Путин ва Си Цзиньпин Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида бултурги қишдан буён илк бор учрашдилар. Хитой раҳбари билан учрашув чоғида Путин Пекиннинг “Украина инқирози” билан боғлиқ “хавотирлари”ни тушунишини ва “хитойлик дўстларининг босиқ позицияси”ни юксак қадрлашини айтди, шунингдек “АҚШ ва тобеларининг Тайвань бўғозидаги иғволари”ни қоралаб, Хитойга далда берди. Бироқ бу гаплар Москва энг йирик ва қудратли “ҳамкор”идан том дастак ололмаганидан зорланган каби таассурот қолдирди.

Си Цзиньпин ШҲТ саммитига мезбонлик қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан. 15 сентябрь, Самарқанд.
Си Цзиньпин ШҲТ саммитига мезбонлик қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан. 15 сентябрь, Самарқанд.

Ўз навбатида Си Цзиньпин Хитой “Россия билан бирга буюк қудратлар ролини зиммасига олиб, дунёга барқарорлик ҳамда ижобий энергия бахш этишга шай”лигини айтди, шунингдек “Россиянинг ягона Хитой принципига содиқлигини қадрлаймиз”, деди. Қизиғи, Си Цзиньпин ўз сўзида Украинани бир марта ҳам тилга олмади. Хитой расмий сиёсий риторикасининг нозик томонларидан хабардор экспертлар Хитой раҳбари бу билан Путинга зимдан таъна қилганидан баҳс этмоқдалар.

Чунончи, Жонс Ҳопкинс университетининг Халқаро тадқиқотлар мактаби профессори Сергей Радченко Самарқандда Си Цзиньпин “ўзини буюк қудратга муносиб тутмаётгани ва жаҳонда беқарорлик яратиб, Хитойга халал бераётгани учун Россияни эҳтиёткорлик билан танқид қилган”ига амин.

Одатда Хитой Компартиясининг расмий йўналишини трансляция қилиб келган Пекиндаги Хитой халқ университети профессори, сиёсатшунос Ши Иньхун ҳам бу “ўртоқ Сининг Хитой-Россия стратегик алоқалари мавзусида сўнгги йилларда қилган энг эҳтиёткорона ва вазмин баёноти” эканини таъкидламоқда.

Бироқ, гарчи ХХР ҳамон Россиянинг Украинага қарши урушига нисбатан расман бетараф позицияда турган бўлса-да, Хитой давлат пропагандаси олдиндан белгиланган режа бўйича ишламоқда. АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитой Компартияси олий мулозимлари ва давлат медиаси юз бераётган воқеаларга нисбатан Кремль кўзқарашини зўр бериб ёйиш, хусусан рус аскарларининг Украинадаги исбот этилган ёки муҳтамал жиноятлари ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатиш билан шуғулланяпти. Россия босқини эса фақат “махсус ҳарбий амалиёт” деб аталади.

Шанҳай саммити: Яккаланган Путин "якка қутбли" дунёга қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00

Маршалл фондининг “Демократия учун альянси” раҳбарларидан бири бўлмиш Брет Шефер Хитойда Кремль пропагандасининг трансляция қилиниши Ғарб санкцияларига йўлиққан Россия давлат ОАВларига жаҳон ахборот майдонида қолиш имконини бераётганини айтади.

Март ойи охирларида Россия қўшинлари Киев вилояти шаҳарларидан чекингач кўчалардан ва оммавий қабрлардан юзлаб украиналиклар жасадлари топилганида ҳам Хитойнинг CGTN давлат канали ушбу жасадлар “Россияни айбдор қилиш учун АҚШ томонидан “буюртма” қилинган”и ҳақида хабар берди. 8 апрелда Краматорск вокзали ўққа тутилиб, 50 дан ортиқ украиналик ўлганида ушбу телеканал яна Кремлнинг ёнини олди. Хитой ТИВ воизи Чжао Лицзянь эса Украинада АҚШнинг “россияликларга қарши тадқиқотлар олиб бориладиган биолабораториялари” мавжудлиги хусусидаги Москванинг иддаоларига ишонишини бир неча бор айтган.

Кейинги пайтларда Хитой ОТМларида Россия-Украина урушини талабаларга “тўғри тушунтириш” учун махсус машғулотлар ташкил қилинмоқда. Бу дарсларда “Россиянинг Ғарбдан кўрган жабру жафолари”га урғу берилади.

Ўтган йили Хитой Компартияси буюртмасига биноан “Сиёсий нигилизм ва совет таназзули” номли ҳужжатли фильм суратга олинган эди. Фильмда “Совет Иттифоқининг таҳқирли инқирози – АҚШнинг кирдикорлари оқибати” дея тушунтирилади.

Унда Путин “россияликларга ўтмишдан ғурурланиш туйғусини қайтарган” буюк сиёсий ва ҳарбий лидер ўлароқ гавдалантирилган. Фильмда Украина уруши тилга олинмаган бўлса-да, Россия “СССРдан ажралиб чиққан қўшниларидан ташвишланишга ҳақли” экани ҳақидаги иддао бот-бот такрорланади ва Хитой мулозимлари ва раҳбарлари “Ғарб либерализмига кўп ҳам маҳлиё бўлмаслиги”, Совет Иттифоқини ҳалокатга элтган йўлдан асло юрмаслиги кераклиги урғуланади.

Форум

XS
SM
MD
LG