Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:27

Вояга етмаганларни зўрлаганларга жазони кучайтириш талаб қилинмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкентда 14 яшар ўқув қиз билан жинсий алоқа қилишда айбланган 3 эркакнинг муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиққани виртуал баҳсларни қўзғади.

Ўқувчи қизнинг оиласи, айбдорларга енгил жазо берилгани ва уни ҳам тўлиқ ўтамасдан озод этилганидан норози. Мутахассислар эса, вояга етмаган болаларни жинсий муносабатга зўрлаш учун белгиланган жазо қонунчилиги чала ва ўта енгил, деб танқид қилмоқда.

Сўнгги йилларда, мактаб ёшидаги қизларнинг жинсий зўрланишига оид қатор ҳолатларда айбдорларга берилаётган енгил жазо норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бу баҳсларга президент қизи Саида Мирзиёева ҳам қўшилди. Ўзбекистон Бола омбудсмани Алия Юнусова эса бу масалада Сенатга мурожаат қилганини билдирди.



Уч "зўравон" озодликда

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди ўтган йилнинг 11 ноябрида 15 ёшли қизни зўрлашда айблаган жисмоний тарбия ўқитувчиси А. Х. ва унинг шериклари Б. Г., ва М. М. ҳукмдан ярим йил ўтиб, шартли равишда озодликка чиқарилди.

Ўқувчи қиз ва унинг оиласи мурожаатларини ёритиб келаётган Nemolchi.uz лойиҳаси фаолларига кўра, озод этилган эркаклардан бири пойтахтдаги тиббиёт марказларидан бирида - яна ёш болалар билан ишини давом эттирмоқда.

Ўқувчи қизни зўрлаш воқеаси 2021 йилнинг 27 апрелида содир бўлган. Тошкентдаги мактаблардан бирида жисмоний тарбиядан дарс берган 31 яшар ўқитувчи, икки шериги билан бирга, ўша кезда 14 яшар бўлган ўқувчи қизни ижара уйга олиб бориш ва у ерда у қиз билан жинсий алоқа қилишда айбланган.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг маълум қилишича, ўқитувчи А. Х. Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми “а” бандида айбдор топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Унинг шериклари Б. Г. ва М. М. эса Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан айбланиб, ҳар бири 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Суд жараёнини кузатиб борган Nemolchi.uz лойиҳасининг билдиришича, қизнинг оиласи ҳукмдан норози, Олий судга қадар чиққан, аммо ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.


Ўқувчи қизнинг оиласи бу шахсларга аслида Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) бўйича жазо берилиши - 7 йилдан 10 йилгача қамалишини талаб қилаётганди.

Аммо, оиланинг талаби қондирилмади. Аксинча, ўқувчи қиз билан гуруҳлашиб жинсий алоқа қилган 3 эркак озодликка чиқарилди.

Nemolchi.uz таҳририяти Бош прокуратурадан олган расмий жавобга кўра, маҳкумларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 74 моддаси қўлланган ва улар жазонинг қолган қисмини аҳлоқни тузатиш ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш шарти билан қамоқдан озод қилинган.

Ўтган йили 13 яшар қизини бир гуруҳ эркак жинсий таҳқирлаганини даъво қилаётган андижонлик Дилшода Эргашева ҳам 4 айбдор қамоқ жазосидан қутулиб қолганидан норози:

"Бу маҳлуқларга фақатгина 4 ой жазо берилди. Аммо улар бир ярим ойда чиқишди... Ҳаттоки Омбудсман ҳам қўлимдаги далил ва исботларимни кўриб, ўз телеграм расмий каналларига жойлаштирди. Бизни ҳимоя қилиб судга ҳам бир неча бор тавсия хатлари киргизди. Аммо судялар янада у йигитлар тарафида туришди. Ўзбекистонда қонун қачон ишлайди? Вояга етмаган қизчаларнинг ҳаётини ким ўйлайди? Қачонгача жиноятчиларнинг тарафини тутишади?”

Зўравонга енгил жазо амалиёти

Озодликка маълум бўлган қатор ҳолатларда, Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган болаларни, айниқса қизларни жинсий алоқага товлаган ёки зўрлаган шахсларга нисбатан, одатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 128-моддаси қўлланмоқда.

128-модда. Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш

“Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш — тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) илгари ушбу Кодекснинг 118 ёки 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса, —
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.


Аксар ҳолларда 16 ёшга тўлмаган болалар, гўёки “ўз хоҳиши билан билан жинсий алоқага рози бўлган” деган важга асосланган ҳолда, судяларнинг айбланувчиларга 128-модданинг 1-қисми билан жазо тайинлаши кузатилмоқда.

Яъни, аксар ҳолларда жиноятчиларга, жарима ва шартли жазо берилмоқда, улар қамоққа тушмаётир.

Ваҳоланки, вояга етмаган болаларнинг қонуний вакиллари - яъни, оиласи ва ҳуқуқий ҳимоячилари бундай жазодан кескин норози ҳамда жамоатчилик ҳам бу норозликни қувватламоқда.

“Ўзбекистон қонунчилиги бу каби жиноятларни содир этган шахслар тарафини тутади. Кўриб турибмизки, жиноятчиларнинг белгиланган минимал муддатларни ҳам қамоқда ўташи шарт эмас. Ўзбекистон қонунлари уларга муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиқиш имконини беради ва кейинчалик ҳам болалар билан ишлашни тақиқламайди. Қонунчилар ва депутатлар бундай қонунларни ўзгартиради ва болаларимизни ҳимоя қилади, деб умид қиламиз”, деб ёзади жумладан Nemolchi.uz таҳририяти.

Бу муаммо ва айнан тошкентлик ўқувчи қизни зўрлаган шахсларнинг озод этилганига, ўзини жабрдийда хотин-қизлар ҳимоячиси қилиб кўрсатиб келаётган Саида Мирзиёева - президентнинг катта қизи ҳам муносабат билдирди.

Мирзиёева ҳам бундай жиноятчиларга жазони кучайтиришни сўради:

“Бизнинг вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунчилигимиз болалардан кўра кўпроқ жиноятчилар ҳақида қайғуради ва менинг фикримча, бу адолатсизликни зудлик билан тузатиш зарур. Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартларга жавоб бермайди”.


Жинсий тажовуз учун жазо

Аслида, суд жараёнида исботини топса, 14 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик учун Ўзбекистонда 20 йилгача жазо белгиланган:

118-модда. Номусга тегиш

“Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш — уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Номусга тегиш:
а) икки ёки бир неча шахсга нисбатан;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд илгари ушбу Кодекснинг 119-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан;
г) ўлдириш билан қўрқитиб содир этилган бўлса, — етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Номусга тегиш:
а) шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда;
б) яқин қариндошга нисбатан;
в) оммавий тартибсизликлар қатнашчиси томонидан;
г) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
д) оғир оқибатларга олиб келган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахснинг номусига тегиш — ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.


Ўзбекистонлик ҳуқуқшуносларга кўра, аксар ҳолларда вояга етмаган болаларни жинсий алоқага товлаган ёки зўрлаган шахсларга нисбатан 118-модда эмас, балки 128 ёки 129-моддаларнинг қўлланиши - бундай жиноят ишларининг нотўғри квалификация қилинишидан келиб чиқади ва одатан, бунда танлов мутлақ судянинг ихтиёрида қолади.

Ўзбекистон Бола омбудсмани Алия Юнусовга кўра, ўз идорасига вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий таҳқир ёки зўрлик қўлланганига оид қатор мурожаатлар келиб тушган ва аксар ҳолларда, жиноят иши нотўғри квалификация қилингани кузатилган.

“Бунақа жиноятларга жазо қаттиқ бўлиши керак. Бошқа давлатларда бундай жиноят учун умрбод қамоқ жазоси ҳам қўлланади. Биз ҳам жазони кучайтириш керак, деган таклифни берганмиз. Жиноят кодексининг шундай ҳолатларда қўлланадиган 128, 129-моддаларига ўзгартириш киритиш, санкцияни кучайтириш тўғрисида. Чунки, бизга бир неча мурожаатлар бўлган, улар орасида 6 яшар бола ҳам бор, 9 яшар ўғил бола ҳам бор”, деди омбудсман.

Шунингдек, Бола омбудсманига кўра, мамлакатда зўравонлик ҳолатлари аслида кўп бўлиши мумкин, чунки ўзбек қизлари ва оилалари андиша қилиб, уялиб кўп ҳолда зўравонликларни бошқаларга айтолмайди.

Янги лойиҳа ишланмоқда

Бола омбудсмани Алия Юнусовага кўра, қонунчиликни ўзгартириш ва айнан вояга етмаганлар билан жинсий алоқа учун жазо чораларини кескин кучайтириш зарур, айни пайтда бунинг учун махсус ишчи гуруҳ ишламоқда:

“Мен бу ҳақда яқинда бўлиб ўтган Сенат қўмитасининг йиғилишида ҳам жазони кучайтириш борасида ўз таклифларимни билдирдим. Ҳозирда ишчи гуруҳ ишламоқда, қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Вояга етмаган болаларга нисбатан бундай жиноятларга нисбатан жазони кучайтириш зарур деб ҳисоблайман. Яқин орада қонунчиликка ўзгартириш киритилади, аммо бунинг ҳам ўз тартиби бор, ўзингиз биласиз. Биз бу ўзгартиришлар тез орада амалга оширилишида ишончимиз комил, чунки болаларга нисбатан ғайриинсоний муносабатларни қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.

Ҳозирча, омбудсман ўзи тилга олган қонун лойиҳаси қачон қабул қилиниши ҳақида аниқ маълумот бермади. Бу ҳақда бошқа расмий идоралардан ҳам маълумот йўқ.

Педофилия учун жазо белгиланиши керак

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, Ўзбекистон қонунчилигига вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик, яъни педофилия атамасини киритиш, бу терминнинг ҳуқуқий аниқламаси ҳамда жазосини ҳам аниқ-тиниқ белгилаб қўйиш зарур.

“Хориж давлатларида бундай жиноятлар, яъни педофилия ва болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан бошқа турдаги жиноятлар алоҳида ажратилган, жазо чоралари кучайтирилган. Лекин, Ўзбекистонда аллақачон вазият етилган, фаоллар педофилия жиноятларини алоҳида туркумлаштириш ва уларга нисбатан чорани кучайтиришни сўраб келмоқда. Афсуски, бунга бизда шошилишаётгани йўқ. Ваҳоланки, болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар кўп учрайди. Ўтган йилларда “Меҳрибонлик уйлари”даги болаларни зўрлаш ҳолатларига гувоҳ бўлдик. Лекин, шунга қарамай парламентимиз жазони кучайтиришга оид нормаларни ишлаб чиқишга шошилаётгани йўқ”.

Статистика

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб, 15 ва 49 ёшлар орасидаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келади. Бундай зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-шарқий Осиё ҳудудига тўғри келади.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилади ва жинсий зўравонлик доим долзарб муаммо бўлиб келган. Аммо, хотин-қизлар уят-номус қилиб ёки жамият босимидан қўрқиб, бу ҳақда очиқ гапирмайди.

Жумладан, Nemolchi.uz - Ўзбекистонда зўравонликка қарши кампания юритаётган лойиҳалардан бири. Айни пайтда, бу лойиҳа фаоллари зўравонликка учраган хотин-қизларнинг мурожаатларини йиғмоқда. Дардини очиқ айтолмаган жабрдийдалардан ўнлаб ҳикоялар йиғилди ва фаоллар уларни ижтимоий тармоқларда аноним шаклда эълон қилиб келмоқда.


Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича аниқ расмий статистика ҳам кузатилмайди.

2021 йилда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, мамлакатда зўравонликка учраганидан шикоят қилган 36 мингга яқин аёл ҳимоя ордери олган.

Ўтган йилнинг 25 ноябрдан “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампанияси ўтказилди. Акция ҳар йили, 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этиши айтилган.

Бундан ташқари, Сенат раиси Танзила Норбоева ва президентнинг қизи Саида Мирзиёева ҳам бу масалада муттасил чиқиш қилади.

Аммо, ҳуқуқшунослар, жамоатчилик фаоллари ва зўрланган қизалоқларнинг оилалари, популистик чиқишлардан аниқ қадамларга ўтиш - яъни, педофилия ва жинсий зўравонлик учун қонунчиликда аниқ-тиниқ жазо белгилаш ва мавжуд жазо турларини кучайтиришни талаб қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG