Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

ЛГБТ ҳисобот. Қийноқ, шафқатсиз муомала ва жинсий зўравонлик


Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи уч халқаро ташкилот Ўзбекистонда жинсий озчилик - ЛГБТ вакилларининг аҳволи ҳақида ҳисобот эълон қилди.

Ҳисобот муаллифлари ўзбекистонлик жинсий озчилик вакилларининг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганига оид 100 дан ортиқ ҳолатни ҳужжатлаштирган.

Ўнга яқин қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинган ҳолатларнинг аксарида, мамлакатда ашаддий гомофоб кайфият, бу кайфиятни қўлловчи куч ишлатар тузилмалар ва уларга ЛГБТ ҳуқуқларини поймол қилиш учун асос бўлиб қолаётган Жиноят кодексининг 120-моддаси ҳақида гап боради.

Қуйида ҳисоботнинг қисқача мазмуни билан танишишингиз мумкин.

100дан ортиқ ҳужжатлаштирилган ҳолат

7 июнь куни эълон қилинган ҳисоботни Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Саломатлик, ҳуқуқлар, гендер ва жинсий хилма-хиллик бўйича Евроосиё коалицияси (ЕКОМ) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) билан ҳамкорликда тайёрлаган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳуқуқ ҳимоячилари 2017 йилдан буён жинсий озчилик - ЛГБТ вакиллари - лесбиян, гей, бисексуал ва трансгендерларга нисбатан содир этилган 100дан ортиқ ҳуқуқ бузилиши ҳолатларини ҳужжатлаштирган.

Фаоллар шунингдек, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) асосида айбланган 10 дан ортиқ фуқарога нисбатан олиб борилган суд ишларига доир ҳужжатларни тўплаганини қайд этган.

Ҳуқуқ фаолларининг танқидича, Ўзбекистонда жинсий озчилик вакиллари мутассил таъқиб, ҳақорат, жисмоний ва жинсий зўравонлик остида ҳаёт кечирмоқда. Бундан ташқари, нафақат гомофоб кайфиятдаги юртдошлари, балки давлат идоралари ва айниқса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан муттасил камситилиши, ҳуқуқлари поймол этилиши қайд этилган.

32 саҳифалик ҳисоботда 10 дан ортиқ гомосексуал йигитнинг ҳикояларидан парчалар берилган. Шахсини сир тутиб гапирган йигитларнинг айримлари ҳам жамият, ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларининг зуғуми ва шантажи остидаги ҳаётдан сўнг икки чиқиш йўлидан бирини танлаш - Ўзбекистонни тарк этиш ёки жонига қасд қилишга мажбур бўлишини айтишган.

“120-модда ноанъанавий жинсий ориентация ёки гендер идентификацияли шахсларга нисбатан, жазо олмаган ҳолда, шафқатсиз муносабатда бўлиш ва камситиш ҳуқуқини беради. Шунингдек, у коррупцияни рағбатлантириш учун идеал платформа яратади. 120-модда мавжуд экан, қўрқитиш ҳеч қачон тугамайди ва гомофоблар бизнинг устимиздан хукумрон бўлиб қолаверишади”, дея ҳисоботда иқтибос келтирилган ўзбекистонлик ёш гомосексуал йигитдан.

Жамиятдаги кайфият

Ўзбекистонда жинсий озчиликларга нисбатан тоқасиз муносабат собиқ совет давридан буён ўзгаришсиз қолмоқда.

Ҳисобот муаллифлари, ЛГБТга жамият муносабатини шундай таърифлайди:

“Ўзбекистонда кўпчилик гомосексуалликни юқумли касаллик деб билади ва агар у таъқиқланмаса ва жазоланмаса, жамиятни емиради ва нобуд қилади деб ишонишади. Агар оилалар қариндошини жинсий озчиликларга мансублигини билиб қолса ёки шубҳа қилса, кўпинча уни шифокорлар, психиатрлар, психотерапевтлар, муллалар ёки бошқа диний арбобларга «даволаш» учун мурожаат қилишга мажбур қиладилар. Бундан ташқари, оилалар ўртасида гей ўғлини оилавий уйдан сургун қилиш ҳолатлари кўп, айниқса унинг жинсий ориентацияси оиладан ташқарида маълум бўлганда”.

Коррупцияни танқид қилган ЛГБТ ҳимоячиси жазоланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:20 0:00

Ҳуқуқий экспертиза

Ўзбекистонда ЛГБТ вакилларига қарши кўлланадиган ва муттасил танқид қилиб келинаётган ҳуқуқий асос - Жиноят кодексининг 120-моддасидир:

“120-модда. Бесоқолбозлик, яъни эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжини қондириши — бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Ўтган йили апрел ойида Ўзбекистон ҳукумати биринчи марта ушбу модда билан жазога тортилган фуқаролар сонини эълон қилгани ҳисоботда қайд этилган.

Ички ишлар вазирлигига кўра, 2016-2020 йиллар давомида жами 44 шахс 120-модда билан судланган. Ҳисоботни тайёрлаган 3 ташкилот бу рақамга ўзлари аниқлаган рақамни ҳам илова қилган.

Жумладан, Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан 2022 йил январ ва феврал ойларида IPHRга тақдим этилган жавобларга кўра, 2021 йилда жами 36 киши 120-модда бўйича судланган, йигирма беш нафари қамалган. Бу эса аввалги йиллардагидан кўпдир.

Ўзбекистон ЖКнинг 120-моддаси халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо зид, деб баҳоланади.

Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, бир жинсдаги вояга етганлар ўртасида ўзаро розилик асосида жинсий алоқа ёки ўзининг гендер идентификациясини ифодалашни жиноят деб ҳисоблаш инсон ҳуқуқларининг очиқдан-очиқ бузилишидир.

“Халқаро инсон ҳуқуқлари қонунчилиги катталар ўртасидаги ўзаро розилик асосида бир жинсли муносабатларни жиноийлаштириш инсон ҳуқуқларининг бузилиши эканлигини аниқ кўрсатиб турибди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шартнома тузилмалари Ўзбекистонни Жиноят кодексининг 120-моддасини бекор қилишга бир неча бор чақирган”, - дея изоҳлайди IPHR вакили Анне Зундер-Плассманн.

Давлат идоралари муносабати

Ҳисоботда, муаллифларнинг Ўзбекистон давлат идоралари ва инсон ҳуқуқларига масъул идораларидан олинган жавоблар ҳам келтирилган.

Ушбу жавоблардан чиқарилган хулосага кўра, Ўзбекистон ҳукумати бир жинсли муносабатларни декриминализация қилиш - жамиятда норозиликни уйғотиши ва мамлакатнинг мусулмон дунёсидаги обрўсини туширишини таъкидлаб, ЖК 120-моддасини бекор қилиш талабини бажармай келмоқда.

Жумладан, ҳисоботга Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов берган жавоблар киритилган. Саидов, 120-модда бекор қилиниши учун “жиноят қонунчилиги умумий кўриб чиқилиши кераклиги”, “ҳукумат жамиятнинг Ўзбекистонда гомосексуалликка нисбатан кенг тарқалган ўта салбий муносабатни ҳисобга олиши керак”, деб таъкидлаган.

Бундан ташқари, ҳукумат расмийлари, ЛГБТ вакилларининг ҳуқуқлари ҳақида гапиришни истовчи фаолларнинг сўз ва фикр эркинлигини тақиқлаши ҳисоботда қайд этилган. Бу ўринда ЛГБТ ҳуқуқ бузилишлари ҳақида чиқишлар қилган таниқли блоггер Миразиз Бозоровнинг таъқибга олингани ва 3 йилга озодлиги чеклангани алоҳида эслатилган.

Куч ишлатар тузилмалар муносабати

Ҳисобот муаллифлари, Жиззах вилояти Ички Ишлар Бошқармаси (ИИБ) бошлиғининг 2022-йил 18-февралдаги хатини тилга олган.

Ҳисоботда айтилишича, Жиззах ИИБ бошлиғи туман ва шаҳар ички ишлар бўлимларига махсус хат юборган ва гейлар ва бисексуаллар устидан амалда ҳамда онлайн назоратни кучайтириш, бундай шахсларни аниқлаш ва ЖКнинг қатор моддалари билан жазолаш механизмини ишга солишни тайинлаган.

Унда: “Жиноят кодексининг бир қанча моддалари, жумладан, 120-моддаси («бесоқолбозлик»; ушбу модда эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжини қондиришини жазолайди), 113-модда («Таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш») ва 130-модда («Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш») бўйича дастлабки тергов қўзғатилганлиги ҳақида хабар берган. Хатда маҳаллий бўлимларга Жиззах вилоятидаги гейлар ва бисексуаллар учрашадиган жой вазифасини ўтайдиган телеграм каналлари орқали, жумладан, GPS -мониторинг ёрдамида гумондорларни аниқлаш топширилган”.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, бундай ички ҳужжатлар куч ишлатар тузилмалари ходимларига ЛГБТ вакиллари ҳуқуқларини бузиш ва уларни таъқиб қилиш ваколатини бераётганидан хавотирда. Бундан ташқари, бундай шахсларнинг ИИВ тузилмаларида қийноққа солиниши ҳам ҳужжатлар асосида ҳикоя қилинган.

ИИВ вакилларининг оператив-қидирув амалиётларини ўтказиш асносида ЛГБТ вакилларини тасвирга олиш ва Ўзбекистон қонунчилиги асосида кафолатланган шахсий дахлсизлик, айбсизлик презумпциясига зид равишда шахсий маълумотлар, тасвирларни ижтимоий тармоқларда тарқатиши ҳам ҳисоботда қораланган.

Сиёсат ва жамият арбоблари муносабати

Ҳукуматга яқин алоҳида сиёсатчилар, жумладан, Миллий тикланиш партияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров гейларни қораловчи баёнот билан чиққан.

"Бу ҳолат Жиноят кодексининг 120-моддасини янада кучайтиришга эҳтиёж борлигини яққол кўрсатди. Модда бесоқолбозлик, ЛГБТ ғояларини ҳар қандай шаклда тарғиб қилишни таъқиқлаши керак. Албатта, жазо жуда юмшоқ. Бу модда санкциялари мажбурий даволаш, озодликдан маҳрум этиш, мамлакат фуқаролигини бекор қилиш, мамлакатдан бадарға қилишгача кўзда тутиши керак", деб ёзганди Қодиров 2021 йилда ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Депутат Расул Кушербаев ҳам ўзининг Телеграм каналида "ЛГБТ масаласига қаршилиги"ни ёзган, айни пайтда у инсонларга нисбатан "куч ишлатиш ва тартибсизликлар"га ҳам қарши эканини билдирган.

Уч ташкилот шу йил 7 июн куни эълон қилган ҳисоботга, Ўзбекистон халқ демократик партияси депутати Буранов Шербек, Самарқанд ҳокими Бобурмирзо Облақуловларнинг 2020-2021 йилда қилган чиқишлари ҳам илова қилинган.

Халқаро чақириқлар

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳам 2020 йил майида Ўзбекистон ҳукуматини Жиноят кодексидан 120-моддани чиқариб ташлашга чақирган.

2020 йил декабрда 9 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти айни мазмундаги чақириқ билан чиққан эди. Ўзбекистон расмийлари эса ушбу чақириқларга жавобан мамлакатда ЛГБТ мансубларига қарши зўравонликларга доир биронта ҳам ҳолат қайд этилмаганини айтишган.

Икки томоннинг розилиги асосидаги бир жинсли алоқа учун жиноий жавобгарлик постсовет ҳудудида фақат икки давлат - Ўзбекистон ва Туркманистонда сақланиб қолган. Хьюман Райтс Уотчнинг айтишича, Туркманистон бу борадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ниятида эканини билдирган.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти дунё бўйлаб лесбиянка, гей, бисексуал, трансгендер, квир ва интерсекс (LGBTQI) вакилларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашни устувор йўналишлардан бири, деб эълон қилган.

Таҳлилчилар жаҳон ҳамжамияти, жумладан, Қўшма Штатлар билан инсон ҳуқуқлари юзасидан мулоқотни қайта бошлаган ва 2020 йилда ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланган Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари Шавкат Мирзиёев бу борада Каримов давридагидан кўпроқ сиёсий босим остида қолишини қайд этишган.

XS
SM
MD
LG