Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Интернетсиз Қорақалпоғистон: Ҳарбийларнинг гувоҳлиги ва мустақил терговга саволлар


Нукус, Қорақалпоғистон. 1 июль, 2022 йил.
Нукус, Қорақалпоғистон. 1 июль, 2022 йил.

Қорақалпоғистонда камида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган оммавий намойишлар бўйича мустақил текширув ўтказиш чақириқлари фонида Ўзбекистон ҳукумати воқеалар борасида расмий версияни дастакловчи видеоматериалларни эълон қилди.

Ушбу видеоларда тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни бостиришда иштирок этган ҳарбийлар ва бошқа куч тузилмалари вакиллари Нукусдаги намойишчиларга ўқотар қурол ишлатилмаганини таъкидлашади.

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус воқеалари бўйича терговга жамоатчилик вакиллари ва фаоллар ҳам жалб этилишини маълум қилди. У куч тузилмаларининг намойишчиларга қарши қанчалик мутаносиб куч ишлатгани ҳам текширилиши, нотўғри куч ишлатилган ҳолатлар аниқланса, жавобгарлар амалдаги қонунчилик бўйича жазога тортилишини айтди.

Бу Мирзиёевнинг воқеалар юзасидан ҳар томонлама ва холис тергов ўтказиш ҳақидаги халқаро, жумладан, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқининг чақириқларига жавоби сифатида кўрилмоқда.

Дастлаб Миллий Гвардия Нукус воқеалари чоғида ўқотар қуролдан фойдаланиш тақиқланганини маълум қилди.

Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги намойишчиларга қарши ишлатилган махсус воситалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мудофаа вазирлиги ҳам шундай мазмундаги видеони эълон қилди.

«Маҳаллий аҳоли жабр кўрмаслиги учун биз БТРни тўхтатдик. БТРни аҳолини устига қараб ҳайдашимиз ёки уларга қараб ўқ узишимиз ҳам мумкин эди. Бу қўлимиздан келарди, виждон йўл қўймади», дейди ҳарбий йигит Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеода.

Нукусдаги воқеалар Ўзбекистонда 2005 йилдаги Андижонда қирғин деб тасвирланган воқеалардан буён содир бўлган энг қонли намойишлардир.

Қорақалпоғистон: Расмий Тошкент мустақил текширувга рози бўладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:41 0:00

Расмийларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда оммавий намойишлар ортидан келиб чиққан тўқнашувларда 18 киши ҳалок бўлган, улардан 4 нафари куч тизимлари ходимларидир. Шунингдек, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Расмийлар иддаосича, қурбонлар ва жароҳатланганларга ўқотар қурол сабаб бўлмаган.

Нукус воқеаларида ҳарбийлар томонидан қанчалик куч қўллангани тергов мавзуси. Ҳозирча бу терговнинг қачон бошланиши номаълум қолмоқда. Тергов ва унинг дастлабки фаразлари ҳозирча номаълум экан, намойишчилар орасида қурбонларга ким ёки нима сабаб бўлгани ҳақида турли фаразлар илгари сурилмоқда.

Қорақалпоғистонга сафар қилган журналистлар ва воқеаларнинг гувоҳлари берган маълумотлар расмийлар версиясидан бироз фарқ қилади.

Озодлик 11 июль куни гаплашган нукус яшовчиларидан биригакўра, унинг маҳалладоши, ўзининг таъбирича, "дайди ўқ"дан яраланган. Уйи олдида турган шахснинг ким томонидан отилган ўқдан жароҳат олгани номаълум.

Газета.уз нашри мухбири Нукусда суҳбатлашган ярадорларнинг айримлари ўқотар қуролдан жароҳат олгани ҳақида хабар беришганини ёзди.

Намойиш иштирокчилари Eurasianet нашри мухбири Жоанна Лилис билан суҳбатда уларда қурол бўлмаса-да, хавфсизлик кучлари ҳеч қандай сабабсиз тинч намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ, сув пуркагич, тутунли бомба ва шовқинли гранаталарни ишга солгани ҳақида айтишган.

Британиялик журналист намойишларни бостириш чоғида ўқотар қурол ишлатилмагани ҳақида ўзбек расмийлари ва ҳарбийлари берган гувоҳликларни тасдиқлайди.

Айни пайтда Озодлик гаплашган нукуслик манба “намойишчилар томонидан ҳам зўравонликлар содир этилгани, жумладан, аёвсиз калтакланган аскарлар жиддий жароҳатлангани”ни айтди.

Тармоқларда тарқалган видеоларда ўқ овозлари эшитилади. Бироқ ўқни ким отаётгани кўринмаган. Айни пайтда ҳарбийлар осмонга қарата ўқ отганликларини тан олишган.

“Осмонга қарата бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узишга команда бердим”, дейди капитан Рустам Бобожонов Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеода.

Нукусдаги тартибсизликлар борасида ҳукумат эълон қилган версияга кўра, 2 июль куни 300 нафар шахс Нукус шаҳридаги блок постга ҳужум қилиб, 50 нафар Миллий гвардия ходимининг махсус воситаларини қўлга киритган. Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга ҳам номаълум шахслар томонидан ҳужум уюштирилиб, қурол- яроғлар тортиб олинган.

“Шу куни Нукус халқаро аэропортига, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи реалибитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган”, дейди Бош прокуратура вакили АОКАда ўтган брифингда.

Бу расмий Тошкент версияси. Европа Иттифоқи, АҚШ ва БМТ, Human Rights Watch каби бир қатор ташкилотлар расман 18 кишининг ҳаётига зомин бўлган воқеалар юзасидан ҳар томонлама, холис ва шаффоф текширув ўтказиш ва айбдорларни жазолашга чақирган.​

“Нима бўлганини билмаймиз ва бу холат мустақил тергов ўтказиш заруратини кўрсатади. Чунки масъул идоралар маълумотларга киришни чеклаб қўйган, интернет ўчириб қўйилган, журналистлар ва бошқалар нишонга олинмоқда. Бу ҳолат расмийларга воқеанинг ўз версияларини кўтариб чиқишларига имкон беради, холос. Ҳар-хил тахминлар, фаразлар урчишига ўрин қолдирмаслик учун ҳақиқий объектив холис мустақил тергов керак, терговчиларга фактларни аниқлаш учун барча маълумотларга, гувоҳлар ва жабрланганлар билан суҳбатлашишларига имконият берилиши керак. Лекин, ҳозир бундай нарса бўлаётганини кўрмаяпмиз”, дейди Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми дастур раҳбари Эллисон Гилл.

Шавкат Мирзиёев намойишларни бостириш чоғида куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам, ўз таъбирича, таҳлил қилинишини ваъда қилди:​

“Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин".

Мирзиёев: Нотўғри куч ишлатганларнинг жавобгарлиги таъминлансин!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:16 0:00

Расмийлар намойишчиларга куч қўллангани даъволарини рад этаркан, 14 кишини ўлимига жанговар қуроллар эмас, кўзни ёшлантирувчи гранаталар сабаб бўлгани, одамлар гранатларни қўл билан ушлашга ҳаракат қилгани сабаб эканини иддао қилди.

Ички ишлар вазирлиги эълон қилган Нукусдаги намойишчиларни бостириш учун қўлланилган техник воситалари рўйхатида кўз ва нафас йўлларини ачиштирувчи газли ва шовқинли гранаталар бор.

Маҳаллий журналистларга кўра, нукусликлар кўз ва баданларидаги ачишишни кетказиш учун ўзларини Жўқорғи Кенгес биноси ёнидаги фавворага уришган.

Шунингдек, ювилмайдиган ранг сачратадиган гранаталар ҳам ишлатилган ва машина ёрдамида одамларга қизил бўёқ ҳам сепилган. Расмийлар таъбирича, Интернетда қон дея тарқатилган видеолар аслида буёқ бўлган.

ИИВ видео ролигидан маълум бўлишича, одамни 15 сония давомида карахт ҳолга тушириб қўядиган шовқинли граната ҳам ишлатилган. Оқ тутун пуркайдиган White Smoke 303 гранатаси ва портлаган вақтида 20-30 метр радиусга шарикчалар отадиган 303 STRV гранатаси ҳам ишлатилган.

«Ушбу гранаталар стандартлар бўйича ишлаб чиқарилади, хориждан келтирилади, синовдан ўтказилади. Улар ўлимга олиб келмайди, лекин тартибсизликлар пайтида одамларни тинчлантириш ва тарқатиш учун ишлатилади. 717 STRV гранатаси яқин алоқада — қўлда бўлганида ёки тананинг у ёки бу қисмига текканида шикастланишга олиб келиши мумкин» дейилада ИИВ видеосида.

Суд-тиббиёт экспертларининг дастлабки хулосасига кўра, ҳалок бўлганлар ўлимига «термик» ёки «механик» жароҳатлар сабаб бўлган. Шифокорлар изоҳича, “термал» жароҳат -куйиш, «механик» жароҳат эса қаттиқ, тўмтоқ нарса билан берилган зарбадан олинган жароҳатни англатади. Тутунли гранаталар ҳам термал жароҳатларга олиб келиши мумкин.

Миллий гвардия иддаосича, намойишлар аниқ режа асосида ва конкрет шахслар томонидан мувофиқлаштириб турилган ва намойишчиларга спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар тарқатилган.

Расмийлар тақдим этган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ҳалок бўлганлардан 13 нафарида ўртача миқдорда спиртли ичимлик қолдиқлари аниқланган.

Миллий гвардия намойишчилар Ўзбекистонда тақиқланган Tramadal ва Lyrica дориларини истеъмол қилганини иддао қилган.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистон мақомига оид моддалари қорақалпоғистонликлар орасида норозилик уйғотган эди. Тармоқлардаги қизғин муҳокамалар ортидан 1 июль куни Нукусда оммавий намойишлар бошланиб кетган.

OzodNazar: ДХХ нега Қорақалпоғистонда юз берган фожианинг олдини ололмади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:38:00 0:00

ТИНЧ БОШЛАНГАН НАМОЙИШЛАР

Ўзбекистоннинг АҚШ, Канада ва Бразилия бўйича элчиси Жавлон Ваҳобовга кўра, Нукусдаги воқеалар аслида тинч намойишлар тарзида бошланган:​

“Мухтор ҳудуднинг мақомига доир конституциявий ўзгартиришга қарши намойишлар тинч кўринишда бошланди. Бу тинч намойишлардан жиноий гуруҳлар фойдаланди. Улар 1‑2 июль кунлари Нукусда Қорақалпоғистондаги ҳукумат идораларини эгаллаб, бутун мамлакатни бақарорлаштиришга уриниш орқали оғир жиноятларни содир этишди. Бу гуруҳлар содир этган шавқатсизликлар уларнинг аниқ жиноий мақсадларини фош қилди – жамиятни бўлиб ташлаш, этнослараро нафрат қўзғаш, маҳаллий ҳукуматни эгаллаш ва Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига рахна солиш”.

Элчи Ваҳобов "Қорақалпоғистондаги вазият тўғрисида холис маълумот бериш учун" АҚШ Конгресс аъзолари билан видеоконференция орқали музокара ўтказган ва Конгрессга Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этиш режаланган.

2 июль куни Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари ўзгаришсиз қолишини эълон қилган эди. Бироқ президент Нукусдаги намойишларга ”четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилганини иддао қилган, аммо бирон давлат номини тилга олмаган.

Президентнинг сўзларига кўра, мақсад "Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган".

Айни пайтда воқеа гувоҳлари ёки намойишчилар фикрини ўрганиш имконсиз қолмоқда. Боиси улар билан алоқа чекланган. Қорақалпоғистонда қонли воқеалар ортидан июль бошида узиб қўйилган Интернет 11 июль куни ҳам қайта тикланмаган. Озодлик кун давомида Қорақалпоғистондаги манбалар билан Интернет орқали боғлана олмади. Телефон орқали боғланишга муваффақ бўлган манбалар эса Интернет қайта тикланмагани ва мобил алоқа ҳам ёмон ишлаётганини айтишди.

Расмийлар зўравонликлар ёйилиши ва тартибсизликлар ташкилотчилари ўзаро мувофиқлаштиришининг олдини олиш мақсадида ҳудуд интернет алоқасидан узиб қўйилганини тан олишган. Бу Ўзбекистон ҳукумати интернет алоқасини узиб қўйганини тан олаётган биринчи ҳолат.

Айни пайтда тартибсизликлардан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб, ҳукумат ҳаёт алалқачон изга тушганини айтганидан кейин ҳам нима учун Қорақалпоғистон интернетсиз қолаётганига расмий изоҳ берилганича йўқ.

Шунингдек, атиги бир неча кун ичида жамоат тартиби қайта тикланган минтақада нега бир ой давомида фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати амалда қолишига ҳам маънили изоҳ берилмаяпти.

Буларнинг ҳаммаси, Қорақалпоғистонда куч тузилмаларининг фаолияти қанчалик назорат қилинаётгани, инсон ҳуқуқларига нақадар риоя этилаётгани борасида савол ва хавотирларни пайдо қилмоқда.

Қонли воқеалардан сўнг Нукусга борган Eurasianet нашри мухбири Жоанна Лилиснинг 7 июль кунги мақоласида ёзишича, Қорақалпоғистонда карахтлик, саросима, ғазаб ва қўрқув ҳукм сурмоқда.

OzodNazar: Қорақалпоғистонда юз берган бўҳрон “қозони” ёпилдими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:33:16 0:00

XS
SM
MD
LG