Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:00

"Алвидо, авто!" Ғарб брендларига ўрганган россияликлар энди нимада юради?


Дилерлик марказидаги автомобиллар. Иллюстратив сурат.
Дилерлик марказидаги автомобиллар. Иллюстратив сурат.

Ғарб автомобиль ишлаб чиқарувчилари Россия бозорини тарк этиши туфайли мамлакатдаги дилерлик марказлари ёпилиш хавфи остида қолди. Ўз машиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун эса Россияга санкциялар тўсиқ бўлмоқда, чунки аксар бутловчи қисмлар хориждан импорт қилинади.

Хўш, яқин келажакда россияликлар қанақа машина минишади ва бу уларга қанчага тушади?

Февраль ойидан буён Россияда япон брендларининг автомобиллари баҳоси 20 фоизга ошди, француз машиналари эса роппа-роса 40 фоизга. Аммо энди дилер қўлида бор автомобиллардан бошқасини буюртма қилиб ҳам сотиб олиб бўлмайди.

“Биз билан ҳамкорлик қилган барча брендлар Россияга автомобиль жўнатишни тўхтатган. Омборларимизда 200 та янги Renault, 40 тача Toyota қолди, Lexus’дан биронта ҳам янги автомобиль йўқ”, дейди автомарказнинг маркетинг бўлими бошлиғи Дарья Кадаева.

Украинада “махсус ҳарбий амалиёт” бошланганидан сўнг кўплаб машҳур маркалар Россия бозоридан чиқиб кетди: Mercedes Benz, BMW, Volkswagen-Audi гуруҳи, Jaguar-Land Rover, Volvo, Toyota, Cadillac. Улардан айримлари Россиядаги йиғув корхоналарини тўхтатди, бошқалари Россиядаги дилерларга янги автомобилларни жўнатмай қўйди.

“Сифатли автомобилларга ўрганиб қолганимиз учун айни вазиятда икки томон жабр кўряпти – истеъмолчилар ва дилерлар. Истеъмолчи танқислик ва қимматчиликка тутилган бўлса, муайян авто ишлаб чиқарувчи талабига кўра шоурум қуриб, жиҳозлаган ва ишга катта сармоя тиккан дилерлар ҳам оғир аҳволга тушди. Айниқса, расмий дилерлар қилган харажатларини қандай чиқариб олади, ҳайронман”, дейди автоэксперт Александр Морозов.

Омборларда ҳозирча захира автомобиллар бор, мижозлар эса таъмирлатгани келиб туришибди – бир қарашда вазият унчалик фожиали эмасдек. Аммо кўп сотувчилар аллақачон пешлавҳаларни алмаштириш, яъни Хитой, Ҳиндистон ва ҳатто Эрон брендлари автомобилларига ўтиш пайига тушганлар. Дўконларини ёпишга ҳозирланаётганлар ҳам оз эмас.

“Омборларда тахминан 150 мингта автомобиль бор, барча брендлар ва моделлар бўйича шунча. Бу жуда кам, чунки биз илгари йилига 1,1-1,7 млн дона автомобиль сотардик, бу йил эса бу кўрсаткич 394 мингтага тушиб кетиши мумкин. 394 мингни Россиядаги 3200 та дилерлик марказига бўлсак, ҳар бир дилер ойига 10 та машина сотган бўлиб чиқади. Автомобиль савдосидаги тадбиркорлар хонавайрон бўлади”, дейди автобизнес соҳаси эксперти Артём Самородов.

Янги машиналар қимматлашуви ортидан иккиламчи бозорда ҳам нарх-наво ошди. Самарадаги тутилган автомобиллар бозорида нархлар ўртача 30 фоизга кўтарилганини айтишмоқда. Таклиф сезиларли даражада камайган – одамлар янги машиналар камёб ва қиммат бўлиб бораётганини кўриб, миниб юрган уловларини сотиш фикридан қайтишмоқда. Моделлар бўйича танлов имкони ҳам тобора камайяпти.

“Илгари премиум тоифасидаги йўлтанламас сотиб олишга қурби етган одам ҳозир арзонроқ йўл танламасга қаноат қилмоқда. Оилавий саёҳатлар учун минивэн танлайдиганлар эса энди шунчаки 7 та ўриндиғи бор машина харид қилишдан бошқа чора топа олишмаяпти”, дейди автоблогер ва журналист Алексей Епишченко.

Автомобиллар таъмири ва техник хизмати ҳам кун сайин қимматлашмоқда. Чунки чет элдан келадиган эҳтиёт қисмлар, суюқликлар ва бошқа материаллар нархи ошди. Техник хизмат станцияси хўжайини Максим Терехов барча турдаги эҳтиёт қисмлар 80 фоизга қимматлашганини айтади.

Боз устига санкциялар туфайли “Автоваз” заводи чиплар ва юқори технологик бутловчи қисмларсиз қолди. Шу боис корхона энг арзон моделларни ҳам соддалаштирилган тарзда чиқариш йўлига ўтмоқда. “Автоваз”нинг янги машиналаридан бундан буён кондиционер, хавфсизлик ёстиқлари ва ойнакўтаргичлар бўлмайди. Аммо ҳатто шунақа камтарона автомобиль ҳам истеъмолчига камида 700 минг рублга тушади. Бу ҳозирги курс бўйича 11 минг доллар дегани.

“Завод хусусида тайинли бирон гап йўқ, чунки у ерда ҳозир ҳокимият тўлиқ алмашяпти. Кеча барча вице-президентларни ишдан бўшатишди, чет эллик менежерларни олиб, ўрнига ўзимизникиларни қўйишяпти”, дейди Артём Самородов.

Шундай бўлса-да, “Автоваз” ишчилари бошқа заводлар, масалан, Калининграддаги “Автотор” ходимларидан кўра омадлироқ экан. Кечага қадар BMW, Kia ва Hyundai сингари обрўли машиналарни йиғиб юрган “Автотор” заводи ишчилари бугун оз-моз пул топиш учун қулупнай ва олма теришга мажбур бўлишмоқда.

XS
SM
MD
LG