Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:38

AҚШ Конгрессига Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан ҳисобот тақдим этилади

5 июль куни Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича мустақил ва шаффоф текширув ўтказиш чақириқларига АҚШ ва БМТ ҳам қўшилди.

Нукус шаҳрида 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар пайтида 18 киши ҳалок бўлди ва 243 киши яраланди. Тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари.

Расман билдирилишича, жароҳатланганлардан 149 нафарига тез тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига кетишга рухсат берилган. 94 киши эса касалхонага ётқизилган. Улар орасида аҳволи оғир бўлганлар ҳам бор.

Нукусдаги тартибсизликларда 516 фуқаро қўлга олинган. Уларнинг айримлари суриштирувдан сўнг маъмурий жазо қўлланилган ҳолда қўйиб юборилган.

26 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид моддалари Ўзбекистон таркибидаги республика аҳолиси орасида норозилик уйғотган эди. Тармоқлардаги қизғин муҳокамалар ортидан 1 июль куни Нукусда оммавий намойишлар бошланиб кетган.

Норозиликлар ортидан Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда президент фармонига кўра, фавқулодда ҳолат 3 июль соат 00:01 дан 2 август соат 00:00 га қадар давом этади, бу даврда 21:00 дан 7:00га қадар комендантлик соати жорий этилади.

2 июль оммавий намойишлар бўлаётган Қорақалпоғистон республикаси маркази Нукусга етиб борган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг Қорақалпоғистоннинг мақоми билан боғлиқ моддалари ўзгаришсиз қолишини эълон қилган.

14:57 3.7.2022

Мирзиёев Нукусдан туриб видеоселектор ўтказди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон расмийлари билан йиғин ўтказаётгани акс этган фотосуратлар эълон қилинди.

Расмий хабарда айтилишича, президент эрталабдан видеоселектор ўтказиб, барча туманлар билан мулоқот қилган:

“Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг кечаги мурожаатидан кейин вазият барқарорлашган, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда”.

15:18 3.7.2022

Ўзгаришларни маъқуллаган депутатларга жазо таклиф қилинди

Таниқли журналист Шуҳрат Шокиржонов, ўз Телеграм каналида, Қорақалпоғистонда норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлган конституциявий ўзгаришларни маъқуллаган Олий Мажлис депутатларига ўзига хос жазо чорасини таклиф қилди:

“Конституцияга ўзгаришлар бўйича қонун лойиҳасини бир ўқишда, бир овоздан тасдиқлаган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тарқатилиб, овоз бериш жараёнида қатнашган депутатларнинг барчаси сайловда қайта иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши керак”.

15:41 3.7.2022

Қорақалпоғистонга оид илк брифинг

3 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да АОКАда махсус брифинг бўлиб ўтади.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий этилган фавқулодда ҳолат бўйича дастлабки ишлар ҳақида маълумот берилиши кутилмоқда.

15:59 3.7.2022

Адлия вазирлиги сепаратизм учун жазодан огоҳлантиряпти

Вазирликка тегишли “Ҳуқуқий ахборот” канали сепаратизм учун қонунчиликда белгиланган жазо чораларини эслатмоқда:

Қонунчиликка кўра, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:

  • БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача (60 млн сўмдан 120 млн сўмгача) миқдорда жарима;
  • 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Ушбу ҳаракатлар олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан, шунингдек ОАВдан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, Интернетдан фойдаланиб содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG