Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Ўзбекистон Россия сармоялари ўрнини Хитойники билан тўлдирмоқчи


Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбарининг Пекинга ташрифи чоғида.
Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин Ўзбекистон раҳбарининг Пекинга ташрифи чоғида.

Асосий ташқи савдо ҳамкори бўлган Россия Ғарб санкцияларига юз тутиши манзарасида Ўзбекистон қатор иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш йўлида Хитой билан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга уринмоқда.

The Diplomat нашрининг ёзишича, Ўзбекистон жаҳон транспорт ва савдо йўлларига уланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Яқинда Пекинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида бўлиб ўтган йиғилишда «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» тақдим этилди. Стратегияда Ўзбекистоннинг Хитой билан иқтисодий алоқаларини чуқурлаштириш назарда тутилган. Унда Хитой каби стратегик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида сўз боради, аммо Россия тўғридан-тўғри тилга олинмаган.

Ўзбекистоннинг Хитой билан иқтисодий алоқалари асосан инфратузилма лойиҳалари билан боғлиқ. Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси икки мамлакат учун муҳим ўрин аҳамият касб этади. Хитойнинг Ланчжоу шаҳрини Тошкент билан боғлаши кўзда тутилаётган йўлнинг умумий узунлиги 4 380 километрни ташкил қилади. Лойиҳа 1990 йиллардан бери мавжуд бўлса-да, айни дамда Хитой ва Ўзбекистонни Қирғизистон орқали тўғридан-тўғри боғлайдиган темир йўл алоқаси йўқ. Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли якунланса, юклар Тошкентдан Қирғизистонинг Ўш шаҳри орқали Хитойнинг Ланчжоу шаҳрига етиб боради.

Яқин вақтгача лойиҳа жиддий молиявий ва маъмурий тўсиқларга дучор бўлиб келаётган эди. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давом этаётган чегара баҳслари эса лойиҳани деярли бутунлай тўхтатиб қўйди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги мавжуд темир йўл инфратузилмаси совет давридаги қурилган бўлиб, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон маршрути тўлиқ ишга тушиши учун уларни янгилаш керак. Қирғизистон ҳудудида янги темир йўл ҳали ётқизилмагани учун юклар Хитойнинг Шинжон Уйғур районидаги Қошғар шаҳрида поезддан туширилиб, юк машиналарига ортилди. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида эса юклар Тошкентга борувчи поездга ортилади.

Бу каби қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлининг аҳамиятини урғулаб келмоқда. Апрель ойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Аманелдиев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли билан боғлиқ масалалар борасида келишувга эришилганини эълон қилишди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашиб, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини тезлаштириш истагини билдирди.

Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, Ўзбекистон учун Жанубий Осиёга йўл очиши мумкин, чунки Хитойга борувчи поездлар кейинчалик Покистонга ўтиши мумкин. Бу йўл Толибон назоратидаги Афғонистонни четлаб ўтади. Афғонистондаги беқарорлик узоқ йиллардан бери Марказий Осиё ва Жанубий Осиёни боғлаш уринишларига тўсқинлик қилиб келади.

Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси Ўзбекистоннинг тижорий ва савдо йўналишларини кенгайтириш интилишларига мос тушади. «Бир камар, бир йўл» 2013 йилда йўлга қўйилганидан бери Ўзбекистон Хитойнинг стратегик геосиёсий ҳамкорига айланди. Гарчи икки давлат чегарадош бўлмаса-да, Ўзбекистон «Бир камар, бир йўл» учун муҳим ўрин тутади. «Бир камар, бир йўл» йўналишларидан иккитаси Ўзбекистон орқали ўтиб, ғарбда Қозоғистон ёки жанубда Қирғизистон орқали Хитой билан боғланади. Бу икки йўналиш Тошкентда бирлашади ва Туркманистон орқали Эрон, Ғарбий Осиё ва Ҳиндистонга етиб боради. Шунингдек, ўзбекистонлик юк жўнатувчилар Қозоғистон орқали ўтувчи яна иккита йўналиш бўйича поезд хизматларидан фойдаланиб Европа, Кавказ ва Туркияга ҳам уланишлари мумкин.

Хитой сармояси қимматга тушиши ҳеч кимга сир эмас. Хитой бозорлари ҳамда сармояларига ҳаддан ташқари таяниш жиддий риск туғдиради. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари буни яхши билади. Инфратузилма ва техник кўмак лойиҳалари учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар шуни талаб қиладики, харид қилинадиган материаллар, асбоб-ускуналар, технология ва хизматларнинг камида ярми Хитойдан келиши керак. Ўзбекистон иқтисодий қийинчиликлар ҳамда ўз жуғрофий жойлашуви туфайли Хитой кредитларига муҳтождир. Хитой бераётган кредит Ўзбекистонда иқтисодий фаолликни ошириб, савдо кўламини кенгайтиришга ёрдам берсада, мамлакат «Бир камар, бир йўл» доирасида қурилган инфратузилмани сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун Хитой сармоясига қарам бўлиб қолиш хавфи бир. Яна бир ташвиш шундаки, имтиёзли савдо шароитида хитойлик компанияларнинг қиёсий устунлиги маҳаллий компанияларнинг рақобатбардошлигини барбод қилиши ҳамда Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёда хитой молларига бўлган талабни ошириши мумкин.

5 йилда 6 баробар: Мирзиёев орттирган ташқи қарз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:53 0:00

Ўзбекистон логистика ва географик жойлашуви келтириб чиқарадиган муаммоларни Хитой билан ҳамкорлик қилиш орқали ҳал қилишга уринмоқда. Ўзбекистон ҳукуматининг Хитой билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари унга ўз жуғрофий жойлашуви каби табиий афзалликларидан яхшироқ фойдаланиш имконини бериши мумкин. Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатлари ҳамда Афғонистон билан чегарадош Ўзбекистон барча йўналишларда транзит алоқаларига эга.

Бу саъй-ҳаракатлар, шунингдек, Россия ўз муаммоларига асосий эътиборни қаратиб, Марказий Осиёдан бироз чекиниши ортидан бўшлиқ пайдо бўлган бир паллага тўғри келмоқда. Ҳозирча Россия Украинага бостириб киргани Кремль Хитойнинг Марказий Осиёдаги сармояларини тўлдириш учун минтақага иқтисодий ёрдам бера олмаслигини англатади. Бундан нари Россия минтақа билан стратегик ҳамкорлик қилишдан қанчалик манфаатдор бўлиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори бўлиб келади. Мисол учун, 2021 йилда Россия билан ўзаро савдо ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этган. Хитой билан ўзаро савдо эса 7,4 миллиард доллардан бир оз кўпроқ бўлган. Аммо Ўзбекистон банклари иккиламчи санкциялар хавфидан тобора кўпроқ хавотир олмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон санкцияларга йўлиққан Россия банкларидан, жумладан Газпромбанк, ВТБ, ВЭБ ва бошқалардан катта миқдорда кредит олган. Бу банклар мамлакатдаги йирик иқтисодий лойиҳаларни молиялаштириши керак. Россияга қарши санкциялар эса Ўзбекистон бу маблағдан маҳрум бўлиши мумкинлигини англатади. Ушбу бўшлиқни тўлдиришнинг бир йўли Хитой билан ҳамкорлик қилишдир. Бу орада Хитой ўзининг «Бир камар, бир йўл» лойиҳасини давом эттирмоқда ҳамда минтақада ролини янада оширмоқда.

Агар Ўзбекистон минтақавий транзит хабига айланиб, ўз иқтисодий қудратини оширмоқчи бўлса, хорижий ҳомийга қарамликни камайтириш учун курашиши ҳамда бошқа давлатлар йўл қўйган хатолардан қочиши керак. Бундан ташқари, Тошкент бу ўйинни оқилона ўйнаши ва тузоқларни олдиндан кўра билиши керак, дейилади The Diplomat нашрида эълон қилинган мақолада.

XS
SM
MD
LG