Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:56

АҚШ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши давом этмоқда


АҚШ Давлат департаментининг 2021 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани қайд этилди.

Давлат департаменти 2021 йилнинг 24 октябрида Ўзбекистонда ўтган президентлик сайловлари том маънода сайловчиларга муқобил номзодларни танлаш имкониятини бермаганини таъкидлаган.

“Президент Мирзиёев 80,2 фоиз овоз олиб қайта сайланди. Том маънодаги сиёсий муқобил кучлар танлови сайловчиларга таклиф этилмади, чунки ҳақиқий мухолифатдаги номзодлар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди”,-дейилади ҳисоботда.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг билдиришича, “Ўзбекистонда сайлов тинч ўтган, бироқ овоз бериш ва овозларни ҳисоблаш жараёнида сезиларли даражадаги қонунбузарликлар ҳамда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари кузатилган”.

АҚШ ҳисоботида 2021 йил давомида давлат амалдорлари томонидан фундаментал инсон ҳуқуқлари бузилгани тўғрисида кўплаб маълумотлар олингани, бироқ инсон ҳуқуқларини бузган аксар амалдорлар қонуний жазодан қутулиб қолгани таъкидланади.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда қийноқларга қарши қонун қабул қилинганига қарамай, мамлакатда маҳбуслар ва маҳкумларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муносабат давом этаётганини ҳам урғулаган.

Масалан, 2021 йил декабрда Самарқанд вилоятида икки нафар йўл назорати инспектори ҳибсга олинган ҳайдовчини беҳосдан ўлдириб қўйганликда айбдор деб топилди ва ҳар бири 2 йил 10 ойдан қамоққа ҳукм қилинди.

Аммо ҳибсга олинганидан сўнг вафот этган қатор маҳбуслар юзасидан олиб борилган текширувлар натижасида, уларнинг ўлимига сабабкор бўлиши эҳтимоли мавжуд кучишлатар тузилмалари ходимлари оқланди.

АҚШ Давлат департаментининг 2021 йилдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистондаги қамоқларда ва тергов изоляторларида маҳбуслар ва маҳкумларни сақлаш шароити ўта оғирлигича қолмоқда. Жумладан, қамоқлар ва тергов изоляторлари ўта даражада тўлиб кетган, санитария шароити ўта қашшоқ ва озиқ-овқат етишмовчилиги муаммоси мавжуд.

Қамоқларда ва ҳибсхонларда маҳбусларга нисбатан жисмоний куч қўллаш ҳолатлари рўйхатга олинган. Маҳбус ва маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш жуда саёз даражада ташкил этилган.

АҚШ ҳисоботида Ўзбекистондаги қамоқлар ва ҳибсхоналарда маҳкумлар ва маҳбуслар сони бу ердаги имкониятлардан 40 фоизга кўплиги қайд этилган.

Хьюман Райтс Вотч ва бошқа халқаро ташкилотларнинг билдиришича, Ўзбекистон қамоқларида маҳкумларни калтаклаш, қийноқларга солиш ва ноинсоний тарзда муомала қилиш тажрибаси сақланиб қолинмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмидаги “Сиёсий тутқунлар” боби блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши воқеаси билан бошланади. Ҳисоботда Сатторий бевосита “сиёсий тутқун” деб аталмаган. Бироқ мазкур бобнинг айнан Отабек Сатторийдан бошлангани АҚШ уни “сиёсий тутқун” сифатида эътироф этаётгани эҳтимолини англатади.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий 2021 йил 10 майда 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистонда ҳам, халқаро ташкилотлар миқёсида ҳам “сўз эркинлигига қарши зарба” сифатида баҳоланган эди.
Айни пайтда ҳисоботда халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда “сиёсий тутқун” сифатида тан олинган сўнгги маҳкум Хайрулло Турсунов 2021 йилда озод этилгани таъкидланади.

XS
SM
MD
LG