Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:26

“Ўзбекистон ҳукумати ўз оёғига ўзи болта урди” – хориж матбуоти Қорақалпоғистон воқеалари ҳақида


1-2 июль кунги оммавий намойишларни бостириш чоғида, расмийларга кўра, 18 нафар инсон ҳалок бўлган.
1-2 июль кунги оммавий намойишларни бостириш чоғида, расмийларга кўра, 18 нафар инсон ҳалок бўлган.

Жорий йил 1-2 июль кунлари Ўзбекистон Қорақалпоғистонда рўй берган ва инсоний талафотларга олиб келган норозилик намойишлари боис хориж матбуоти сарлавҳаларига чиқди.

Марказий Европа университети докторанти Илдар Даминов The Diplomat нашрида чоп этилган мақоласида Қорақалпоғистонда кузатилган “сиёсий зилзила”нинг сабаб-оқибатларини таҳлил қилишга уринади.

Муаллиф Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг суверен мақом ҳамда референдум йўли билан ажралиб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилишини "катта хато" деб баҳолаган.

Нукусда нима бўлди? Расмий версия
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:50 0:00

“Бундай кескин ва кўламдор ўзгаришларни амалга ошириш билан Ўзбекистон ҳукумати ўз оёғига ўзи болта урди”, деб ҳисоблайди у.
Даминов минтақадаги ғалаён ортида ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳам турганига эътибор қаратган.

“Намойишлар ўзбек расмийларида омма кайфиятини аниқ билиш малакаси йўқлиги, шунингдек, улар Қорақалпоғистондаги маҳаллий шарт-шароитдан узоқ эканини кўрсатди. Айни чоқда, оммавий чиқишлар Ўзбекистон аҳолиси азият чекаётган чуқур ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳам юзага чиқарди. Қорақалпоғистон ҳам, Ўзбекистоннинг бошқа олис вилоятлари ҳам узоқ йиллар иқтисодий нобоп шароитда яшаб келган. Хусусан, Қорақалпоғистондаги Орол денгизи билан боғлиқ экологик муаммолар ҳал этилмади. Минтақада сармоя кўрсаткичи паст даражада қолмоқда, бу эса иқтисодий ўсишга ғов бўлаётир. Буларга шиддат билан кўпайиб бораётган аҳоли омилини қўшсангиз, сиёсий портлаш ҳосил бўлиши аниқ”, деб ёзади у.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда қорақалпоқлар Ўзбекистон ҳукуматида маълум даражада тамсил этилган, икки миллат ўртасида жиддий этник низо кузатилмаган. Аммо суверен мақомни бекор қилишга уриниш вазиятни кескин ўзгартириб юборди. Эксперт ушбу сиёсий хато ортидан сўнгги 30 йил давомида “уйқу”да бўлган мустақиллик ҳаракати кучайиб кетишидан огоҳлантирган.

Айрим таҳлилчилар Қорақалпоғистон конституциявий мақомини ошиғич равишда ўзгартиришга Россиянинг собиқ СССР ўлкаларига ҳудудий даъво билан чиқаётгани сабаб бўлганини айтмоқда.

Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов DW нашрига берган интервьюсида бу эҳтимолни рад этган. Унинг фикрича, сўнгги вақтларга қадар Қорақалпоғистонда реал таҳдид туғдириши мумкин бўлган айирмачилик ҳаракати йўқ эди. Шунга кўра, у янги Конституцияда минтақанинг суверен мақомдан маҳрум этилишини “ўзи ўтирган шохни арралаш” дея баҳолаган.

Ўзбекистон бош прокуратурасига кўра, Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар пайти 18 киши ҳалок бўлди. Reuters агентлиги ушбу мавзуга бағишланган мақоласида муҳожиротдаги мухолиф сиёсатчиларга таяниб қурбонлар бундан кўпроқ экани ҳақидаги фаразни илгари сурди.

Қорақалпоғистон: Тармоқларда энг кўп берилган саволларга эксперт жавоби
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:48 0:00

Fergananews.com нашри бош муҳаррири Даниил Кислов эса, Қорақалпоғистондан мухториятни олиб қўйишга уринишни “нозик сиёсий усул” деб атаган. Унинг фикрича, президент Шавкат Мирзиёев бир ўқ билан икки қуённи урди: биринчидан, аҳоли норозилигига сабаб бўлган ўзгартиришларни бекор қилиш орқали ўз рейтингини оширди; иккинчидан, Қорақалпоғистон суверенитетини байроқ қилиб чиқиши мумкин бўлган фаолларни аниқлаш ва жазолаш имкони туғилди.

Ўзбекистон ваколатли идоралари айирмачилик кайфиятидаги кучлар давлат идораларини босиб олишга урингани ҳақида хабар берди. Eurasianet.org нашри воқеалар бўйича расмий талқинни савол остига олади.

“Ҳукуматнинг цензура чораларини кўргани ҳодисалар манзарасини қисман акс эттиришга ҳам тўсқинлик қилди. Боз устига, айни тартибсизлик вақтида интернет узиб қўйилди. Маҳаллий ОАВ ҳам воқеаларни ёритмаслик борасида огоҳлантирилган кўринади”, деб ҳисоблайди нашр.

Маълум бўлишича, 4 июль куни Нукусга борган Eurasianet.org мухбири гувоҳлардан интервью олиш пайти ИИБ ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва бир соатдан кейин, репортаж қилмаслик шарти билан қўйиб юборилган.

Al Jazeera телеканали ҳам Қорақалпоғистондаги тартибсизликларни ёритиш пайти мустақил журналистлар фаолиятига тўсқинлик бўлганидан баҳс этди. Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё идораси директори Ҳью Уильямсон мазкур телеканалга берган интервьюсида Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ ва холис текширув ўтказишга даъват қилган.

“Бу – инсон ҳуқуқларига ҳурматни исботлаш учун қулай имконият. Рўй берган ҳодисалар бўйича текширув ўтказилиши, қотилликларга эҳтимолий алоқадор бўлган полиция ва хавфсизлик кучлари жавобгарликка тортилиши мақсадга мувофиқдир”, деб айтган HRW вакили.

XS
SM
MD
LG