Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:52

Қорақалпоғистон: Фавқулодда ҳолат "муддатидан аввал" тугатилмоқда


Нукус, Қорақалпоғистон. Июль, 2022.
Нукус, Қорақалпоғистон. Июль, 2022.

Ўзбекистон президентининг фармони билан Қорақалпоғистон ҳудудида жорий қилинган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши муддатидан аввал - 2022 йил 21 июль куни соат 05.00дан бошлаб тугатилади.

Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

2 июлда жорий қилинган фавқулодда ҳолатнинг бекор қилинишига "Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг мурожаатини ҳамда ушбу ҳудудда жамоат тартиби тикланганлигини, фуқароларнинг хавфсизлиги, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланганлиги" асос қилиб келтирилган.

Аввалроқ “Янги Ўзбекистон” газетаси қорақалпоқ депутатларининг мурожаатини эълон қилган, унда депутатлар оммавий тартибсизликларни содир этганликда гумонланган айбсиз фуқаролар, хусусан, ёшларни афв этишни ҳам сўрашганди. "Айбсиз" фуқаролар нима учун ҳибсга олингани номаълум. Ўзбек расмийлари 500 дан ортиқ одам зўравонликларга алоқадорликда ушланганини айтишган. Ҳибсга олинганларнинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарлар рад этилган.

Шу йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишларини бостириш чоғида расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, юзлаб одам яраланган.

Ўзбекистон ҳукумати фавқулодда ҳолат нима учун 1 ой муддатга эълон қилингани юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган. Қорақалпоғистонда 1 июль куни узиб қўйилган интернет алоқаси 19 июлда қайта тикланган, аммо бир неча соатдан сўнг яна узилган. 20 июль куннинг иккинчи ярмида Нукусда интернет яна ишлай бошлагани хабар қилинди. Интернет алоқасининг тикланиши воқеаларни ўрганиш бўйича тузилган парламент комиссияси Нукусга етиб борган кунга тўғри келган.

Қорақалпоғистон: Ҳарбийларнинг гувоҳлиги ва мустақил терговга саволлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:42 0:00
  • Шу йилнинг 26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон конституцияси янги таҳририда Қорақалпоғистоннинг суверен мақоми ва рефрендум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқишига доир моддаларга таклиф қилинган ўзгариш шу куннинг ўзида ижтимоий тармоқларнинг қорақалпоқ сегментида қизғин муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди;
  • 1 июль куни Нукус марказида конституциявий ўзгартишларга қарши тинч намойишларга чақирган «Эл хызметинде» газетаси редактори ва фаол Даулетмурат Тажимуратов ҳибсга олинди. Нукус марказида тўпланган кўп сонли оломоннинг норозиликлари ортидан Тажимуратов қўйиб юборилди;
  • Ўзбекистон Бош прокуратураси версиясига кўра, Тажимуратов "ноқонуний намойишларга чақиргани учун ҳибсга олинган. Тарафдорлари у қўйиб юборилганидан сўнг ҳам "тартибсизликларни давом эттиришган, куч тизимларига фаол қаршилик кўрсатганлар ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини ўзгартириш ва ҳокимиятни очиқча босиб олишга уринганлар";
  • 1 июль кечаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусдаги намойишлар юзасидан баёнот бериб, юз берган воқеаларга “конституциявий ислоҳотлар моҳиятини нотўғри талқин қилиш” сабаб бўлганини билдирди. Вазирлик жамоат тартибини сақлаш учун қўшимча кучлар юборилганини тасдиқлади;
  • 2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқий мақомига оид 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини эълон қилди. Аммо 2 июль тунида тармоқларда тарқаган видеолардан президентнинг ён бериши норозилик намойишларини тўхтата олмагани кўрилади;
  • Президент Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фавқулодда ҳолат 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар давом этиши билдирилди;
  • 4 июль куни Миллий Гвардия ва Бош прокуратура Нукусдаги воқеааларда 18 киши ҳалок бўлгани ва 243 киши яраланганини маълум қилди; тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари; 500 дан ортиқ одам ушланган;
  • Европа Иттифоқи, БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
  • 6 июль куни президент Мирзиёев Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан терговга жамоатчилик вакиллари жалб қилиниши, куч тузилмаларининг ҳаракатлари таҳлил қилинишини айтди;
  • 16 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонунчилик палатаси воқеаларни ўрганиш учун мустақил комиссия тузилганини эълон қилди.

1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир. Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган. Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.

XS
SM
MD
LG