Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:32

Мирзиёев "эрк берган" фермерлар яна шартномадан ортиқ ғалла топширишга мажбурланмоқда


Шу кунларда Ўзбекистонда ғалла ўрими авжида. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан ғалласини эркин сотиш имкони бўлган фермерлар яна шартномадан 5-10 фоиз ортиқ ғалла топширишга мажбурланяпти.

Бу ҳақда Озодликка турли вилоятлардан келаётган шикоятларга кўра, кластер ва маҳаллий ҳокимлар фермерлардан захира ва биржага шартномадан ортиқча буғдой топширишни талаб қилмоқда.

Топшириқни бажармаган фермерларнинг ғалласи ўриб берилмай, жойида қолиб кетаётгани айтилади.

Аввалги йиллардаги каби, ҳар бир комбайнга Миллий гвардия ходими ва ўт ўчирувчи бириктирилган.


Президент Шавкат Мирзиёев 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларга бағишланган йиғилишда 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши ҳақида гапирган эди.

Президент сўзларига кўра, бир тонна буғдой нархи ўтган йилги 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга оширилди.

Бундан ташқари, президентнинг 2021 йил 15 ноябрдаги қарорига кўра, фермер ҳар гектар майдон ҳисобидан ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдолари орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотади.

Бироқ президент қарорлари чиққанига қарамай, Ўзбекистоннинг турли туманларидан фермерларнинг яна шартномадан ортиқча буғдой топширишга мажбурлангани ҳақида Озодликка хабарлар келмоқда.

Қашқадарё вилоят, Ғузор туманидаги фермер 5 июн куни Телеграм каналида унинг шартномадан ортиқча буғдойи милиция ходимлари воситасида зўрлик билан тортиб олинаётгани ҳақида шундай деган эди:

“Акалар ҳақиқат йўқ, ҳақиқат! 35 центнердан ғалла беряпмиз, ғалламиз 60 центнердан чиқяпти, қолганини ҳам тортиб оляпти. Ички ишлар ходими тортиб оляпти, ҳокимнинг ўзи ўтирибди. 35 центнердан шартнома қилмаганмиз, 25 центнердан шартнома қилганмиз, 35 центнердан мажбурий равишда олди. Қолган бир гектар жойимизни ҳам ички ишлар ходими ўриб оламиз, деяпти”

Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:16 0:00

Фермернинг айтишича, ўша куни у ҳар гектар ердан 40 центнердан ғалласини ўриб олиб кетишган:

“Ўнта милиция қўйиб мажбурий равишда тортиб олди. Ишчиларимиз комбайннинг олдига ўзларини ташлаб тўсиб олишган эди, милиция ходимлари мажбуран қўлларини қайириб, судраб чиқаришди”.

Озодлик 13 июн куни Ғузор туманидаги бу фермер, “Комроншоҳ Асадбек” чорва хўжалиги раҳбари Шаҳзод Очилов билан боғланди.

Фермернинг айтишича, бу масала кейин ижобий ҳал бўлган:

“Бу масалани мен Телеграм каналига қўйганимдан сўнг, журналистлар ва блогерлар қизиқа бошлади. Кейин ҳоким кластернинг одамларини чақиртириб, ўша ернинг ўзида акт-сверка қилиб, 27 центнердан ортиғининг пулини ташлатиб берди. 10 тонна ортиқча буғдойимизнинг килосига 5200 сўмдан тўлади, бозор нархида берди. Ҳокимдан эътирозим йўқ, кластердан эътирозим бор эди”.

Фермернинг эътироф этишича, кластер буғдой ўримида ҳокимиятдан ёрдам сўрагани сабабли ҳокимлик вакиллари ҳам ўримда иштирок этган.

Фермерларга шартномадан ортиқча мажбурият юклаш бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда.

Тошкент вилоят, Бўка туманидаги “Санта груп” кластери билан шартнома тузиб ишлаётган фермернинг айтишича, улар ҳам шартномадан ташқари яна гектарига 5 центнердан ғалла топширишга мажбур қилинган:

“Кластерга 25 центнердан буғдой топширяпмиз. Яна 5 центнердан биржага қўйишга мажбурий шартнома қилдирди. Вилоят ҳокимидан келган топшириқ экан. Бу ортиқча буғдойни ҳозир дон складларига тўкиб қўямиз экан. Июль-август ойларида эса биржага қўйиб сотиб, бизга пулини берар экан. Энди, сизга фарқи нима, биржа нархида берар эканку, деган савол туғилиши мумкин. Буни қаранг энди. Масалан, беш тонна ортиқча буғдойингизни биржа, мисол учун, 5 мингдан сотди. 25 миллион сўм бўлади. Энди бу пул сизнинг ҳисобингизга 15 фоиз НДСи олинган бўлиб тушади. Яъни яна фермер ютқазяпти”.

исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири Жиззах вилоят, Дўстлик туманидаги “Сангзор текстил” кластер корхонаси ҳам фермерларга гектарига қўшимча шартнома мажбуран тузилгани ҳақида гапиради:

“Мажбурий яна беш центнерлик қўшимча шартнома қилинди. Ҳокимнинг топшириғи бўлди. Печать босмасак буғдойни ўрдирмайдиган бўлди, кейин ҳамма мажбуран имзо қўйиб, печат босиб берди. Масалан, мен қўшимча 10 тонна буғдой берсам, килосига 3 минг сўмдан беради. Бозорда 5 минг сўм. Президентимиз, бўлди, тамом, фермер билан кластер ўртасидаги шартномага бошқа ҳеч ким аралашмайди, деб айтган эди. Булар аралашмаса ўлиб қоладику”.

Фермернинг айтишича, комбайнлар қўшимча шартномадаги буғдойни ўриб олганидан сўнг, ғаллазорни тарк этмоқда:

“Қолган буғдойимизни ўриб беринглар десак, йўқ, аввал туманнинг режасини бажаришимиз керак деб, орган ходимлари комбайнларни олиб чиқиб кетяпти. Шу билан ўн кундан кейин келадими, ўн беш кундан кейинми, бу иссиқда буғдой ҳам тўкилиб кетди. Ҳар битта комбайн ИИБ томонидан ҳисобга олинган, ҳаммаси назоратда”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни ғаллачиликдаги ислоҳотларга бағишланган йиғилишда фермердан ғаллани тортиб олишни тақиқлаганди:

“Ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олишлари зарур. Буғдойнинг ҳақиқий эгаси бу – фермер ва кластерлар. Шунинг учун, бундан буён туманда режа бажарилмаяпти, чорва, парранда ёки балиқчиликка озуқа-ем керак, деган важлар билан фермерлар ғалласини олиб қўйиш қатъиян тақиқланади”.

Президент 2021 йил, 27 октябрь кунги селектор йиғилишида фермерларни қийнаб келаётган буғдой харид нархи ҳақида тўхталаркан, 2022 йилдан бошлаб буғдой биржа савдоларига эркин нархларда чиқарилишини таъкидлаган эди.

Президентнинг бундан олдин буғдой нархини эркинлаштириш ҳақида имзолаган қарори қоғозда қолиб кетган.

XS
SM
MD
LG